Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Жорий йилнинг 22 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сон Фармонига мувофиқ Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда — Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш жараёнларини мувофиқлаштириш ва уларнинг очиқлигини таъминлаш, шунингдек, давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини юритиш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли Фармонига асосан чиқарилиш санаси 2025 йил 1 январь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2024 й., 06/24/184/0954-сон)
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) назорат қилувчи органлар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«хавфни таҳлил этиш» тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади, бундан Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳамда «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури натижаларига асосан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувлари мустасно;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 сентябрдаги ПФ-176-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2025 й., 06/25/176/0878-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас, тиббий ва фармацевтика фаолиятни лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизматлар сифат назорати бўйича ўтказиладиган текширувлар, шунингдек, давлат ёнғин назорати органлари томонидан ўтказиладиган назорат текширувлари бундан мустасно;
(3-банд «а» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-74-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 06/26/74/0453-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, «очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида ёхуд чеклист тўлдирилиши натижалари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилишларга олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш орқали амалга оширади;
(3-банд «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2024 й., 06/24/184/0954-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)
б) тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:
текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил белгиланган тартибда хабардор этилмаганда;
(3-банд «б» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2024 й., 06/24/184/0954-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;
улар Текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида;
в) 2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга «Ягона давлат назорати» ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.
4. Адлия вазирлиги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси ва назорат қилувчи органлар билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат назорати функциялари ва текширувларни қисқартириш бўйича таклифларни Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгашига киритсин.
5. Назорат қилувчи органлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга:
бир ой муддатда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳавола қилган ҳолда мажбурий талаблар рўйхатини;
мажбурий талаблар ўзгарган тақдирда, ўзгартириш киритилган санадан бошлаб бир ҳафта муддатда янгиланган мажбурий талаблар рўйхатини тақдим этсин.
6. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сон Фармони талабларига мувофиқ, «Ягона давлат назорати» тизимида давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрлари лозим даражада (долзарб) ва барча учун очиқ ҳолатда юритилишини таъминласин.
7. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартибини, шунингдек, назорат қилувчи органларнинг «хавфни таҳлил этиш» тизимларига қўйиладиган минимал талабларни тасдиқласин.
9. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С. Қосимов ҳамда назорат қилувчи органлар раҳбарлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 13 сентябрь,
ПҚ-374-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом назорат қилувчи органлар ва уларнинг таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда — назорат қилувчи органлар) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартибини белгилайди.
Солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига нисбатан амалга ошириладиган солиқ текширувларини ўтказиш тартибининг ушбу Низом билан тартибга солинмаган қисми Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказий банк томонидан назорат қилиниши лозим бўлган шахсларни инспекциядан (текширувдан) ўтказиш «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги ПФ-96-сонли Фармонига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган)
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли орган — қонунчилик билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширишга ваколат берилган ташкилот;
назорат қилувчи органлар — тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган давлат органлари ва ташкилотлари;
назорат қилувчи орган мансабдор шахси — вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилувчи, тадбиркорлик субъектларида юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни ҳамда маъмурий ёки суд органларида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс;
тадбиркорлик субъектлари — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;
текширув — тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини текшириш учун керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган назорат тадбири;
чеклист — профилактика тадбири доирасида тадбиркорлик субъекти томонидан тўлдириладиган намунавий шаклдаги саволнома;
«хавфни таҳлил этиш» электрон тизими — назорат қилувчи органлар томонидан тегишли назорат соҳаси бўйича аниқ мезонларга асосланиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятида қонунчилик бузилиш хавфи даражасини аниқлаш электрон тизими;
текширув дастури — тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувнинг назорат саволномаси;
«Ягона давлат назорати» ахборот тизими (кейинги ўринларда — Ахборот тизими) — тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни (хабардор этиш ёки текширув бошлангандан сўнг хабардор этиш орқали) ва улар натижаларини рўйхатга олишни таъминловчи электрон ахборот тизими.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Текширувлар ваколатли органни хабардор этиш ёки текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида хабардор этган ҳолда Ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали ўтказилади, бундан тезкор-қидирув тадбирлари, жиноят-процессуал қонунчилиги асосида ўтказиладиган тафтиш ва камерал солиқ текширувлари ҳамда божхона назорати шакллари мустасно.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2025 й., 06/25/57/0291-сон)
Ахборот тизими техник сабабларга кўра ишламаган тақдирда текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш ёки текширув бошлангандан сўнг хабардор этиш кейинчалик Ахборот тизимга киритиш шарти билан қоғоз шаклида расмийлаштирилиши мумкин. Бунда техник носозлик Ваколатли орган томонидан расман тасдиқланган бўлиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Назорат қилувчи орган ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сирлари билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирлари соҳасидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда бундай текширувлар Ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 сентябрдаги ПФ-171-сонли Фармони таҳририда)
2-боб. Текширув иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
4. Текширув ўтказишда тадбиркорлик субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
назорат қилувчи органлар мансабдор шахсининг текширув масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;
текширув ўтказишда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;
талаб қилиб олинаётган ҳужжатларни, агар ушбу ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари тадбиркорлик субъекти томонидан назорат қилувчи органга олдинги ўтказилган текширувларда тақдим этилган бўлса, тақдим этмаслик;
назорат қилувчи орган мансабдор шахсининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш, экспертнинг хулосаси билан танишиш;
экспертни рад этиш ва экспертни ўзи кўрсатган шахслар орасидан тайинлаш тўғрисида илтимос қилиш;
текширув материаллари билан танишиш ва текширув далолатномасини олиш;
назорат қилувчи орган мансабдор шахсининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан, шунингдек, белгиланган тартибда текширув натижалари устидан шикоят қилиш;
текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ (қарор, фармойиш) белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ва буйруқ нусхаси тадбиркорлик субъектига берилмаган, текширув тўғрисида ваколатли орган белгиланган тартибда хабардор этилмаган (текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида хабардор этиш тартиби бундан мустасно), назорат қилувчи орган мансабдор шахсида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаган, Текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортилган ҳолларда, назорат қилувчи орган мансабдор шахсини текширув ўтказиш учун ўз ҳудуди ва биноларига қўймаслик.
Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
5. Текширувларни ўтказишда тадбиркорлик субъектларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
назорат қилувчи органлар мансабдор шахсининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик, унинг текширув билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш;
текширувни ўтказаётган назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот ташувчи воситаларда сақланадиган ҳужжатлар ва ахборотни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини таъминлаш.
Тадбиркорлик субъектлари зиммасида қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
6. Текширувларни ўтказишда назорат қилувчи орган мансабдор шахси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тадбиркорлик субъектининг текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот ташувчи воситаларда сақланадиган ҳужжатлари ва маълумотларини талаб қилиб олиш ва ўрганиш;
қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда тадбиркорлик субъектининг ҳудудлари ва биноларини кўздан кечириш;
тадбиркорлик субъектига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
текширувлар давомида тадбиркорлик субъектини ёзма билдириш асосида назорат қилувчи органга текширув билан боғлиқ тушунтиришлар бериш учун чақириш;
текширувга аудиторлик ташкилотларини ва (ёки) экспертларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этиш.
Назорат қилувчи органлар қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
7. Текширувларни ўтказишда назорат қилувчи орган мансабдор шахси қуйидагиларга мажбур:
тадбиркорлик субъектига текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этиш;
тадбиркорлик субъектини текширув мақсади, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан таништириш;
Текширувларни рўйхатга олиш китобига қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ҳақидаги ёзувларни киритиш;
тадбиркорлик субъекти фаолиятига текширув предметига тааллуқли бўлмаган масалалар бўйича аралашмаслик;
давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлаш;
текширув натижаларини далолатнома билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текширув тугаган куни тадбиркорлик субъектига тақдим этиш;
текширув натижаларини Ахборот тизимига киритиш;
профилактика тадбирларини ўтказиш;
ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўриш.
Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг зиммасида қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
3-боб. Ваколатли органни текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш
8. Назорат қилувчи орган тадбиркорлик субъекти фаолиятида қуйидагилар асосида текширув ўтказишни ташаббус қилишга ҳақли:
«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижалари;
аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиш хавфининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун (жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва ташкилотлари маълумотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар).
Тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказишни ташаббус қилишда, дастлаб назорат қилувчи орган томонидан текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги ўрганиб чиқилиши лозим.
9. Тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказиш тўғрисидаги хабарнома Ахборот тизимига назорат қилувчи органнинг марказий аппарати томонидан киритилади. Бунда бир кунлик муддатда текширув ўтказиш тўғрисидаги хабарнома назорат қилувчи органнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан киритилиши мумкин.
10. Ваколатли органни текширув бошлангандан сўнг хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатида (кейинги ўринларда — Рўйхат) назарда тутилган текширув ўтказиш тўғрисидаги хабарнома текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида Ахборот тизимига киритилиши шарт.
11. Назорат қилувчи орган раҳбари (ёки раҳбар ўринбосари) томонидан текширув тўғрисида хабардор қилиш учун Ахборот тизимига қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда тасдиқланган хабарнома киритилади:
текширув ўтказадиган назорат қилувчи орган номи;
текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, ИФУТ коди, юридик ва текширув ўтказиш манзили;
текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат ёки маълумот;
текширув ўтказиш муддати;
текширув предмети;
текширувда қамраб олинадиган фаолият даври.
12. Ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган асос бўйича батафсил маълумотлар ва тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари, профилактика тадбирлари ўтказилганлиги бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (ўтказилган бўлса) ҳамда текширув дастури хабарномага илова сифатида Ахборот тизимига киритилади.
Текширув дастури ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган асос доирасида тузилиши ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланиши шарт.
13. Назорат қилувчи орган текширувни ўтказиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ (қарор, фармойиш) қабул қилади ҳамда бир иш кунида Ахборот тизимига киритади.
Буйруқда (қарорда, фармойишда) текширув ўтказиш учун мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган асос, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари таркиби, тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, манзили, текширув мақсади, муддати, текширувда қамраб олинадиган фаолият даври ва текширув Ахборот тизимида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи махсус код кўрсатилади ҳамда текширув дастури илова қилинади.
4-боб. Текширувларни ўтказиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Назорат қилувчи орган «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида қонунчиликда белгиланган муддатларда тадбиркорлик субъектини унинг Ахборот тизимидаги шахсий кабинети ёки почта алоқаси (агар электрон шаклда хабардор этишнинг техник имконияти мавжуд бўлмаса) орқали хабардор қилади, Рўйхатда назарда тутилган ҳамда давлат ёнғин назорати органлари, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказиладиган текширувлар, тиббий ва фармацевтика фаолиятини лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизматлар сифат назорати бўйича текширувлар ҳамда «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури натижаларига асосан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувлари бундан мустасно.
(14-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-74-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 06/26/74/0453-сон)
Бунда текширув ўтказиш муддати ва предмети, тарафларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун тарафларнинг жавобгарлиги, коррупция аломатлари вужудга келганда хабар бериш тартиби, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари устидан шикоят бериш тартиби ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ масалалар кўрсатилиши лозим.
Текширув бошланиши ҳақида хабарномани олган тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишидан олдин юридик манзилини ўзгартирган ёки у қайта ташкил этилган ҳолларда текширув назорат қилувчи орган томонидан қайта хабардор қилмасдан ўтказилади.
Тадбиркорлик субъекти Ахборот тизими ёки почта алоқаси орқали юборилган текширув бошланиши ҳақида хабарномани шахсан олмаганлиги текширув ўтказишга тўсқинлик қилмайди.
15. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарини (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсни) текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани кўрсатади, текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар (назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текширув дастури) нусхаларини тилхат олган ҳолда тақдим қилади, шунингдек, Ахборот тизимига текширувнинг махсус кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради, Рўйхатда назарда тутилган текширувлар бундан мустасно.
Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ахборот тизимидан бепул реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали ёки қисқа хабар (SMS) кўринишида олиши мумкин.
16. Текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси тадбиркорлик субъектига тилхат олинган ҳолда топширилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектининг текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширувни бекор қилиш учун асос бўлмайди.
Тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси томонидан далолатнома тузилади. Бунда далолатнома расмийлаштирилган вақт текширувни ўтказиш бошланган вақт ҳисобланади.
17. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган Текширувларни рўйхатга олиш китобини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлдириши шарт.
18. Текширувни фақат текширув ўтказишга рухсат берилган назорат қилувчи орган ва унинг текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга бўлган мансабдор шахслари ўтказишга ҳақли.
Назорат қилувчи органнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан ўтказиладиган текширувга унинг бошқа таркибий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин.
Назорат қилувчи орган текширувни ўзининг ҳудудий бўлинмаларига юклатишга ҳақли.
19. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортган тақдирда ёки мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган ҳамда текширувга назорат қилувчи органнинг буйруғида (қарори, фармойиши) кўрсатилмаган бошқа шахсларни жалб этиш ҳолатларида, текширувга шартнома асосида аудиторлик ташкилотлари ва (ёки) экспертларни жалб этиш ҳолатлари бундан мустасно, тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишига йўл қўймасликка ҳамда ушбу ҳолат ҳақида ваколатли органга, Савдо-саноат палатасига ва прокуратура органларига хабар беришга ҳақли.
20. Назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган текширув қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги лозим.
21. Текширув ўтказиш жараёнида назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари ва текширув дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.
22. Текширув тадбиркорлик субъектининг иш вақти давомида ўтказилади.
23. Тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган текширувда, шунингдек, профилактика тадбирларида унинг сўровига кўра Савдо-саноат палатасининг вакиллари, тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятида текширув ўтказишда эса мазкур бирлашмалар вакиллари иштирок этиши мумкин.
Текширув давомида тадбиркорлик субъектига солиқ маслаҳатчилари, таржимон ва (ёки) адвокатлар томонидан шартнома асосида тегишли хизматлар кўрсатилиши мумкин.
Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларни текширувда иштирок этишга жалб қилиш ҳуқуқини тушунтиради ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан текширув ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхалари олинганлигини тасдиқловчи тилхатда маълумот қайд этилади.
Тадбиркорлик субъекти томонидан маълум қилинган мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган шахсларнинг текширувда иштирок этиш учун етиб келмаслиги текширув ўтказилишига тўсқинлик қилмайди.
24. Текширув билан тадбиркорлик субъектининг бевосита текширув предмети билан боғлиқ бўлган фаолият даври қамраб олинади. Бунда:
текширув ўтказиш вақтидан олдинги уч календарь йилдан кўп бўлмаган муддатдаги фаолият қамраб олиниши мумкин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
текширувни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмайди, тиббий ва фармацевтика фаолиятини лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизматлар сифат назорати бўйича ўтказиладиган текширувлар, шунингдек, давлат ёнғин назорати органлари томонидан ўтказиладиган назорат текширувлари бундан мустасно.
(24-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-74-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 06/26/74/0453-сон)
25. Тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) текширувда иштирок эта олмаган, талаб этилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки соҳавий мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширув назорат қилувчи органнинг буйруғи (қарори, фармойиши) асосида тўхтатилиши ҳамда назорат қилувчи органнинг асослантирилган мурожаатига кўра ёки назорат қилувчи орган томонидан асослантирувчи ҳужжатлар билан кейинчалик ваколатли органни хабардор қилган ҳолда текширув бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.
Муддати кўчирилган текширувни ўтказиш текширув тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширув ўтказилмаган деб ҳисобланади. Бундай текширув кейинчалик умумий тартибда ўтказилиши мумкин.
26. Текширув муддатини максимал узайтириш назорат қилувчи органнинг асослантирилган сўровига мувофиқ ваколатли органни хабардор қилган ҳолда фақатгина бир марта ва дастлаб белгиланган текширув муддатидан ошмаган муддатга амалга оширилиши мумкин. Бунда дастлаб ўтказилган ва узайтирилаётган текширувларнинг жами муддатлари қонунчиликда белгиланган текширувларни ўтказиш муддатларидан ошмаслиги керак.
27. Текширувни тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган манзилда ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда, уни тадбиркорлик субъектининг ёзма розилиги билан ушбу субъект рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ҳудуддаги назорат қилувчи орган биносида ўтказиш мумкин.
28. Текширувлар натижалари текширув далолатномаси билан расмийлаштирилади. Текширув далолатномаси камида икки нусхада тузилади.
Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширув далолатномаси текширув ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширув бўйича эса, текширув муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.
Бунда текширув далолатномасининг нусхалари назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси ва тадбиркорлик субъектининг раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланади, бир нусхаси тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.
29. Тадбиркорлик субъекти ўтказилган текширув натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада ёзма равишда акс эттириши мумкин.
30. Тадбиркорлик субъекти текширув далолатномасини олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси бу ҳақда далолатномада қайд этади ва шу пайтдан эътиборан текширув тугаган ҳисобланади.
Бу ҳолда текширув далолатномасининг бир нусхаси у тузилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан тадбиркорлик субъектига почта орқали буюртма хат билан ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда электрон шаклда тузилиб юборилади.
31. Текширув натижалари бўйича тузилган далолатнома, қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари ва текширув ўтказиш ҳақида тадбиркорлик субъекти хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (почта квитанцияси ва электрон ахборот тизимларининг маълумотлари) текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар ва суд қарорлари) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг бир иш кунидан кечиктирилмасдан назорат қилувчи органлар томонидан Ахборот тизимига киритилиши лозим.
32. Текширув натижасида аниқланган банк сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларга оид маълумотлар Ахборот тизимига киритилмайди.
Текширувда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, назорат қилувчи орган дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар бериши ҳамда текширув якунланган вақтдан бошлаб ўн кун ичида ушбу ҳолат бўйича барча ҳужжатларни юбориши шарт.
Солиқ текширувида жиноят аломатлари аниқланган тақдирда эса, бу ҳақда хабар бериш солиқ қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
5-боб. Текширувлар ўтказилишини мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш
33. Ваколатли орган назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар белгиланган тартибда ўтказилганлигини доимий равишда мониторинг қилиб боради.
34. Мониторинг натижаларига кўра назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текширув ўтказганлиги ёки текширув давомида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланганда ваколатли орган томонидан уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.
35. Текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назорати Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда қонунчиликда белгиланган шахслар томонидан амалга оширилади.
6-боб. Профилактика тадбирларини ўтказиш
36. Профилактика тадбири назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш, уларнинг талаблари бузилишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар, шунингдек, тадбиркорлик субъектининг фаолият хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда унга солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар ва преференциялар ҳақида тушунтиришлар бериш, шунингдек, қонунбузилишларга олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилади.
37. Профилактика тадбирлари қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
бевосита жойига чиқмаган ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашмаган ҳолда ҳуқуқий тарғибот, семинарлар, тушунтириш ишлари ва амалий машғулотлар ташкил этиш;
тадбиркорлик субъектларига почта алоқаси ёки электрон ахборот тизимлари орқали уларнинг фаолияти юзасидан қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар, тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган соҳада содир этилаётган тизимли ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитлар бўйича хабарномалар юбориш;
амалдаги қонунчилик талабларини тушунтириш юзасидан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш;
тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни оммавий муҳокама қилиш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғида веб-сайтлар, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда блог ва чатларни ташкил этиш;
«очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш ва уларда қатнашиш;
тадбиркорлик субъектларини қонунчилик талабларига оид маълумотлар акс эттирилган тарқатма материаллар ва бошқа қўлланмалар билан таъминлаш;
тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган тартибда тасдиқланган чеклист тақдим этиш, чеклист тўлдирилиши натижалари бўйича улар фаолиятида қонунбузилишларга олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ёнғин хавфсизлигини, фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар сақланадиган жойлар (объектлар)нинг техник мустаҳкамлигини, объект ички ва рухсат бериш режимини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган, шунингдек, тиббий ва фармацевтика фаолиятини лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизматлар сифатини таъминлаш бўйича профилактика тадбирлари тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни кўздан кечириш орқали амалга оширилиши мумкин.
(37-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 майдаги ПФ-74-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 06/26/74/0453-сон)
Профилактика тадбирлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ва тасдиқланган чораклик режа-графиклар асосида ўтказилади.
Ўтказилган профилактика тадбирлари бўйича баённома юритилиб, қайд этилган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
38. Профилактика тадбирини ўтказиш натижаси бўйича назорат қилувчи орган Ахборот тизимга қуйидаги маълумотларни киритади:
профилактика тадбирини ўтказган назорат қилувчи орган ва унинг тегишли таркибий бўлинмаси номи;
профилактика тадбирининг шакли;
профилактика тадбири оммавий равишда ўтказилган тақдирда унда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони, ўтказилган тадбир баёни;
профилактика тадбири манзилли амалга оширилганда унда қатнашган тадбиркорлик субъектлари сони ва уларга берилган тавсия ва хабарномалар сони ва мазмуни;
оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида веб-сайтлар, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда блог ва чатлар орқали ўтказилган муҳокамалар, улар ўтказилган сана, манзили (оммавий ахборот воситаларидаги кўрсатув ёки лойиҳа номи, муҳокаманинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манзили).
39. Назорат қилувчи органлар ҳар чорак якунлари бўйича кейинги ойнинг 10-санасигача мазкур Низомнинг 38-бандида белгиланган маълумотларни Ахборот тизимга киритиб боради.
40. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида:
назорат қилувчи органлар ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 августга қадар, йил якунлари бўйича 1 февралга қадар улар томонидан амалга оширилган текширув ва профилактика тадбирлари таҳлилини ваколатли органга киритади;
ваколатли орган ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 сентябрга қадар, йил якунлари бўйича 1 мартга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумотни Ахборот тизимига жойлаштиради ва жамоатчиликка эълон қилади.
7-боб. Якуний қоидалар
41. Ваколатли орган ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари мазкур Низом талабларига риоя этилиши, текширув муносабати билан ўзига маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар, шунингдек, ошкор этилмайдиган ахборотлар муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.
42. Назорат қилувчи органларнинг:
раҳбарлари текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш ёки ваколатли органни текширув бошлангандан сўнг хабардор этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги ҳамда текширувлар қонунчиликда белгиланган тартибда Ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган ҳолда амалга оширилиши учун;
мансабдор шахслари ўз ваколатлари ва назорат соҳасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширув ўтказилмаслиги ҳамда текширувлар қонунчиликда белгиланган тартибда Ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган ҳолда амалга оширилиши, шунингдек, ўтказилган текширувлар бўйича зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида Ахборот тизимига киритилиши учун жавобгардир.
43. Тадбиркорлик субъектлари уларда ўтказилаётган текширув ҳақидаги ҳамда уларнинг фаолиятини текшираётган назорат қилувчи органлар тўғрисидаги маълумотни ваколатли органдан ёзма шаклда ёки ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда бепул олишга ҳақлидир.
44. Ўтказилган текширувдан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига, ваколатли органга, Савдо-саноат палатасига ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
45. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2024 й., 06/24/184/0954-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.09.2022 й., 07/22/374/0821-сон; 21.07.2023 й., 06/23/110/0506-сон; 03.08.2023 й., 06/23/125/0553-сон; 16.02.2024 й., 06/24/36/0130-сон; 24.10.2024 й., 06/24/164/0843-сон; 23.11.2024 й., 06/24/184/0954-сон; 01.04.2025 й., 06/25/57/0291-сон; 08.08.2025 й., 06/25/126/0704-сон; 29.09.2025 й., 06/25/176/0878-сон; 07.05.2026 й., 06/26/74/0453-сон)