Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 11 майдаги СҚ-80-IV-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича банк тизимига юклатилган вазифаларга оид фармон ва қарорлари ҳамда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида банк тизими олдига қўйилган устувор вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган.
Пул-кредит сиёсати инфляцияга монетар омиллар таъсирини пасайтириш, банк тизими ликвидлигини самарали тартибга солиш орқали иқтисодиётдаги инфляция жараёнлари ҳамда прогнозларнинг белгиланган меъёрлар даражасида бўлишига йўналтирилган.
Нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича мақсадлар доирасидан чиқмаган ҳолда Марказий банк асосий ставкасининг йиллик 16 фоиздан 14 фоизгача пасайтирилганлиги иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи омиллардан бири бўлган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида инфляцияга монетар омиллар таъсирини камайтиришга ҳамда инфляция даражасини 2019 йилдаги 15,2 фоиздан 2020 йил якуни бўйича 11,1 фоизгача пасайтиришга эришилган.
Банкларда кредит ва ликвидлик хатарлари ортишининг олдини олиш ҳамда пандемиянинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида 26,6 трлн сўмлик кредитлар тўлов муддатининг 2020 йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилиши банк тизими барқарорлик кўрсаткичларини мақбул даражада сақлаб қолишга замин яратган.
Мазкур кредитлар бўйича тўловлар муддати кечиктириб тўланганда жарима санкцияларини (пеня) қўлламаслик ҳамда кредит қарздорлигини таъминотга қаратмаслик, ушбу кредитлар таснифини ёмонроқ тоифага ўзгартирмаслик ва улар бўйича қўшимча захира шакллантирмаслик юзасидан зарур шарт-шароитлар яратилган.
2020 йилнинг 1 октябридан кейин эса, фаолиятини тўлиқ тиклаб улгурмаган тадбиркорлик субъектларининг 9,5 трлн сўмлик кредит тўловлари муддати яна 3 — 6 ойгача узайтирилган.
Банкларни трансформация қилиш доирасида корпоратив бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, рақамли хизмат турларини кенгайтириш ҳамда бизнес жараёнларини рақамлаштириш борасида тўлов тизимининг узлуксиз ҳамда барқарор ишлашини таъминлаш, чакана тўлов инфратузилмасини янада ривожлантиришда Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими, тўловларнинг контактсиз амалга оширишнинг «QR-online» ахборот ва NFC тизимлари жорий этилган.
Шу билан бирга, 2021 йилда Марказий банк олдида ўз ечимини кутаётган ва алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган айрим вазифалар ҳам мавжуд.
Булардан, номонетар омилларнинг, хусусан, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти концентрациясининг юқорилиги ва жаҳон бозори конъюнктурасининг ўзгарувчанлиги, логистика ва сақлаш инфратузилмаси ҳамда ички рақобат муҳитининг суст ривожланганлиги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг умумий инфляция даражасидан сезиларли даражада юқори шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Тижорат банклари томонидан иқтисодиётни фаол кредитлашнинг давом эттирилиши келгусида банклар томонидан капитал буфери имкониятларидан ортиқча кредитлар берилишига, натижада банкларнинг молиявий мустаҳкамлиги сусайишига олиб келиши мумкин.
Банкларда кредитлаш манбаини шакллантиришда асосан ташқи манбаларга таяниш банк тизимида долларлашув даражасини ошириш билан бир қаторда уларнинг ташқи омилларга таъсирчанлиги хавфини ҳам оширмоқда.
Банк хизматлари истеъмолчиларининг банк хизматларидан фойдаланишлари жараёнида суғурта ташкилотини эркин танлаш ҳуқуқининг тижорат банклари томонидан таъминланмаётганлиги ҳолатлари мавжуд.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (М. Нурмуратов):
Нархлар барқарорлигини таъминлаш, нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик ва пул-кредит сиёсати инструментларини ушбу мақсадларга йўналтиришда:
инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун ҳар бир омилнинг юзага келиши сабабларини чуқур таҳлил этган ҳолда уларни бартараф этиш бўйича асослантирилган таклифларни ҳукумат, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борсин;
иқтисодиётга ажратилаётган кредит қўйилмалари ўсиш суръатининг ялпи ички маҳсулот номинал ҳажмининг ўсиш суръатлари билан мувофиқлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин;
инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш ҳамда 2023 йилда инфляция даражасини 5 фоизга тушириш борасидаги ишларнинг изчил давом эттирилишини таъминласин.
Банк тизими молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида:
банкларнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш мақсадида хорижий валютада маблағлар жалб қилишда тижорат банкларининг эҳтиёткор сиёсат юритиши бўйича чоралар кўриб борсин;
лойиҳаларни молиялаштиришда ташаббускорларнинг камида 30 фоиз ўз маблағи билан иштирок этиши шартлиги тўғрисидаги талабга қатъий риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширсин;
кредитлаш ҳажми банкларнинг молиявий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда банк кенгашлари томонидан белгиланган йиллик бизнес-режа параметрлари доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида макропруденциал чораларни кўриб борсин;
банклар томонидан мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажаришлари учун ҳамда иқтисодиётда юзага келиши мумкин бўлган хатарларга банклар бардошлилигини ошириш мақсадида уларда босқичма-босқич барқарор ресурс захираларини шакллантириш ишларини мунтазам назорат қилсин;
банкларнинг 2020 йил якуни бўйича олган соф фойдасини банклар капиталини оширишга йўналтириш орқали уларнинг капитал буферини мақбул даражада сақлаб қолиш чораларини кўриб борсин.
Банк тизимини ислоҳ қилиш, банклар фаолиятини бозор тамойиллари асосида ташкил этишни янада кенгайтириш мақсадида:
корпоратив бошқарув ва риск-менежмент тизимини янада такомиллаштириш, банкларнинг ташкилий тузилмаси ва бизнес моделларини оптималлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириб, натижадорлиги, хусусан, давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банклари фаолият самарадорлиги бўйича Сенатга ахборот киритиб борсин;
банк хизматлари истеъмолчиларининг банк хизматларидан фойдаланганда суғурта ташкилотини эркин танлаш ҳуқуқининг тижорат банклари томонидан таъминланиши устидан назоратни кучайтирсин;
тижорат банкларида трансформация жараёнларини давом эттириш орқали «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Асакабанк» АЖ, «Ипотека-банк» АТИБ, АТ «Алоқабанк», «Туронбанк» АТБ ва «Қишлоқ қурилиш банк» АТБни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича ишларни жадаллаштирсин ҳамда йил давомида камида битта йирик банк давлат улушини тўлиқ стратегик инвесторларга сотиш чораларини кўрсин;
кредит ташкилотларини лицензиялаш, тартибга солиш ва пруденциал назорат қилиш бўйича халқаро молия институтларининг техник кўмак миссиясини жалб қилган ҳолда халқаро тажрибани татбиқ этиш, Марказий банкнинг ҳисобот тизимини баҳолаш ва илғор назорат қилиш механизмларини (SupTech) амалиётга жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, амалга ошириб борсин;
банклар фаолиятини назорат қилишнинг пруденциал тизимини янада такомиллаштириш ҳамда банк назоратида Базел III (халқаро) тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш ва бунда таваккалчиликка асосланган назорат тизимини қўллашни янада кучайтирсин.
Тўлов тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва ривожлантириш, рақамли технологияларни банк тизимига кенг татбиқ этиш мақсадида:
халқаро молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини 2021 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқсин;
тўловларни контактсиз амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини QR-код ва NFC технологиялари билан қамраб олишни йил якунига қадар 40 фоизга етказиш чораларини кўрсин;
банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида мижозларни масофавий биометрик идентификация қилиш тизимини 2021 йил 1 октябрга қадар амалиётга жорий этсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва тижорат банклари билан ҳамкорликда ҳисоб-китоблар учун қулай бўлган контактсиз тўлов воситаларининг афзалликлари тўғрисида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини мониторинг қилиб бориш орқали ушбу тўлов воситаларининг бозордаги улушини оширишнинг таъсирчан чораларини кўрсин;
Қарорнинг ушбу банди ижроси юзасидан 2022 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига батафсил ахборот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инклюзив иқтисодий ўсишга қаратилган ўзаро мувофиқлашган макроиқтисодий сиёсат юритилишига эришишда тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятини тизимли мувофиқлаштириб бориш;
бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва таъминоти узлуксизлигига эришиш мақсадида зарур чораларни кўриш;
инвестиция муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш ва таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш орқали тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини ошириш ва амалга оширилган ишлар юзасидан Олий Мажлис Сенатига ҳар ярим йиллик натижалари билан ахборот киритиб борсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 23 апрель,
СҚ-273-IV-сон