Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Қарори
Корпоратив буюртмачиларнинг харид комиссиялари томонидан дастлабки малака танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 9 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3324]
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июлдаги ПҚ-5171-сон «Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги қарор қилади:
1. Корпоратив буюртмачиларнинг харид комиссиялари томонидан дастлабки малака танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Давлат акивларини бошқариш агентлиги директори А. ОРТИКОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 13 сентябрь,
01/11-07/13-сон
Молия вазири Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 13 сентябрь,
53-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлигининг 2021 йил 13 сентябрдаги 01/11-07/13 ва 53-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Корпоратив буюртмачиларнинг харид комиссиялари томонидан дастлабки малака танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Намунавий низом корпоратив буюртмачиларнинг харид комиссиялари томонидан харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш учун салоҳиятли (потенциал) иштирокчиларнинг дастлабки малака танловини ташкил этиш, ўтказиш тартиби ҳамда уларнинг ишончлилигини баҳолаш мезонларини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 10 июлдаги 01/14-14/24-сон ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 3 июлдаги 27-сонли қарори (рўйхат рақами 3324-1, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/3324-1/0518-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
корпоратив буюртмачи (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июлдаги ПҚ-5171-сон қарори билан тасдиқланган Давлат харидларини амалга ошириш жараёнлари алоҳида тартибда назорат қилинадиган айрим корпоратив ва бюджет буюртмачилари рўйхатида кўрсатилган корпоратив буюртмачилар;
харид комиссиясининг масъул котиби (бундан буён матнда котиб деб юритилади) — харид комиссиясининг тезкор фаолиятини ташкил этувчи овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ходим;
харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) — харид қилиш тартиб-таомилида қатнашишдан манфаатдор бўлган, дастлабки малака танлови учун талабнома тақдим этган Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
талабнома — иштирокчининг юридик мақоми, молиявий, тижорат, техник имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами.
2. Дастлабки малака танлови харид қилиш тартиб-таомилининг бир қисми бўлиб, унинг натижаси давлат харидлари тўғрисидаги шартномани тузиш учун асос ҳисобланмайди.
3. Харид қилиш ҳужжатлари шартларида назарда тутилган ҳолларда харид комиссияси томонидан иштирокчиларни танлаб олиш учун дастлабки малака танлови ўтказилиши мумкин.
4. Дастлабки малака танлови энг яхши таклифларни танлаш (бундан буён матнда танлаш деб юритилади) ва тендер орқали амалга ошириладиган харидларга нисбатан қўлланилади.
5. Дастлабки малака танловидан муваффақиятли ўтган салоҳиятли иштирокчилар бир йилдан ортиқ бўлмаган муддат давомида корпоратив буюртмачиларнинг танлаш ва тендерларида иштирокчи сифатида қатнашиши мумкин.
6. Дастлабки малака танловини ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари барча учун бир хил ҳисобланади ҳамда давлат харидларининг асосий принципларига зид бўлмаслиги лозим.
7. Дастлабки малака танлови тартиб-таомили тўғрисидаги маълумотлар барча манфаатдор томонлар учун очиқ ва шаффоф бўлиши ҳамда ахборот алмашуви ихтиёрий амалга оширилиши лозим.
2-боб. Дастлабки малака танловининг асосий мақсад ва вазифалари
8. Дастлабки малака танловини ўтказишнинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:
иштирокчиларнинг молиявий, тижорат, ишлаб чиқариш ва техник имкониятларини ўрганиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ иштирокчиларнинг ишончлилигини текшириш;
манфаатлар тўқнашуви ва коррупцион омиллар келиб чиқишининг олдини олиш.
9. Дастлабки малака танловини ўтказишнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
давлат харидлари ижрочилари томонидан шартномалар бўйича мажбуриятларни бажармаслик хатарларини пасайтириш;
буюртмачилар фаолиятининг узлуксиз ва самарали ишлашини таъминлаш мақсадида харидларни ўз вақтида амалга ошириш;
буюртмачиларнинг маблағларидан самарали фойдаланиш;
буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда барча иштирокчиларга тенг ҳуқуқли ва адолатли шарт-шароитлар яратиш;
иштирокчиларни танлашда манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга йўл қўймаслик.
3-боб. Иштирокчиларнинг талабнома бериш тартиби
10. Дастлабки малака танловини ўтказишда иштирокчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳамда уларни тақдим этиш муддати харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилиши лозим. Бунда, иштирокчилар томонидан қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш назарда тутилади:
таъсис ҳужжатлари ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
молиявий ҳисоботлар (ташқи аудитор ташкилотлар томонидан тасдиқланган ёки солиқ органлари томонидан қабул қилинганлиги тасдиқланган ҳолда);
экологик, гигиеник сертификатлаш, калибрлаш тўғрисидаги тегишли гувоҳномалар ёки синов баённомалари, сифат сертификатлари, мувофиқлик сертификатлари, шу жумладан хавфсизлик талабларига мувофиқлик сертификатлари, товар (иш, хизмат)лар паспортлари (товар (иш, хизмат)ларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб мазкур ҳужжатларнинг бўлиши мажбурийлиги талаб этиладиган ҳолларда);
иштирокчиларнинг ишбилармонлик обрўсини (ишчи-ходимлари малакаси, иш тажрибаси, шу жумладан махсус фаолият бўйича тажрибаси) тасдиқловчи ҳужжатлар.
Иштирокчилар ўз хоҳишига кўра фаолиятига доир қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиши мумкин.
11. Талабнома иштирокчилар томонидан танлаш (тендер) ўтказиш тўғрисидаги эълонда ва харид қилиш ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида таклифлар билан бирга юборилади.
4-боб. Иштирокчиларни ўрганиш (текшириш) тартиби
12. Иштирокчиларни ўрганиш улар томонидан тақдим қилинган талабномалар, тасдиқловчи ҳужжатларни, шунингдек, иштирокчилар тўғрисидаги бошқа маълумотларни таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.
Зарурият бўлганда, иштирокчиларнинг ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларини қўшимча равишда ўрганиш учун харид комиссия томонидан техник аудит ўтказиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилиниши мумкин.
13. Котиб томонидан уч иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда иштирокчилар тақдим қилган ҳужжатларнинг тўлиқлилиги ҳамда иштирокчилар ҳақидаги қуйидаги маълумотлар ўрганилади:
Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги маълумотлар (ёки бошқа мамлакатларнинг ўхшаш манбалари);
иштирокчи фаолиятнинг лицензияланадиган тури билан шуғулланганда, унинг «Лицензия» ахборот тизими ёки лицензияловчи органларнинг расмий сайтларидаги лицензиялар реестрида мавжудлиги;
иштирокчиларнинг махсус ахборот порталида инсофсиз ижрочилар реестрида, шунингдек тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи миқдорини камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилган корхоналар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
иштирокчининг ишбилармонлик обрўси тўғрисидаги, шу жумладан иштирокчиларнинг расмий веб-сайти, оммавий-ахборот воситалари, у аъзо бўлган тармоқ уюшмалари ва бирлашмалари ҳамда бошқа Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт ва тегишли ахборот тизимлари орқали олинган маълумотлар.
Котиб томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари харид комиссиясига тақдим этилади ва харид комиссиясининг йиғилишида кўриб чиқилади.
14. Харид комиссияси котиб томонидан тақдим этилган ўрганиш натижаларини кўриб чиқади ва қуйидагиларни аниқлайди:
иштирокчиларнинг ўз вақтида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳияти, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати ва иш тажрибаси;
иштирокчиларнинг молиявий ҳисоботлари, шунингдек солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмаслиги;
имтиёзли солиқ режимидаги молиявий операцияларни амалга оширишда маълумотларни ошкор қилиш ва тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатлар ёки ҳудудларда (оффшор ҳудудлар) иштирокчилар ва уларнинг банк ҳисобрақамлари рўйхатдан ўтказилганлиги ёки ўтказилмаганлиги;
таъсис ҳужжатлари ва фаолиятининг қонунийлиги;
манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари мавжуд эмаслиги;
иштирокчиларнинг жорий буюртмачи билан илгари тузилган шартномалар бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг ижро этилмаганлиги ёки лозим даражада ижро этилмаганлиги бўйича судда иши кўрилганлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.
иштирокчиларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги.
(14-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 10 июлдаги 01/14-14/24-сон ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 3 июлдаги 27-сонли қарори (рўйхат рақами 3324-1, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/3324-1/0518-сон)
15. Харид комиссияси зарур ҳолларда иштирокчиларнинг розилиги билан ва уларни фаолиятига аралашмасдан жойига чиққан ҳолда техник аудит ўтказиши мумкин. Бунда, корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва маҳсулотларнинг сифати ўрганилади.
5-боб. Дастлабки малака танлови натижаларини расмийлаштириш тартиби
16. Қуйидаги иштирокчилар дастлабки малака танловидан ўтмаган ҳисобланади:
малака танлови учун зарур ҳужжатлар тўпламини тўлиқ тақдим этмаган;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жорий этилган;
(16-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2023 йил 10 июлдаги 01/14-14/24-сон ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 3 июлдаги 27-сонли қарори (рўйхат рақами 3324-1, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/3324-1/0518-сон)
Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилган;
имтиёзли солиқ режимидаги молиявий операцияларни амалга оширишда маълумотларни ошкор қилиш ва тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатлар ёки ҳудудларда (оффшор ҳудудлар) рўйхатдан ўтказилган ёки мазкур ҳудудларда банк ҳисобрақамлари очган иштирокчилар;
солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган;
танлаш ва тендер ўтказиш тўғрисидаги эълон берилган санада давлат рўйхатидан ўтганига олти ой тўлмаган;
манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари мавжуд бўлган;
харид комиссияси томонидан ишчи-ходимлар малакаси, иш тажрибаси, шу жумладан махсус фаолият бўйича тажрибаси, иштирокчиларнинг ўз вақтида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ёки етказиб етказиб салоҳияти ва/ёки қуввати етарли эмас деб топилган.
17. Дастлабки малака танлови натижалари харид комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади.
18. Харид комиссияси баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан дастлабки малака танловидан ўтмаган иштирокчиларнинг таклифларини рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда уларни хабардор қилади.
19. Малака танловидан ўтган иштирокчилар рўйхати буюртмачилар томонидан юритилади.
6-боб. Якуний қоидалар
20. Бюджет ва бошқа корпоратив буюртмачилар дастлабки малака танловини ўтказишда мазкур Намунавий низом қоидаларидан фойдаланиши мумкин.
21. Дастлабки малака танлови натижаларидан норози бўлган иштирокчилар суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.
22. Мазкур Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.10.2021 й., 10/21/3324/0946-сон; 24.07.2023 й., 10/23/3324-1/0518-сон)