Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масала юзасидан ахбороти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — Давлат экология қўмитаси)нинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилиши билан боғлиқ бўлган масалалар тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сонли Фармони билан республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилган.
Мораторий даврида 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг қимматбаҳо навли давлат ўрмон фондига кирмайдиган қарийб 166 минг туп дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраб қилган мурожаатлари рад этилиб, уларнинг кесилишини олди олинган.
Қимматбаҳо ноёб навларни сақлаб қолиш ва парвариш қилиш мақсадида Ҳукумат қарори билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг 78 турдаги рўйхати тасдиқланган.
Жами 10 412 279 туп манзарали ва мевали дарахтлар хатловдан ўтказилиб, шундан 8 472 958 туп дарахт электрон базага киритилган.
Дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасидаги жавобгарлик кучайтирилган.
Экологик назорат тадбирлари давомида 3 650 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, 3 613 та ҳолатда мансабдор шахслар ва фуқароларга жарималар қўлланилган.
Амалга оширилаётган ишларга қарамай дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.
Мутасадди идоралар томонидан дарахтларни қасддан, шафқатсиз кесилишининг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмаётганлиги оқибатида, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесилишига йўл қўйилмоқда.
Таҳлилларга кўра 2021 йил бошидан дарахт ва буталарни ноқонуний кесилиши ва шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикасида 1 065 тани, Самарқанд вилоятида 609 тани, Қашқадарё вилоятида 534 тани, Навоий вилоятида 349 тани ва Тошкент вилоятида 344 тани ташкил этиб, бу бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқоридир.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 2021 йил 6 июль куни «Денов туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси мансабдор шахслари томонидан рухсатномасиз 109 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Худди шу каби ҳолат жорий йил 7 июль куни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ҳам аниқланган.
Сўнгги вақтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътирозларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, 2021 йил ўтган даври мобайнида электрон оммавий ахборот воситаларида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилишига доир 41 та материал эълон қилинган.
Аксарият ноқонуний ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш чоралари мавжуд бўлган бўлса-да, Давлат экология қўмитаси жойлардаги сектор раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида олиб бориладиган чора-тадбирларга етарли эътибор қаратмаган.
Оқибатда 2021 йилнинг 6 ойи давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилиб, ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳуқуқбузарликлар натижасида 2 407 та қимматбаҳо навли дарахтлар (1 922 таси ёки 80 фоизи таг қисмидан, 485 таси ёки 20 фоизи шикастлантирилган), 2 109 та кам қимматли дарахт (1 762 таси ёки 84 фоизи таг қисмидан, 347 таси ёки 16 фоизи шикастлантирилган), 1744 м3 буталар ноқонуний кесилган.
Ҳукуматнинг 2018 йил 31 мартдаги 255-сонли қарори билан ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга оид ўз хулосаларини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юбориши ва ўз навбатида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кесишга рухсатнома бериш амалиёти жорий этилган.
Айнан ушбу амалиёт ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишига рухсат беришга шарт-шароит яратиб бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли Фармонига мувофиқ Давлат экология қўмитасига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш ваколатини маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Давлат экология қўмитаси органларига беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда ҳукуматга киритиш вазифаси юклатилганига қарамасдан, шу кунга қадар мазкур топшириқ бажарилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарори билан Давлат экология қўмитасига дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг сони, тури, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари бўйича ҳисобга олиш ҳамда реестрини юритиш топширилган. Аммо қўмита томонидан жамоатчиликка бу ҳақда ахборот тақдим этиб борилмаган.
Шунингдек, мазкур қарорга кўра дарахтларнинг хатлови ҳар беш йилда бир марта ўтказилиши натижасида республикада ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайишига ҳамда аниқ статистик маълумотлар юритилмаслигига сабаб бўлмоқда.
Янгидан экилган дарахтларнинг ҳисобини юритиш ишлари ҳам тизимли ташкил этилмаган. Кўчатларнинг ягона электрон базасини яратиш ва унга ҳудудларда экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш ишлари умуман эътибордан четда қолган.
Бундан ташқари, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни бошқа жойга кўчириб ўтказиш ёки компенсациявий экиш шарти билан кесиш тартиблари белгиланмаган. Бу эса ўз навбатида юридик ва жисмоний шахсларнинг ўзбошимчалик билан ҳаракат қилишига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6247-сонли Фармони талабларидан келиб чиқиб, Давлат экология қўмитаси расмий веб-сайтида иш фаолиятига оид маълумотлар жойлаштирилмаган.
Қўмита расмий веб-сайтида ахборотларнинг доимий янгиланиб борилишига риоя қилинмаган ва ташкилотнинг ўз фаолиятига оид ҳисоботлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинмаган.
Жумладан, дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қўйилган мораторий бўйича амалга оширилаётган ишлар, эконазорат тадбирлари, юз берган ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотлар мавжуд эмас.
Шунингдек, ҳудудлар кесимида дарахтлар кесилиши ҳолати билан боғлиқ бўлган таҳлил, мораторий эълон қилинганидан буён амалга оширилаётган профилактик ёки ташвиқот ишлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларининг ҳисоботлари жойлаштирилмаган. Охирги маълумот 2019 йил 30 январда «Тошкент вилоятида 198 туп дарахт ноқонуний кесилган» мавзуси билан uznature.uz расмий веб-сайтида жойлаштирилган холос.
Бундан ташқари, расмий веб-сайтда жамоатчилик ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан маълумот олиш учун давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат этувчи ҳужжатлар электрон базаси мавжуд интерактив хизматлар ишга туширилмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар кесилишининг олдини олишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлашда қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилсин;
Давлат экология қўмитаси раисининг ўринбосари И. Боқижоновнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масала юзасидан ахбороти қониқарсиз деб топилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиш чораларини кўрсин:
экилган дарахтларнинг ҳисобини юритиш, кўчатларнинг ягона электрон базасини яратиш ва базага янги экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш;
давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни бошқа жойга кўчириб ўтказиш ёки компенсациявий экиш шарти билан кесиш тартибларини белгилаш;
дарахтларни кесиш билан боғлиқ рухсатномаларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсати билан амалга ошириш механизмини бекор қилиш;
дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесилишининг олдини олиш, уларни бошқа жойга кўчириб ўтказиш ёки компенсациявий экиш шартларини белгилаш ҳамда тавсия бериш мақсадида жойларда жамоатчилик, соҳа мутахассисларидан иборат бўлган комиссиялар тузиш;
фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун дарахтлар ва буталарни кесилиши режалаштирилаётгани, қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари кетаётгани юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида муҳокамалар ташкил этиш;
ҳар йили баҳор фаслида дарахтларни хатловдан ўтказиш;
хатлов натижасидаги реестр маълумотларни Давлат экология қўмитаси расмий веб-сайтида жойлаштириш.
2021 йил 25 августга қадар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин;
Мазкур Қарор ижроси юзасидан жорий йилнинг 1 октябрига қадар амалга оширилган ишлар бўйича умумлаштирилган маълумотни Олий Мажлис Сенатига тақдим қилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (А. Максудов):
дарахт ва буталар кесилишининг атроф-муҳитга жиддий таъсири, атмосфера ифлосланишига олиб келиши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва блогерларга доимий равишда етказиш учун брифинглар, матбуот анжуманлари (медиа режа асосида) ташкил этсин;
Қўмитанинг расмий веб-сайтида фаолиятга оид очиқ маълумотларни, айниқса, ҳудудлар кесимида дарахтлар кесилиши ҳолати билан боғлиқ таҳлилий маълумотни, мораторий эълон қилинганидан буён амалга оширилаётган профилактик ёки ташвиқот ишлари тўғрисидаги материалларни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларининг ҳисоботларини жойлаштириб борсин;
тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда дарахт ва буталарнинг кесилишини олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгиласин;
халқаро тажрибани ўрганган ҳолда дарахт ва буталарни ҳисобга олиб ёки маълум бир белгили рақамли сон билан қайд этиш мосламасига эга бўлган (ID) металл ёки пластмасса карта жипслаштирилган тасмали чип, белгилар ўрнатиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
Фанлар академияси ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни санитар мақсадида кесиш, қирқиш (шакл бериш) ва кўчириб ўтказиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Н. Йўлдошев) Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (А. Максудов) билан биргаликда:
давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилиши оқибатида табиатга етказилган зарар миқдоридан келиб чиқиб, жавобгарликни кучайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклиф киритсин;
давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилиши билан боғлиқ ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
жойларда олиб борилаётган қурилиш ишларида дарахтларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш бўйича амалий тадбирлар режасини ишлаб чиқсин;
қуриш ва қурилишни лойиҳалаштиришда ер майдонларини танлаш ҳамда ажратишда, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этишда дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказиш орқали уларни сақлаб қолишни қатъий таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда:
дарахтларни кесишга рухсат бериш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, кесилган дарахтлар ўрнига маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан белгиланган ҳудудларда компенсация тариқасида қимматлилиги ундан кам бўлмаган ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда дарахт кўчатлари экилишини таъминласин;
вилоят, туман ва шаҳарларни ободонлаштириш мақсадида экиладиган дарахт ва буталарни ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан холда танлаш чораларини кўрсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан ҳар чоракда мутасадди раҳбарларнинг ахборотларини сессияларда муҳокама қилиш тавсия этилсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Б. Тажиев) ҳамда Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси (Ф. Боқиев) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 31 июль,
СҚ-349-IV-сон