Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Хусусан, вилоятда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар миқдори йилига ўртача 50 фоизлик ўсишни ташкил этган ҳамда республикада 2-ўринни эгаллаган.
Инвестиция дастури лойиҳалари доирасида 2021 йилда жами 512 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилган бўлса, 2022 йил январь — август ойларида ушбу кўрсаткич 475 млн долларга етган ҳамда ўтган йилнинг мос даврига (216 млн доллар) нисбатан 2,2 баробарга ўсган.
Олиб борилаётган ишлар натижасида вилоятнинг инвестициялар жалб этувчанлиги ҳам ортиб бормоқда. Дунёнинг энг нуфузли «S&P Global Rating» (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги томонидан вилоятнинг мустаҳкам молиявий индикаторлари ва юқори иқтисодий салоҳияти учун «В+», яъни «барқарор» даражасидаги кредит рейтинги берилган.
2022 йил январь — август ойлари давомида вилоят делегацияларининг Туркия, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Германия, Австрия, Тожикистон каби мамлакатларга ташрифлари доирасида ҳудуднинг инвестициявий, экспорт, туризм салоҳияти юзасидан тақдимотлар ўтказилган, 829 млн долларлик 25 та инвестициявий келишувга ҳамда умумий қиймати 108,1 млн доллар бўлган 27 та савдо шартномаси имзоланишига эришилган.
Вилоятда туман ва шаҳарларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда «драйвер» йўналишлар аниқланиб, ҳудудий инвестиция дастури шакллантирилган. Мазкур дастур доирасида 2021 йилдан буён қиймати 8,5 трлн сўмлик 1 778 та лойиҳа амалга оширилган ва 3 1 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
Вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича республикада 1-ўринни (республика экспортининг 32 фоизи), саноат маҳсулотлари экспортида йиллик ўртача 20 фоизлик ўсиш кўрсаткичи билан 3-ўринни эгаллаган.
Вилоятда 2021 йилда жами 756,3 млн долларлик экспорт амалга оширилиб, 2020 йилга нисбатан 136 фоизга ўсиш кузатилган. Жорий йилнинг январь — август ойларида 556,6 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган ва ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,8 фоизга ортган.
Ушбу ҳудуд экспортчилари томонидан 60 та хорижий давлатга 150 турдан зиёд маҳсулотлар экспорт қилинган бўлиб, унинг қамрови Гондурас, Кипр, Гонконг, Молдавия давлатлари ҳисобига кенгайган.
Импорт қилинаётган товарларни маҳаллийлаштириш мақсадида 2022 йилнинг январь — август ойларида 138 та лойиҳа ишга туширилган ва вилоятда 559,3 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Вилоятда 67 та кичик ҳамда 24 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик, жами 91 та саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 1,4 трлн сўмлик 187 та лойиҳа ишга туширилган.
2020 йил якунига кўра вилоятда 37 199 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлса, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига уларнинг сони 46 738 тани ташкил этгани ҳолда ушбу кўрсаткич 25,6 фоизга ортган.
Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улуши ўртача 67 фоизни ташкил этиб, ушбу секторда 325 минг аҳолининг бандлиги таъминланган.
Фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларини тиклаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 2021 йилдан буён қарийб 17 мингта тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланган.
Тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари асосида суднинг ҳал қилув қарорлари билан 2021 йилда 1 484 та, 2022 йил январь — август ойлари давомида 671 та иш бўйича тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчиларининг кўмаги билан жорий йилнинг январь — август ойларида 191,8 минг аҳоли бандлиги таъминланган, 1,6 мингдан ортиқ фуқароларга 6,1 млрд сўмлик субсидия маблағлари ажратилган, 35,6 минг фуқарога 4,8 минг гектар ер майдони аукцион савдолари орқали ижарага берилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ушбу йўналишларда айрим муаммолар ва камчиликлар ҳам мавжуд.
Тадбиркорлардан ундирилган қўшимча қиймат солиғининг белгиланган муддатда қайтарилмаётганлиги улар фаолиятини ривожлантиришга, қўшимча ва муносиб иш ўринларини яратишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда вилоят бўйича 18 та корхонага 102,2 млрд сўмлик қўшимча қиймат солиғини қайтариш масалалари ҳал этилмаган.
«Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг «А» ва «В» нимзоналарини боғловчи 900 метр темир йўл қуриш ишлари бошланмаган. Бу эса 40 дан ортиқ корхоналарнинг йилига 8 минг тонна хом ашё ва ишлаб чиқарилган тайёр саноат маҳсулотларини жойларга етказишда қийинчиликлар келтириб чиқариши билан бирга, ортиқча сарф-харажатларга ҳам олиб келмоқда.
Кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудларидаги бўш турган ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш тартиби мавжуд эмаслиги боис тадбиркорларга ўз лойиҳаларини амалга оширишлари учун ер ажратиш масаласида муаммолар мавжуд.
«BNBM Building Materialis Cental Asia» хорижий корхонаси (Хитой) билан Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасида 2019 йилда имзоланган инвестиция шартномасида гипс карьерини беғараз ажратиб бериш белгиланган бўлиб, мазкур масала ўз вақтида ижобий ҳал этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июндаги ПҚ-271-сонли қарорига асосан Риштон туманидаги «Rus Uzbek Тех» МЧЖ қўшма корхонасига 5,5 км электр энергияси тармоғи ва трансформатор ўрнатиш, 3,5 км табиий газ тармоғи ва газ тақсимлаш пункти ўрнатиш, қудуқ қазиш ва сув тармоғини қуриш, оқова сув тармоғини қуриш ишлари бўйича масъул ташкилотлар томонидан амалий ишлар бошланмаган.
Риштон туманининг «драйвери» бўлган кулолчилик йўналишида 700 га яқин корхоналар томонидан экспортбоп чинни маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ойига ўртача 1 минг тонна юқори навли АКС-30, AKF-78 маркали каолин моддасига эҳтиёж мавжуд бўлиб, бугунги кунда «Ангрен Каолин» корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган ушбу маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилганлиги боис чинни ишлаб чиқарувчилар хом ашёни қўшни мамлакатлардан импорт қилмоқда.
«Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги ип калава ишлаб чиқаришдан тайёр маҳсулотгача бўлган босқич йўлга қўйилган «Молис» МЧЖда 6 минг ва «Қува текстил» корхонасида 15 минг тоннадан зиёд пахта толасига эҳтиёж мавжуд.
Шунинг учун ушбу корхоналар таъсисчилари томонидан пахта-тўқимачилик маҳсулотларини кластер усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи билдирилган. Бу, ўз навбатида, кластерлар сонининг ортишига ҳамда соғлом рақобат муҳити яратилишига хизмат қилади.
Тошлоқ, Қува туманларида электр таъминотидаги узилишлар тадбиркорлик субъектларидаги ишлаб чиқариш қувватлари кескин камайишига, айрим саноат корхоналари эса ишлаб чиқариш қувватларини бошқа ҳудудларга кўчиришига сабаб бўлмоқда.
Вилоятдаги кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича ишлар талаб даражасида эмас.
Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра 54,2 км ичимлик ва оқава сув тармоқларини, 90,5 км электр энергияси тармоғини, 25,5 км табиий газ тармоғини, 5 км кириш йўлларини қуриш ишлари бошланмаган.
Маҳаллалардаги айрим ҳоким ёрдамчиларининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, субсидия, кредит ажратилишига кўмаклашиш борасидаги фаолияти талаб даражасида эмас.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан «Аёллар дафтари»даги ишсиз хотин-қизларга умуман субсидия ва кредит маблағлари ажратилмаган.
Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат зоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 102-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Фарғона вилояти ҳокими Х. Бозаровнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Т. Мадумаровнинг Фарғона вилоятини ўрганиш якунлари ҳақидаги ахбороти (илова этилади) маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудларидаги бўш турган ер майдонларини онлайн аукцион савдоларига чиқариш тартиби ишлаб чиқилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июндаги ПҚ-271-сонли қарорига асосан Риштон туманидаги «Rus Uzbek Тех» МЧЖ қўшма корхонаси учун муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўрнатиш бўйича масъул идора ва ташкилотлар томонидан амалий ишлар бошланишини таъминласин ҳамда ижросини назоратга олсин;
2023 йил учун тегишли манзилли дастурларни шакллантиришда вилоятдаги қиймати 200 млрд сўмдан ошадиган ва бунда инвесторнинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган лойиҳаларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш масаласини инобатга олсин;
«BNBM Building Materialis Cental Asia» хорижий корхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасидаги 2019 йилги инвестиция шартномасига асосан ер ажратиш масаласини кўриб чиқсин;
«Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Молис» МЧЖ, шунингдек, «Қува текстил» корхонасида текстил маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжирини тўлиқ яратиш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқсин ва натижасига кўра тегишли чоралар кўрсин;
мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида умумлаштирилган ахборотни 2023 йилнинг 15 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
3. Фарғона вилояти ҳокимлиги (Х. Бозаров):
вилоятни ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган ва тасдиқланган «Йўл харитаси» ижросини қатъий таъминлаб борсин;
Молия вазирлиги (Т. Ишметов), «Ҳудудий электр тармоқлари» (У. Мустафоев), «Ҳудудгазтаъминот» (Б. Эшмуратов), «Ўзсувтаъминот» (С. Саифназаров) акциядорлик жамиятлари, Автомобиль йўллари қўмитаси (А. Абдувалиев) билан биргаликда икки ой муддатда кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарига муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўрнатиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар бажарилишини таъминласин;
2022 йил 15 декабрга қадар Фурқат туманининг «Қўқонбой», Данғара туманининг «Тангриқул», Қўштепа туманининг «Сармазор» маҳаллалари ҳудудида кичик саноат зоналари фаолиятини йўлга қўйсин;
2022 йил якунига қадар вилоят бўйича кўчма савдо фаолиятини амалга ошириш учун аукционга чиқарилган ер майдонларига лойиҳалар жойлаштирилишини, жорий йил учун режалаштирилган хизмат кўрсатиш объектлари тўлиқ ишга туширилишини таъминласин;
ҳоким ёрдамчиларининг маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, субсидия ҳамда кредитлар ўз вақтида ажратилишига кўмаклашиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда, уларга амалий ёрдам кўрсатиб борсин;
амалга оширилган ишлар тўғрисида 2023 йилнинг 10 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
4. Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) вилоятдаги тадбиркорлик субъектларидан ундирилган қўшимча қиймат солиғининг белгиланган муддатда қайтарилишини таъминласин, бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган мансабдорларга нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўрсин.
5. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов) бир ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузиб, жойига чиққан ҳолда, Риштон туманидаги чинни маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг «Ангрен Каолин» ва шу каби маҳаллий корхоналардан юқори навли АКС-30, AKF-78 маркали каолин моддасини сотиб олиш имкониятини яратиш, бунда улар учун квота ажратиш масаласини ўрганиб чиқсин ҳамда натижасига кўра тегишли чораларни амалга оширсин.
6. Транспорт вазирлиги (И. Махкамов) «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти (Р. Жўраева), Фарғона вилояти ҳокимлиги (Х. Бозаров) билан биргаликда бир ой муддатда Фарғона халқаро аэропортини давлат-хусусий шерикчилик асосида модернизация қилиш лойиҳасини ўрганиб чиқиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (Х. Хасилов) бир ой муддатда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг «А» ва «В» нимзоналарини боғловчи 900 метр темир йўл қурилиши бўйича тегишли чораларни белгиласин ҳамда амалга оширилишини таъминласин.
8. Энергетика вазирлиги (Ж. Мирзамаҳмудов):
2022 йил 15 декабргача Тошлоқ, Қува туманларини электр энергияси билан таъминловчи «Сокин» нимстанциясини реконструкция қилиш ишларини якунига етказиш чораларини кўрсин.
Фарғона вилояти ҳокимлиги (Х. Бозаров), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Обломурадов) билан биргаликда қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш учун ер танлаш ишларини якунига етказган ҳолда, тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишларини тезлаштирсин.
9. Ташқи ишлар вазирлиги (В. Норов) Ўзбекистоннинг ҳудудларга бириктирилган дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини жалб этишда ишончли ҳамкорларни топишга алоҳида эътибор қаратсин, хорижий ҳамкорлар томонидан белгиланган лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилишига кўмаклашсин.
10. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А. Хаитов) икки ҳафта муддатда вилоятдаги «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизларга Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан субсидия ва кредит ажратилишини таъминласин.
11. Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашига вилоятни ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» ижросини ҳар чорак якунида таҳлилий ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилсин.
12. Тегишли вазирлик ва идоралар белгиланган муддатда мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ушбу Қарорда белгиланган вазифаларнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ижро этилишини назорат қилиб борсин.
14. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистоп Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 7 октябрь,
СҚ-636-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 7 октябрдаги СҚ-636-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари ҳақида
АХБОРОТ
2022 йил 9 — 24 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш вилоятга инвестиция маблағларини жалб этиш ва инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини кўрсатди. Хусусан:
Инвестиция лойиҳаларини жалб этиш ҳамда ижросини таъминлаш
Вилоятда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар миқдори йилига ўртача 50 фоизлик ўсиш суръатларини намойиш этиб, бу борада республикада 2-ўринни эгаллаб келмоқда. Бугунги кунда вилоятда рўйхатдан ўтган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 568 тани ташкил этиб (369 таси қўшма корхона, 199 таси хорижий корхона), уларнинг аксарияти Россия (133 та), Хитой (127 та), Туркия (63 та), Жанубий Корея (45 та), Қирғизистон (41 та) давлатларига тегишлидир.
Амалга оширилаётган инвестиция дастури лойиҳалари доирасида 2021 йилда жами 512 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилган бўлса, 2022 йил январь — август ойларида ушбу кўрсаткич 475 млн долларни ташкил этган ҳамда ўтган йилнинг мос даврига (216 млн доллар) нисбатан — 2,2 баробарга ўсган.
2022 йилда жами 505,7 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилиши белгиланиб, январь — август ойлари учун белгиланган режа 196 фоизга бажарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-72-сонли қарорига асосан вилоятда жорий йилда умумий қиймати 358,2 млн доллар бўлган 16 та хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳа фойдаланишга қабул қилиниши белгиланган бўлиб, январь — август ойларида қиймати 23 млн доллар бўлган 5 та лойиҳа фойдаланишга топширилган ва 735 та янги иш ўрни яратилган, қолган лойиҳалар йил якунигача ишга туширилиши кутилмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида вилоятнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам ортиб бормоқда. Дунёнинг энг нуфузли «S&P Global Rating» (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги томонидан вилоятнинг мустаҳкам молиявий индикаторлари ва юқори иқтисодий салоҳияти учун «В+», яъни «барқарор» даражасидаги кредит рейтинги берилган.
2022 йил 3 июнь куни эълон қилинган «S&P Global Ratings» ҳисоботида вилоят бюджетининг юқори кўрсаткичлари ҳамда тижорий қарздорликнинг мавжуд эмаслиги алоҳида эътироф этилиб, келгуси уч йил давомида вилоят бюджети ошириб бажарилиши башорат қилинган (мазкур халқаро рейтинг агентлиги томонидан Туркия, Бахрайн, Иордания каби мамлакатлар кредит рейтинглари ҳам В+ даражасида баҳоланган).
Вилоятда хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг хорижий ҳамкорлари истиқомат қилишлари учун қулай ва халқаро стандартга жавоб берадиган шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳудудларда йирик яшаш массивлари барпо этилмоқда. Хусусан, Боғдод тумани «Гулистон» маҳалласида йирик яшаш массиви фойдаланишга топширилган, Фарғона шаҳрининг «Аэропорт» ҳудудида «Эко шаҳар» қурилмоқда.
Вилоятга хорижий кредит линияларини кенг жалб қилиш мақсадида халқаро молиявий институтлар (Жаҳон банки, Ландесбанк, KFW ва ODDO Осиё тараққиёт банки каби) билан яқин алоқалар йўлга қўйилган, натижада қатор инвестициявий лойиҳалар учун имтиёзли кредит линия маблағларини ўзлаштириш ва грантларни жалб қилиш чоралари кўрилган. Хусусан, жорий йилнинг январь — август ойлари мобайнида жами 759 та лойиҳа учун 107,8 млн доллар давлат кафолатисиз жалб қилинган хорижий кредитлар ўзлаштирилган.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича халқаро молия институтлари ҳисобидан амалга ошириладиган 75,8 млн долларлик 204 та лойиҳа шакллантирилиб, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 75 та лойиҳа учун 23,7 млн долларлик кредит ресурслари ўзлаштирилган.
Вилоятнинг инвестициявий жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш, хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан «FarMadadlnvest» гуруҳи ташкил этилган.
Мазкур гуруҳ томонидан 13 та хорижий давлатдаги 100 дан ортиқ йирик компанияларга инвестициявий ҳамкорлик бўйича таклифлар юборилган, вилоятнинг экспорт салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Россия, Германия, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия, Покистон ва Ҳиндистон давлатлари импортёрлари билан музокаралар олиб борилган.
Ҳудудларнинг ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда, янги ҳамкорлик йўналишлари концепциялари ишлаб чиқилган ва хорижий компаниялар билан амалий ишлар бошланган, масалан, Ҳиндистон, Покистон, Ирландиянинг нуфузли мевани қайта ишловчи ва текстил маҳсулотларини импорт қилувчи корхоналарига Қува тумани ихтисослиги юзасидан таклифлар юборилган.
Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари кўмаги билан Сингапур, Япония, Хитой, Россия, Исроил тадбиркорлари иштирокида онлайн ва офлайн тақдимотлар, вебинарлар ташкил этилган.
Жорий йилда вилоят ҳокими ва ўринбосарлари бошчилигидаги делегацияларнинг Туркия, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Германия, Австрия, Тожикистон давлатларига ташрифлари амалга оширилиб, вилоятнинг инвестициявий, экспорт, туризм салоҳияти тақдимотлари ўтказилган, ташрифлар натижасида 829 млн доллар бўлган 25 та инвестициявий келишувга ҳамда умумий қиймати 108,1 млн доллар бўлган 27 та савдо шартномаси имзоланишига эришилган.
Хусусан, Жанубий Корея билан умумий қиймати 355 млн доллар бўлган 6 та инвестициявий келишув доирасида жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 13,11 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилган.
Замонавий маркетинг усулларидан фойдаланган ҳолда, ҳудудларнинг инвестицион салоҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг инвестициявий жозибадорлигини ёритиб берувчи махсус веб-саҳифалар (масалан, www.investinkokand.uz каби) ташкил этилган.
Ҳудудий инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш
Вилоятда туман ва шаҳарларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда аниқланган «драйвер» йўналишларига асосланган ҳудудий инвестиция дастури шакллантирилган. Мазкур дастур доирасида 2021 йилда қиймати 5,3 трлн сўмлик 1 минг 183 та (саноат тармоғида 393 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 523 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида 267 та) лойиҳа ишга туширилган ва натижада 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
2022 йилда умумий қиймати 10,2 трлн сўмлик 896 та лойиҳани ишга тушириш белгиланган бўлиб, январь — август ойларида қиймати 3,2 трлн сўм бўлган 595 та лойиҳа амалга оширилган (ҳудудий инвестиция дастури доирасида 2,2 трлн сўмлик 392 та лойиҳа, қўшимча равишда 1 трлн сўмлик 203 та лойиҳа) ва қарийб 11 мингта янги иш ўрни яратилган.
Ҳудудларнинг ихтисослашувини, табиий ва иқтисодий ресурсларидан келиб чиққан ҳолда «драйвер» йўналишларини аниқлаб бориш, маҳаллалар бўйича лойиҳаларни шакллантириш мақсадида ташкил қилинган «лойиҳа гуруҳлари» томонидан ижтимоий аҳамиятдаги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш йўлга қўйилган. Бугунги кунда 717 та лойиҳа таклифлари шакллантирилиб, умумий қиймати 3,2 трлн сўмдан зиёд бўлган 387 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш белгилаб олинган.
Учкўприк туманида «енгил саноат маҳсулотлари», Риштон туманида «керамика буюмлари», Боғдод туманида «мебель ва ёғоч маҳсулотлари», Данғара туманида «электротехника маҳсулотлари», Фурқат туманида «ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари» ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат ва савдо комплекслари барпо этилган, Бувайда туманида «маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш», Тошлоқ туманида «қўй жунини қайта ишлаш», Қўштепа туманида «чарм-пойафзал ишлаб чиқариш» бўйича ихтисослашган саноат ва савдо комплексларини барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ҳудудларнинг иқлими ва жойлашувидан келиб чиқиб, Олтиариқ туманида «мева-сабзавотчилик», Қува туманида «кўчатчилик», Ўзбекистон туманида «қурилиш материаллари ишлаб чиқариш» кластерлари ташкил этилган, Фарғона туманида «малиначилик», Ёзёвон туманида «лимончилик», Қўқон шаҳрида «заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш» бўйича кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда.
Экспортни ошириш, импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш
Вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича республикада 1-ўринни (республика экспортининг 32 фоизи), саноат маҳсулотлари экспортида 3-ўринни эгаллагани ҳолда, йилига ўртача 20 фоизлик ўсиш суръатларини намойиш этиб келмоқда.
Вилоятда 2021 йилда жами 756,3 млн долларлик (саноат маҳсулотлари 541,8 млн доллар, мева-сабзавот маҳсулотлари 214,5 млн доллар) экспорт амалга оширилиб, 2020 йилга нисбатан 136 фоизга ўсиш кузатилган. Жорий йилнинг январь — август ойларида 556,6 млн долларлик маҳсулотлар (саноат маҳсулотлари 408,6 млн доллар, мева-сабзавот маҳсулотлари 148,0 млн доллар) экспорт қилинган ва ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,8 фоизга ортган.
Вилоят экспортёрлари томонидан 60 та хорижий давлатга 150 дан зиёд турдаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлиб, экспорт географияси Гондурас, Кипр, Гонгконг, Молдавия давлатлари ҳисобига кенгайган (асосий ҳамкорлар Россия — 132,7 млн доллар), Туркия — 64,4 млн доллар, Хитой — 41,6 млн доллар, Қирғизистон — 31,6 млн доллар, Афғонистон — 23,5 млн доллар).
Вилоятда экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, муаммо ва таклифлари бўйича тезкор чоралар кўриб бориш мақсадида ташкил этилган «Экспорт штаби» томонидан 2021 йилда 73 та экспортёр корхонага 39,2 млрд сўмлик транспорт харажатлари компенсация қилинишига, 98 та экспортёр корхонага 1 трлн 491,3 млрд сўм миқдорида кредит ажратилишига, 93 та экспортёр корхонага 148,6 млрд сўмлик ортиқча тўланган қўшилган қиймат солиғи қайтарилишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, жорий йилнинг январь — август ойларида 189 та экспортёр корхонага транспорт харажатлари учун жами 48,7 млрд сўм маблағ компенсация қилиб берилишига, 50 та экспортёрга 338,4 млрд сўм кредит ажратилишига, 269 та экспортёрга 200,8 млрд сўм миқдорида қўшимча қиймат солиғи қайтарилишига ёрдам кўрсатилган.
Экспортёр корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигининг молиявий ресурсларидан фаол фойдаланиб келинмоқда. Хусусан:
16 та экспортёр корхонага экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун 7 та тижорат банкига 6,7 млн доллар молиявий ресурс ажратилган, натижада мазкур экспортёр корхоналар томонидан 14,8 млн доллар миқдорида экспорт амалга оширилган;
92 та экспортёр корхонага маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича 48,1 млрд сўм миқдорида компенсация тўлаб берилган, ушбу корхоналар томонидан умумий қиймати 146,1 млн долларга тенг маҳсулотлар 20 дан зиёд давлатларга экспорт қилинган;
29 та экспортёрга халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш бўйича 5 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган;
экспортёрларга 5 минг 892 та фитосанитар сертификати, 8 минг 275 та товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни расмийлаштириш билан боғлиқ 2,5 млрд сўмлик харажатлар қоплаб берилган;
23 та экспортёр корхонага гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда 4 млрд сўмлик суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилган;
48 та экспортёрга хорижий давлатларда кўргазма-ярмарка тадбирларини ташкил этиш учун 3,1 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган.
Вилоятга импорт қилинаётган асосий товарларни маҳаллийлаштириш мақсадида 2022 йилда умумий қиймати 948,7 млрд сўм бўлган 144 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, январь — август ойларида 138 та лойиҳа ишга туширилган ва 559,3 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, натижада 50,8 млн доллардан ортиқ хорижий валютанинг тежалишига эришилган.
Саноат зоналарининг фаолият самарадорлиги
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сонли Фармонига асосан ташкил этилган «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси (4 та ҳудуд, 713,7 гектар) ҳудудига умумий қиймати 570 млн доллар бўлган 107 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган, инвестицияларнинг 192 млн доллари хорижий ҳамкорлар ва кредит маблағлари, 349 млн доллари маҳаллий инвесторларнинг ўз маблағлари ҳисобига тўғри келади.
2021 йилда «Қўқон» ЭИЗдаги 57 та саноат корхонаси томонидан умумий қиймати 1 трлн 700 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 57,7 млн доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспортга йўналтирилган.
Жорий йилнинг январь — август ойларида қиймати 25,3 млн доллар бўлган 11 та янги лойиҳа фойдаланишга топширилган, ҳудуддаги 68 та саноат корхонаси томонидан умумий қиймати 1 трлн 696 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 67,7 млн доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортга йўналтирилган.
Шунингдек, умумий қиймати 347 млн доллар бўлган 39 та лойиҳа бўйича тармоқ жадвалларига асосан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда, ушбу лойиҳалар ишга тушиши натижасида қарийб 6 мингта иш ўрни яратилиши, 8 трлн 720 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, 602,6 млн долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилиши кутилмоқда.
Вилоятда умумий ер майдони 801,2 гектарни ташкил этувчи 67 та кичик ҳамда 24 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик — жами 91 та саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, қиймати 5,6 трлн сўм бўлган 704 та лойиҳа жойлаштирилган, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 1,4 трлн сўмлик 187 та лойиҳа ишга туширилган ҳамда 6 минг 382 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
Мазкур саноат зоналаридаги корхоналар томонидан 2021 йилда 684,2 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 33,1 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг январь — август ойларида ишлаб чиқарилган 596,2 млрд сўмлик маҳсулотларнинг 78 фоизи (42,8 млн доллар) экспорт қилинишига эришилган.
Тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш
2020 йил якунига кўра, вилоятда 37 минг 199 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлса, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига уларнинг сони 46 минг 738 тани ташкил этгани ҳолда ушбу кўрсаткич 25,6 фоизга ортган.
Бугунги кунда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улуши 67 фоизни ташкил этмоқда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг саноатдаги улуши 38,6 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасида 68,8 фоизни, қурилишда 89 фоизни, қишлоқ хўжалигида эса 96,2 фоизни ташкил этмоқда. Тадбиркорлик субъектларида вилоятдаги 325 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
2020 йил якунига кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ тушумлари 2 трлн 531,9 млрд сўмни ташкил этган бўлса, солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини камайтириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар натижасида 2021 йилда 3 трлн 242,4 млрд сўм солиқ тушумлари тушган. Ушбу кўрсаткич 2022 йил январь — август ойларида қарийб 3 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ортган.
Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг аввалги имтиёзлари сақлаб қолиниши ҳисобига 80 та тадбиркорлик субъекти ихтиёрида қарийб 23 млрд сўм маблағ қолган.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан 2022 йил 1 январдан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилганлиги ҳисобига жорий йилнинг январь — август ойларида 16,7 млрд сўм маблағ 135 та корхонанинг ихтиёрида қолган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 сентябрдаги «Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6306-сонли Фармони асосида вилоятдаги 138 та экспортёр корхонанинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларига нисбатан қўлланилган 116,2 млрд сўм молиявий жарималарни ундириш ҳамда 783 та субъектнинг мавжуд қарздорликларига нисбатан санкциялар қўллаш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар кечиктирилган, натижада 269 та субъект томонидан 23,7 млн доллар миқдоридаги муддати ўтган дебитор қарздорликлар қисқартирилган.
2022 йил 1 январдан тадбиркорлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот топшириш билан бирга ундаги фарқни қайтариш тизимининг жорий этилганлиги натижасида жорий йил январь — август ойлари давомида 50 га яқин тадбиркор учун қўшимча вақт ва ортиқча сарсонгарчиликсиз қўшилган қиймат солиғидан 45,7 млрд сўм маблағларни қайтариб олиш имконияти яратилган.
Фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларини тиклаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 2021 йилда 7 минг 754 та, 2022 йилнинг январь — август ойларида 9 минг 205 та тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланган ва 9 минг 426 та янги иш ўрни яратилган. Вилоят бўйича 1 минг 60 та давлат норасмий фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмоқда.
Вилоятда 2021 йилда 7 минг 101 нафар тадбиркорга 7,3 трлн сўм (2020 йилга нисбатан 136 фоиз), 2022 йил январь — август ойларида эса 4 минг 479 нафар тадбиркорга 7,1 трлн сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 165 фоиз) кредит ажратилган. Ушбу кредитларнинг 4 трлн сўми саноат салоҳиятини оширишга, 2 трлн сўми хизмат кўрсатиш соҳасига, 1,1 трлн сўми қишлоқ хўжалиги бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган.
Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тикувчилик, қандолатчилик, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик каби йўналишлар учун 2021 йилда 830 млрд сўм, 2022 йил январь — август ойларида 675 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилган.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан вилоятдаги 1 минг 282 нафар тадбиркорга ажратилган 2,1 трлн сўмлик кредитлар учун 700 млрд сўмлик кафиллик хизматлари, 3 минг 874 нафар тадбиркорга ажратилган 3,4 трлн сўмлик кредитлар учун 402 млрд сўмлик компенсация хизматлари кўрсатилган, бу эса 34,8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига замин яратган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги ПҚ-104-сонли қарорига асосан, вилоятда ташкил этилиши белгиланган 22 та марказий кўчада 837 та тадбиркорлик субъекти томонидан 250,5 млрд сўмлик (ўз маблағи 199,2 млрд сўм, банк кредити 51,3 млрд сўм) лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, 1 сентябрь ҳолатига 312,1 млрд сўмлик 773 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси ишга туширилган.
Бўш турган бино-иншоотлар ҳамда ижтимоий соҳа объектларидаги фойдаланилмасдан турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида аукцион савдоларига чиқарилган давлат мулки объектларидан 2021 йилда 126 таси, 2022 йил январь — август ойларида эса 53 таси сотилган.
Шунингдек, инвестиция мажбурияти билан сотилган объектлардан 2021 йилда 90 таси, жорий йилнинг 1 сентябрига кадар 69 таси киритилган 92,5 млрд сўм миқдоридаги инвестиция ҳисобига тўлиқ ишга туширилган.
Жорий йил бошидан ўтказилган хатлов натижасида аниқланган 5 минг 523 та (198,9 гектар) бўш ер участкаси тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун аукцион савдоларига чиқарилиб, 1 сентябрь ҳолатига кўра 34,5 млрд сўмлик 482 та (25,3 гектар) бўш ер майдони сотилган.
Вилоятда умумий майдони 441 минг кв метр бўлган бўш турган давлат мулклари бўйича 18,1 млрд сўм қийматда 1 минг 780 та ижара шартномаси расмийлаштирилган, натижада 3 минг 260 та янги иш ўрни яратилган.
Тадбиркорларга кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 2020 йил якунида ҳар бир туман ва шаҳарда «Тадбиркорлар Кенгаши» ташкил этилган бўлиб, ўтган давр мобайнида тадбиркорлардан келиб тушган 1 минг 477 та мурожаатнинг 97 фоизи (1 433 та) ҳал этилган.
2021 йилдан буён тадбиркорлик субъектларидан ер участкаларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарлар учун 10 млрд 637 млн сўм (шундан 2021 йилда 48 та тадбиркорлик субъектига 5 млрд 347 млн сўм, 2022 йилнинг январь — август ойларида 35 та тадбиркорлик субъектига 5 млрд 290 млн сўм) тўлаб берилган.
Вилоятдаги судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари асосида суднинг ҳал қилув қарорлари билан 2021 йил 1 минг 484 та (маъмурий судларда 141 та, иқтисодий судларда 1 минг 343 та), 2022 йил январь — август ойлари давомида 671 та (маъмурий судларда 88 та, иқтисодий судларда 583 та) иш бўйича тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
«Маҳаллабай» ишлаш тизими орқали тадбиркорликни ривожлантириш
«Маҳаллабай» ишлаш тизими орқали камбағалликни қисқартириш, республика, вилоят, туман (шаҳар) даражасида кўрсатиладиган давлат хизматлари ва молиявий механизмларни бевосита маҳаллаларга тушириш мақсадида 2022 йил 1 январдан ҳар бир маҳаллада таъсис этилган ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 1-чорагида вилоятдаги 762,1 минг хонадонда 3,9 млн нафар аҳоли тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 4 та тоифага ажратилган, ҳар бир маҳалланинг драйвери аниқлаб олинган (228 таси боғдорчиликка,190 таси деҳқончиликка, 120 таси чорвачиликка, 165 таси хизмат кўрсатиш ва савдога, 110 таси кичик ишлаб чиқаришга, 93 таси иссиқхоначиликка, 79 таси ҳунармандчиликка ва 73 таси бошқа йўналишлар).
Ҳоким ёрдамчиларининг амалий ёрдами билан жорий йилнинг январь — август ойлари давомида 191,8 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган, шу жумладан, 3,5 мингга яқин фуқаролар маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб 11 нафар «етакчи» тадбиркорга бириктирилган ва бандлиги таъминланган, 1,6 мингдан ортиқ фуқароларга 6,1 млрд сўмлик субсидиялар ажратилган, 35,6 минг нафар фуқарога қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 4,8 минг гектар ер майдони аукцион савдолари орқали ижарага берилган.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тикувчилик, қандолатчилик, кичик иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик каби йўналишлар учун 2022 йилнинг январь — август ойларида 675 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилган.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан 1 минг 502 та янги лойиҳа ташкил этилиб, 4 минг 120 та янги иш ўрни яратилган, 120 та корхона фаолиятининг кенгайтирилишига, 37 та корхона қувватлари тикланишига, 158 та бинодан самарали фойдаланилишига кўмаклашилган. Масалан, Учкўприк туманининг «Бобошбек» маҳалласида 15 гектар ер майдонида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, вилоятни ўрганиш давомида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат зоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳаллаларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ҳам кузатилди. Жумладан:
Республика даражасида ҳал этиладиган масалалар
1. Тадбиркорлардан ундирилган қўшимча қиймат солиғининг белгиланган муддатда қайтмаётганлиги улар фаолиятини ривожлантиришга, қўшимча ва муносиб иш ўринлари яратилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда вилоят бўйича 18 та корхонага 102,2 млрд сўмлик қўшимча қиймат солиғини қайтариш масалалари ҳал этилмаган.
Биргина, Қўштепа туманидаги «Global Textile» корхонасида 14,4 млрд сўм қарздорлик мавжуд, бу эса корхонанинг янги инвестициявий лойиҳаларни белгиланган муддатда ишга туширишига салбий таъсир ўтказмоқда.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишнинг 43-сонли баёнида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга жорий йилда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг «А» ва «В» нимзоналарини боғловчи 900 метр темир йўл қурилишини якунига етказиш бўйича топшириқ берилган. Аммо бугунги кунга қадар мазкур темир йўл қурилишини ташкил этиш ишлари бошланмаган. Бу эса ўз навбатида «Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг «В» нимзонасида жойлашган 40 дан ортиқ корхоналарнинг йилига 8 минг тонна хом ашё ва ишлаб чиқарилган тайёр саноат маҳсулотларини жойларга етказишда қийинчиликлар келтириб чиқариши билан бирга, ортиқча сарф-харажатларга ҳам олиб келмоқда.
3. Кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудларидаги бўш турган ер майдонларини онлайн аукцион савдоларига чиқариш тартиби мавжуд эмаслиги тадбиркорларга ўз лойиҳаларини амалга оширишлари учун ер майдонлари ажратилишида муаммолар келтириб чиқармоқда. Масалан, Қува туманида 21,5 гектар ер майдонига эга 2 та кичик саноат ҳамда 1 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасидаги 66 лотга тегишли қарорлар асосида умумий қиймати 51,1 млрд сўм бўлган 45 та лойиҳа жойлаштирилган, аммо 8 гектар ер майдонидаги 72 лот бўш турибди.
4. Гипсокартон ишлаб чиқаришга ихтисослашган «BNBM Building Materialis Cental Asia» хорижий корхонаси (Хитойнинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси, лойиҳа қуввати 30 млн доллар) билан Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасида 2019 йилда имзоланган инвестиция шартномасига асосан 60 гектар гипс карьерини беғараз ажратиб бериш белгиланган бўлиб, мазкур масала ўз вақтида ижобий ҳал этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПҚ-6243-сонли қарорига асосан ҳокимларнинг ер участкаларини ажратишига оид норма бекор қилиниб, фақат аукцион орқали берилиши белгиланганлиги сабабли ушбу ер майдонини ҳоким қарори билан хорижий корхонага ажратиб бериш имконияти мавжуд эмас. Ўз ўрнида ушбу хорижий корхона инвестиция шартномасида кўрсатилган мажбуриятни бажаришни талаб этмоқда.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июндаги ПҚ-271-сонли қарорига асосан Риштон туманидаги «Rus Uzbek Тех» МЧЖ қўшма корхонасига 5,5 км электр энергияси тармоғи ва трансформатор ўрнатиш, 3,5 км табиий газ тармоғи ва газ тақсимлаш пункти ўрнатиш, қудуқ қазиш ва сув тармоғини қуриш, оқова сув тармоғини қуриш ишлари бўйича масъул ташкилотлар томонидан амалий ишлар бошланмаган.
6. Риштон туманининг «драйвери» бўлган кулолчилик йўналишида чинни маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 700 га яқин корхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг узлуксиз фаолият юритиши учун ойига ўртача 1 минг тонна юқори навли АКС-30, АКҒ-78 маркали каолин моддасига эҳтиёж мавжуд. Бугунги кунда «Ангрен Каолин» корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган ушбу маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилганлиги боис чинни ишлаб чиқарувчилар корхонадан тўғридан-тўғри сотиб олиш имконига эга эмас, бу эса улар томонидан тайёрланаётган экспортбоп чинни маҳсулотлари сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда, шу боис тадбиркорлар бугунги кунда ушбу хом ашёни қўшни давлатлардан импорт қилишга мажбур бўлмоқда.
7. «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Молис» МЧЖ, шунингдек «Қува текстил» корхонасида текстил маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжирида ип калава ишлаб чиқаришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқич йўлга қўйилган бўлиб, тегишлилигича 6 минг ва 15 минг тоннадан зиёд пахта толасига эҳтиёж мавжуд. Ушбу корхоналар таъсисчилари томонидан корхоналарни пахта тўқимачилик маҳсулотларни кластер усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи билдирилмоқда, бу ўз ўрнида муайян туманларда пахта-тўқимачилик кластерлари сонининг ортишига ва соғлом рақобат муҳити яратилишига хизмат қилади.
8. Куз-қиш ойларида электр таъминотидаги узилишлар Тошлоқ, Қува туманларидаги тадбиркорлик субъектлари учун асосий муаммолардан бири бўлиб, бу ўз навбатида, ишлаб чиқариш қувватлари кескин камайишига, айрим саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини бошқа ҳудудларга олиб чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, Тошлоқ туманидаги «MNG» арматура ишлаб чиқариш корхонаси зарур 16 минг қувватдаги электр таъминотини таъминлаб бериш имконияти бўлмаганлиги сабабли ишлаб чиқариш қувватининг 60 фоизини Тошкент вилоятига кўчирган. Қува туманидаги хорижий инвестиция асосида ташкил этилган «Salataviya» корхонасининг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси Фарғона шаҳридаги кичик саноат зонасига кўчирилган.
Эркин иқтисодий, саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июндаги ПҚ-271-сонли қарорига мувофиқ махсус иқтисодий, кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш тадбирларининг манзилли рўйхатлари тасдиқланган бўлиб, 2022 йилда вилоят бўйича жами 136 та тадбир учун 203,4 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, айрим тадбирлар бошланмаган, хусусан, 23 та кичик саноат зонаси ҳамда 17 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида умумий суммаси 41,2 млрд сўмлик 54,2 км ичимлик ва оқава сув тармоқларини, умумий суммаси 57,6 млрд сўмлик 90,5 км электр энергияси тармоғини, умумий суммаси 13,3 млрд сўм бўлган 25,5 км табиий газ тармоғини, умумий суммаси 11,4 млрд сўмлик 5 км кириш йўлларини қуриш ишлари бошланмаган.
2. Кичик саноат зоналарига муҳандислик-коммуникация тармоқлари етиб бормаганлиги сабабли ҳудудий инвестиция дастурига киритилган 16 та лойиҳа белгиланган муддатда ишга тушмаслик хавфи мавжуд. Масалан, Тошлоқ тумани «Тараққиёт» кичик саноат зонасидаги «Mng-Groups» МЧЖ томонидан қиймати 25,8 млрд сўм бўлган «Металл арматура, темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси учун ўз вақтида ишга тушмаган.
3. Муҳандислик-коммуникация бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланмаганлиги боис 1 та кичик саноат ҳамда 3 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида тадбиркорлик субъектлари томонидан лойиҳалар амалга оширилмаган (Ўзбекистон тумани «Шўрсув» маҳалласи, Боғдод тумани «Обод юрт» маҳалласи, Сўх тумани «Ҳазрат Али» маҳалласи, Фарғона тумани «Юқори Арча» маҳалласи).
4. Фурқат туманининг «Қўқонбой», Данғара туманининг «Тангриқул», Қўштепа туманининг «Сармазор» маҳаллалари ҳудудида 2022 йилда янгидан фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган кичик саноат зоналари шу кунга қадар ташкил этилмаган.
5. Ўзбекистон тумани ҳудудида жойлашган Қўқон шаҳар ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасига зарур коммуникация тармоқларини тортиш ишлари охирига етказилмаганлиги сабабли ҳудуддаги 60 та тадбиркорлик субъектидан бор-йўғи 6 таси ишга туширилган, ҳудудга ичимлик суви, табиий газ тармоқларини тортиш ишлари охирига етказилмаган, йўл қурилиши бошланмаган, натижада 2,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш ишлари охирига етказилмаган. Туманда 2021 йилда ташкил этилган «Шўрсув» кичик саноат зонасида ҳам коммуникация ишлари шу кунга қадар бошланмаганлиги сабабли ҳудуддаги 60 гектар ер майдонига тадбиркорларни жалб этиш имконияти мавжуд эмас.
6. Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши қарори билан Олтиариқ туманида ташкил этилган «Олтиариқ» ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасидаги 8 гектар ер майдони 56 нафар ёш тадбиркорга берилган бўлиб, коммуникация ишлари амалга оширилмаганлиги боис уларнинг бирортаси ўз фаолиятини бошламаган, натижада 1 минг 166 та янги иш ўрни ўз муддатида яратилмаган, шунингдек 34 нафар тадбиркор ўз лойиҳасини ушбу ҳудудда амалга оширишни рад этган ва лойиҳани тўхтатиб қўйган.
7. Тошлоқ туманидаги 119,2 гектар ер майдонига эга 7 та кичик саноат зонасида 62 гектар ер майдони 47 нафар тадбиркорга белгиланган тартибда берилган бўлиб, шу кунга қадар коммуникация тармоқларини тортиш билан боғлиқ ишлар охирига етказилмаганлиги сабабли бор-йўғи 4 та лойиҳа фойдаланишга топширилган, холос, ваҳоланки, ушбу тадбиркорлар ер майдони ижараси учун йилига 1,8 млрд маблағ тўлаб келмоқда. 2019 йилда ташкил этилган «Гузарбоши» кичик саноат зонасида коммуникация ишлари бажарилмаганлиги боис 20 та лойиҳа ташаббускорлар томонидан рад этилган.
Тумандаги «Келажак» кичик саноат зонасида инфузион эритмасини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Замин Азия фарм» фармацевтика корхонасида қурилиш ишлари якунланган ва жиҳозлар олиб келинмоқда, аммо ҳудудга табиий газ қувури тортиб келинмаганлиги сабабли корхонани ишга тушириш имконияти мавжуд эмас. «Ёшлар» кичик саноат зонасидаги музқаймоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Ice milk bif» корхонаси 387 минг доллар миқдоридаги кредит маблағи ҳисобига тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган, аммо ҳудудга электр тармоғи ўз вақтида тортилмаганлиги сабабли ишга туширилмаган, тадбиркор эса кредит маблағларини қайтаришда молиявий муаммоларга дуч келмоқда.
8. Ўзбекистон тумани «Тагоб» МФЙдаги «Модерна цемент индастри» цемент заводида чиқинди буғларини фильтрловчи автоматлаштирилган назорат мосламаси ўрнатилмаганлиги экологияни ифлослантириш билан бирга, ҳудуддаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Натижада ҳудудда янги ишга тушаётган ишлаб чиқариш корхоналарига ходимларни ишга жалб қилишда муаммолар туғилмоқда.
9. «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган янги лойиҳаларни инобатга олган ҳолда, ҳудуддаги корхоналарда ишлаётган ходимларнинг иш жойларига қатнаши учун қулай шароит яратиш мақсадида жамоат транспорти қатновини яхшилаш талаб этилади.
Хусусан, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган корхоналардаги вакант иш ўринлари 400 тани ташкил этади, йил якунига қадар янги корхоналарнинг ишга тушиши ҳисобига қўшимча 2,1 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бу каби ҳолатларни вилоятдаги бошқа иқтисодий зоналарда ҳам кузатиш мумкин.
10. Тижорат банклари томонидан 15,6 млрд сўм кредит маблағлари ажратилиши кечикиши натижасида инвестиция дастурларига киритилган 9 та лойиҳа белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги эҳтимоли юқори. Масалан, Фарғона туманидаги «Мирко» МЧЖ томонидан базальт тола ва сендвич панел ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Хитойдан замонавий дастгоҳлар келтирилган, корхонанинг тўлиқ қувватда иш бошлашини таъминлаш мақсадида айланма маблағ учун 500 минг доллар миқдорида кредит ажратиш масаласини ҳал этиш талаб этилади.
11. Фарғона тумани «Водил» қишлоғидаги жами 800 гектардан ортиқ майдонда малинанинг «Владимир», «Сполох», «Барнаульская», «Бабье лето» каби навлари етиштирилади, аммо ушбу маҳаллий навларнинг ҳосилдорлиги паст бўлиб, малина импорт қилувчи давлатлар томонидан маҳаллий малина навлари ўрнига юқори ҳосилдор ва экспортбоп навларни етиштириш таклифлари билдирилмоқда.
Шу мақсадда мавжуд шароитдан келиб чиқиб, малиначиликни янада ривожлантириш ва юқори ҳосил олиш мақсадида малинанинг янги ҳосилдор навларини Белоруссия, Польша ва Туркия давлатларидан олиб келиш ва кўпайтириш чораларини кўриш зарур.
Хориждаги дипломатик ваколатхоналар лойиҳалари бўйича
1. Эроннинг «MR Fish Нolding Со.» компанияси иштирокида 2022 йилда Марғилон шаҳрида қиймати 5 млн доллар бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида Балиқларга ем ишлаб чиқарадиган корхонани барпо этиш белгиланган. Лойиҳа қиймати 3,2 млн долларни ташкил этиб, шундан банк кредити 2,7 млн доллар ҳамда 500 минг доллар эронлик фуқароси Шафий Гуламреза маблағлари ҳисобига ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, банк кредит ажратишни рад этганлиги сабабли лойиҳа ишга туширилмаган.
2. 2022-2023 йилларда Корея Республикасининг «EduLink Global» компанияси ҳамкорлигида Фарғона шаҳрида қиймати 2 млн доллар бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида Жанубий Корея тажрибасини қўллаган ҳолда, болалар боғчаси ва ўқув марказини барпо этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда фақатгина Фарғона вилояти ҳокимлиги ва «EduLink Global» ўртасида англашув меморандуми имзоланган, холос.
3. 2022-2023 йилларда Корея Республикасининг «Creves Crops Со. Ltd.» компанияси иштирокида Боғдод туманида қиймати 5 млн доллар бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида Озиқ-овқат ёғини ишлаб чиқариш учун ўсимликларни етиштириш белгиланган бўлиб (келишув 2019 йилда имзоланган) Корея томонидан 200 гектар ер майдонига экиш учун уруғлик олиб келинган, аммо ер майдони ўз вақтида ажратиб берилмаганлиги сабабли хорижий инвестор томонидан лойиҳа рад этилган (30 гектар ер майдони 2021 йил ноябрь ойида ажратилган бўлса-да, уруғ экиш вақти август-сентябрь ойлари бўлганлиги боис экилмаган).
Хизматлар соҳасини ривожлантириш борасида
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги ПҚ-104-сонли қарорига асосан Фарғона шаҳридаги Сўлим (Ш. Рашидов) кўчасида 60 та сервис объектини жойлаштириш белгиланган бўлиб, амалда бирорта ҳам объект ишга туширилмаган ва 120 та янги иш ўрни яратилмасдан қолган.
Жорий йилда вилоятда 5 минг 784 та янги хизмат кўрсатиш объектини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, 1 сентябрь ҳолатига кўра, режа 43,2 фоизга (2 минг 499 та) бажарилган. Ушбу кўрсаткич Фарғона туманида 14,6 фоизни, Учкўприк туманида 28,2 фоизни, Олтиариқ туманида 30 фоизни, Данғара туманида 32,6 фоизни, Риштон туманида 35,3 фоизни ташкил этади.
2. Вилоят бўйича кўчма савдо фаолиятини амалга ошириш учун 3 минг 870 та ер майдони аукционга чиқарилган бўлиб, шундан бор-йўғи 649 таси (16,8 фоиз) бўйича ғолиб аниқланган. Хусусан, Ёзёвон туманида аукционга чиқарилган ер майдонининг 2,9 фоизида (102 тадан 3 таси), Данғара туманида 3,8 фоизида (235 тадан 9 таси), Сўх туманида 4 фоизида (100 тадан 4 таси), Ўзбекистон туманида 4,8 фоизида (103 тадан 5 таси), Боғдод туманида 6,4 фоизида (125 тадан 8 таси) ғолиблар аниқланган, холос.
3. Олтиариқ туманида 2 та, Фарғона шаҳрида 4 та, Қўқон шаҳрида 3 та нодавлат умумтаълим мактабини қуриш, Фарғона шаҳрида 2 та, Қўқон шаҳрида 1 та, Фарғона туманида 1 та нодавлат мактабгача таълим муассасасини қуриш учун ер майдонини аукционга чиқариш белгиланган бўлса-да, амалда фақат Фарғона шаҳрида 1 та мактаб қуриш учун ер майдони аукционга чиқарилган, қолган ерлар аукционга чиқарилмаган.
4. «Янги Ўзбекистон» массивларида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича Фарғона шаҳрида 55 та, Ёзёвон туманида 51 та, Фарғона туманида 46 та ер майдони аукционга чиқарилган бўлиб, шу кунга қадар бирорта ер майдони сотилмаган.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти бўйича
1. Қўштепа тумани «Қийқи» МФЙдаги ҳоким ёрдамчисининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йил учун «йўл харитаси» аниқ ва манзилли ишлаб чиқилмаган, белгиланган тадбирларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаган. Масалан, маҳалладаги битта оилага суғориш воситаларини харид қилиш, иккита оилага уруғлик ва кўчат сотиб олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 — 10 баробари миқдорида субсидия ажратиш ишлари охирига етказилмаган.
Ҳоким ёрдамчисига субсидия ажратиш бўйича жами 15 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 12 тасига ҳоким ёрдамчиси томонидан тавсиянома берилган ва туман марказининг розилиги берилган, аммо вилоят маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси томонидан 40 кундан бери хулоса бериш масаласи кўриб чиқилмаган.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчисига кредит ажратиш бўйича 140 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 10 таси бўйича аризани кўриб чиқиш муддати бузилган (5 кун муддатда кўриб чиқилиши белгиланган).
2. Тошлоқ тумани «Янги йўл» МФЙда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлари етарли эмас. Масалан, айрим фуқароларга ҳоким ёрдамчиси томонидан март ойида кредит олиш учун тавсиянома берилган, аммо шу кунга қадар кредит маблағлари ажратилмаган.
Ҳоким ёрдамчисининг йиллик «йўл харитаси»даги айрим топшириқлар ўз муддатида бажарилмаган. Масалан, «Янги йўл» маҳалласидаги 8 та оилага суғориш воситалари харид қилиш учун, 8 та оилага уруғлик ва кўчат сотиб олиш учун, 5 та оилага қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида кириш учун субсидия ажратилмаганлиги боис мазкур оилаларда тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилмаган.
3. Учкўприк тумани «Пучуғой» МФЙда ҳоким ёрдамчиси томонидан 2022 йил 21 августда фуқаро А. Абдусатторовга имтиёзли кредит олиш учун онлайн ариза юборилган ва ижобий ҳал этилган, 24 августда таъминотчи ва фуқаро ўртасида тузилган шартнома асосида таъминотчи томонидан маҳсулот етказиб борилган, аммо туман Халқ банки томонидан кредит маблағи шу кунга қадар таъминотчига ўтказиб берилмаган.
4. Олтиариқ тумани «Дўстлик» МФЙда яшовчи 15 нафар фуқарога имтиёзли кредит олиш мақсадида берилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияси Республика комиссияси томонидан рад қилинган бўлса-да, шу кунга қадар 450 млн сўм маблағ ҳоким ёрдамчиси тавсиясига кўра ажратилиши белгиланган кредит лимитига қайтарилмаган, натижада бошқа фуқароларнинг имтиёзли кредит олиш имконияти чекланмоқда.
Хотин-қизлар тадбиркорлигига кўмаклашиш йўналишида
1. Вилоят бўйича «Аёллар дафтари»га киритилган 3 минг 268 нафар хотин-қизларга кредит ажратилиши белгиланган бўлиб, 1 сентябрь ҳолатига 2 минг 733 нафарига кредит ажратилган. Кредит ажратиш кўрсаткичи Қўқон шаҳрида 25 фоизга, Фарғона шаҳрида 49 фоизга бажарилган.
2. «Аёллар дафтари»даги кредит олиш истагида бўлган хотин-қизларнинг бор-йўғи 25 фоизи (828 нафар) тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган, холос, бу борада Ўзбекистон, Учкўприк, Боғдод, Бешариқ, Бувайда, Ёзёвон, Олтиариқ, Қўштепа, Риштон туманлари ва Қўқон, Марғилон, Қувасой шаҳарларида етарли ишлар олиб борилмаган.
3. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан «Аёллар дафтари»даги ишсиз хотин-қизларга умуман субсидия ва кредит ажратилмаган.
4. Қўштепа тумани «Қийқи», Тошлоқ тумани «Янгийўл» маҳаллаларида «Аёллар дафтари»га киритилган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмаган. Хусусан, «Қийқи» маҳалласида «Аёллар дафтарига» киритилган субсидия олиш учун мурожаат этган 5 нафар хотин-қиздан 1 нафарига субсидия ажратилган, холос. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 9 нафар хотин-қиздан 3 нафарига кредит ажратилган. «Янгийўл» маҳалласидаги субсидия олиш учун мурожаат этган 9 нафар ишсиз хотин-қиздан бирортасига субсидия ажратиб берилмаган.