Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шунингдек бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан тизимли парламент назорати амалга оширилишини кучайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидан келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва Сенат Кенгашига таклифлар киритиш;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ҳамда доимий мониторинг қилиш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижро этилиши устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш, шу жумладан, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларининг расмий веб-сайтларда жойлаштирилиши, шунингдек давлат харидлари, хизмат сафарлари харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши ҳамда янгилаб борилиши тўғрисидаги ҳисобот ёки ахборотларини эшитиб бориш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид мавжуд қонунчилик базасини таҳлил қилиш, умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонунларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва тегишли хулосалар бериш;
ахборот сиёсати, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга доир масалалар юзасидан ўрганишлар олиб бориш;
жойларда аҳоли, жумладан, ахборот хизмати соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар ва оммавий ахборот воситалари билан бевосита мулоқот қилиш орқали ахборот сиёсати ҳамда давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш масалаларига оид ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда бу борада аниқланган долзарб масалаларни парламент назорати доирасида ҳал этиш чораларини кўриш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот сиёсати ҳамда давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш масалаларига оид мурожаатларини кўриб чиқиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг таркибида Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси котибияти ташкил этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси Сенат девони билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар Қўмитанинг вазифалари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини назарда тутадиган низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Сенат Кенгаши муҳокамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг девони (А. Зияев) Қўмита котибияти фаолиятини ташкил этиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган лимитларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раисига 1 та шахсий ҳамда Қўмита аъзолари учун 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситасини ажратсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу Қарорда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратиш масаласини ҳал этсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 25 июнь,
СҚ-322-IV-сон