Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентини тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 25 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги СҚ-218-III-сонли Қарорининг 1-банди;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 24 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги КҚ-27-IV-сонли Қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси тасдиғига киритилсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари З. Низамходжаев зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2020 йил 29 апрель,
КҚ-35-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 29 апрелдаги КҚ-35-IV-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
РЕГЛАМЕНТИ
I бўлим. Умумий қоидалар
1-боб. Асосий қоидалар
1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) Сенатнинг қонунчилик, назорат фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилаб беради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни тартибга солади.
2-модда. Сенат фаолиятининг асосий принциплари, уни шакллантириш тартиби, ваколатлари, сенаторлик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириш кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунларида, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида, бошқа қонун ҳужжатларида ва ушбу Регламентда белгиланади.
3-модда. Сенат ўз матбуот органларига, расмий веб-сайтига, ҳаммага маълум халқаро ва миллий ижтимоий тармоқларда саҳифаларга эга, шунингдек ўз нашрларида ва (ёки) умумий нашрларда ўз материалларини чоп этади.
2-боб. Сенат ишининг умумий тартиби
4-модда. Сенат фаолиятининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.
Сенат мажлислари, агар уларнинг ишида сенаторлар умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунларни маъқуллаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилаётганда сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлиши шарт.
5-модда. Сенат мажлислари ишини ташкил этиш учун ушбу мажлисларда мажлис котибияти, саноқ комиссияси ва овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланиш устидан назорат гуруҳи сайланади.
6-модда. Сенат ўзининг ваколатларига киритилган масалалар юзасидан, шунингдек Сенатнинг ички фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади.
Сенат қарорлари сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
7-модда. Зарур ҳолларда Сенат мажлислари ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
Сенат мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тўғрисидаги қарор Сенат Кенгаши томонидан қабул қилинади.
Сенатнинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлислари Сенат биносининг мажлислар залида (марказий студияда) ўтказилади. Қоида тариқасида, доимий асосда ишловчи сенаторлар марказий студиядан, қолган сенаторлар эса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларидан (жойлардаги студиялардан) жамоавий иштирок этадилар. Айрим ҳолларда сенаторлар якка тартибда ҳам иштирок этишлари мумкин.
Сенатнинг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисини олиб бориш, кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш ушбу Регламентда белгиланган умумий тартибда амалга оширилади.
Сенатнинг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисида овозларни ҳисоблаш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун сенаторлар орасидан саноқ комиссияси тузилади.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларда овоз бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) мажлисда раислик қилувчи томонидан масала овозга қўйилганлиги эълон қилинади;
2) Сенат биносининг мажлислар залида (марказий студияда) ҳозир бўлган, жамоавий ва якка тартибда уланиш нуқтасидан иштирок этаётган сенаторлар қўлларини кўтариб овоз берадилар. Овоз бериш электрон тизим орқали ҳам амалга оширилиши мумкин;
3) раислик қилувчи «қаршилар» борми, «бетарафлар» борми деган саволлар билан мурожаат қилади. Сенаторлар бу саволларга ҳам қўлларини кўтариб жавоб берадилар;
4) иштирок этаётган барча сенаторлар тасвири экранга чиқарилади. Овоз бериш жараёнида овоз бераётган барча сенаторлар кўриниб туриши шарт;
5) овоз бериш натижаси саноқ комиссияси томонидан қайд этиб борилади;
6) мажлисда иштирок этаётган барча сенаторлар овоз бериб бўлганидан сўнг саноқ комиссияси томонидан раислик қилувчига овоз бериш натижалари тўғрисида маълумот берилади;
7) раислик қилувчи овоз бериш натижаларини эълон қилади.
3-боб. Сенатнинг биринчи мажлиси
8-модда. Сенатнинг биринчи мажлиси Сенат шакллантирилганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.
Сенатнинг биринчи мажлисини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади ва Сенат Раиси сайлангунга қадар унда раислик қилади.
9-модда. Сенатнинг биринчи мажлиси, қоида тариқасида, қуйидаги кун тартиби билан ўтказилади:
1) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг Сенатни шакллантириш якунлари тўғрисидаги ахбороти;
2) Сенат Раисини сайлаш;
3) Сенат Раисининг ўринбосарларини сайлаш;
4) Сенат қўмиталари ва комиссияларини тузиш.
Сенатнинг биринчи мажлисида Сенат фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда тегишли қарорлар қабул қилинади.
II бўлим. Сенат мансабдор шахслари ва органлари
4-боб. Сенат Раиси ва унинг ўринбосарлари
10-модда. Сенат Раислигига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сенаторлар орасидан тақдим этилади.
Сенат Раиси лавозимига номзодга сенаторлар саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқагача вақт ажратилади. Сенат Раиси лавозимига номзод муҳокама қилинаётганда сенаторларнинг нутқи 10 дақиқадан ортиқ давом этмаслиги керак.
11-модда. Сенат Раиси яширин овоз бериш йўли билан Сенат ваколатлари муддатига сайланади.
Сенат Раисини сайлашда яширин овоз бериш усули Сенат томонидан белгиланади.
Яширин овоз бериш учун бюллетенлардан фойдаланиб овоз бериш ўтказилган тақдирда яширин овоз бериш вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби ҳисоб комиссияси тавсиялари бўйича ушбу Регламентга мувофиқ Сенат томонидан белгиланади ҳамда ҳисоб комиссияси раиси томонидан эълон қилинади.
12-модда. Номзод, агар у яширин овоз бериш натижасида сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овозини олган бўлса, Сенат Раиси этиб сайланган ҳисобланади.
Сенат Раиси сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни Сенат мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
13-модда. Агар Сенат Раиси лавозимига кўрсатилган номзод сенаторларнинг зарур миқдордаги овозини тўпламаган бўлса, Сенат Раиси лавозимига такрорий сайлов ўтказилади.
Сенат Раиси лавозимига такрорий сайлов ушбу Регламентнинг 10 — 12-моддаларига мувофиқ ўтказилади.
14-модда. Сенат Раиси ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партия ва ҳаракатларга аъзоликни тўхтатиб туради.
15-модда. Сенат Раиси:
1) Сенат ва унинг Кенгаши мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;
2) Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;
3) Сенат маъқуллаган қонунларни имзолаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборади;
4) Сенат қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
5) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Сенат қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
6) Сенат Раисининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
7) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Сенат гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;
8) Сенат матбуот органларининг уставларини ва таҳрир ҳайъатлари таркибини ҳамда уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;
9) Сенат Кенгаши билан келишилган ҳолда Сенат матбуот органларининг бош муҳаррирларини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади;
10) Сенат матбуот органларининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
11) Қонунчилик палатаси, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Сенат номидан иш кўради;
12) Сенат ва унинг Кенгаши қарорларини имзолайди;
13) Сенат девони фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
14) Сенатнинг харажатлар сметасини шакллантириш ва бажаришга доир ишларга умумий раҳбарликни ҳамда уларни мувофиқлаштиришни амалга оширади;
15) Сенатга ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги фармойишларни имзолайди;
16) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, бошқа қонунлар ва ушбу Регламентда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Сенат Раиси ўзининг ваколатига тааллуқли масалаларни Кенгаш муҳокамасига киритишга ҳақли.
Сенат Раиси ўзининг ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.
16-модда. Сенат Раиси яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Сенат қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.
Сенат Раисини муддатидан илгари чақириб олиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига ёки сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан Сенат томонидан кўриб чиқилади.
Сенат Раисини муддатидан илгари чақириб олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда Сенат мажлисига Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири раислик қилади.
Сенат Раисини муддатидан илгари чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ушбу қарорни Сенат мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
17-модда. Сенат Раисининг бўш лавозимига номзод кўрсатиш ва уни сайлаш ушбу Регламентнинг 10 — 13-моддаларида белгиланган тартибда ўтказилади.
18-модда. Сенат Раиси ўринбосарларининг номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сенаторлар орасидан тақдим этилади.
Сенат Раиси ўринбосарлари лавозимига кўрсатилган ҳар бир номзод бўйича ушбу Регламентда назарда тутилган тартибда муҳокама ва алоҳида овоз бериш ўтказилади.
Сенат Раисининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади.
Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади.
19-модда. Сенат Раиси ўринбосарлари лавозимларига номзодларга сенаторларнинг саволларига жавоб бериш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади. Сенат Раиси ўринбосарларининг лавозимларига номзодлар муҳокама қилинаётганда сенаторларнинг нутқи 10 дақиқадан ортиқ давом этмаслиги керак.
20-модда. Агар номзодлар яширин овоз бериш натижасида сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овозини олган бўлса, улар Сенат Раиси ўринбосарлари этиб сайланган ҳисобланади.
Овоз бериш натижалари Сенат Қарори билан расмийлаштирилади. Ушбу Қарор Сенат мажлисида раислик қилувчи томонидан имзоланади.
21-модда. Агар Сенат Раиси ўринбосари лавозимига номзод сенаторларнинг керакли миқдордаги овозини тўпламаган бўлса, ушбу Регламентнинг 18 — 20-моддаларида белгиланган тартибда Сенат Раиси ўринбосари лавозимига такрорий сайлов ўтказилади.
22-модда. Сенат Раиси ўринбосарлари ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партия ва ҳаракатларга аъзоликни тўхтатиб турадилар.
23-модда. Сенат Раисининг ўринбосарлари Сенат Раисининг топшириғига биноан унинг айрим вазифаларини бажаради ва Сенат Раиси йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифасини бажариб туради.
24-модда. Сенат Раисининг ўринбосари:
1) Сенат томонидан ўтказиладиган тадбирлар режаларининг тузилишини ташкиллаштиради;
2) Сенат ва Сенат Кенгаши мажлисларига, Сенатнинг бошқа тадбирларига тайёргарлик кўриш бўйича ишларни мувофиқлаштириб боради;
3) қўмиталарнинг, комиссияларнинг, сенаторларнинг ишини мувофиқлаштириб боради;
4) ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан топшириқлар беради;
5) ушбу Регламентда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
25-модда. Сенат Раисининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Сенат Қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.
Сенат Раисининг ўринбосарларини муддатидан илгари чақириб олиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига ёки сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан Сенат томонидан кўриб чиқилади.
Сенат Раисининг ўринбосарларини муддатидан илгари чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни Сенат мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
26-модда. Сенат Раиси ўринбосарларининг бўш лавозимига номзод кўрсатиш ва уларни сайлаш ушбу Регламентнинг 18 — 20-моддаларида ўрнатилган тартибда ўтказилади.
5-боб. Сенат Кенгаши
27-модда. Сенатнинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Сенат Кенгаши тузилади.
Сенат Кенгаши доимий фаолият кўрсатувчи коллегиал органдир.
Сенат Кенгашининг таркибига Сенат Раиси, унинг ўринбосарлари ва Сенат қўмиталарининг раислари киради.
Сенат Кенгашига Сенат Раиси раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.
Сенат Кенгаши ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.
28-модда. Сенат Кенгаши Сенат мажлислари оралиғида заруратга қараб тўпланади.
Сенат Кенгаши мажлисларини Сенат Раиси, у бўлмаган ёки ўз вазифаларини бажара олмаган тақдирда, унинг ўринбосарларидан бири чақиради ва олиб боради.
Заруратга кўра Сенат Кенгашининг мажлислари ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
Сенат Кенгаши мажлиси унинг бошқа аъзолари ташаббусига кўра ҳам чақирилади.
29-модда. Сенат Кенгаши:
1) Сенат мажлиси кун тартибининг лойиҳасини шакллантиради;
2) Сенат мажлисларини чақиради;
3) қонунда назарда тутилган ҳолларда, Сенатнинг ваколатларига тааллуқли қарорларни Сенатнинг мажлислари оралиғида қабул қилади, ушбу қарорлар кейинчалик Сенатнинг мажлисида тасдиқланади;
4) қўмиталарнинг ишини мувофиқлаштириб боради;
5) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг мустақил аъзоларини тасдиқлайди;
6) Сенат фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал қилади.
30-модда. Сенат Кенгаши қарорлари лойиҳалари ва унинг мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган бошқа ҳужжатлар, қоида тариқасида, Сенат Кенгаши мажлиси бошланишидан камида уч кун аввал Сенат Кенгашига киритилади.
Сенат Кенгаши таркибига кирадиган шахсларга, шунингдек унинг мажлисларида иштирок этувчи бошқа шахсларга мажлисда кўриб чиқиш назарда тутилган масалалар ҳақида олдиндан хабар қилинади ва зарур материаллар тақдим этилади.
Сенат Кенгаши мажлисларида баённома юритилади. Баённома мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Сенат Кенгаши томонидан кўриб чиқилган ва қабул қилинган қарорлар тўғрисида сенаторларга ҳамда унинг мажлисларида иштирок этган шахсларга хабар қилинади.
6-боб. Сенат қўмиталари ва комиссиялари
31-модда. Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Сенат томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун Сенат шаклланганидан кейин унинг ваколатлари муддатига сенаторлар орасидан раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда қўмиталар сайланади.
Сенат қўмиталари Сенат олдида масъул ва унга ҳисобдордир.
32-модда. Қўмиталар раислари, уларнинг ўринбосарлари ва қўмиталар аъзоларининг номзодлари сенаторлар орасидан Сенат Раиси томонидан кўрсатилади.
Қўмиталар раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимига барча номзодлар бўйича муҳокама ўтказилади.
Муҳокама чоғида қўмиталар раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимига номзодлар Сенат мажлисида сўзга чиқиши ва сенаторлар саволларига жавоб бериши мумкин.
Сенаторлар кўрсатилган номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши ўз далил-исботларини баён этиш ҳуқуқига эга.
Сенат Раиси ва унинг ўринбосарлари Сенатнинг қўмиталари таркибига сайланиши мумкин эмас.
33-модда. Қўмиталарнинг шахсий таркиби бўйича таклифлар қўмиталар раислари ва бошқа сенаторлар томонидан Сенат муҳокамасига киритилади.
34-модда. Сенаторларда қўмита таркиби бўйича эътирозлар бўлган тақдирда, овоз бериш номзоди қўмита таркибига таклиф этилаётган ҳар бир сенатор бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади.
Муҳокама Сенатнинг сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган қарорига кўра тўхтатилади.
35-модда. Сенат қўмиталари раислари, уларнинг ўринбосарлари ва қўмиталар аъзолари Сенат мажлисида яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади.
Сенат қўмиталари раислари, уларнинг ўринбосарлари ва қўмиталар аъзолари сайланганлиги тўғрисида Сенат қарор қабул қилади.
36-модда. Агар қўмита раиси лавозимига кўрсатилган номзод зарур миқдордаги овозларни тўпламаган бўлса, қўмита раисининг такрорий сайлови ушбу Регламентнинг 32 — 35-моддаларида назарда тутилган тартибда ўтказилади.
37-модда. Қўмиталар таркибини ўзгартириш бўйича таклифлар Сенат Кенгаши томонидан Сенатга кўриб чиқиш учун киритилади.
Қўмиталар таркибини ўзгартириш тўғрисидаги қарорлар сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва Сенат қарорлари билан расмийлаштирилади.
38-модда. Сенат муайян вазифаларни бажариш учун комиссиялар тузиши мумкин.
Комиссиялар Сенат мажлисида сенаторлар орасидан комиссия раиси ва аъзолари, зарурат бўлганда эса комиссия раисининг ўринбосаридан иборат таркибда тузилади.
Сенат комиссия тузилганлиги тўғрисида қарор қабул қилади.
Сенат комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади) қўшма қарори билан ҳам тузилиши мумкин.
Комиссияни тузиш тўғрисидаги Сенат қарорида комиссиянинг номи, мақсади ва вазифалари, унинг шахсий таркиби, комиссия ваколатлари, комиссия ишини таъминлашга доир тадбирлар белгиланган бўлиши керак.
39-модда. Заруратга кўра Сенат қўмиталари ва комиссияларининг мажлислари ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
7-боб. Сенат девони
40-модда. Сенат, унинг органлари ва сенаторлар фаолиятининг ташкилий, ахборот, моддий-техника таъминоти Сенат девони томонидан амалга оширилади.
41-модда. Сенат девонини ташкил этиш ва фаолиятини юритиш тартиби Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Сенат девони тўғрисидаги низомда белгиланади.
III бўлим. Сенат мажлислари
8-боб. Сенат мажлиси кун тартибини шакллантириш ва мажлисни ўтказиш тартиби
42-модда. Сенат мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул бўлган Сенатнинг қўмиталари (бундан буён матнда масъул қўмиталар деб юритилади) кўрсатилган ҳолда мажлис кун тартиби лойиҳасига киритилади.
Сенат мажлиси кун тартибининг лойиҳаси Сенат Кенгаши томонидан шакллантирилади.
Масъул қўмита Сенат мажлисининг кун тартибига киритиш учун Сенат Кенгашига ўзи тайёрлаган масалалар ва таклифлар тўғрисидаги хулосаларини тақдим этади.
Сенат мажлисининг кун тартиби Сенат қарори билан тасдиқланади.
43-модда. Сенат мажлисини уюшқоқлик билан ўтказиш ва унда режалаштирилган қарорларни ўз вақтида қабул қилиш учун Сенат Кенгаши томонидан сенаторлар ва Сенат девони ходимлари жумласидан Сенат мажлисига тайёргарлик кўрувчи ва уни ўтказувчи ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳга, қоида тариқасида, Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири раҳбарлик қилади. Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини гуруҳ раҳбари томонидан тасдиқланадиган Сенат мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий-техник тадбирлар режасига мувофиқ амалга оширади.
44-модда. Сенат мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари Сенатда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган тақдирдагина очиқ мажлисларда иштирок этишлари мумкин.
Таклиф этилганлар Сенат мажлисининг фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмас, Сенат ишини маъқуллашини ёки маъқулламаслигини билдиришдан тийилиши, белгиланган тартибга риоя қилиши ва Сенат мажлисида раислик қилувчининг фармойишларига бўйсуниши шарт.
45-модда. Зарурат бўлганда, Сенат ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Агар шундай таклиф Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси, Сенат Кенгаши ёки қўмитаси томонидан киритилган бўлса, ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
Сенатнинг ёпиқ мажлисини ўтказиш тўғрисидаги қарор сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
46-модда. Сенатнинг ёпиқ мажлисида муҳокама этиладиган давлат сиридан ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат маълумотларни ошкор этиш мумкин эмас.
Сенатнинг ёпиқ мажлисида раислик қилувчи мажлис бошланишида сенаторлар ва таклиф этилган шахсларни ёпиқ мажлисни ўтказишга оид асосий қоидалар, мажлисда муҳокама этиладиган маълумотларнинг махфийлик даражаси тўғрисида хабардор қилади ҳамда давлат сиридан ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради.
47-модда. Сенатнинг ёпиқ мажлисларига оммавий ахборот воситаларининг вакиллари киритилмайди.
Сенатнинг ёпиқ мажлисига фото ва видеотехника, телефон алоқа ҳамда радиоалоқа воситаларини, шунингдек овоз ёзиш ва ахборотни қайта ишлаш воситаларини олиб кириш ва ёпиқ мажлис давомида улардан фойдаланиш тақиқланади.
48-модда. Сенат мажлислари ҳозир бўлган сенаторларни рўйхатга олишдан бошланади.
Сенат мажлислари, агар уларнинг ишида сенаторлар умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
Сенатор Сенат мажлисларида иштирок этиши шарт.
Сенатор Сенат мажлисида иштирок эта олмаслиги ҳақида Сенат Раисини олдиндан хабардор қилади.
Сенаторларни рўйхатга олиш мажлисдаги ҳар бир танаффусдан сўнг ўтказилади. Қўшимча рўйхатга олиш сенатор талабига кўра ўтказилиши мумкин.
49-модда. Сенат мажлисида раислик қилувчи:
1) мажлиснинг боришига умумий раҳбарлик қилади, ушбу Регламентга риоя этилишини таъминлайди;
2) мажлис кун тартибига кўра сўзга чиқиш истагининг қайд этилган рўйхати бўйича ушбу Регламент талабларига мувофиқ ёхуд Сенат қарорида белгиланган бошқа тартибда сўзлаш учун навбат беради;
3) Сенат мажлисини олиб бориш масалалари юзасидан Сенат қарорлари бажарилишини таъминлайди;
4) овоз беришни ўтказади ва унинг натижаларини эълон қилади;
5) Сенат мажлисларининг стенограммаларини юритиш бўйича Сенат девони ишини назорат қилади.
Сенат мажлисида раислик қилувчи:
1) ушбу Регламент қоидаларини бузган тақдирда сенаторни огоҳлантиришга, такрор бузган тақдирда эса мажлис ўтказиладиган бутун кун давомида уни сўзга чиқишдан маҳрум қилишга;
2) Сенат мажлисининг ишига ҳалақит бераётган таклиф этилган шахсларни мажлислар залидан чиқариб юборишга ҳақли.
50-модда. Сенат мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда бошқа тилларга синхрон таржимаси таъминланади.
Сенат мажлисларида стенограммалар юритилади.
Сенат мажлисининг стенограммаси, шунингдек мажлисда кўриб чиқилаётган масалаларга алоқадор ҳужжатлар, сенаторларни рўйхатга олиш тўғрисидаги электрон тизимнинг ҳисобга олиш маълумотлари ва уларнинг овоз бериш, шу жумладан номма-ном овоз бериш натижалари сақлаш учун Сенат девонига топширилади.
51-модда. Сенат мажлисида қилинадиган маърузалар ва қўшимча маърузаларнинг ҳамда якунловчи нутқнинг муддати раислик қилувчи томонидан маърузачилар (қўшимча маърузачилар) билан келишган ҳолда, қоида тариқасида, маърузалар учун 30 дақиқагача, қўшимча маърузалар учун 20 дақиқагача ва якунловчи нутқ учун 15 дақиқагача қилиб белгиланади.
Музокараларда сўзга чиқувчиларга 10 дақиқагача вақт берилади. Музокараларда такрор сўзга чиқиш учун, шунингдек мажлиснинг олиб борилиши тартиби юзасидан, овоз бериш сабаблари бўйича, номзодлар юзасидан сўзга чиқиш, баёнотлар, саволлар, таклифлар, хабарлар ва маълумотлар бериш учун 3 дақиқагача вақт ажратилади.
Раислик қилувчи мажлисда ҳозир бўлган сенаторлар кўпчилигининг розилиги билан Сенат мажлисининг кун тартибига киритилган масала муҳокамасининг умумий муддатини, савол-жавобларга ажратиладиган вақтни белгилаши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.
Сенат мажлисларида сенаторлар музокараларда иштирок этишга, муҳокама этилаётган масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар ва мулоҳазалар киритишга, Сенат томонидан сайланадиган, тайинланадиган, тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича ўз фикрини билдиришга, саволлар беришга, маълумотлар беришга, Сенат мажлисида муҳокама қилинадиган масалаларга доир материалларни кўпайтиришга ва сенаторлар орасида тарқатишга, шунингдек ушбу Регламентда белгилаб қўйилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли.
Сенат мажлисларида сенатор айнан бир масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.
Музокараларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи нутқ билан чиқиш ҳуқуқига эга.
Агар сўзга чиқувчи сўзлаш учун ажратилган вақтдан ўтиб кетса ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, Сенат мажлисида раислик қилувчи огоҳлантирганидан кейин уни сўздан маҳрум қилади.
52-модда. Сенатнинг мажлислари, қоида тариқасида, иш кунлари соат 10:00 дан 13:00 гача ва танаффусдан сўнг соат 15:00 дан 18:00 гача ўтказилади.
Сенат қарори билан палата мажлисларини бошлаш, тугаллашнинг ҳамда танаффус қилишнинг бошқа вақти белгиланиши мумкин.
53-модда. Сенат мажлисида сўзга чиқувчи ўз нутқида сенаторлар ва бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига зиён етказувчи қўпол, ҳақоратли ибораларни қўллашга, кимнидир асоссиз айблашга, била туриб ёлғон ахборотдан фойдаланишга, ноқонуний хатти-ҳаракатларга даъват қилишга ҳақли эмас. Сўзга чиқувчи ушбу талабларни бузган тақдирда, Сенат мажлисида раислик қилувчи уни огоҳлантиради, талаб такроран бузилганда эса уни сўздан маҳрум қилади.
Агар Сенат мажлисида раислик қилувчи сўзга чиқувчига мурожаат қилса, у дарҳол ўз нутқини тўхтатиши керак.
Сенат мажлисида раислик қилувчи, агар сўзга чиқувчига нисбатан таъсир чораси қўллаш билан боғлиқ бўлмаса, сўзга чиқувчи учун вақтни унинг нутқи бўлинган муддатга узайтириб беради.
Сенат мажлисида раислик қилувчи сўзга чиқувчини унга ажратилган вақт давомида сўзлашдан маҳрум этиши мумкин эмас, нутқ мавзусидан четга чиқиш ва ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларни бузиш ҳоллари бундан мустасно.
Сенат мажлисида раислик қилувчининг рухсатисиз ҳеч ким сўзлашга ҳақли эмас. Бу қоидани бузган шахс раислик қилувчи томонидан огоҳлантиришсиз сўздан маҳрум этилади.
Сенат мажлиси вақтида ҳеч ким нутқни баён этишга ёки эшитишга тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлари билан сўзга чиқувчига ва тингловчиларга халақит бермаслиги керак.
9-боб. Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисларини ўтказиш тартиби
54-модда. Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда, шунингдек Бош вазирга ишончсизлик вотуми билдирилиши тўғрисидаги масала муҳокама қилинаётганда ўтказилади. Олий Мажлис палаталарининг келишувига мувофиқ қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.
55-модда. Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисини чақириш ва ўтказиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
10-боб. Овоз бериш, Сенат қарорларини қабул қилиш ва расмийлаштириш тартиби
56-модда. Сенат мажлисларида овоз бериш тартиби «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланади.
57-модда. Ҳар бир сенаторга унинг ҳудудий мансублиги инобатга олиниб, Сенатнинг мажлислар залида махсус тахтача билан расмийлаштирилган, унинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган, ишлаш учун зарур электрон ва техник воситалар билан таъминланган доимий жой ажратилади.
Сенаторларга электрон тизимдан фойдаланган ҳолда овоз бериш учун карточка берилади. Сенатор овоз бериш карточкаси лозим даражада сақланишини ва ундан тегишли тарзда фойдаланилишини таъминлаши шарт.
58-модда. Ҳар бир масала бўйича овоз беришда сенатор битта овозга эга бўлади ва қарор қабул қилинишини «ёқлаб» ёки унга «қарши» ёхуд қарор қабул қилинишига бетарафлик билдириб овоз беради.
Сенатор ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.
59-модда. Сенат мажлисида раислик қилувчи томонидан овоз бериш бошланганлиги эълон қилингандан кейин ҳеч ким уни тўхтата олмайди. Овоз беришдан бошлаб то унинг натижалари эълон қилингунга қадар ҳеч кимга сўз берилмайди.
Агар овоз беришни ўтказиш вақтида овоз бериш тартиб-таомили бузилса ёки уни ўтказишда тўсқинлик юзага келса, муҳокамасиз дарҳол такрорий овоз бериш ўтказилади.
60-модда. Сенат қарорлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
61-модда. Барча масалалар юзасидан овоз бериш натижалари Сенат мажлиси стенограммасига киритилади.
11-боб. Электрон тизимдан фойдаланишни назорат қилиш
62-модда. Сенатда электрон тизимдан:
1) сенаторларни рўйхатга олиш;
2) сенаторларнинг сўзга чиқиш истагини қайд этиш;
3) овозларни ҳисоблаш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш;
4) зарурат бўлса, синхрон таржима билан таъминлаш учун фойдаланиш мумкин.
63-модда. Сенат мажлисларида сенаторлар орасидан электрон тизимдан фойдаланишни назорат қилувчи гуруҳ тузилади.
Электрон тизимдан фойдаланишни назорат қилувчи гуруҳ таркибига кирувчи сенаторлар тизимни назорат қилиш учун зарур бўлган барча ахборотдан тўсиқсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ушбу гуруҳнинг ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қарорлари Сенат девонининг барча ходимлари, шу жумладан Сенатнинг электрон тизимига хизмат кўрсатувчи мутахассислар учун мажбурийдир.
64-модда. Электрон тизимдан фойдаланишни назорат қилувчи гуруҳ яширин овоз бериш бошлангунга қадар электрон тизимнинг созлигини текшириши шарт, бу ҳақда махсус баённома тузилади.
Электрон тизимдан фойдаланишни назорат қилувчи гуруҳ номма-ном овоз бериш натижаларида мавжуд бўлган ноаниқликлар, сўзга чиқиш истагини қайд этиш натижаларида мавжуд бўлган ноаниқликлар ва электрон тизим ишидаги бошқа хатолар устидан сенаторлар томонидан билдирилган арзларни кўриб чиқади ва уларнинг асослилигини текширади.
Электрон тизимдан фойдаланишни назорат қилувчи гуруҳ ўз ишига экспертлар ва мутахассисларни жалб қилиши мумкин.
IV бўлим. Қонунчилик тартиб-таомиллари
12-боб. Сенат томонидан қонунларни кўриб чиқиш тартиби
65-модда. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинганидан кейин Сенатга киритилади. Қонун Сенатга киритилаётганда қуйидагилар тақдим этилиши лозим:
1) Қонунчилик палатасининг қонун қабул қилинганлиги тўғрисидаги қарори;
2) Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун;
3) қонун концепцияси баён этилган Қонунга доир тушунтириш хати;
4) қонун қабул қилиниши муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун;
5) ўзгартирилиши, қўшимча киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонун ости ҳужжатларининг рўйхати;
6) моддий харажатлар талаб этувчи қонунлар учун — молиявий-иқтисодий асос;
7) давлат даромадларининг қисқартирилишини ёки давлат харажатларининг кўпайтирилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг моддалари бўйича ўзгартишларни назарда тутувчи қонунлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси;
8) халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари принциплари, қоидалари ва тарифларининг тайёрланган аниқ таҳлили келтирилган қиёсий жадвал;
9) қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қонун лойиҳаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим этилган материаллар.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қонун матни ва унга илова қилинган материаллар қоғозда, уларнинг аслига тўғри нусхаси эса электрон ташувчида тақдим этилиши керак.
66-модда. Қонун Сенат девонида рўйхатга олинган кундан бошлаб Сенатга киритилган ҳисобланади. Келиб тушган қонун унга илова қилинган материаллар билан бирга Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқадиган Сенатнинг масъул қўмитасини белгилайди.
Сенат Раиси қонунни Сенатнинг бир нечта қўмиталарига беришга ҳақли бўлиб, уни кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитани белгилайди.
67-модда. Қонун унга илова қилинган материаллар билан бирга Сенат Раиси топшириғида кўрсатилган қабул қилувчиларга юбориш учун Сенат девони Умумий бўлимига қайтарилади.
68-модда. Қонун унга илова қилинган материаллар билан бирга Сенат девони Умумий бўлимига берилади, уларнинг электрон нусхалари эса албатта Сенат Раисига, Сенат Раиси ўринбосарига, масъул қўмитага, Юридик бошқармага, Назорат-таҳлил бошқармаси, Ахборот хизматига берилади. Агар қонун Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ва тўхтатиб туришига дахлдор бўлса, қонуннинг электрон нусхаси Халқаро алоқалар бўлимига ҳам берилади.
69-модда. Юридик бошқарма Сенат Раисининг топшириғига биноан у томонидан белгиланган муддатда Сенатга келиб тушган қонунни ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.
Юридик бошқарма қонуннинг ҳуқуқий экспертизаси натижалари асосида Юридик бошқарма хулосасини тайёрлайди.
Зарур ҳолларда Юридик бошқарма хулоса лойиҳасини тайёрлаш учун экспертларни жалб қилиш мумкин.
Юридик бошқарманинг хулосаси бошқарма бошлиғи томонидан фамилияси, имзолаган санаси кўрсатилган ҳолда имзоланади ва масъул қўмитага тақдим этилади.
Агар белгиланган муддатда хулосани бериш имкони бўлмаса, бу муддат Юридик бошқарманинг асосли таклифига биноан Сенат Раиси томонидан узайтирилиши мумкин.
70-модда. Юридик бошқарма Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва кўриб чиқиш учун Сенат қўмиталари томонидан Сенатга келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун тузиладиган ишчи гуруҳлар мажлисларида иштирок этиши мумкин.
71-модда. Назорат-таҳлил бошқармаси Сенат Раисининг топшириғига биноан у томонидан белгиланган муддатда кўриб чиқиш учун Сенатга келиб тушган қонуннинг давлат тили ва рус тилидаги матнларининг ўзаро мувофиқлигини, шунингдек грамматика, лингвистика ҳамда стилистика қоидаларига мос келишини экспертизадан ўтказади.
Назорат-таҳлил бошқармаси қонун экспертизаси натижалари асосида хулоса (таққослама жадвал билан бирга) тайёрлайди.
Зарур ҳолларда Назорат-таҳлил бошқармаси хулоса лойиҳасини тайёрлашга экспертларни таклиф қилиши мумкин.
Назорат-таҳлил бошқармасининг хулосаси имзоланган санаси кўрсатилган ҳолда бўлим мудири томонидан имзоланади ва масъул қўмитага тақдим этилади.
Агар белгиланган муддатда хулосани бериш имкони бўлмаса, бу муддат Назорат-таҳлил бошқармасининг асосли таклифига биноан Сенат Раиси томонидан узайтирилиши мумкин.
72-модда. Ахборот хизмати масъул қўмитанинг қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш борасидаги ишларини оммавий ахборот воситаларида ва Сенатнинг расмий веб-сайтида белгиланган тартибда ёритиб борилишини таъминлайди.
73-модда. Масъул қўмита ушбу Регламент 69-моддасининг тўртинчи қисмида ва 71-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган хулосаларни инобатга олиб, қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда у бўйича хулоса тайёрлайди.
74-модда. Масъул қўмита раиси:
1) қонунларни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарур материаллар тайёрланишини ташкил қилади, қўмита мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;
2) қўмита аъзоларига топшириқлар беради, уларга қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;
3) қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар ишида қатнашувчи қўмита аъзоларини белгилайди;
4) қўмита ишида қатнашиш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакилларини, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимларни таклиф этади;
5) қонунларни қўмитада дастлабки тарзда кўриб чиқиш билан боғлиқ ахборотни умумлаштиради, тегишли ҳужжатлар (қонунларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар йиғилишларининг баённомалари ва бошқалар) расмийлаштирилишини ташкил қилади;
6) Сенат, Сенат Кенгаши мажлисларида, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан муносабатларда қўмитанинг номидан иш кўради;
7) Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат Раиси ва Сенат Раисининг ўринбосарларига қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш билан боғлиқ топшириқларнинг бажарилиши ҳақида ахборот беради;
8) қўмита аъзоларини уларнинг тавсиялари кўриб чиқилганлигидан хабардор қилади;
9) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
75-модда. Қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш давомида Сенат қўмиталари:
1) қонунлар юзасидан хулосалар беради;
2) Сенат қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;
3) қонунни Сенат мажлиси кун тартибига киритиш ёки унинг устида ишлашни давом эттириш ёхуд асослантирилган ҳолда уни рад этиш тўғрисида Сенат Кенгашига таклифлар киритади;
4) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, эксперт хулосалари ва бошқа хулосаларни, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;
5) қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳлар тузади, улар таркибига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар вакиллари, хўжалик юритувчи субъектлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимларни жалб этади;
6) Сенат мажлисига рад этиш учун киритилаётган қонунларнинг матнлари юзасидан таклифлар тайёрлайди;
7) қонунларнинг қарама-қарши эмаслигини ва тизимлилигини таъминлайди;
8) қонунларни уларда амалга ошириш механизмлари мавжудлиги нуқтаи назаридан дастлабки тарзда кўриб чиқади;
9) қонунларни чет эл ҳуқуқ амалиёти билан ҳар томонлама, чуқур қиёсий таҳлил қилиш мақсадида ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасини ўрганади;
10) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
76-модда. Қонунни масъул қўмита томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш муддати, қоида тариқасида, қонун қўмитага келиб тушган санадан бошлаб ўн беш кундан ошмаслиги керак.
Зарур ҳолларда масъул қўмита раисининг билдиргиси асосида Сенат Раиси қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш муддатини узайтириши мумкин.
77-модда. Зарур ҳолларда, масъул қўмита қонун нусхаларини манфаатдор идораларга, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ва илмий муассасаларга фикр-мулоҳазалар тайёрлаш учун юбориши мумкин.
Қонун нусхалари юбориладиган ташкилотларнинг рўйхати масъул қўмита раиси томонидан белгиланади.
78-модда. Зарур ҳолларда, масъул қўмита қонун нусхаларини умумдавлат ва ҳудудий манфаатлар мутаносиблигини таъминлаш мақсадида қонуннинг ўрганилишини ташкил қилиш, шунингдек ҳудудий манфаатларни ҳисобга олиш ва қонун бўйича таклифларни тўплаш учун қонунни масъул қўмита аъзоларига ва жойлардаги сенаторларга юбориши мумкин. Қонун ва бошқа материаллар почта алоқаси орқали ёки электрон шаклда юборилиши мумкин.
79-модда. Масъул қўмита аъзолари ва жойлардаги сенаторлар қонунни олгандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссияси билан ҳамкорликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда мутахассислар хабардорлигини таъминлаш, шунингдек қонуннинг ҳудудий манфаатларга мос келишини ўрганиш мақсадида уч кун давомида қонун муҳокама этилишини ташкил қилади.
80-модда. Масъул қўмита аъзолари ва жойлардаги сенаторлар қонунларни, айниқса аҳолининг ҳаётий муҳим манфаатларига, ижтимоий ҳуқуқларига бевосита дахлдор қонун ҳужжатларини дастлабки тарзда муҳокама қилишга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг, фуқаролик жамияти институтларининг, хусусан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва оммавий ахборот воситаларининг вакилларини жалб қилади.
81-модда. Масъул қўмита аъзолари ва жойлардаги сенаторлар ҳудуд манфаатларидан келиб чиқадиган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар мавжуд бўлган тақдирда, асосланган умумий ахборотни тайёрлайдилар.
Ахборот Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки қонунни кўриб чиққан масъул қўмита, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашининг ёки қонунни кўриб чиққан доимий комиссиянинг тегишли қарори билан тасдиқланади ва икки кун ичида масъул қўмитага юборилади.
82-модда. Қўмита аъзоси қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш мақсадида қўмита томонидан тузилган ишчи гуруҳ мажлисида қонун юзасидан тайёрланган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни тақдим этиши мумкин.
83-модда. Масъул қўмита қўмитанинг барча аъзоларидан ёки бошқа сенаторлардан келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни умумлаштиради ҳамда қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун тузилган ишчи гуруҳ муҳокамасига киритади.
84-модда. Қўмита аъзолари давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларидан, корхона, муассаса, ташкилотлардан, мансабдор шахслардан қонун бўйича таклифлар тайёрлаш учун зарур ҳужжатлар, эксперт хулосалари ва бошқа хулосаларни, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.
85-модда. Фикр-мулоҳазаларни олиш учун юборилган қонун бўйича таклиф ва мулоҳазалар келганидан кейин масъул қўмита раиси қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ ташкил этиш заруратини аниқлайди. Қонун бўйича саволлар бўлмаган тақдирда, ишчи гуруҳ тузилмаслиги мумкин.
86-модда. Ишчи гуруҳ қонун бўйича юзага келган масалаларни ҳал этиш ҳамда тушган таклиф ва мулоҳазаларни муҳокама қилиш учун тузилади. Ишчи гуруҳ таркибига сенаторлардан ташқари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимлар киритилиши мумкин.
Агар қонун бир нечта қўмитада кўриб чиқилаётган бўлса, улар томонидан қўшма ишчи гуруҳ тузилиши мумкин.
Ҳудудларни ривожлантиришнинг ҳал қилиниши кўриб чиқилаётган қонун билан боғлиқ масалаларини ечиш учун ишчи гуруҳлар таркибига сенаторлар — масъул қўмитанинг жойларда ишлаётган аъзолари жалб этилиши мумкин.
87-модда. Ишчи гуруҳ мажлисларига Қонунчилик палатаси депутатлари ва қонунни Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари таклиф қилиниши мумкин.
Зарур ҳолларда масъул қўмита қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш давомида юзага келадиган саволлар бўйича фикр-мулоҳазаларини олиш учун экспертлар, мутахассислар, олимларни жалб этиши мумкин.
88-модда. Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш жараёнида масъул қўмита қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига, халқаро принциплар ҳамда нормаларга мувофиқлигини аниқлайди ва бу қўмита хулосасининг таркибий қисми ҳисобланади.
89-модда. Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижалари бўйича масъул қўмита раиси томонидан, у бўлмаганда эса — қўмита раисининг ўринбосари ёхуд Сенатда доимий асосда ишловчи қўмита аъзоси томонидан қўмита хулосасининг лойиҳаси тайёрланади. Масъул қўмита хулосасининг лойиҳасида ушбу Регламентнинг 88-моддасида назарда тутилганидан ташқари, қоида тариқасида, қуйидагилар кўрсатилади:
1) Қонунчилик палатаси қонунни қабул қилган сана ва қонун Сенатга келиб тушган сана;
2) қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари;
3) қонунни қабул қилиш зарурлигини асослаш, шу жумладан қонунни қўллаш амалиётини ўрганиш ва ҳисобга олиш масалалари, ҳуқуқий тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни аниқлаш, қонуннинг самарадорлигига таъсир кўрсатадиган сабаблар ва шароитлар;
4) қонуннинг тузилиши (модда, боб, бўлимлар сони ва уларнинг асосий мазмуни);
5) қонуннинг илгари амал қилган ёки ҳозирги кунда амал қилиб турган, шу соҳадаги муносабатларни тартибга соладиган қонун ҳужжатларидан фарқи (янги нормалар ва қоидалар киритилганлиги);
6) давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг, шунингдек фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий муассасалар, олимлар ва мутахассисларнинг тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситаларидан олинган маълумотларни умумлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш масалалари;
7) бошқа давлатларнинг қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини ҳисобга олиш масалалари;
8) Қонунни маъқуллаш ёки рад этиш учун уни Сенат мажлисининг кун тартибига киритиш юзасидан Сенат Кенгашига тавсиялар.
Масъул қўмита хулосасининг лойиҳаси масъул қўмита мажлисида муҳокама этилади ва масъул қўмита раиси томонидан, агар у бўлмаган тақдирда қўмита раиси ўринбосари томонидан имзоланади.
90-модда. Масъул қўмита мажлислари очиқ ўтказилади.
Қўмита мажлисларида ушбу қўмитанинг аъзоси бўлмаган сенаторлар маслаҳат бериш овози билан иштирок этишга ҳақли.
Масъул қўмита мажлисларига давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимлар таклиф қилиниши мумкин.
Зарурат бўлганда қўмита ёпиқ мажлис ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
91-модда. Масъул қўмита мажлислари, агар уларда қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Масъул қўмита кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қўмита аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.
Масъул қўмитанинг қонун бўйича қарори қуйидаги маълумотларни қамраб олган бўлиши керак:
1) қонун юзасидан қўмита хулосасининг лойиҳасини кўриб чиқиш натижалари;
2) қонун юзасидан масъул қўмита хулосасини ўқиб эшиттирадиган сенатор;
3) қонун юзасидан уни муҳокама қилиш тартибида сўзга чиқадиган сенаторлар.
92-модда. Масъул қўмитанинг хулосасида қонунни маъқуллаш ёки рад этиш ҳақидаги тавсия орқали қонунга баҳо берилган бўлиши керак. Қонунни рад этиш зарурлиги ҳақидаги хулосада масъул қўмита қонунни рад этиш зарур деб ҳисоблашининг асослари баён этилган бўлиши керак.
Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонун ҳужжатларига мос эмаслиги, қонун нормалари ўртасида номувофиқликлар ва қарама-қаршиликлар мавжудлиги, қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишига таъсир қилувчи ҳаволаки нормалардан асоссиз равишда фойдаланилганлиги, қонунни қабул қилишга зарурат йўқлиги, қонуннинг қонунчилик техникаси қоидаларига, халқаро принциплар ва нормаларга мувофиқ эмаслиги уни рад этиш учун асос бўлади.
93-модда. Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижаларига қараб, масъул қўмита қонунни маъқуллаш ёки уни рад этиш тўғрисида Сенат қарорининг лойиҳасини тайёрлайди.
Қонунни рад этиш ҳақидаги Сенат қарорининг лойиҳаси асосларни кўрсатган ҳолда қонунни рад этиш тўғрисидаги таклифни ёки қонунни рад этиб, айни вақтда келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифни ўз ичига олган бўлиши керак. Бундан ташқари, унда қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги, шунингдек аниқ сенаторларни — Сенатдан келишув комиссияси аъзоларини кўрсатган ҳолда келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги таклифлар келтирилиши мумкин.
94-модда. Келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклиф қонуннинг айрим нормалари юзасидан келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда, шу жумладан:
1) қонун матнида атамашунослик ва стилистик йўсиндаги нуқсонлар бўлганида;
2) қонунни техник жиҳатдан расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар мавжуд бўлганда;
3) қонунчилик техникаси қоидалари бузилганда;
4) қонун нормалари ўртасида қарама-қаршиликлар келиб чиққанда;
5) қонун нормалари билан амалдаги қонун ҳужжатлари ўртасида қарама-қаршиликлар бўлганида;
6) қонуннинг битта ёки бир нечта нормаси рад этилганида;
7) бошқа асослар мавжуд бўлганида киритилади.
95-модда. Агар қўмитанинг фикрича, вужудга келган келишмовчиликлар бўйича бир фикрга келиш мумкин бўлмаса ёки қонунни концептуал жиҳатдан тўлалигича қайта ишлаб чиқиш талаб қилинса, келишув комиссиясини тузмасдан қонунни рад этиш ҳақида таклиф киритилади.
96-модда. Масъул қўмитанинг қонунни Сенат ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш мумкинлиги ҳақида ёки қонун устида ишни давом эттириш зарурлиги ҳақида таклиф билдирилган хулосаси Сенат Кенгашининг муҳокамасига тақдим этилади.
Сенат Кенгашида қонунни кўриб чиқиш маърузачи томонидан масъул қўмитанинг хулосасини ўқиб эшиттиришдан бошланади. Кўриб чиқилаётган қонун бўйича уни муҳокама қилиш тарзида сенаторлар сўзга чиқишлари мумкин.
Сенат Кенгаши масъул қўмита хулосасини муҳокама қилиш натижалари бўйича қонунни муҳокама қилиш учун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш ёки киритмаслик ҳақида қарор қабул қилади.
97-модда. Масъул қўмиталар қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш борасидаги ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб борадилар. Масъул қўмиталар ва ишчи гуруҳлар мажлисларига оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилиши мумкин.
Масъул қўмиталарнинг қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот ва улар томонидан қабул қилинган қарорлар Сенатнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши, «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.
98-модда. Масъул қўмита раиси, у бўлмаганда эса — қўмита раисининг ўринбосари, Юридик бошқарма бошлиғи, Назорат-таҳлил бошқармаси бошлиғи, агар қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация, денонсация қилиш, тугатиш ёки тўхтатиб туришга оид бўлса — Халқаро алоқалар бўлими мудирининг визаси қўйилган қонун бўйича Сенат қарорининг лойиҳаси Сенат Раисининг ўринбосарларига топширилади.
Сенат Раисининг ўринбосарлари томонидан виза қўйилган Сенат қарорининг лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилади.
99-модда. Қонун юзасидан белгиланган тартибда виза қўйилган Сенат қарорининг лойиҳаси, масъул қўмита хулосаси, қонун матнининг нусхалари ва Қонунчилик палатасидан қонун билан бирга келиб тушган бошқа ҳужжатлар сенаторларнинг планшетларига жойлаштирилишини таъминлаш учун Ахборот-коммуникация технологиялари бўлимига берилади.
100-модда. Қонун юзасидан Сенат қарорининг давлат тилидаги ва рус тилидаги электрон нусхалари Умумий бўлимда сақланиб, бўлим Сенатнинг ялпи мажлисида қабул қилинган Сенат қарори тегишли бланкада чиқарилишини таъминлайди.
101-модда. Қонун Сенат томонидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан маъқулланади, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунни, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни маъқуллаш учун эса сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.
102-модда. Сенат Раисининг ўринбосари, масъул қўмита раиси, Юридик бошқарма бошлиғи, Назорат-таҳлил бошқармаси бошлиғи, шунингдек агар қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки тўхтатиб туришга оид бўлса, Халқаро алоқалар бўлимининг мудири виза қўйган қонун бўйича Сенат қарори масъул қўмита раиси томонидан Сенат Раисига имзолаш учун топширилади.
103-модда. Сенат томонидан маъқулланган ва белгиланган тартибда визалар қўйилган қонун ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилади. Бунда қонунга қонуннинг учта нусхаси ва Сенат қарорининг Умумий бўлим муҳри билан тасдиқланган нусхаси илова қилинади. Айни вақтда юборилган ҳужжатларнинг нусхалари Сенат Раисига, Сенат Раисининг ўринбосарига, масъул қўмита раисига, Юридик бошқармага, Назорат-таҳлил бошқармасига берилади. Агар қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки тўхтатиб туришга оид бўлса, мазкур ҳужжатларнинг нусхалари Халқаро алоқалар бўлимига ҳам топширилади.
104-модда. Қонун ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига топширилиши Юридик бошқарма томонидан ташкил этилади.
105-модда. Қонунни маъқуллаш тўғрисидаги Сенат қарорининг Умумий бўлим муҳри билан тасдиқланган нусхаси қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.
106-модда. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланганидан кейин қонунни кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳужжатлар (Сенат қарори, тарқатиш варағи, масъул қўмита хулосаси, Қонунчилик палатасидан келиб тушган ҳужжатлар) масъул қўмита томонидан беш кун ичида Умумий бўлимга топширилади. Бунда ишчи гуруҳлар ва масъул қўмита мажлисларининг иш материаллари йиғмажилдга жойланиб, бу йиғмажилд Сенат архивига топширилади.
107-модда. Қонунни рад этиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун матни ҳамда масъул қўмита хулосасининг нусхаси билан бирга Қонунчилик палатасига қайтарилади. Ҳужжатларни Қонунчилик палатасига топширишни Сенат девони раҳбарининг ўринбосари ташкил қилади. Бунда илова хатнинг бир нусхаси Умумий бўлимга топширилади, иккинчи нусхаси эса, ҳужжатлар олинганлигини тасдиқловчи имзо билан ишга оид материалларга тикиб қўйилади.
13-боб. Сенат томонидан рад этилган қонунларни такроран кўриб чиқиш
108-модда. Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатаси юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин.
Келишув комиссиясининг мажлислари унинг аъзолари ихтиёрига кўра Қонунчилик палатасида ёки Сенатда ўтказилади.
109-модда. Сенатда келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги ташаббус Сенат Раисидан, масъул қўмитадан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисмини ташкил этувчи сенаторлардан чиқиши мумкин.
Келишув комиссияси таркибига номзодлар юзасидан Сенат Раиси ва Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказилади.
Келишув комиссияси таркибига, қоида тариқасида, қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмита аъзолари сайланади. Комиссия таркибига бошқа қўмиталарнинг ушбу қонун бўйича махсус билимларга эга бўлган сенаторлари киритилиши мумкин.
Келишув комиссияси таркиби камида уч нафардан иборат бўлган ва Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда тенглик асосида белгиланадиган миқдордаги сенаторларни ўз ичига олиши керак.
110-модда. Келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан тасдиқланади. Келишув комиссиясини ташкил этиш ва унинг таркибига сенаторларни сайлаш тўғрисида Сенат қарор қабул қилади, қарор лойиҳаси масъул қўмита томонидан Сенат Кенгашига киритилади, кейинчалик масала Сенат мажлисига киритилади. Комиссия таркиби Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланган тақдирда, Кенгаш қарори билан расмийлаштирилади.
Келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссия ҳамраисини сайлайдилар. Сенатдан комиссия ҳамраисининг сайланиши Сенат келишув комиссияси аъзоларининг қарори билан расмийлаштирилади.
111-модда. Келишув комиссиясининг аъзоси бўлган сенатор ваколатлари тугатилса (муддатидан олдин тугатилса), у Сенатнинг алоҳида қарори қабул қилинмай келишув комиссияси таркибидан чиқариб юборилади. Келишув комиссиясининг чиқариб юборилган аъзоси ўрнига Сенат ёки унинг Кенгаши томонидан келишув комиссиясининг янги аъзоси сайланади.
Сенатнинг ёки Сенат Кенгаши келишув комиссиясининг янги аъзосини сайлаш тўғрисидаги Қарори Қонунчилик палатасига юборилади.
112-модда. Келишув комиссияси ўз фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширади.
113-модда. Келишув комиссияси таркибига сайланган сенатор унинг мажлисларида иштирок этиши шарт. Келишув комиссияси мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаса, сенатор келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган ҳамраисини олдиндан хабардор қилади.
114-модда. Келишув комиссиясининг мажлисларига келишув комиссиясига Олий Мажлис палаталаридан кўрсатилган ҳамраислар навбатма-навбат раислик қиладилар.
115-модда. Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади. Агар Сенатнинг эътирозлари бўлмаган қонуннинг айрим моддалари таҳририга киритилаётган ўзгартишлар келишув комиссияси томонидан қўллаб-қувватланган Сенат таклифлари асосида ишлаб чиқилган қонун моддаларининг янги таҳрири билан изоҳланса, келишув комиссияси бундай ўзгартишларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
116-модда. Келишув комиссияси қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган сенаторлар ва депутатларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Қарор, агар келишув комиссияси томонидан бошқача тартиб белгиланмаса, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.
117-модда. Келишув комиссияси қонун бўйича келишмовчиликларни кўриб чиқаётганда олимлар ва мутахассисларнинг маслаҳатларини олишга, зарур материаллар ва маълумотларни талаб қилиб олишга ҳақли.
Келишув комиссияси мажлисида баённома юритилади. Зарур ҳолларда келишув комиссиясининг қарорига биноан мажлис стенограммаси юритилади.
118-модда. Агар келишув комиссияси иш якунлари бўйича қонун юзасидан келишувга эришилмаган бўлса, қонун Сенат томонидан рад этилган сифатида Қонунчилик палатаси томонидан такроран кўриб чиқилиши лозим. Қонун бўйича келишувга эришиш имкони бўлмаса, баённома тузилиб, у комиссия ҳамраислари томонидан имзоланади ҳамда Сенатга ва Қонунчилик палатасига юборилади.
Агар келишув комиссияси бир фикрга келса, келишув комиссияси ўз иш натижалари бўйича келишмовчиликларни бартараф этишга доир таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади.
Келишув комиссиясининг хулосаси келишув комиссиясининг Сенат ва Қонунчилик палатасидан сайланган ҳамраислари томонидан имзоланиб, тегишинча Сенат ва Қонунчилик палатасига топширилади.
119-модда. Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши лозим. Қонун такроран кўриб чиқилаётганда келишув комиссиясининг баённомасида келтирилган таклифларгина муҳокама этилади. Бундай ҳолларда қонун одатдаги тартибда қабул қилинади.
120-модда. Келишув комиссиясининг таҳриридаги қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган тақдирда, у беш кун ичида зарур материаллар илова қилинган ҳолда Сенатга маъқуллаш учун юборилади.
Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Сенат янги таклифларни тақдим этиши учун келишув комиссиясига Сенат томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин.
121-модда. Агар Сенат қонунни келишув комиссиясининг таҳририда маъқулламаса, у рад этилган қонун сифатида Қонунчилик палатасига қайтарилиши керак.
Агар Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда ўн кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига имзолаш ва эълон қилиш учун юборилади.
122-модда. Агар Сенат томонидан рад этилган қонун такроран кўриб чиқилаётганда Қонунчилик палатаси уни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилмаса ва Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорига ўзининг норози эканлигини билдирса, қонун аввалги қабул қилинган таҳририда овозга қўйилади.
Агар Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича Қонунчилик палатасида аввал қабул қилинган таҳрирда овоз берилганда ушбу қонун депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми овозини тўпламаса, кўриб чиқилаётган қонун қабул қилинмаган ҳисобланади.
123-модда. Кўриб чиқилаётган қонун бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан узил-кесил қарор қабул қилинганидан кейин келишув комиссияси ўз ваколатларини тугатади.
14-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунларни такроран кўриб чиқиш
124-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олмаган ҳолда такроран кўриб чиқилиб, аввал қабул қилинган таҳрирда қабул қилинган қонун Сенатга белгиланган тартибда юборилади.
Сенат Раиси келиб тушган қонунни масъул қўмитага беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатаси томонидан аввал қабул қилинган таҳрирдаги қонун юзасидан масъул қўмита хулоса беради.
Сенат Кенгаши масъул қўмитанинг хулосасини олгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни такроран кўриб чиқиш тўғрисидаги масалани Сенат мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни Сенат мажлисида такроран кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳамда масъул қўмитанинг ушбу таклиф ва фикр-мулоҳазаларга доир хулосасини баён этишдан бошланади.
125-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклиф ва мулоҳазалари, шунингдек масъул қўмитанинг ушбу таклиф ва мулоҳазаларга доир хулосаси муҳокама қилингандан сўнг Сенат мажлисида қонунни Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда маъқуллаш тўғрисидаги масала қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва кейинчалик Қонунчилик палатаси томонидан Президентнинг таклиф ҳамда мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган қонун, агар уни ёқлаб мажлисда ҳозир бўлган сенаторлар умумий сонининг ярмидан кўпи овоз берган бўлса, Сенат томонидан маъқулланган ҳисобланади.
Агар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун Президентнинг ҳеч бўлмаса битта таклифи ёки мулоҳазасини инобатга олмай, депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинган бўлса, уни маъқуллаш учун мажлисда ҳозир бўлган сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми уни ёқлаб овоз бериши керак.
Такрор муҳокама натижалари бўйича Сенат қонунни маъқуллаш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
126-модда. Сенат томонидан қайта кўриб чиқишда маъқулланган қонун имзолаш ва эълон қилиш учун Сенат қарори билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
Сенатнинг қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.
V бўлим. Сенат қарорларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш
15-боб. Сенат қарорларини кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг умумий тартиби
127-модда. Сенат ўз ваколатларига доир масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.
Қарор лойиҳаси Сенатга киритилаётганда унга доир қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.
128-модда. Сенат Раиси Сенат қарорининг лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани ва муддатни белгилайди. Сенат қарорининг лойиҳаси тегишлилигига қараб келишиш учун Юридик бошқармага ёки Назорат-таҳлил бошқармасига берилади.
Сенат Кенгаши масъул қўмита вакилининг ахборотини эшитиб, қарор лойиҳасини Сенат мажлисининг кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади ва маърузачини белгилайди.
Сенат мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилади ва муҳокама натижалари юзасидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади.
129-модда. Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади.
Сенатнинг Қонунчилик палатаси билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан қабул қилинган қарор, агар қонунда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.
130-модда. Сенат томонидан Қонунчилик палатаси билан биргаликдаги ваколатига киритилган масалалар бўйича айрим қарорлар қабул қилишнинг ўзига хос хусусиятлари амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланади.
16-боб. Сенатнинг мутлақ ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан айрим қарорларни қабул қилишининг ўзига хос хусусиятлари
§ 1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ва Олий судини сайлаш
131-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ва унинг ўринбосари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раиси ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат томонидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.
132-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг судьяларни сайлаш ёхуд лавозимидан озод этиш учун номзодлар бўйича тақдимномаси Сенат девонида рўйхатга олинган кундан бошлаб Сенатга киритилган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сенат девонига келиб тушган судьяларни сайлаш ёхуд лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаси Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига судьяларни сайлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда муҳокама этишни топширади.
Судьяларни лавозимларга сайлаш ёки уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси қарори ушбу масалани Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш учун Сенат Кенгашига берилади.
133-модда. Судьяларни сайлаш тўғрисидаги масала Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқади.
Судьялар лавозимларига кўрсатилган номзодларни муҳокама қилиш ёки уларни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш жараёнида сенаторлар муҳокама этилаётган номзодлар юзасидан ўз фикрини билдиришга, уларга саволлар беришга ҳақли.
134-модда. Судья лавозимига кўрсатилган ҳар бир номзод бўйича овоз бериш алоҳида-алоҳида ўтказилади.
Сенатнинг судьяларни сайлаш ёхуд лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарори, сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Агар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига сайланиш учун тақдим этилган номзодлар овоз бериш пайтида сенаторлар овозларининг етарли сонини ололмасалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Сенат кўриб чиқиши учун шу номзодларни қайтадан тақдим этиши мумкин. Улар такроран рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сенат кўриб чиқиши учун бошқа номзодлар тақдим этилади.
Тегишли судьяларни сайлаш ёхуд лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
Сенатнинг судьяларни сайлаш ёки лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарори «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида эълон қилиниши лозим.
§ 2. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш
135-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаси Сенат девонида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб Сенатга киритилган ҳисобланади.
Сенат девонига келиб тушган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига масалани дастлабки тарзда кўриб чиқишни топширади.
136-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиш якунлари бўйича Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг қарори ушбу масалани Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш учун Сенат Кенгашига берилади.
137-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалалар Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Сенаторлар муҳокама этилаётган номзодлар юзасидан ўз фикрини билдиришга, саволлар беришга ҳақли.
138-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Сенат қарори, агар мажлисда ҳозир бўлган сенаторлар умумий сонининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
139-модда. Агар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси лавозимига тайинлаш учун тақдим этилган номзод овоз бериш пайтида сенаторлар овозларининг етарли сонини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Сенат кўриб чиқиши учун шу номзодни қайтадан тақдим этиши мумкин. Агар у такроран рад этилган тақдирда, Сенат кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бошқа номзод тақдим этилади.
§ 3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш
140-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари Сенат девонида рўйхатга олинган кундан эътиборан Сенатга тасдиқлаш учун киритилган деб ҳисобланади.
Сенат девонига келиб тушган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси масъул қўмитага масалани дастлабки тарзда кўриб чиқишни топширади.
Қуйидагилар масъул қўмиталар ҳисобланади:
1) Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилаётганда;
2) Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилаётганда;
3) Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилаётганда.
141-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли мансабдор шахсларни тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш якунлари бўйича масъул қўмитанинг қарори ушбу масалани Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш учун Сенат Кенгашига берилади
142-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масалалар Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Муҳокама жараёнида сенаторлар муҳокама этилаётган номзодлар юзасидан ўз фикрини билдиришга, уларга саволлар беришга ҳақли.
143-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги Сенат қарори, агар сенаторлар умумий сонининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мансабдор шахсларни тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
§ 4. Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш
144-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаси Сенат девонида рўйхатга олинган кундан эътиборан Сенатга киритилган деб ҳисобланади.
Сенат девонига келиб тушган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси масъул қўмитага масалани дастлабки тарзда кўриб чиқишни топширади.
Қуйидагилар масъул қўмиталар ҳисобланади:
1) Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаси кўриб чиқилаётганда;
2) Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаси кўриб чиқилаётганда.
145-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли мансабдор шахсларни тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тақдимномаларини тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш якунлари бўйича масъул қўмитанинг қарори ушбу масалани Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш учун Сенат Кенгашига берилади.
146-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалалар Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Муҳокама жараёнида сенаторлар муҳокама этилаётган номзодлар юзасидан ўз фикрини билдиришга, уларга саволлар беришга ҳақли.
147-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакиллари тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Сенат қарори, агар сенаторлар умумий сонининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мансабдор шахсларни Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
148-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакиллари лавозимларига тайинлаш учун номзодлар овоз беришда сенаторларнинг зарур миқдордаги овозларини олмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу номзодларни Сенатга кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин. Ушбу номзодлар Сенат томонидан такроран рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кўриб чиқиш учун бошқа номзодлар тақдим этилади.
§ 5. Амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш
149-модда. Амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Сенат томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси Сенат девонида рўйхатга олинган кундан эътиборан Сенатга киритилган деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сенатга келиб тушган амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш ҳақидаги тақдимномаси Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш ҳақидаги тақдимномани дастлабки тарзда муҳокама этишни топширади.
Сенат Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг қарори, Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори ва Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарорини қўллаш тартиби ҳақидаги қарори лойиҳалари билан бирга ушбу масалани Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш учун Сенат Кенгашига беради.
150-модда. Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарорини ва Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш тартиби ҳақидаги қарорини қабул қилиш ҳақидаги масала Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори ва Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарорини қўллаш тартиби ҳақидаги қарори, агар сенаторлар умумий сонининг ярмидан кўпи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, улар қабул қилинган деб ҳисобланади.
Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори ва Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарорини қўллаш тартиби ҳақидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида эълон қилиниши лозим.
§ 6. Сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш
151-модда. Сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Сенат томонидан ўн кун ичида ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг сенаторни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномалари Сенат томонидан унинг мажлисида, Сенатнинг мажлислари оралиғидаги даврда эса, Сенатнинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
152-модда. Сенатнинг ёки Сенат Кенгашининг сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.
Сенатнинг ёки Сенат Кенгашининг сенаторни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласи юзасидан қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.
153-модда. Сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори жиноят иши тугатилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ишни тергов қилиш, судда кўриб чиқиш натижалари тўғрисида Сенатга хабар бериши шарт.
154-модда. Сенат ёки унинг Кенгашининг сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишига розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноий иш қўзғатишни ёки суд тартибида маъмурий жазо беришни назарда тутувчи маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатишни истисно этадиган ҳамда бундай ишларнинг тугатилишига олиб келадиган ҳолат ҳисобланади. Тегишли ишни тугатиш тўғрисидаги қарор янги очилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирдагина бекор қилиниши мумкин.
155-модда. Сенатга жиноий иш тугатилганлиги ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида қўзғатилган иш тугатилганлиги, шунингдек дахлсизликдан маҳрум этиш бўйича розилик берилган сенаторга нисбатан жиноий иш қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида хабар келиб тушган тақдирда, Сенат ёки унинг Кенгаши тегишли равишда навбатдаги мажлисида розилик бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарор ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қабул қилинган қарор дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига, шунингдек зарур бўлганда тегишли судга юборилади.
§ 7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш
156-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномаси ушбу масала бўйича Қонунчилик палатасининг қарори Сенатга келиб тушганидан кейин ўн кун ичида Сенатнинг мажлисида, Сенатнинг мажлислари оралиғидаги даврда эса Сенатнинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Сенатнинг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.
157-модда. Сенатнинг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласига оид қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.
158-модда. Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноий иш қўзғатишни ёки суд тартибида маъмурий жазо беришни назарда тутувчи маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатишни истисно этадиган ҳамда бундай ишларнинг тугатилишига олиб келадиган ҳолат ҳисобланади.
159-модда. Сенатга жиноий иш тугатилганлиги ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида қўзғатилган иш тугатилганлиги, шунингдек дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича розилик берилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) нисбатан жиноий иш қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида хабар келиб тушган тақдирда, Сенат ёки унинг Кенгаши тегишли равишда навбатдаги мажлисида розилик бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қабул қилинган қарор дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига, шунингдек зарур бўлганда тегишли судга юборилади.
VI бўлим. Сенатнинг назорат ваколатларини амалга ошириши
17-боб. Сенат томонидан назорат фаолиятини амалга оширишнинг умумий тартиби
160-модда. Сенат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Конституциявий қонунига, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, ушбу Регламентга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз назорат ваколатларини амалга оширади.
Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Сенат ва унинг органлари қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолиятини назорат қилиш тартиб-таомиллари ушбу Регламент билан белгиланади.
§ 1. Парламент сўрови
161-модда. Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билдирилган Сенат мурожаатининг ўзига хос шакли парламент сўрови ҳисобланади.
162-модда. Парламент сўровини юбориш тўғрисидаги таклиф қўмиталар томонидан, шунингдек сенаторлар умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан Сенат мажлисида кўриб чиқиши учун киритилади. Бунда қўмита тегишли қарор қабул қилади.
Сенат қўмитасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш ҳақидаги таклифи Сенат Кенгашининг навбатдаги мажлисида муҳокама этилади.
Сенат Кенгаши Сенат қўмитаси вакилининг парламент сўровини юбориш тўғрисидаги таклифини эшитиб, Сенат томонидан парламент сўровини юбориш тўғрисидаги масалани Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
163-модда. Парламент сўровини юбориш тўғрисидаги масала Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Парламент сўровини юбориш масаласи муҳокама қилинаётганда Сенатнинг ялпи мажлиси очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади. Зарурат бўлганда, Сенат ёпиқ мажлис ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
Парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинаётганда Сенатнинг ялпи мажлиси, агар унинг ишида сенаторлар умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
164-модда. Парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш якунлари бўйича Сенат мажлисда ҳозир бўлган сенаторлар умумий сонининг кўпчилиги овози билан қарор қабул қилади. Сенат қарори парламент сўрови йўлланган мансабдор шахсга юборилади.
Агар парламент сўровини юбориш тўғрисидаги таклиф сенаторлар умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан киритилган бўлса, Сенат масъул қўмитани белгилайди.
Парламент сўровини юбориш тўғрисидаги қарорга парламент сўрови матни ҳам илова қилинади.
165-модда. Парламент сўрови қисқа ва тушунарли шаклда баён этилган бўлиши керак. Парламент сўровида умумдавлат, ҳудудий ёки маҳаллий хусусиятга эга муаммолар назарда тутилади.
Парламент сўровида қуйидагилар бўлиши керак:
1) парламент сўрови юборилаётган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек унинг лавозими;
2) парламент сўрови юборилиши сабабларининг қисқача асослари;
3) ахборот (ҳужжатлар) тақдим этиш ёки тегишли маълумотлар текширувини ўтказиш ҳақидаги талаблар.
166-модда. Давлат органи ва хўжалик бошқаруви органи мансабдор шахсининг жавоби оғзаки ёки ёзма шаклда тақдим этилиши мумкин.
Парламент сўровига жавобни тақдим этиш шакли уни юбориш тўғрисидаги Сенат қарорида назарда тутилади.
167-модда. Давлат органи ва хўжалик бошқаруви органининг мансабдор шахси парламент сўровига оғзаки жавобни тегишли равишда Сенатнинг навбатдаги мажлисида ўзига ажратилган муддатда беради.
168-модда. Давлат органи ва хўжалик бошқаруви органининг мансабдор шахси парламент сўровига ёзма жавобни, агар Сенатнинг парламент сўровини юбориш тўғрисидаги қарорида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай барча сўралган ҳужжатларни, текширув натижаларини ва таклифларни илова қилган ҳолда юбориши керак.
169-модда. Парламент сўровига жавоб у юборилган мансабдор шахс томонидан ёхуд унинг вазифаларини бажарувчи шахс томонидан имзоланган бўлиши керак.
170-модда. Агар парламент сўровига юборилган ёзма жавобда асослантирилган тушунтириш берилган бўлса ёки давлат органи ва хўжалик органи мансабдор шахсининг нуқтаи назари баён этилган бўлса, қўмита парламент сўровига берилган жавобни Сенат мажлисида муҳокама этиш зарурати йўқлиги ҳақида маълумотнома тайёрлайди. Бунда қўмита тегишли қарор қабул қилади.
171-модда. Парламент сўровига ёзма жавоб Сенат мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари ва қўмита маълумотномаси Сенат мажлисида ўқиб эшиттирилгунга қадар олдиндан сенаторларга ёзма ёки электрон шаклда юборилади.
172-модда. Агар парламент сўровига берилган ёзма жавоб асоссиз ахборотга эга бўлса ва сўровда назарда тутилган масалаларни ҳал қилмаса, қўмита Сенат мажлисида келиб тушган жавобни парламент сўрови юборилган мансабдор шахснинг ўзи иштирокида муҳокама этиш тўғрисидаги таклифни Сенат Кенгаши кўриб чиқиши учун киритади.
173-модда. Парламент сўровига берилган жавобни муҳокама этишда у юборилган мансабдор шахс асоссиз ахборот бериш сабабларини маълум қилиши, шунингдек парламент сўровида қўйилган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериши ёки нуқтаи назарини баён этиши, бунда унинг жавобини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Парламент сўровини муҳокама этиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади.
174-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.
§ 2. Сенатор сўрови
175-модда. Сенатор, қоида тариқасида, тегишли ҳудудларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат органи ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сўров юборади.
176-модда. Сенатор давлат органи ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатлари ижро этилиши ҳолатини ўрганиш, шунингдек тегишли ҳудудларнинг манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда бошқа ижтимоий муҳим масалалар бўйича сўров юборади.
177-модда. Сенатор сўрови қисқа ва тушунарли шаклда баён этилган бўлиши керак. Сенатор сўровида умумдавлат, ҳудудий ёки маҳаллий хусусиятга эга муаммолар назарда тутилиши мумкин.
Сенатор сўрови расмий бланкда расмийлаштирилади ва сўров муаллифи томонидан имзоланади. Сенаторнинг сўровида қуйидагилар бўлиши керак:
1) сўров юборилаётган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек унинг лавозими;
2) сўров юборилиши сабабларининг қисқача асослари;
3) ахборот (ҳужжатлар) тақдим этиш ёки тегишли маълумотлар текширувини ўтказиш ҳақидаги талаблар.
178-модда. Сенатор Сенатнинг тегишли қўмитасини сўров юборилганлигидан хабардор қилади.
179-модда. Сенатор сўрови юборилган мансабдор шахс, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай барча сўралган ахборотларни (ҳужжатларни) ва текширув натижаларни илова қилган ҳолда ёзма шаклда унга жавоб бериши керак.
Сенатор сўровига жавоб у юборилган мансабдор шахс томонидан ёхуд унинг вазифаларини бажарувчи шахс томонидан имзоланган бўлиши керак. Сўровга жавоб ушбу сўровни имзолаган сенаторга юборилади.
180-модда. Сенатор сўровига берилган жавоб уни юборган мансабдор шахс иштирокида Сенат тегишли қўмитасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши мумкин.
Сенатор сўровига берилган жавобни кўриб чиқиш натижалари бўйича Сенат қўмитаси қарор қабул қилади. Сенат қўмитасининг қарори сенатор сўровига жавоб берган мансабдор шахсга юборилади.
181-модда. Агар сенатор сўровига берилган жавобда келтирилган ахборот сўровда назарда тутилган барча масалаларни ҳал қилмаса, Сенат қўмитаси Сенат мажлиси муҳокамасига сенаторнинг сўрови бўйича ахборотни киритиш тўғрисидаги таклифни Сенат Кенгаши кўриб чиқиши учун киритиши мумкин.
Сенат қўмитасининг таклифи ушбу Регламент 23-бобининг 14-параграфида белгиланган тартибга мувофиқ кўриб чиқилади.
182-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган сенатор сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.
§ 3. Сенат қўмиталари томонидан давлат органи ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш
183-модда. Сенат қўмиталари иш режаларига, Сенатнинг, Сенат Кенгашининг қарорларига мувофиқ ўз мажлисларида давлат органи ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, Сенат, Сенат Кенгаши ва Сенат қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиши мумкин.
184-модда. Давлат органи ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш (бундан буён матнда эшитув деб юритилади) очиқ ва ёпиқ шаклда ўтказилиши мумкин.
Очиқ эшитувларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишга ҳақли.
Ёпиқ эшитувларда давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ёпиқ эшитувларга қўйилмайди.
185-модда. Иш режага, Сенат ёки унинг Кенгаши қарорига мувофиқ эшитув ўтказиш тўғрисидаги масала кўтарилса, Сенат Раиси томонидан эшитувни ўтказиш учун материаллар ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш учун масъул Сенат қўмитаси белгиланади.
Масъул Сенат қўмитаси Сенат Раисининг топшириғи асосида зарур материаллар ва ҳужжатларни тайёрлаш учун ишчи гуруҳ тузишга ҳақли.
Ишчи гуруҳ таркибига сенаторлардан ташқари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, экспертлар, мутахассислар, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киритилиши мумкин.
186-модда. Масъул қўмита тегишли материалларни тайёрлаб, эшитув ўтказиш ёки эшитув ўтказишни рад этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун уларни Сенат Кенгашига киритади.
Эшитув ўтказиш ёки эшитув ўтказишни рад этиш тўғрисидаги масала Сенат Кенгаши мажлисида кўриб чиқилади.
Сенат Кенгашида эшитув ўтказиш ёки эшитув ўтказишни рад этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда Сенат Кенгаши аъзоларидан ташқари фаолияти муҳокама этилаётган масалаларга дахлдор бўлган сенаторлар, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Сенат қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишга ҳақли.
187-модда. Эшитув ўтказиш тўғрисидаги масалани муҳокама этиш якунлари бўйича Сенат Кенгаши эшитув ўтказиш ёки эшитув ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Айни бир вақтда очиқ ёки ёпиқ эшитувлар ўтказиш тўғрисидаги масала ҳал этилади.
Сенат Кенгашининг эшитувни ўтказиш тўғрисидаги қарорида эшитув ўтказиладиган сана, вақт ва жой кўрсатилади.
188-модда. Сенатнинг масъул қўмитаси эшитувларда жавоб олиш зарур бўлган масалаларни белгилайди, улар бўйича ахборот материалларини, шунингдек эшитув якунлари бўйича қабул қилиш назарда тутилган қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди.
Сенатнинг масъул қўмитаси эшитувларда кўриб чиқиладиган масалага қараб давлат органларини, хўжалик бошқаруви органларини, шунингдек эшитувларга таклиф этиладиган шахслар таркибини белгилайди.
189-модда. Эшитувларда масъул қўмита томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этишга ҳақли. Эшитувларга давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимлар таклиф этилиши мумкин.
190-модда. Эшитувлар бўйича белгиланган тартибда расмийлаштирилган материаллар эшитувлар ўтказилишидан беш кун аввал масъул қўмита томонидан сенаторларга, шунингдек фаолияти эшитувларга дахлдор бўлган давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарларига юборилади.
Масъул қўмита эшитувларга жалб этиладиган шахсларга ёзма таклифларнинг олдиндан юборилишини ташкил қилади.
191-модда. Эшитувлар масъул қўмитанинг мажлисида раислик қилувчининг қисқа кириш сўзи билан бошланиб, у муҳокама қилинадиган масала, эшитувни ўтказиш тартиби, таклиф этилган шахслар тўғрисида ахборот беради.
Раислик қилувчининг кириш сўзидан сўнг муҳокама қилинаётган масала юзасидан маъруза қилиш учун масъул қўмитанинг вакилига ёхуд таклиф этилган шахсга сўз берилади.
192-модда. Масъул қўмита вакилининг ёхуд таклиф этилган шахснинг маърузасидан сўнг эшитув иштирокчилари эшитувда кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишга ўтадилар. Сенаторлар ва эшитувнинг бошқа иштирокчилари сўзга чиқувчиларга оғзаки ва ёзма шаклда саволлар беришлари мумкин.
193-модда. Эшитувларни ўтказиш тартиб-таомили Сенат масъул қўмитасининг тегишли мажлисида қабул қилинган регламент доирасидан чиқмаслиги лозим.
194-модда. Эшитувлар якуни бўйича масъул қўмитанинг қарори қабул қилиниб, у қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида тегишли давлат органига, хўжалик бошқаруви органига юборилади.
Эшитувларнинг якунлари бўйича қарорлар сенаторлар — тегишли Сенатнинг масъул қўмитаси мажлисда ҳозир бўлган аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Масъул қўмитанинг қарори унинг раиси томонидан имзоланади.
Эшитувлар якунлари бўйича қабул қилинган қарорда уларнинг ижро этилиши учун масъул бўлган давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ва муассасалар аниқ кўрсатилади.
195-модда. Очиқ эшитувлар оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мумкин. Ёпиқ эшитувларнинг материалларидан фақат сенаторлар, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, қабул қилинган қарорлар ижро этилиши учун масъул бўлган бошқа ташкилотларнинг вакиллари фойдаланиши мумкин.
196-модда. Эшитувлар якунлари бўйича қабул қилинган Сенат масъул қўмитасининг қарори ижро этилиши шарт.
Сенат масъул қўмитаси қарорининг ижро этилишини назорат қилиш қўмита аъзоларидан бирининг зиммасига юклатилади.
Сенат масъул қўмитасининг қарорида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қарорни кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар тўғрисида Сенат қўмитасига ахборот тақдим этиш муддатлари кўрсатилиши мумкин.
Агар Сенат масъул қўмитасининг қарорида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қарорни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ахборот тақдим этиш муддатлари кўрсатилмаган бўлса, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари бир ойлик муддатдан кечиктирмай масъул қўмитани унинг қарорини кўриб чиқиш натижаларидан ёки кўрилган чоралардан хабардор қилиши керак.
197-модда. Ушбу қарорни ижро этиш тўғрисидаги ахборот тегишли равишда Сенат масъул қўмитаси мажлисида кўриб чиқилиши мумкин.
§ 4. Сенат қўмиталари томонидан қонунларнинг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш
198-модда. Сенат қўмиталари ўз иш режаларига мувофиқ вақти-вақти билан давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
171-боб. Сенат томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тартиби
1981-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масала жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг маълумотлари асосида Сенат қўмиталари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.
1982-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг маълумотлари Сенат девонида рўйхатга олинган кундан бошлаб Сенатга киритилган ҳисобланади.
Келиб тушган материаллар Сенат Раисига берилади. Сенат Раиси халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг маълумотларини дастлабки тарзда кўриб чиқадиган Сенатнинг масъул қўмитасини белгилайди.
1983-модда. Сенат қўмиталари халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда кўриб чиқишга доир фаолиятини Сенат, Сенат Кенгаши ва Сенат Раиси топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этади.
Сенат қўмиталарининг халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани ўрганиб чиқишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш Сенат Раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ Сенат Раисининг ўринбосарлари ёхуд Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан амалга оширилади.
1984-модда. Сенат қўмиталарининг халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани ўрганишга тайёргарлик кўриш ва ўрганишни ўтказиш тартиби Сенат қўмитасининг раиси томонидан белгиланади.
Сенат қўмиталарининг халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани ўрганишга тайёргарлик Сенат қўмитаси томонидан мазкур ўрганишни ўтказиш режасини ишлаб чиқишдан бошланади.
Ўрганишни ўтказиш режасини тайёрлаш давомида:
1) ўрганиш ўтказиладиган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши қарорида белгиланган нормаларнинг таҳлилини ўтказади;
2) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, экспертлик ва бошқа хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;
3) ўрганиб чиқилаётган масалага доир тегишли қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларининг дастлабки таҳлилини ўтказади;
4) масала тўлиқ ва холисона ўрганиб чиқилиши учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.
1985-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорлари ўрганилишини ўтказиш режасида:
1) саволнома тузиш ва уни юбориш муддатлари;
2) ишчи гуруҳ таркиби;
3) жойларга чиқишнинг аниқ санаси;
4) ўрганиш ўтказиладиган тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши;
5) халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини ўрганиш тартиби ва якунланадиган муддати;
6) Сенат қўмитаси қарорининг лойиҳасини тайёрлаш муддатлари;
7) Сенат қўмитаси мажлисини ўтказиш тартиби ва жойи белгиланади.
1986-модда. Саволномани тузиш бекор қилиниши режалаштирилган тегишли халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари қарори нормаларини таҳлил қилиш натижалари асосида амалга оширилади.
Сенат қўмитаси томонидан тузилган саволнома тегишли маҳаллий Кенгашга, шунингдек халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари жойлашган ҳудудда ишлаётган сенаторларга ҳам юборилиши мумкин.
1987-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини ўрганиш учун Сенат қўмитаси томонидан ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳ таркибига сенаторлар, давлат органлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг марказий аппаратларидан, хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек олимлар, экспертлар ва мутахассислар киритилиши мумкин.
1988-модда. Сенат қўмитасининг раиси ёки Сенатнинг тегишли қўмитаси аъзоси — сенатор ишчи гуруҳ раҳбари бўлади.
Ишчи гуруҳ раҳбари ишчи гуруҳнинг аъзолари орасида ишларни тақсимлайди.
Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзи амалга оширган ишлари ҳақида ахборот тайёрлайди, бу ахборот кейинчалик умумий маълумотномага киритилади.
1989-модда. Ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижалари тўғрисидаги умумий маълумотномада қуйидаги маълумотлар келтирилади:
1) халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинган (ишлаб чиқилган) қарорнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор ва фармойишларига мувофиқлиги;
2) аниқланган камчиликлар;
3) якуний маълумотнома;
4) бошқа зарур маълумотлар.
Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган умумий маълумотнома ишчи гуруҳ раҳбари, ишчи гуруҳ аъзолари ва тегишли давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари томонидан имзоланади.
19810-модда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорини ўрганиш натижалари дастлабки тарзда Сенат қўмитасининг мажлисида кўриб чиқилади.
19811-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш масаласини ўрганиш натижалари кўриб чиқилаётганда Сенат қўмитасининг мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганда, Сенат қўмитаси ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш масаласини ўрганиш натижалари кўриб чиқилаётганда Сенат қўмитасининг мажлисига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимлар таклиф этилади.
19812-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини ўрганиш натижалари бўйича Сенат қўмитаси қарор қабул қилади.
Қарорда қуйидаги масалалардан бири акс эттирилади:
халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид деб топишга асослар мавжуд эмаслиги;
халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид эканлиги ҳамда мазкур масалани Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақида Сенат Кенгашига таклиф киритиш.
19813-модда. Сенат халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани ўн беш кун ичида кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш масаласини ўрганиш натижалари бўйича қабул қилинган Сенат қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида белгиланган тартибда тегишли маҳаллий Кенгашга, шунингдек мурожаат, маълумот муаллифига юборилади.
(171-боб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 4 мартдаги КҚ-198-IV-сонли қарорига асосан киритилган)
199-модда. Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилаётганда Сенат қўмиталарининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
1) ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида нормалари амалиётда қўлланилмаётган қонун ҳужжатларини ва қонунчиликдаги бўшлиқларни аниқлаш;
2) қонун устуворлигини таъминлаш учун қабул қилинган қонун ости ҳужжатларининг қонун нормаларига мувофиқлигини аниқлаш;
3) қонун ҳужжатларининг ижросига тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитларни аниқлаш;
4) қонун ҳужжатлари ижросида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
5) энг долзарб ҳудудий муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
6) Сенат қўмиталари (комиссиялари) томонидан ўтказилган конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича олинган ахборотни амалда қўллаш;
7) сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини ошириш;
8) жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш;
9) қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижросини, уларнинг моддий-процессуал нормаларини рўёбга чиқариш, шунингдек қонун ҳужжатларнинг ижросига тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш;
10) давлат дастурлари, Сенатнинг, Сенат Кенгашининг қарорлари, шунингдек Сенат қўмиталари томонидан уларнинг назорат фаолияти натижалари бўйича мамлакатни ва ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган қарорлари амалга оширилишини таъминлаш;
11) жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш натижаларига кўра ҳудудларнинг аниқланган долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун аниқ, ҳар томонлама пухта таклифлар ишлаб чиқиш.
200-модда. Сенат қўмиталари қонунлар, Сенат қарорлари ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганиш бўйича ишни ўз режаларига, шунингдек Сенат, Сенат Кенгаши ва Сенат Раиси топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этади.
Сенат қўмиталарининг қонунлар, Сенат қарорлари ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганиш бўйича иш режаларини ишлаб чиқишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш Сенат Раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ Сенат Раисининг ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.
201-модда. Сенат қўмиталарининг қонунлар, Сенат қарорлари ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганиш бўйича ярим йиллик иш режалари Сенат Кенгаши томонидан йилнинг 1 феврали ва 1 июлига қадар тасдиқланади. Сенат қўмиталарининг қонунлар, Сенат қарорлари ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганиш бўйича ярим йиллик иш режаларини кўриб чиқиш натижалари юзасидан Сенат Кенгаши қарор қабул қилади.
Сенат қўмиталарининг қонунлар, Сенат қарорлари ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганиш бўйича иш режалари мамлакатни ва ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, давлат дастурлари, Сенатнинг ҳаракат дастурлари, Сенат қўмиталари томонидан ўтказилган конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларнинг натижалари амалга оширилиши зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек Сенат Кенгаши ва Сенат Раисининг топшириқлари асосида тайёрланади.
202-модда. Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўйича тадбирлар ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартиби Сенат қўмитасининг раиси томонидан белгиланади.
Сенат қўмитаси қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижро этилишини, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганишга тайёргарлик Сенат қўмитаси томонидан мазкур ўрганишни ўтказиш режасини ишлаб чиқишдан бошланади.
Қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижро этилишини, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганишни ўтказиш режасини тайёрлаш давомида:
1) ўрганиш мўлжалланаётган қонун ҳужжатлари нормаларининг таҳлилини ўтказади;
2) қонун ҳужжатларининг амал қилиш соҳасини ҳамда улар билан тартибга солинадиган муносабатларни аниқлайди;
3) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, экспертлик ва бошқа хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;
4) тегишли қонун ости ва идоравий норматив ҳужжатларнинг дастлабки таҳлилини ўтказади;
5) қонун ҳужжатларининг ижро этилиши амалиётини ўрганиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.
203-модда. Қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилишини ўтказиш режасида:
1) саволнома тузиш ва уни юбориш муддатлари;
2) ишчи гуруҳ таркиби;
3) жойларга чиқишнинг аниқ санаси;
4) қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ўтказиладиган давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари;
5) қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш тартиби;
6) қонунлар, Сенат қарорлари ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш якунланадиган сана;
7) Сенат қўмитаси қарорининг лойиҳасини тайёрлаш муддатлари;
8) Сенат қўмитаси мажлисини ўтказиш тартиби ва жойи белгиланади.
204-модда. Саволнома тузишдан асосий мақсад:
1) қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилаётганда Сенат қўмитаси фаолиятининг йўналишларини;
2) қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларни;
3) қонун ҳужжатларининг ижро этилиши билан боғлиқ бўлган амалдаги қоидаларнинг қонун нормаларига мувофиқлигини;
4) қонун ҳужжатлари амал қиладиган шахслар доирасини;
5) қонун ҳужжатлари нормалари амалда қўлланилаётган давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг ваколатларини;
6) қонун ҳужжатлари нормаларини амалга ошириш механизми қай даражада ишлаб чиқилганлигини, шу жумладан қонун ҳужжатларини ижро этиш учун қабул қилинган қонун ости ҳужжатларининг мавжудлигини, амалдаги қонун ости ҳужжатларининг қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлигини, қонун ости ҳужжатларида қонун ҳужжатлари нормаларининг қанчалик тўла амалга оширилганлигини ва шу кабиларни аниқлашдан иборат.
205-модда. Саволномани тузиш ижро этилиши амалиётини ўрганиш режалаштирилган тегишли қонун ҳужжатлари нормаларини таҳлил қилиш натижалари асосида амалга оширилади.
Сенат қўмитаси томонидан тузилган саволнома тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларига олдиндан юборилади. Саволнома қонуннинг ижро этилиши амалиётини ўрганиш режалаштирилган ҳудудда ишлаётган сенаторларга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари вакилларига ҳам юборилиши мумкин.
206-модда. Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш учун Сенат қўмитаси томонидан ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳ таркибига сенаторлар — Сенатнинг тегишли қўмитаси аъзолари, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек олимлар, экспертлар ва мутахассислар киритилади.
207-модда. Энг долзарб ҳудудий муаммоларни аниқлаш ва ҳудудларни ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш учун қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилаётганда ишчи гуруҳ таркибига жойларда ишлаётган сенаторлар, шунингдек тегишли ҳудуд халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг вакиллари киритилиши мумкин.
Сенат қўмитасининг раиси ёки Сенатнинг тегишли қўмитаси аъзоси — сенатор ишчи гуруҳ раҳбари бўлади.
208-модда. Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ишчи гуруҳ жўнаб кетадиган сана ҳақида олдиндан хабардор қилинади.
209-модда. Ишчи гуруҳ раҳбари ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси учун иш участкасини белгилаб беради.
Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзи амалга оширган ишлари ҳақида ахборот тайёрлайди, бу ахборот кейинчалик умумий маълумотномага киритилади.
210-модда. Ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижалари тўғрисидаги умумий маълумотномада қуйидаги маълумотлар келтирилади:
1) қонун ҳужжатларини ижро этиш учун ташкилот томонидан қабул қилинган (ишлаб чиқилган) қонун ости ва идоравий норматив ҳужжатлар тўғрисида (агар бундай ҳужжатлар қабул қилинмаган бўлса, сабаби кўрсатилади);
2) ташкилот томонидан қабул қилинган (ишлаб чиқилган) қонун ости ва идоравий норматив ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлиги ҳамда уларда қонун ҳужжатлари нормалари қанчалик тўлиқ қамраб олинганлиги ҳақида;
3) қонунчиликда қонун ҳужжатларини ижро этишга тўсқинлик қилаётган зиддиятлар ва нуқсонлар мавжудлиги тўғрисида, шу жумладан уларни бартараф этиш учун кўрилган чора-тадбирлар ҳақида;
4) аниқланган камчиликлар ҳақида;
5) бошқа маълумот.
Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган умумий маълумотнома ишчи гуруҳ раҳбари, ишчи гуруҳ аъзолари ва тегишли давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари томонидан имзоланади.
211-модда. Қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижаларини кўриб чиқиш Сенат қўмитасининг мажлисида ўтказилади. Сенат қўмитаси мажлисида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тайёрланган ахборот муҳокама қилинади. Зарурат бўлганда, қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари Сенат қўмитаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг қўшма мажлисида кўриб чиқилиши мумкин.
212-модда. Сенат қўмитасининг мажлиси, агар унда қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари кўриб чиқилаётганда Сенат қўмитасининг мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганда, Сенат қўмитаси ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари кўриб чиқилаётганда Сенат қўмитасининг мажлисига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимлар таклиф этилади.
Сенат қўмитасининг мажлисида қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари кўриб чиқилаётганда ишчи гуруҳ аъзолари ва ўрганилган ташкилот раҳбари ҳозир бўлиши шарт.
213-модда. Сенат қўмитасида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар қўмитанинг мажлисида ҳозир бўлган аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Сенат қўмитасининг қарори қўмита раиси томонидан имзоланади.
Қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари бўйича қабул қилинган Сенат қўмитасининг қарори тегишли давлат органларига, хўжалик бошқаруви органларига у қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида юборилади. Сенат қўмитасининг қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.
214-модда. Сенат қўмитасининг қарори асослантирувчи ва қарор қилувчи қисмлардан иборат бўлади.
Сенат қўмитаси қарорининг асослантирувчи қисмида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш жараёнида аниқланган ижобий ва салбий жиҳатлар кўрсатилган бўлиши керак.
Сенат қўмитаси қарорининг қарор қилувчи қисмида қуйидагилар бўлиши керак:
1) қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан қабул қилинган қонун ости ва идоравий норматив ҳужжатларни баҳолаш;
2) тегишли давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини баҳолаш;
3) давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсиялар;
4) қонунчиликка ўзгартишлар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳақидаги тавсиялар;
5) Сенат қўмитасининг қарори кўриб чиқиш учун юбориладиган давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг рўйхати.
215-модда. Сенат қўмитасининг қарорида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қарорни кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар тўғрисида Сенат қўмитасига ахборот тақдим этиш муддатлари кўрсатилиши мумкин.
Агар Сенат қўмитасининг қарорида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қарорни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ахборот тақдим этиш муддатлари кўрсатилган бўлмаса, давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари узоғи билан бир ойлик муддатдан кечиктирмасдан Сенат қўмитасига унинг қарорини кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида ахборот беришлари шарт.
§ 5. Қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан Сенат қўмиталари томонидан мониторингни амалга ошириш
216-модда. Сенатнинг қўмиталари янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади.
Мониторинг амалдаги қонунлар ва қонун ости ҳужжатларини мунтазам ўрганишдан иборат. Мониторинг қонун Сенат мажлисининг кун тартибига киритилгунига қадар уни дастлабки тарзда кўриб чиққан Сенат қўмитаси томонидан, қоида тариқасида, қонун кучга кирган вақтдан бошлаб бир йил ўтгандан кейин амалга оширилади.
217-модда. Мониторинг жараёнида Сенат қўмитаси тегишли қонунни таҳлил қилади ва:
1) унда ҳаволаки нормалар мавжудлигини;
2) давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қабул қилиниши лозим бўлган қонун ости ҳужжатларини;
3) ушбу ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича масъул органларни аниқлайди.
Сенат қўмиталари давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган қонун ости ҳужжатларини ёзма шаклда талаб қилиб олади.
218-модда. Сенат қўмиталари, шунингдек сенаторлар қонун ости ҳужжатлари қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширишда давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.
219-модда. Мониторинг якунлари, агар давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган қонун ости ҳужжатлари қонунга мувофиқ келмаса ёки қонунларда қабул қилиниши назарда тутилган қонун ости ҳужжатлари ишлаб чиқилмаганлиги аниқланса, Сенат қўмитасининг мажлисида кўриб чиқилиши мумкин.
VII бўлим. Сенатда ўтказиладиган тадбирлар
18-боб. Умумий қоидалар
220-модда. Қўмиталар (комиссиялар) томонидан конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва Сенат фаолияти билан боғлиқ бошқа тадбирлар ўтказилади.
221-модда. Сенат қўмиталари (комиссиялари) томонидан ўтказиладиган тадбирлар қўйилган мақсад ёки вазифаларга қараб, қуйидаги турларга бўлинади:
конференция — энг долзарб муаммолар бўйича, уларни ҳал этиш юзасидан келишилган тарзда хулосалар қабул қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, тадқиқот марказлари ва бошқа ташкилотларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини, шунингдек олимлар, экспертларни жалб этган ҳолда ўтказилади;
халқаро конференция — энг долзарб муаммолар бўйича бир неча давлат манфаатларига дахлдор мавзуларни муҳокама этиш мақсадида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда экспертларини жалб этган ҳолда ўтказилади;
илмий конференция — назарий хусусиятга эга бўлган масалаларни муҳокама этиш учун илмий-назарий муаммони ҳал этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилади;
илмий-амалий конференция — мавзу амалий хусусиятга эга бўлган тақдирда ўтказилади. Бунда асосий мақсад амалий муаммоларни илмий асосланган тарзда ҳал этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлади;
давра суҳбати — муайян муаммони (мавзуни) муҳокама этиш (айрим муаммо ёки масала бўйича) ва уни ҳал этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш учун торроқ доирадаги иштирокчилар билан ўтказилади (қоида тариқасида давра суҳбатида иштирок этиш учун камида ўттиз киши таклиф этилади);
семинар — назарий билимлар савиясини ва амалий кўникмаларни ошириш мақсадида ўтказилади. Семинарлар мавзу доирасига қараб ўқув семинарларига (тренинглар), илмий (илмий-назарий) ва илмий-амалий семинарларга бўлинади (қоида тариқасида семинарда иштирок этиш учун камида эллик киши таклиф этилади).
222-модда. Конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлардан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:
1) ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида нормалари амалиётда қўлланилмаётган қонунларни, шунингдек қонунчиликдаги нуқсонларни аниқлаш;
2) қонун устуворлигини таъминлаш учун қабул қилинган қонун ости ҳужжатларининг қонун нормаларига мувофиқлигини аниқлаш;
3) қонуннинг ижро этилишига тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитларни аниқлаш;
4) амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан тадбирлар жараёнида муҳокама қилинаётган масалаларга оид муаммоларни ҳал қилиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш (тадбир иштирокчиларининг таклифлари асосида);
5) қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан мутахассислар, олимлар, амалиётчиларнинг фикр-мулоҳазаларини умумлаштириш, шунингдек бошқа давлатлардаги қонун билан тартибга солиш тажрибасини ўрганиш;
6) ҳудудларни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш, ҳудудий муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;
7) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенат (Сенат Кенгаши) ва Сенат қўмиталари (комиссиялари) қарорларининг давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан ижро этилишини назорат қилиш билан боғлиқ тадбирлар давомида Сенат қўмиталари (комиссиялари) аниқлаган муаммоларни муҳокама қилиш;
8) Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) назорат фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш давомида олинган ахборотни амалда қўллаш;
9) Сенат қўмиталари (комиссиялари) фаолиятини кенг ёритиш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш;
10) сенаторларнинг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг назарий билимини ва амалий кўникмаларини ошириш;
11) ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг турли соҳаларидаги энг долзарб муаммоларни аниқлаш, шунингдек уларни ҳал этиш юзасидан илмий асослар ва амалий кўникмаларни ишлаб чиқиш;
12) тадбир иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш;
13) Сенат фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш.
19-боб. Конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўриш тартиби
223-модда. Конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўриш тартибини Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси белгилайди.
Конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирларни ўтказиш тўғрисида қўмита раиси, қоида тариқасида, Сенат Раисини у ўтказилишидан камида етти кун аввал хабардор қилади, айни бир вақтда унга барча зарур ҳужжатларни тақдим этади. Сенат Раисининг розилигини олгандан кейин қўмита (комиссия) раиси конференция, давра суҳбати ёки семинар ўтказилишини уюштиради ва у ўтказиладиган санани ва жойни, шунингдек қатнашчилар сонини белгилайди.
Конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган сана Сенат қўмитасининг иш режасига мувофиқ белгиланади.
224-модда. Режалаштирилган конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар учун зарур бўлган ҳужжатларнинг лойиҳалари Сенат қўмитаси (комиссияси) томонидан тадбир ўтказиладиган санадан ўн кун олдин Ахборот-таҳлил бўлимига тақдим этилади.
Режалаштирилган конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар учун зарур бўлган ҳужжатларнинг лойиҳалари Сенат қўмитаси (комиссияси) томонидан тадбирлар ўтказиладиган санадан етти кун олдин уларни оммавий ахборот воситаларида ёритишга доир ишларни амалга ошириш (пресс-релиз, интервью ва бошқаларни тайёрлаш) учун Ахборот хизматига тақдим этилади.
225-модда. Конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар Сенат биносида ва ундан ташқарида (сайёр конференциялар, давра суҳбатлари, семинар ва бошқа тадбирлар) ўтказилиши мумкин.
226-модда. Конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда Сенат қўмитаси (комиссияси) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, эксперт хулосалари ва бошқа хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Олинган ахборот асосида бўлажак тадбир иштирокчиларининг доираси, тадбир дастури ва маърузачилар (қўшимча маърузачилар) белгиланади.
227-модда. Тадбирларда иштирок этиш учун Қонунчилик палатасининг депутатлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, хўжалик юритувчи субъектлар, илмий муассасалар ва тадқиқот марказлари, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимлар таклиф қилиниши мумкин.
228-модда. Тадбир иштирокчиларининг миқдор таркиби тадбирдан кўзланган мақсадга қараб белгиланади. Иштирокчиларнинг узил-кесил рўйхати Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси томонидан тасдиқланади.
229-модда. Маърузачилар (қўшимча маърузачилар) сифатида конференция, давра суҳбати, семинар ёки бошқа тадбир мавзуси бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлган шахслар (олимлар, мутахассислар, экспертлар) таклиф қилинади. Зарурат бўлганда маърузачилардан (қўшимча маърузачилардан) маърузаларнинг (нутқларнинг) матнлари (тезислари) аввалдан сўраб олинади.
230-модда. Конференция, давра суҳбати, семинар ёки бошқа тадбир дастури асосий маърузалар (энг муҳим масалалар бўйича расмий шахсларнинг нутқлари), қўшимча маърузалар рўйхатидан ҳамда сўзга чиқишга доир регламентдан иборат бўлади.
231-модда. Хатлар (дастур-таклифномалар) тадбир иштирокчиларига аввалдан юборилади. Уларда тадбир мавзуси, ўтказиладиган муддати ва жойи кўрсатилади. Хатларга (дастур-таклифномаларга) сўзга чиқувчиларнинг умумлашма тезислари, шунингдек бошқа материаллар олдиндан танишиб чиқиш учун илова қилиниши мумкин.
20-боб. Конференция, давра суҳбати, семинар ёки бошқа тадбирни ўтказиш тартиби
232-модда. Тадбир бошланишидан аввал тадбир иштирокчилари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг таклиф қилинган вакиллари рўйхатга олинади.
233-модда. Конференция, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирни ўтказиш вақтида умумий раҳбарлик Сенат қўмитасининг раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ қўмита аъзоси (бундан буён матнда раислик қилувчи деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
234-модда. Бошқа органлар ва ташкилотлар билан биргаликда қўшма конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилганида раислик қилувчи тадбир ташкилотчилари ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади.
Конференция, давра суҳбати, семинар ёки бошқа тадбир, қоида тариқасида, раислик қилувчининг кириш сўзи билан бошланади, сўнгра маърузачиларга, қўшимча маърузачиларга сўз берилади.
Муҳокамада қатнашиш истагида бўлганлар раислик қилувчига мурожаат этадилар. Раислик қилувчи мурожаат этиш навбати тартибида уларга сўз беради.
235-модда. Иштирокчиларнинг сўзга чиқиши натижалари асосида асосий хулоса ва тавсиялар тайёрланади. Семинарлар ўтказилганида тавсиялар ишлаб чиқилмайди.
236-модда. Билдирилган фикр ва таклифларни ҳисобга олиб бориш, қоида тариқасида, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ва Ахборот-таҳлил бўлимининг тегишли Сенат қўмитасига бириктирилган масъул ходими томонидан амалга оширилади. Агар иштирокчилар ўз нутқларида хулосалар ва тавсияларга таъсир кўрсатадиган таклифларни билдирсалар, раислик қилувчи ҳозир бўлганларга тадбирнинг якуний хулосалари ва тавсияларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлигини муҳокама этишни таклиф қилади.
21-боб. Конференциялар ва давра суҳбатларининг натижалари бўйича ишлаб чиқилган тавсияларни расмийлаштириш ва тегишли органларга юбориш тартиби
237-модда. Конференциялар ва тадбирларда билдирилган тавсияларнинг асосий мақсади амалдаги қонунчиликни ва Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек энг долзарб муаммоларни, жумладан ҳудудларни ривожлантириш масалаларини ва ҳудудий муаммоларни ҳал қилиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
238-модда. Амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳақида тавсиялар тайёрлаш вақтида ўзгартишлар киритилиши ёки ишлаб чиқилиши зарур бўлган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатилади.
Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар тайёрлаш вақтида Сенат қўмиталари (комиссиялари) ўрганиши ёки уларнинг назорат-таҳлил фаолияти режасига киритилиши зарур бўлган аниқ масалалар кўрсатилади.
Энг долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган тавсияларни тайёрлашда уларни ҳал этишнинг аниқ чора-тадбирлари кўрсатилади.
239-модда. Тавсиялар матнини маромига етказиш учун Сенат қўмиталари (комиссиялари) томонидан ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин. Ишчи гуруҳ таркибига сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, хўжалик юритувчи субъектлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек мутахассислар, экспертлар ва олимлар киритилиши мумкин.
240-модда. Ишчи гуруҳнинг мажлислари ўтказиладиган сана ва мажлислар сони Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси томонидан белгиланади.
241-модда. Ишчи гуруҳ аъзоларига ишчи гуруҳнинг мажлиси ўтказиладиган сана олдиндан хабар қилинади. Ишчи гуруҳ аъзоларига ёки улар ишлайдиган ташкилотга юбориладиган хат ёки телефонограммани Сенат қўмитасининг (комиссиясининг) раиси имзолайди.
242-модда. Ишчи гуруҳнинг мажлисига масъул қўмита (комиссия) раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ Сенатда доимий асосда ишловчи қўмита аъзоси раҳбарлик қилади.
243-модда. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) конференциялар ва давра суҳбатлари натижалари бўйича ишлаб чиқилган тавсиялари ўн кунлик муддат ичида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ижро этиш учун юборилади.
244-модда. Зарурат бўлганда, Сенат қўмиталари (комиссиялари) давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлардан Сенат қўмиталари (комиссиялари) тавсияларининг ижро этилиши юзасидан ахборот талаб қилиб олиши мумкин.
245-модда. Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ фаолиятини ташкилий, ахборот, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Сенат девонининг тегишли бўлимлари томонидан амалга оширилади.
VIII бўлим. Сенатнинг халқаро алоқалари
246-модда. Сенат бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиши, бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши, расмий парламент делегациялари алмашиниши, шунингдек халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказиши мумкин.
247-модда. Бошқа давлатларнинг парламентлари раҳбарларига, давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларига, парламент делегациялари раҳбарларига уларнинг илтимосига биноан Сенат мажлисида сўзга чиқиш имконияти берилиши мумкин.
248-модда. Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар Сенат аъзолари орасидан ташкил этилади, унинг таркиби Сенат Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.
Сенат ва Қонунчилик палатаси биргаликда Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши мумкин, уларнинг таркиби Сенат Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланади.
249-модда. Ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар фаолиятининг тартиби Сенат Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма қарори билан белгиланади.
250-модда. Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш учун Сенат аъзолари расмий парламент делегациялари таркибида хорижий мамлакатларга юборилиши мумкин.
Расмий парламент делегацияларини хорижий мамлакатларга юбориш масаласи белгиланган тартибга мувофиқ Сенат Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикасининг расмий парламент делегациялари хорижий сафар якунлари бўйича Сенат Кенгашига ахборот тақдим этади.
IХ бўлим. Якунловчи қоидалар
251-модда. Сенат, унинг қўмиталари (комиссиялари), сенаторлар фаолияти оммавий ахборот воситаларида ва Сенатнинг расмий веб-сайтида ёритилиши мумкин.
252-модда. Сенат фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва ушбу бюджетда алоҳида сатрда назарда тутилади
253-модда. Сенатнинг харажатлари, шу жумладан парламентлараро ва халқаро ҳамкорликка доир харажатлари сметаси Сенат девони томонидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан биргаликда тузилади.
Сенатнинг келгуси йил учун харажатлари сметаси ҳар йилги индексация ҳисобга олинган, жорий йилдаги ҳақиқий харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Сенатнинг харажатлари сметаси Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Сенат харажатларининг тасдиқланган сметаси уни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантириладиган лойиҳасига киритиш учун жорий йилнинг 1 июлидан кечиктирмай Вазирлар Маҳкамасига юборилади.
254-модда. Регламент, унга ўзгартиш ва қўшимчалар Сенат қарори билан, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса Сенат Кенгаши қарори билан қабул қилинади ва қабул қилинган қарор кейинчалик Сенат мажлисида тасдиқланади.
Ушбу Регламентга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар қўмиталар (комиссиялар) ва сенаторлар томонидан Сенат Кенгашига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.