Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 23 апрелдаги СҚ-273-IV-сонли Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича қарор ва фармонларида нархлар, банк ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросига қаратилган.
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати монетар омиллар таъсирини пасайтириш, банк тизими ликвидлигини самарали тартибга солиш орқали инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш учун йўналтирилган.
Ички ва ташқи макроиқтисодий шароитлардан ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларидан келиб чиқиб, Марказий банкнинг асосий ставкаси 2021 йилда йиллик 14 фоиз даражада ўзгаришсиз сақлаб қолинган.
Банк тизими ликвидлигини самарали тартибга солиш ҳамда унга ҳукумат операцияларининг таъсирини камайтириш мақсадида пул-кредит сиёсати воситаларига тегишли ўзгартиришлар киритиб борилган.
Хусусан, Марказий банк облигациялари қолдиғи лимити 5 трлн сўмдан 15 трлн сўмгача, депозит аукционлари ҳажми бўйича лимит 400 млрд сўмдан 4 трлн сўмгача оширилган.
Банклараро пул бозори фоиз ставкасини кенгайтириш орқали банкларнинг пул бозоридаги иштирокини фаоллаштириб, пул бозорида жами 100,4 трлн сўмлик ёки 2020 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга кўп операциялар бажарилган.
Инфляцияга таъсир этувчи номонетар омилларнинг олдини олиш ва таъсирини камайтириш мақсадида истеъмол бозоридаги нархлар мунтазам равишда ўрганилиб, ҳукуматга таклифлар киритиб борилган.
Шунингдек, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йил якунлари бўйича инфляция даражасининг 2020 йилдаги 11,1 фоиздан 10 фоизгача пасайишига эришилган.
Банкларнинг ресурс базаси 2020 йилга нисбатан 66 трлн сўмга ёки 22 фоизга ўсиб, банк тизими ресурс базаси таркибида миллий валютадаги узоқ муддатли депозитлар ҳажми 1,8 баробарга ортган.
Натижада 2021 йил якунлари бўйича банк тизимида капитал етарлилиги кўрсаткичи 17,5 фоизни ташкил этиб, минимал талабдан (13 фоиз) юқори бўлиши таъминланган.
Ҳисобот йилида мижозларга банк ва тўлов хизматларидан банк филиалларига ташриф буюрмасдан, масофавий тарзда фойдаланиш имкониятини берувчи мижозларни масофавий биометрик идентификация қилиш тизими жорий этилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар Марказий банк томонидан тижорат банклари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш ишлари етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
Таҳлиллар охирги икки йилда банклар томонидан кредит ажратиш жараёнларидаги коррупциявий ҳолатларнинг кўпайганлиги иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларга салбий таъсир қилганлигини кўрсатмоқда.
Тижорат банклари ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмалари томонидан очиқ ва шаффоф фаолият юритиш, коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилиб, аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ижтимоий лойиҳаларни кредитлаш учун мўлжалланган жами 354,2 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Хусусан, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида «Агробанк» АТБ томонидан 12,3 млрд сўм, АТ «Халқ банки» томонидан 3 млрд сўм, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан 2,4 млрд сўм, «Миллий банк» АЖ томонидан 1,3 млрд сўм, яъни жами 20 млрд сўмлик пул маблағлари банк ходимлари томонидан талон-торож қилинган.
«Ёшлар — келажагимиз» дастури доирасида 3,5 млрд сўм миқдоридаги пул маблағлари ёшлар бандлигини таъминлашга йўналтирилмасдан, ноқонуний ўзлаштириб юборилган.
Банклар томонидан хизматлар соҳасини ривожлантириш учун ажратилган 1,5 трлн сўмлик кредитларнинг 107,6 млрд сўми мақсадсиз ва самарасиз ишлатилган, шу билан бирга 14 млрд сўмлик кредитлар қарорда кўзда тутилмаган лойиҳаларга ажратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги ПҚ-5041-сонли қарори билан тасдиқланган мақсадли параметрларда кўзда тутилган пул маблағларининг 14 млрд 229 млн сўмлик қисми «Микрокредитбанк» АТБнинг Хоразм вилояти филиали томонидан ҳамда 3 млрд 607 млн сўмлик қисми эса АТ «Халқ банки» вилоят филиали томонидан бажарилмаган.
Шу билан бирга ажратилган маблағлар ҳам мақсадсиз ишлатилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги ПҚ-3777-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури доирасида Хоразм вилоятидаги охирги икки йилда фаолият кўрсатмаётган 37 та юридик шахс шаклидаги тадбиркорлик субъектларига фаолиятини тиклаши учун 3 млрд 746 млн сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, тижорат банклари томонидан мазкур кредитларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан мониторинг ишлари етарли даражада олиб борилмаган.
Кредит ажратишда янги иш ўринларини яратиш ва кенг ижтимоий манфаатлар ҳисобга олинмаган.
Хусусан, «Ипотека-банк» АТИБ, «Миллий банк» АЖ ва «Туронбанк» АТБ томонидан Бўстонлик туманида 6 та ҳолатда меҳмон уйлар ташкил этиш учун 6,9 млрд сўмлик кредит ажратилган бўлса-да, уларда фақатгина 1 тадан иш ўрни яратилган ва савдо тушуми мавжуд эмас.
Аҳоли ва тадбиркорлардан Марказий банкка келиб тушган мурожаатларнинг аксариятида имтиёзли кредитлар ажратилиши билан боғлиқ муаммолар баён қилинган.
Давлат улушига эга бўлган тижорат банкларида коррупцияга қарши ички назорат тизимининг («комплаенс-назорат») иш самарадорлиги етарли даражада эмаслиги оқибатида коррупция ҳамда тамагирлик ҳолатлари, шунингдек, банк ходимлари томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа салбий ҳолатлар учрамоқда.
Хусусан, «Асакабанк» АЖ ва «Туронбанк» АТБ ҳудудий тузилмаларида ички назорат фаолияти самарали йўлга қўйилмаган.
Банк хизматларини кўрсатиш тўлиқ рақамлаштирилмаган, имтиёзли кредит ажратиш тизими содда ва шаффоф эмас, инсон омили юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Банкларда муаммоли кредитлар билан ишлаш, хусусан потенциал муаммоли қарздорларни олдиндан аниқлаш механизми жорий этилмаган.
Муаммоли кредитлар улуши 2021 йил якунида 5,2 фоизгача ошган (2020 йил якунида 2,1 фоиз бўлган), 21,4 трлн сўмлик (банк тизими кредит портфелининг 15 фоизи) потенциал муаммоли кредитларни қайтариш муддатлари такроран 3-6 ойга узайтирилган.
Муаммоли кредитларнинг 72 фоизи (12 трлн сўм) тадбиркорлик субъектлари, 28 фоизи (5 трлн сўм) жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келиб, тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган кредитлар ҳиссаси 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 27 фоизга ошган (51 фоиз).
Шунингдек, «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури координаторлари томонидан ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларининг қарорлари асосида кредит ажратилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳолатини алоҳида назорат қилиб бориши белгиланган бўлса-да, координаторлар томонидан ишлар тизимли ташкил қилинмаганлиги сабабли муаммоли кредитлар салмоғи ортган.
Хусусан, Хоразм вилоятида 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 1 960 та субъектга ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича 49 млрд 146 млн сўмлик муаммоли кредитлар мавжуд бўлиб, 2021 йилнинг 1 июлига нисбатан 7 млрд 347 млн сўмга ёки 17,5 фоизга ўсган.
Муаммоли кредитларнинг асосий қисми АТ «Халқ банки» (23 млрд 320 млн сўм), «Агробанк» АТБ (12 млрд 885 млн сўм) ҳамда «Миркрокредитбанк» АТБ (10 млрд 969 млн сўм) ҳиссасига тўғри келган.
Марказий банк Хоразм вилояти бош бошқармаси томонидан «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида назорат олиб борилмаганлиги оқибатида вилоятда муаммоли кредитларнинг асосий қисми замонавий иссиқхоналарни ташкил этиш учун ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келиб, жорий йилнинг 1 январь ҳолатида муддати ўтган (10 млн 200 минг АҚШ доллари) кредит қарздорлик 4 млн 500 минг АҚШ долларига, яъни 2 баробарга ўсган.
Пандемиядан кейин ҳам фаолияти тўлиқ тикланмаган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қайтариладиган муаммоли кредитлар муддатлари узайтирилган бўлишига қарамасдан, муаммоли кредитларнинг улуши юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, Марказий банк олдида 2022 йилда юзага келган мураккаб ташқи иқтисодий вазият ва хатарлар шароитида ўз ечимини кутаётган ва алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган вазифалар мавжуд.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларни мақсадли ишлатиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш юзасидан ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги Марказий банкка кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
бир ой муддатда ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйганлиги учун Марказий банкнинг Хоразм вилояти бош бошқармаси бошлиғини эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқсин ва натижаси бўйича Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин;
бир ой муддатда АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ Хоразм вилояти филиаллари ва бошқа тижорат банкларининг раҳбар ҳамда масъул ходимлари иштирокида аниқланган камчиликларни муҳокама қилган ҳолда уларнинг масъулиятини янада ошириш чораларини кўрсин ва натижаси бўйича Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин;
макроиқтисодий барқарорликни ҳамда ички бозорлардаги нарх-наво, шу жумладан, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширсин:
нархлар даражасига монетар омиллар таъсирини пасайтиришда пул-кредит сиёсати воситаларидан фаол фойдаланиш ва уларни такомиллаштириш;
ташқи иқтисодий шароитларда кузатилаётган ўзгаришларнинг ички валюта бозорига салбий таъсирининг олдини олиш, валюта бозорида талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ва алмашув курси кескин тебранишларининг олдини олиш учун интервенцияларни амалга ошириб бориш;
пул-бозоридаги операциялар бўйича 2-3 фоизлик реал ижобий фоиз ставкалари шаклланишини ҳамда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ўсиш суръатининг ялпи ички маҳсулот номинал ҳажми ўсиш суръатлари билан мутаносиб бўлишини таъминлаш;
пул-кредит воситаларининг инфляцияга таъсирини кучайтиришга ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларини пасайтиришга, соҳада қабул қилинаётган қарорларни батафсил тушунтиришга қаратилган самарали коммуникация сиёсатини юритиш;
ички бозорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифлари ҳажмини ошириш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун тадбиркорлик субъектларига олдин берилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддатини узайтириш;
тадбиркорлик субъектлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга айланма маблағларни тўлдириш учун зарур револьвер кредитлар ажратилишини таъминлаш;
тижорат банклари фаолиятини тартибга солиш ва банклар томонидан амалга ошириладиган молиявий операциялар устидан пруденциал назоратни кучайтириш;
тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш борасида:
жорий йил якунига қадар асосий савдо ҳамкори Россия ва Украина бўлган экспортчи корхоналарга ўз вақтида сўндирилмаган кредитлар бўйича пеня ва жарималар ҳисоблашда енгилликлар яратиш ҳамда кредитларни қайтариш муддатларини тушумлар келиб тушиш вақтига мувофиқлаштириш;
тижорат банклари фаолиятини турли сценарийларда стресс-тестлардан ўтказиш орқали юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг банклар капитали ва ликвидлигига бўлган салбий таъсирларини юмшатиш;
банкларда кредитлаш ва муаммоли кредитлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, хусусан потенциал муаммоли қарздорларни олдиндан аниқлаш механизмини жорий этиш;
банклар мижозлар олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариши учун ҳамда хатарларга банклар бардошлилигини ошириш мақсадида уларда барқарор ресурсларни шакллантириш;
халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда банклар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва «Банкларни санациялаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
аҳолининг банк кредитлари бўйича қарз юки ортиб кетмаслиги ва банклар молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган макропруденциал банк назоратини жорий этиш;
тўлов тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва ривожлантириш, рақамли технологияларни тижорат банкларида кенг татбиқ этиш мақсадида:
банк карталари ва бошқа тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда кўрсатилаётган тўлов хизматларини ривожлантириб бориш, республика ҳудудларида тўлов инфратузилмасини, хусусан, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилмалари тармоғини кенгайтириш орқали қулай шарт-шароит яратиш;
тўлов хизматлари бозори субъектларини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш;
аҳолининг нақд пулсиз ҳисоб-китоблардан фойдаланиши бўйича саводхонлиги ва маданиятини ошириш;
тўлов тизими операторлари, кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятида киберхавфсизлик таҳдидларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши таъсирчан чораларни белгилаш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
янги жорий этилган контактсиз тўлов воситалари оммабоплигини кенгайтириш мақсадида «QR-online» тизимидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари сонини йил якунигача 1,3 баробарга ошириш;
инновацион ва рақамли тўлов воситаларини ривожлантириш доирасида электрон пуллар тизимлари оммабоплигини қўллаб- қувватлаш орқали электрон ҳамёнлар сонини 1,4 баробарга ошириш;
тижорат банкларида замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш, инсон омилини камайтиришга қаратилган масофавий банк хизматларини, шу жумладан автоматлаштирилган скоринг тизимини, рақамли идентификациялашни кенг жорий этиш;
бюджет маблағлари ҳисобидан аҳолини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳалар бўйича ажратилаётган кредит маблағларини рақамлаштириш орқали мониторинг юритишни йўлга қўйиш;
тижорат банклари барча тизимларида комплаенс назорат фаолиятини йўлга қўйиш ва такомиллаштириш;
тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва улар томонидан тартибга солиш талаблари (SubTech ва RegTech) бажарилишини соддалаштириш дастурий таъминотини жорий қилиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тижорат банклари билан биргаликда муаммоли кредитларни «мижозбай» ўрганиш, муаммога айланиш сабабларини аниқлаш, пул тушуми, бизнес режа кўрсаткичлари бажарилиши ва мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш.
4. Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида озиқ-овқат хавфсизлигини ва узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш, шунингдек, логистика-транспорт масалаларини ҳал этсин;
инвестиция муҳитини янада яхшилаш, рақобатни ривожлантириш ва таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш орқали тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини ошириш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин ва амалга оширилган ишлар юзасидан Олий Мажлис Сенатига 2023 йил 1 январга қадар ҳар чоракда ахборот киритсин.
5. Республикаси Бош прокуратураси (Н. Иўлдошев) Хоразм вилоятидаги тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ресурслари ҳамда Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган кредитларнинг ажратилиши, уларнинг ўз вақтида қайтарилиши ҳамда муаммоли кредитларни қисқартириш борасидаги фаолиятини ўрганиб, тегишли ҳуқуқий баҳо берсин, натижаси бўйича 2022 йил 1 сентябрга қадар Олий Мажлис Сенатига ахборот берсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д. Касимов)га тижорат банкларида ўтказиладиган ўрганишларда талаб этиладиган тегишли рухсатномаларни расмийлаштиришда Бош прокуратурага белгиланган тартибда кўмаклашиш тавсия этилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида кредитларнинг ажратилиши, уларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш;
кредитларни ажратишда йўл қўйилаётган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан депутатлик назоратини кучайтириш, зарур бўлганда, депутатлик сўровлари киритиш;
ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши устидан доимий назорат олиб борилганлиги билан боғлиқ амалга оширилган ишлар бўйича Марказий банкнинг вилоят бош бошқармалари раҳбарлари ахборотини эшитиб бориш тавсия қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (М. Нурмуратов) мазкур Қарорнинг 3-банди ижроси бўйича 2023 йил 1 февралга қадар ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритиб борсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 29 апрель,
СҚ-530-IV-сон