Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
«Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. Мирзахидовга парламент сўрови юбориш ҳақида
Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. Мирзахидовга «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши тўғрисида парламент сўрови юбориш ҳақидаги таклифини кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. Мирзахидовга «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши тўғрисида парламент сўрови (илова қилинади) юбориш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. Мирзахидовга юборилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. Мирзахидов парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2017 йил 1 февралгача Сенатга ёзма жавоб тақдим этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (Б. Матмуратов) парламент сўровига жавоб Сенатга келиб тушгач, унинг нусхалари Сенат аъзоларига юборилиши, зарур деб топилган тақдирда жавоб Сенат мажлисида муҳокама қилиниши учун тегишли тайёргарлик ишларини амалга оширсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С. Артикова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 13 декабрь,
СҚ-133-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 13 декабрдаги СҚ-133-III-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. Мирзахидовга
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(«Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши тўғрисида)
Давлат бошқарувига, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, «электрон ҳукумат» тизимини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмасини ва маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда миллий ахборот тизимини шакллантириш, иқтисодиёт ва жамият фаолиятининг барча соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ҳамда телекоммуникация воситаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, электрон ҳукуматни шакллантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида қатор қонунлар қабул қилинди. «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги, «Электрон тўловлар тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Қайд этиш жоизки, 2015 йил 9 декабрда қабул қилинган «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади. Қонунга асосан Вазирлик зиммасига электрон ҳукуматни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, электрон ҳукумат соҳасидаги мониторингни амалга ошириш, электрон давлат хизматлари кўрсатилиши сифатини, шунингдек электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришилиши даражасини баҳолаш вазифалари юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 февралдаги ПФ-4702-сонли Фармонига асосан Вазирлик «электрон ҳукумат»ни жорий этишда ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Шунингдек, Вазирлик давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборотлаштириш ва интерактив давлат хизматларини такомиллаштириш борасидаги фаолиятини идоралараро мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш, баҳолаш ва назорат қилиш каби вазифаларни ҳам бажаради.
«Электрон ҳукумат» тизимини жорий этишни жадаллаштириш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигининг, жумладан бошқарув ва маъмурий иш унумдорлигининг ошишига, уларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлигини, очиқлигини таъминлашга хизмат қилади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва улардан фойдаланиш қулайликлари ошади.
Бироқ, «электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш юзасидан амалга оширилган дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.
Хусусан, Вазирлик зиммасига юклатилган «электрон ҳукумат»ни жорий этишга доир вазифалар талаб даражасида амалга оширилмаётганлиги сабабли айрим давлат органлари ўз ишида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини етарли даражада жорий қилмаган.
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этишда ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида электрон ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «бир дарча» принципини жорий этиш вазифаси ҳанузгача тўлиқ бажарилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги ПҚ-1989-сонли, 2014 йил 3 апрелдаги ПҚ-2158-сонли қарорлари ҳамда 2015 йил 4 февралдаги ПФ-4702-сонли Фармони билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурларида белгиланган тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмай қолмоқда. Фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолият юритмаётганлиги, «2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида телекоммуникацион технологиялар, тармоқлар ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастури»да белгиланган айрим тадбирларнинг бажарилмаётганлиги шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, ҳудудларда, хусусан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида ахборот-коммуникация тизимини жорий этиш сустлигича қолмоқда, уларнинг веб-сайтлари янгилаб борилмаяпти. Жойларда интерактив давлат хизматлари, шу жумладан «бир дарча» тамойили бўйича хизматлар кўрсатиш самарали йўлга қўйилмаган.
Бу борада, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказларининг иши самарали ташкил этилмаган.
Юқорида баён этилганларга асосланиб ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1. «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш юзасидан Вазирлик зиммасига юклатилган вазифалар амалга оширилишининг ҳолати;
2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятига «Электрон ҳукумат»ни жорий этиш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар;
3. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «бир дарча» принципини жорий этиш юзасидан бажарилган ишлар;
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги ПҚ-1989-сонли, 2014 йил 3 апрелдаги ПҚ-2158-сонли қарорларида ва 2015 йил 4 февралдаги ПФ-4702-сонли Фармонида ҳамда бошқа чора-тадбирлар дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уларнинг ўз муддатларида бажарилмаётганлиги сабаблари;
5. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хусусан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида ахборот-коммуникация тизимини жорий этиш ҳамда уларнинг веб-сайтларини янгилаш ҳолати;
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари фаолияти самарадорлигининг аҳволи тўғрисида ёзма шаклда асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш талаби қўйилган парламент сўрови билан Сизга мурожаат этади ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги мажлисида муҳокама қилиниши ва унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.