Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг СҚ-322-IV-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда мазкур Қўмита ва унинг котибияти фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси котибияти учун қўшимча 3 та, шу жумладан, 2 та бошқарув ходими штат бирлиги ажратилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девони раҳбари (А. Зияев) бир ҳафта муддатда:
Сенатнинг штатлар жадвалига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф тайёрласин;
Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси, Қўмита раиси ўринбосари ҳамда Қўмита котибиятининг ходимларини хизмат хоналари ва моддий-техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 4 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги КҚ-197-IV-сонли Қарорининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.
6. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 28 июнь,
КҚ-240-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 28 июндаги КҚ-240-IV-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади)нинг асосий вазифалари, функцияларини, Қўмита фаолиятини ташкил этиш ҳамда уни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, ташкилот ҳамда муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.
2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) Кенгаши қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
3. Қўмита Сенат олдида масъул ва унга ҳисобдордир.
II. Қўмита фаолиятининг асосий вазифалари ва функциялари
4. Қўмита фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидан келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва Сенат Кенгашига таклифлар киритиш;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ҳамда доимий мониторинг қилиш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижро этилиши устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш, шу жумладан, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларининг расмий веб-сайтларда жойлаштирилиши, шунингдек, давлат харидлари, хизмат сафарлари харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши ҳамда янгилаб борилиши тўғрисидаги ҳисобот ёки ахборотларини эшитиб бориш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид мавжуд қонунчилик базасини таҳлил қилиш, умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонунларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ҳамда вазифаларига ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва тегишли хулосалар бериш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга доир масалалар юзасидан ўрганишлар олиб бориш;
жойларда аҳоли, жумладан, ахборот хизмати соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар ва оммавий ахборот воситалари билан бевосита мулоқот қилиш орқали ахборот сиёсати ҳамда давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш масалаларига оид ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда бу борада аниқланган долзарб масалаларни парламент назорати доирасида ҳал этиш чораларини кўриш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот сиёсати ҳамда давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш масалаларига оид мурожаатларини кўриб чиқиш.
5. Қўмита ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Қонунчилик палатасидан келиб тушган ахборот сиёсати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонунларни давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар вакиллари, мутахассислар ва олимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузган ҳолда дастлабки тарзда кўриб чиқади (қонунларда умумдавлат ва ҳудудий манфаатлар мутаносиблиги таъминланганига алоҳида эътибор берган ҳолда), улар бўйича хулоса тайёрлайди ҳамда Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига киритиш билан боғлиқ таклифларни Сенат Кенгашига киритади;
ахборот сиёсати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг рўёбга чиқарилиши устидан тизимли парламент назоратини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқади, зарур ҳолларда Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилиниши шарт бўлган таклиф ва мулоҳазаларни ишлаб чиқади, Сенатнинг тегишли қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади, зарур ҳолларда таклиф ва мулоҳазаларни тайёрлайди, Сенатнинг тегишли қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига нисбатан кўрилган чораларни таҳлил қилади;
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг жойларда ижро этилишини ўрганади ва муҳокама қилади;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ўзбекистоннинг Интернет тезлиги бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш, шунингдек, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг Интернет тармоқлари орқали эркин, тезкорлик билан ахборот олиш имкониятини яратиш борасида олиб борилаётган ишлари ҳолатини ўрганади ва муҳокама қилади;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик ҳолатини манзилли ва тематик ўрганишлар, жамоатчилик мониторинги ҳамда жамоатчилик эшитувлари, шунингдек, ваколати доирасида бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда таҳлил қилганлик ҳолатини ўрганади ва муҳокама қилади;
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатга олиш хамда уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш ҳолатини ўрганади ва муҳокама қилади;
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш бўйича амалга оширган ишлари ҳолатини ўрганади ва муҳокама қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ахборот соҳасидаги вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди;
Сенат мажлисида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш масалаларини қўяди;
ахборот соҳасидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан очиқлик ва ошкораликни тартибга солувчи қонунларга риоя этилаётганлиги, Сенат, унинг Кенгаши, Қўмита қарорлари бажарилаётганлиги тўғрисидаги ахборотини эшитади;
янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади;
парламент сўрови юбориш бўйича Сенат Кенгашига таклифлар киритади;
ахборот сиёсати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенат, унинг Кенгаши қарорлари, давлат дастурларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари томонидан ижро этилишининг ҳолатини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади;
ахборот сиёсати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлигини ўрганиш ҳамда улар бўйича хулосалар ва таклифлар тайёрлашда иштирок этади;
ахборот сиёсати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш ва киритиш юзасидан мунтазам таҳлиллар олиб боради;
ахборот сиёсати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида бу борадаги халқаро тажрибани ўрганади ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқади;
чет эл давлатлари парламентларининг тегишли қўмиталари (комиссиялари) билан ҳамкорлик қилади;
Сенатга келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот сиёсати, очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлашга оид мурожаатларини кўриб чиқади, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш орқали халқ билан мулоқотни амалга оширади, мурожаатларнинг таҳлилини юритади;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, экспертлик ҳамда бошқа хулосаларни, статистик ва таҳлилий маълумотларни талаб қилиб олади;
Қўмита аъзоларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотларни эшитади;
Сенатнинг ялпи мажлисларида маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли эътиборига етказиш мақсадида жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда тарғибот тадбирларини амалга оширади;
қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва бошқа долзарб масалалар бўйича тадбирлар (конференция, давра суҳбати, семинарлар) ўтказади;
Қўмита фаолиятига доир масалалар юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар билан ҳамкорлик қилади;
Қўмита фаолиятини ташкил этиш ва Қўмита аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштиришга оид масалаларни ҳал этади.
Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
III. Қўмита таркиби ва унинг фаолиятини амалга ошириш тартиби
6. Қўмита сенаторлар орасидан Сенат ваколатлари муддатига раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда тузилади.
Қўмита раиси, қоида тариқасида, унинг икки нафар аъзоси Сенатда доимий асосда ишлаши мумкин.
Қўмита аъзоларини сайлаш ва унинг таркибига ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентида белгиланган тартибда амалга оширилади.
7. Қўмита раиси:
Қўмита иш режаси лойиҳасини тайёрлайди ва қўмитанинг тасдиқланган иш режаси бажарилишини назорат қилади;
зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, Қўмита мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;
Қўмита аъзоларига топшириқлар беради, уларга Қўмита фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;
Қонунчилик палатасидан келиб тушган қонунларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар ишида иштирок этиш, шунингдек, Қўмитанинг бошқа топшириқларини бажариш учун Қўмита аъзоларини белгилайди;
давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, мутахассислар, экспертлар ва олимларни Қўмита ишида иштирок этишга таклиф қилади;
Сенат, унинг Кенгаши мажлисларида, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан муносабатларда Қўмита номидан иш кўради;
Қўмита қарорларнинг ижросига доир ишларни ташкил этади;
Сенатни, унинг Кенгашини, Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини Сенат раҳбарияти топшириқлари бажарилишидан хабардор қилади;
Қўмита томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши ва Қўмита тавсиялари кўриб чиқилишидан Қўмита аъзоларини хабардор қилади;
қонунларда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентида ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
8. Қўмита раисининг ўринбосари Қўмита раисининг топшириғига биноан унинг айрим вазифаларини бажаради ва Қўмита раиси йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган тақдирда, унинг вазифасини бажариб туради.
Қўмитада иш юритиш Қўмита раисининг ўринбосари томонидан амалга оширилади.
9. Қўмита ўз фаолиятини мажлислар шаклида амалга оширади.
Қўмитанинг мажлислари Сенат мажлислари оралиғида заруратга қараб ўтказилади.
Қўмита мажлисини раис ўз ташаббусига ёки Қўмита аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи ташаббусига кўра чақиради.
10. Қўмита аъзоси Қўмита мажлисларида иштирок этиши шарт.
Қўмита аъзоси узрли сабабларга кўра Қўмита мажлисида иштирок этиш имконияти йўқлиги ҳақида Қўмита раисини олдиндан хабардор қилади.
11. Қўмита мажлиси тўғрисида Қўмита раиси, қоида тариқасида, Сенат Раисини мажлис ўтказилишидан камида етти кун аввал хабардор қилади. Шу билан бир вақтда унга барча зарур ҳужжатларни тақдим этади. Сенат Раисидан мажлисни ўтказиш тўғрисида розилик олинганидан сўнг Қўмита раиси Қўмита аъзоларини ва мажлиснинг бошқа иштирокчиларини хабардор қилади.
12. Қўмитанинг мажлисларида, Қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.
13. Қўмита мажлисини Қўмита раиси, у бўлмаган ёки ўз вазифаларини бажара олмаган тақдирда, — Қўмита раисининг ўринбосари ёки Қўмита аъзоларидан бири олиб боради.
14. Қўмитанинг мажлислари очиқ тарзда ўтказилади. Зарурат бўлганида Қўмита ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Қўмита мажлисларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Сенатнинг бошқа қўмиталари аъзолари ва Сенат девони ходимлари таклиф қилиниши мумкин.
15. Қўмита кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан Қўмита жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.
Қўмитанинг давлат органларига юборилаётган қарорлари улар томонидан кўриб чиқилиши шарт, натижалари ёки кўрилган чоралар тўғрисида, агар қарорда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, узоғи билан бир ойдан кечиктирмай хабар қилиниши керак.
Қўмитанинг қарорини унинг мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
16. Қўмита Сенатнинг бошқа қўмиталари билан ҳамкорликда қўшма мажлислар ўтказиши мумкин.
17. Қўмитанинг иши унинг иш режасига, шунингдек, Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат Раиси топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этилади.
18. Қўмитанинг йиллик иш режаси ҳар йили 15 декабрдан кечиктирмай Сенат Кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этилади.
Қўмитанинг йиллик иш режаси Сенат Кенгаши мажлисларида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
Қўмитанинг иш режаси Сенат Кенгаши томонидан келгуси йилнинг 1 февралига қадар тасдиқланади.
19. Қонунларни муҳокама қилишга, назорат тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашиш мақсадида Қўмита ҳузурида эксперт гуруҳлари тузилади.
Эксперт гуруҳларининг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентида белгиланади.
20. Қўмита ўз зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажарилишини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ходимларидан, корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, оммавий ахборот воситалари вакилларидан ва соҳада етук назарий ва амалий билимларга эга бўлган шахслардан иборат таркибда илмий-консультатив кенгашлар, ишчи гуруҳлар тузиши мумкин.
21. Қўмитанинг жойлардаги аъзолари ҳар ойда ўз фаолияти ҳақида Қўмитага тегишли ахборотлар тақдим этиб боради.
IV. Якунловчи қоидалар
22. Қўмита фаолиятининг ташкилий, ахборот-таҳлилий, моддий-техник таъминоти Сенат девони томонидан амалга оширилади.
23. Ушбу Низомга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар Сенат Кенгаши қарори билан киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 28 июндаги КҚ-240-IV-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
ТУЗИЛМАСИ