Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси номидан ҳал қилув қарори
2020 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати:
раислик қилувчи З. Курбанова,
ҳайъат аъзолари Ш. Саидов ва И. Алимовдан иборат таркибда, Ш. Жаббаровнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Ш. Умарова, «TOGʻLAR» МЧЖ директори Ж. Қодиров, вакили З. Умаров (2020 йил 2 декабрдаги 69-сонли ишончнома), Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси вакиллари Н. Косимов, А. Амирова (2020 йил 24 ноябрдаги 04-03/20-01742-сонли ишончнома, Ж. Исомуродов (2020 йил 16 декабрдаги 04-03/20-01905-сонли ишончнома), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бош маслаҳатчиси А. Бердаков иштирокида «TOGʻLAR» МЧЖнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг «Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритишни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарорини (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2017 йил 14 мартда 2867-сон билан рўйхатга олинган) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси бўйича қўзғатилган маъмурий иш ҳужжатларини Олий суд биносида очиқ суд мажлисида текшириб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Аризачи «TOGʻLAR» МЧЖ жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига нисбатан маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг «Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритишни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарорини (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2017 йил 14 мартда 2867-сон билан рўйхатга олинган) ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси вакили Н. Косимов томонидан ариза юзасидан билдирилган ёзма фикрда аризани қаноатлантиришни рад этиш сўралган.
Суд мажлисида «TOGʻLAR» МЧЖ директори Ж. Қодиров, вакили З. Умаров аризани қувватлаб, Давлат божхона қўмитасининг «Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритишни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарори «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ эмаслигини билдириб, уни ҳақиқий эмас деб топишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси вакиллари Н. Косимов, Ж. Исомуродов ариза юзасидан ўз эътирозларини билдириб, Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 2 октябрдаги 01-02/8-50-сонли қарори билан 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарор ўз кучини йўқотган деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 4 ноябрда 2867-1-сон билан рўйхатга олинганлигини, аризачи процессуал қонун билан белгиланган муддатда судга мурожаат қилмасдан узрсиз сабабларга кўра, ариза бериш муддатини ўтказиб юборганлигини билдириб, аризани қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бош маслаҳатчиси А. Бердаков Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг «Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритишни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарори «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонундан олдин қабул қилинганлигини, Қонун 2019 йил январдан эътиборан кучга кирганлигини ва орқага қайтиш кучига эга эмаслигини, ушбу қарорни Қонун билан боғлаш керак эмаслигини баён этиб, аризани қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Ш. Умарова «TOGʻLAR» МЧЖнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг «Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритишни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасини асоссиз бўлганлиги учун рад қилиш ҳақида фикр билдирди.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришини, прокурорнинг фикрини тинглаб, ариза ва ёзма фикрда келтирилган важларни муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра, аризани қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан 2017 йил 8 февралда қабул қилинган «Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритишни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги 01-02/8-3-сонли қарори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 14 мартда 2867-сон билан рўйхатга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 4 ноябрда 2867-1-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 2 октябрдаги 01-02/8-50-сонли қарори билан 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарор ўз кучини йўқотган деб топилган.
Ўзбекистон Республикасининг қабул қилинган 2018 йил 8 январдаги «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги ЎРҚ-457-сонли Қонуни расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач, яъни 2019 йил 9 январдан бошлаб кучга кирган.
Ушбу Қонун низолашилаётган қарордан кейин қабул қилинган бўлиб, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 31-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, орқага қайтиш кучига эга эмас ва амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Баён этилганларга кўра, судлов ҳайъати аризани қаноатлантиришни рад этишни, ариза учун тўланган 2 230 000 сўм давлат божи, 17 840 сўм почта харажатларини «TOGʻLAR» МЧЖ зиммасида қолдиришни, ортиқча тўланган 5 575 сўм давлат божини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан, 60 сўм почта харажатларини Ўзбекистон Республикаси Олий судидан «TOGʻLAR» МЧЖга қайтаришни лозим топади.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 154, 158, 182-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
«TOGʻLAR» МЧЖнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг «Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритишни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 8 февралдаги 01-02/8-3-сонли қарорини (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2017 йил 14 мартда 2867-сон билан рўйхатга олинган) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилсин.
«TOGʻLAR» МЧЖга:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан 5 575 сўм давлат божи;
Ўзбекистон Республикаси Олий судидан 60 сўм почта харажатлари қайтарилсин.
Маълумотномалар берилсин.
Ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) бир ой ичида берилиши мумкин.
Раислик қилувчи З. КУРБАНОВА
ҳайъат аъзолари Ш. САИДОВ
И. АЛИМОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 18 декабрь,
3-24-2007/2-сон