Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида
Битим
Халифа бин Зоид Ал Наҳаён жамғармасининг грант маблағларини Ўзбекистонга жалб этишда ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати (кейинги ўринларда — «Томонлар» деб аталувчилар),
турли соҳалардаги мавжуд ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида,
2007 йил 26 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ва даромад ҳамда капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Битимни инобатга олган ҳолда,
2019 йил 28 февралида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси ўртасида имзоланган «Нукус шаҳрида Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён номидаги аёллар ва болалар касалхонасини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш ва якунлаш бўйича Англашув Меморандумини инобатга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда.
Қўллаш соҳаси
Қўллаш соҳаси
Мазкур Битим қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:
Нукус шаҳрида Шайх «Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён номидаги аёллар ва болалар касалхонасини қуриш» лойиҳасини бажариш ва тугаллаш;
Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига биноан Халифа Бин Зоид жамғармаси томонидан амалга ошириладиган келгуси гуманитар ва ижтимоий ривожланиш лойиҳалари.
2-модда.
Компаниялар ва ходимларни даромад солиғидан озод қилиш
Компаниялар ва ходимларни даромад солиғидан озод қилиш
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати «Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён номидаги аёллар ва болалар касалхонасини қуриш», шунингдек, келгусида Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа лойиҳалар бажаришда иштирок этадиган бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари даромад солиғи, ижтимоий солиқ ва уларнинг ходимлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилади.
3-модда
Қўшилган қиймат солиғининг «нол» ставкасини қўллаш (ҚҚС)
Қўшилган қиймат солиғининг «нол» ставкасини қўллаш (ҚҚС)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати «Шайх Халифа Бин Зайд Ал Наҳаён номидаги аёллар ва болалар касалхонасини қуриш» лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари томонидан Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармасига тақдим этиладиган товарлар (ишлар, хизматлар)га нисбатан «нол» (0%) ставкасида қўшилган қиймат солиғи қўлланилишини белгилайди. Ушбу тартиб Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа лойиҳаларга нисбатан ҳам қўлланилади.
4-модда.
Божхона тўловларидан озод қилиш
Божхона тўловларидан озод қилиш
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати «Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён номидаги аёллар ва болалар касалхонасини қуриш» лойиҳасини амалга оширишда импорт қилинган товарлар ва моддий бойликларни олиб киришда ваколатли органларда мажбурий сертификатлаш тартиботларидан ўтишдан, божхона божи, акциз солиғи, ва қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилганлиги (божхона расмийлаштирув йиғимлари бундан мустасно) маълумот учун қабул қилинсин.
Ушбу имтиёзлар Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа лойиҳаларга нисбатан ҳам қўлланилади.
5-модда.
Ўтказмаларга рухсат бериш
Ўтказмаларга рухсат бериш
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан Нукус шаҳрида Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён номидаги аёллар ва болалар касалхонасини қуриш, шунингдек, келгусида Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа лойиҳалар билан боғлиқ бўлган хорижий ишчилар ва компанияларнинг даромадларини чет эл валютасида кечиктирмасдан эркин ўтказилишига рухсат беради.
6-модда.
Ишлаб чиқаришга талаб қўйишни тақиқлаш
Ишлаб чиқаришга талаб қўйишни тақиқлаш
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ишлаб чиқаришга ва қуйидаги талабларни бажаришга мажбурий талаб қилмасликка розилик билдиради:
Халифа Бин Зайд Ал-Наҳайян жамғармаси томонидан амалга ошириладиган барча лойиҳаларга маҳаллийлаштиришда маълум даражага ёки фоизга эришиш;
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки хизматларни сотиб олиш, улардан фойдаланиш ёки уларга устунлик бериш.
7-модда.
Эгалик ҳуқуқи
Эгалик ҳуқуқи
«Шайх Халифа Бин Зайд Ал Наҳаён номидаги аёллар ва болалар касалхонасини қуриш» лойиҳаси, шунингдек, келгусида Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа лойиҳалар якунлангандан сўнг, уларнинг натижалари ўрнатилган тартибда Шайх Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан беғараз равишда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилаган давлат органи тасарруфига топширилиши белгилансин.
8-модда.
Коррупцияга қарши курашиш
Коррупцияга қарши курашиш
Халифа Бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси иштирокчилари Грант кўмаги (тўғридан-тўғри ёки билвосита иштирок этган) амалга оширилишидан олдин ёки ундан кейин ҳукумат вакилига тўғридан-тўғри ёки воситачилар орқали жамоат мансабдор шахсининг партияларига ёки оила аъзосига ёки давлат хизматчисининг бизнес шеригига ёки ҳукумат амалдорига яқин бўлган ёки учинчи шахсга пул ёки бошқа тўловларни тақдим этиши, ваъда қилиши мумкин эмас. Шу сабабли, ҳукумат вакили ёки учинчи шахс Грант Кўмагига боғлиқ таклиф қилинган Грант ёрдамига ёки ҳар қандай лицензияларга, рухсатномаларга, шартномаларга ёки бошқа ҳуқуқларга нисбатан ҳар қандай имтиёз, устунлик ёки фойда олиш учун расмий вазифаларни бажаришда ҳаракат қилиш ёки ҳаракат қилишдан тийилиши мумкин.
9-модда.
Кириш ва яшаш
Кириш ва яшаш
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати лойиҳага алоқадор бўлган техник ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг киришига кўмак беради.
10-модда.
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш ёки қўллаш натижасида келиб чиқадиган ҳар қандай низоларда маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш учун етарли шароит яратадилар.
11-модда.
Қўшма қўмита
Қўшма қўмита
1. Томонлар ушбу орқали ҳар бир Томон вакилларидан иборат ва ҳар бир Томоннинг юқори лавозимли амалдорлари раҳбарлигидаги Қўшма Қўмитани (кейинги ўринларда — «Қўмита») ташкил этадилар.
2. Башарти Томонлар бошқача келишмаган ҳолларда, Қўмита исталган вақтда ҳар қандай Томоннинг илтимосига биноан йиғилади.
3. Томонлар лойиҳалар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун бошқа ташкилотларнинг аъзоларини (Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган хайрия ташкилотлари, ҳар икки мамлакат вазирликлари) таклиф қилишлари мумкин.
4. Қўмитанинг вазифаларига қуйидагилар киради:
а) мазкур Битимнинг мақсадларини амалга ошириш юзасидан уни умумий кўриб чиқиш;
b) мазкур Битимнинг ижроси ва ишлашини муҳокама қилиш ҳамда кўриб чиқиш;
с) ҳар қандай Томон тарафидан Битимга оид ҳар қандай масалани кўриб чиқиш;
d) мазкур Битимни қўллаш оқибатида олинган натижаларни баҳолаш ва ҳар қандай бошқа масалаларни ёки мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш, шу жумладан, лойиҳа билан боғлиқ муаммоларни, тўсиқларни ва низоларни ҳал қилиш.
5. Қўмита, зарурат бўлганда, мазкур Битимнинг янада самарали ишлаши ёки мақсадларига эришиши учун Томонларга консенсус бўйича тегишли тавсиялар бериши мумкин.
6. Қўмита, Томонларнинг ўзаро келишувига биноан, Томонлар Ҳукуматларидан ташқари тегишли ташкилотларнинг вакилларини, шу жумладан, муҳокама қилинадиган масалаларни ҳал қилишда зарур бўлган тажрибага эга Халифа бин Зайд Ал Наҳайян жамғармаси вакилларини таклиф қилиши мумкин.
7. Қўмита кичик қўмиталар тузиши ва бундай кичик қўмиталарга махсус вазифаларни топшириши мумкин, уларга Ўзбекистоннинг ваколатли органлари томонидан берилган номзодлар асосида Халифа бин Зоид Ал Наҳайян жамғармаси ва Ўзбекистон вакиллари раҳбарлик қилади.
8. Қўмита мазкур Битимни амалга ошириш ва талқин қилиш билан боғлиқ ҳар қандай масалаларни муҳокама қилади.
12-модда.
Ўзгартириш киритиш
Ўзгартириш киритиш
Томонлар мазкур Битимга ўзгартириш киритиш масаласини муҳокама қиладилар ва виждонан маслаҳатлашадилар ҳамда ёзма равишда ҳар қандай ўзгартиришлар киритишни келишишлари мумкин. Бундай ўзгартиришлар мазкур Битимнинг 13-моддасига мувофиқ кучга киради.
13-модда.
Кучга кириши
Кучга кириши
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни бажарганликлари ҳақида сўнги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш йил муддатга тузилади ва кейинчалик, башарти томонлардан бири Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида олти ой ичида бошқа томонга ёзма равишда уни бекор қилиш ҳақида хабар бермаса, ўз-ўзидан Битим кейинги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
Бунинг тасдиғи сифатида, тегишли ўринда ваколатли бўлган қуйида имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2021 йил 26 майда ва Абу-Даби шаҳрида 2021 йил 26 майда икки нусхада, ўзбек, араб ва инглиз тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)