Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида ва Россия Федерацияси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисида
Битим
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасида дўстона муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида,
1992 йил 30 майдаги Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномага амал қилган ҳолда,
бир Томон давлати фуқароларининг бошқа Томон давлати ҳудудида бўлишлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Бир Томон давлати ҳудудида вақтинча бўлиб турган бошқа Томон давлатининг фуқаролари 15 кун мобайнида келиш давлатининг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбуриятидан озод этиладилар.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган вақтинча бўлиб туриш муддати бир Томон давлатининг фуқароси бошқа Томон давлати ҳудудига чегара назорати органларининг белгиси билан тасдиқланган миграция картаси ёки бошқа Томон давлати ҳудудига киришда чегара назорати органлари тарафидан паспортга қўйиладиган белги билан тасдиқланган кириш санасидан ҳисобланади.
3. Бир Томон давлатининг фуқароси бошқа Томон давлати ҳудудида 15 кундан ортиқ бўлиб турган бўлса, ушбу фуқаро келиш давлат қонунчилигига мувофиқ унинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтишга (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбур.
2-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиб турган вақтда келиш давлати қонунчилигига риоя қилишлари лозим.
3-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ҳамда ушбу Битимнинг 4-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
4-модда
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари Томонлар тарафидан бажарилганлиги тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали қабул қилинган санадан кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади. Ҳар бир Томон бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилиш орқали мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиши мумкин. Бундай ҳолда, мазкур Битимнинг амал қилиши шундай хабарнома олинган санадан бошлаб 6 ой ўтгач тугатилади.
3. Ҳар бир Томон давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби ва соғлиқни сақлашни таъминлаш мақсадида мазкур Битим амал қилишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриши мумкин. Қабул қилинган қарор тўғрисидаги ёзма хабарнома бундай тўхтатиб туришдан 72 соатдан кечиктирмасдан дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга юборилади.
4. Ушбу модданинг 3-бандида кўрсатилган сабабларга кўра мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган Томон худди шундай тартибда мазкур Битимнинг амал қилишини қайта тиклаганлиги тўғрисида бошқа Томонни хабардор қилади.
Тошкент шаҳрида 2021 йил 17 июнда ҳамда Москва шаҳрида 2021 йил 21 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда ҳар иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)