Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳаво кемалари қатнови тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
1944 йил 7 декабрда Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг иштирокчилари бўлган ҳолда,
ўзларининг тегишли авиакорхоналарига қатновларни амалга оширишда адолатли ва тенг имкониятларни таклиф қилувчи ҳамда иккала Аҳдлашувчи Томон давлатларининг қонунчилигига мувофиқ рақобат қилишга имкон берувчи халқаро авиация тизимини ривожлантириш истагида,
ўзларига тегишли ва ташқари ҳудудларда ҳаво кемалари қатновини ўрнатиш мақсадида юқорида айтиб ўтилган Конвенцияга қўшимча тарзда Битим тузиш ниятида,
халқаро ҳаво транспорти имкониятларининг кенгайишини енгиллаштириш истагида,
халқаро ҳаво транспортида хавфсизликни энг юқори даражада таъминлашни истаб, ҳамда инсонлар ва мол-мулкни хавф остида қолдирувчи ҳаво кемаси хавфсизлигига қаратилган ҳаракатлар ёки таҳдидларнинг жиддий муаммо эканлигини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Тушунчалар
Тушунчалар
1. Ушбу Битимни талқин қилиш ва кўллаш мақсадида, агар мазкур Битимда бошқача ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
а) «Конвенция» атамаси 1944 йил 7 декабрда Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияни англатади ва ҳар икки Аҳдлашувчи Томон қай даражада ратификация этгани ҳамда кучга кирганига қараб, Конвенциянинг 90-моддасига мувофиқ қабул қилинган ҳар қандай Иловани, шунингдек Конвенциянинг 90- ва 94-моддаларига мувофиқ Конвенцияга ёки унинг Иловаларига киритилган ҳар қандай ўзгартиришни ўз ичига олади;
b) «авиация маъмуриятлари» атамаси Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини; Франция Республикасига нисбатан — Фуқаро авиацияси бош бошқармасини; ёки иккала ҳолатда ҳам бундай авиация маъмуриятлари томонидан мазкур Битимга боғлиқ равишда ҳар қандай функцияни амалга ошириш ваколати берилган ҳар қандай бошқа орган ёки шахсни англатади;
с) «тайинланган авиакорхона» атамаси Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири тарафидан мазкур Битимнинг 3-моддасига мувофиқ ва унинг Иловасида белгиланган йўналишларда, ва келишилган қатновларни бажариш учун тайинланган, ҳаво кемалари халқаро қатновини амалга оширишни таъминловчи авиакорхонани англатади;
d) «ҳудуд», «ҳаво кемалари халқаро қатнови» ва «нотижорий мақсадларда тўхташ» атамалари тегишли равишда Конвенциянинг 2- ва 96-моддаларида кўрсатилган маъноларга эга бўлади;
f) «белгиланган йўналишлар» атамаси мазкур Битим Иловасида белгиланган ёхуд белгиланиши мумкин бўлган йўналишларни англатади;
g) «келишилган қатновлар» атамаси мазкур Битим шартлари асосида амалга оширилиши мумкин бўлган ҳаво кемалари халқаро қатновини англатади;
h) «тариф» атамаси йўловчи, багаж ва юк (почтадан ташқари) ташиш учун тўланадиган қийматни, шу жумладан ҳаво транспорти орқали олинадиган ёки таъминланадиган ҳар қандай аҳамиятли қўшимча фойдани, шунингдек чипталар сотуви ва товарлар ташуви учун тегишли транзакция билан боғлиқ тўланадиган комиссияни англатади. Шунингдек, транспорт қийматидан фойдаланиш шартлари ва тегишли комиссия учун тўловлар ҳам киради;
i) «фуқаролар» атамаси Ўзбекистон Республикасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, Франция Республикасига нисбатан Европа Иттифоқи аъзо-давлатлари фуқароларини англатади;
j) «ЕИ шартномалари» Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартномани ҳамда Европа Иттифоқининг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги шартномани англатади;
k) «фойдаланувчилардан ундириладиган йиғимлар» атамаси аэропорт ёки аэронавигация жиҳозларидан ҳаво кемалари, уларнинг экипаж аъзолари, йўловчилари ва юкларига хизмат кўрсатишда фойдаланиш учун авиакорхоналарга нисбатан тегишли маъмуриятлар томонидан қўлланиладиган тўловни англатади.
2. Илова мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Битимга барча ҳаволалар, башарти бошқача ҳолат аниқ келишилмаган бўлса, Иловани ўз ичига олади.
2-модда
Ҳуқуқлар бериш
Ҳуқуқлар бериш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга Иловада белгиланган йўналишлар бўйича мунтазам ҳаво кемалари халқаро қатновларини амалга ошириш мақсадида ушбу Битимда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларни беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томондан тайинланган авиакорхона белгиланган йўналишларда келишилган қатновларни амалга ошириш давомида куйидаги ҳуқуқлардан фойдаланади:
а) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан қўнмасдан учиб ўтиш;
b) айтиб ўтилган ҳудудда нотижорий мақсадларда тўхташ;
с) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида йўловчиларни, юк ва почтани алоҳида ёки биргаликда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги манзилларда ёки мазкур Битим Иловаси шартларига мувофиқ бошқа давлат ҳудудида олиш ёки тушириш мақсадида мазкур Битим Иловасидаги йўналишлар жадвалида кўрсатилган манзилларда тўхташ.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналаридан бошқа авиакорхоналарига ушбу модданинг (а) ва (b) бандларида келтирилган ҳуқуқлар кафолатланади.
4. Ушбу Битимдаги ҳеч қайси қоида бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонасига ҳақ эвазига ёки ёлланиш йўли билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидаги бир манзилдан ўша Томон давлати ҳудудидаги иккинчи манзилга олиб бориш учун йўловчилар, уларнинг багажи, юк ва почтани ҳаво кемасига олиш ҳуқуқини беради деб ҳисобланмайди.
3-модда
Авиакорхоналарни тайинлаш ва эксплуатация рухсатномаларини бериш
Авиакорхоналарни тайинлаш ва эксплуатация рухсатномаларини бериш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилиш орқали белгиланган йўналишларда келишилган қатновларни амалга ошириш мақсадида бир ёки бир неча авиакорхонани тайинлаш ва аввал тайинланган авиакорхона ўрнига бошқа авиакорхонани тайинлаш ҳуқуқига эга. Тайинланган авиакорхоналар миқдори Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари томонидан белгиланади.
2. Бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхона тайинланганидан ва тайинланган авиакорхонадан белгиланган шакл ва услубдаги ариза олинганидан сўнг мазкур модданинг 3- ва 4-бандларига мувофиқ энг қисқа муддатларда фаолият кўрсатиш учун тегишли эксплуатация рухсатномаларини беради.
3. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятлари бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган ҳар қандай авиакорхонадан мазкур маъмурият томонидан Конвенция қоидаларига мувофиқ ҳаво кемалари халқаро қатновини амалга ошириш қонун ҳужжатларида белгиланган одатда ва асосли равишда қўлланиладиган шартларни бажара олишини асослантиришини талаб қилиши мумкин.
4. Мазкур модданинг 2-бандида кўрсатилган эксплуатация рухсатномаларини бериш учун қуйидагилар талаб этилади:
а) Франция Республикаси томонидан тайинланган авиакорхонага нисбатан:
i) авиакорхона Франция Республикаси ҳудудида ЕИ шартномаларига мувофиқ тузилган бўлиши ҳамда Европа Иттифоқи қонунчилигига асосан амалдаги фаолият кўрсатиш рухсатномасига эга бўлиши; ва
ii) авиакорхона фаолиятининг тартибга солиниши устидан назорат Ҳаво эксплуатанти сертификатини беришга масъул бўлган Европа Иттифоқи аъзо-давлати томонидан амалга оширилиши ва таъминланиши ҳамда тайинлашда тегишли авиация маъмурияти аниқ белгиланиши; ва
iii) авиакорхонага Европа Иттифоқи аъзо-давлатлари ёки Европа эркин савдо ассоциацияси аъзо-давлатлари ва/ёки бундай давлатларнинг фуқаролари томонидан бевосита ёки назорат пакети орқали эгалик қилиниши ҳамда авиакорхона фаолияти бундай давлатлар ва/ёки бу давлатлар фуқаролари томонидан назорат қилиниши лозим.
b) Ўзбекистон Республикаси томонидан тайинланган авиакорхонага нисбатан:
i) авиакорхона Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган бўлиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси авиация маъмуриятлари томонидан берилган амалдаги Ҳаво эксплуатанти сертификатига эга бўлиши; ва
ii) авиакорхона фаолияти тартибга солиниши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси томонидан олиб борилиши ҳамда таъминланиши; ва
iii) авиакорхонага Ўзбекистон Республикаси ва/ёки Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан бевосита ёки назорат пакети орқали эгалик қилиниши ҳамда авиакорхона фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва/ёки унинг фуқаролари томонидан назорат қилиниши лозим.
5. Тайинланган авиакорхона ҳаво кемаси халқаро қатновларини амалга оширишда Конвенция қоидаларига мувофиқ қўлланиладиган ёки Аҳдлашувчи Томон қонунчилигига биноан одатда ва асосли равишда қўлланилиши мумкин бўлган шартларга жавоб бериши лозим, ва
6. 9- ва 10-моддаларда белгиланган стандартлар қўлланилиши ва уларга риоя қилиниши лозим.
7. Ушбу тарзда тайинланган ва рухсатнома олган авиакорхона исталган вақтда мазкур Битим қоидаларига мувофиқ келишилган қатновларни амалга оширишни бошлаши мумкин.
4-модда
Эксплуатация рухсатномаларини қайтариб олиш ёки тўхтатиб қўйиш
Эксплуатация рухсатномаларини қайтариб олиш ёки тўхтатиб қўйиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонага берилган эксплуатация ёки техник рухсатномаларни қайтариб олиш ёки мазкур Битимга мувофиқ берилган ҳуқуқлардан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш ёки бундай ҳуқуқлардан фойдаланиш учун зарур бўлган муайян шартларни бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга, бунда:
а) Франция Республикаси томонидан тайинланган авиакорхонага нисбатан:
i) авиакорхона Франция Республикаси ҳудудида ЕИ шартномаларига мувофиқ тузилмаган ёки Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқ амалдаги фаолият кўрсатиш рухсатномасига эга бўлмаса; ёхуд
ii) авиакорхона фаолияти тартибга солиниши устидан назорат Ҳаво эксплуатанти сертификатини беришга масъул бўлган Европа Иттифоқи аъзо-давлати томонидан амалга оширилмаган ёки таъминланмаган ҳамда тайинланишда тегишли авиация маъмурияти аниқ белгиланмаган бўлса; ёки
iii) авиакорхонага Европа Иттифоқи аъзо-давлатлари ёки Европа эркин савдо ассоциацияси аъзо-давлатлари ва/ёки бундай давлатлар фуқаролари томонидан бевосита ёки назорат пакети орқали эгалик қилинмаса ёки авиакорхона фаолияти бундай давлатлар ва/ёки бундай давлатларнинг фуқаролари томонидан назорат қилинмаса; ёхуд
iv) агар авиакорхонага Ўзбекистон Республикаси билан бошқа Европа Иттифоқи аъзо-давлати ўртасидаги икки томонлама битимга асосан фаолият кўрсатишга ваколат берилган бўла туриб, ўша бошқа Европа Иттифоқи аъзо-давлати ҳудудидаги манзил орқали ушбу Битимга кўра ташиш ҳуқуқларидан фойдаланса ва бу авиакорхонанинг ўша бошқа битим қоидаларига амал қилмаётганлигини Ўзбекистон Республикаси исбот қилса; ёки
v) агар авиакорхона Европа Иттифоқи аъзо-давлати томонидан берилган Ҳаво эксплуатанти сертификатига эга бўлиб, бу Европа Иттифоқи аъзо-давлати билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳаво кемалари қатнови тўғрисида икки томонлама битим мавжуд бўлмаса ва Ўзбекистон Республикаси томонидан тайинланган авиакорхонага ушбу Европа Иттифоқи аъзо-давлатига парвоз қилиш ҳуқуқини бериш рад этилса.
Ушбу бандга асосан ўз ҳуқуқларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Европа Иттифоқи авиаташувчилари ўртасида уларнинг миллий мансублигига кўра камситиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим.
b) Ўзбекистон Республикаси томонидан тайинланган авиакорхонага нисбатан:
i) авиакорхона Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилмаган ёки Ўзбекистон Республикаси авиация маъмуриятлари томонидан берилган амалдаги Ҳаво эксплуатанти сертификатига эга бўлмаса; ёки
ii) авиакорхона фаолиятининг тартибга солиниши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилмаса ёки таъминланмаса; ёхуд
iii) авиакорхонага Ўзбекистон Республикаси ва/ёки Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан бевосита ёки назорат пакети орқали эгалик қилинмаса ёки авиакорхона фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва/ёки унинг фуқаролари томонидан назорат қилинмаса.
с) авиакорхона бундай ҳуқуқларни бераётган Аҳдлашувчи Томон давлати қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб бермаса;
d) авиакорхона ушбу Битимда белгиланган шартлар асосида келишилган йўналишлардан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа сабабларга кўра йўқотса;
е) бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг 9- ва 10-моддаларига мувофиқ хавфсизлик стандартларига жавоб бермаса ёки бундай стандартларни қўллай олмаса.
2. 9- ва 10-моддаларга дахл қилмаган ҳолда, мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган рухсатномани қайтариб олиш, тўхтатиб қўйиш ёки муайян шартларни бажаришни талаб қилиши, Аҳдлашувчи Томонларнинг давлатлари қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш учун зарур бўлмаса бундай ҳуқуқдан фақатгина бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг фойдаланилади. Бундай маслаҳатлашувлар, агар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон ўртасида бошқача келишувга эришилмаган бўлса, бир Аҳдлашувчи Томон сўровномаси келиб тушгандан сўнг ўттиз (30) кун ичида ўтказилади.
5-модда
Келишилган қатновларни амалга оширишни тартибга солиш принциплари
Келишилган қатновларни амалга оширишни тартибга солиш принциплари
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битим билан тартибга солинадиган келишилган қатновларни амалга оширишда ҳар икки Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхоналарга рақобат қилиш учун адолатли ва тенг имкониятлар яратилишини таъминлаб бериши лозим. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг тайинланган авиакорхонаси ёки авиакорхоналари ушбу принципларга мувофиқ фаолият кўрсатаётганлигини назорат қилиши ва зарур ҳолларда бу шартларнинг бажарилиши учун чоралар кўриши лозим.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг тегишли ҳудудлари ўртасида тайинланган авиакорхоналари белгиланган йўналишларда келишилган ҳаво кемаларининг қатновлари оммавий ташувларга қўйилган талабларга яқиндан алоқадор бўлиши ҳамда мазкур Битимнинг 14-моддаси қоидаларига мувофиқ тарифларга мос равишда Аҳдлашувчи Томонларнинг давлат ҳудудлари ўртасидаги ҳаво кемалари қатновларининг тартибли ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳаво кемасининг оқилона юкланишида йўловчилар, юк ва почтани амалдаги ва кутилаётган ташиш талабларига мутаносиб ташув ҳажмларини таъминлаш ҳар бир авиакорхонанинг асосий вазифаси бўлиши лозим.
6-модда
Адолатли рақобат
Адолатли рақобат
1. Аҳдлашувчи Томонлар ҳар икки Аҳдлашувчи Томон авиакорхоналарига белгиланган йўналишларда келишилган қатновлардан адолатли ва тенг имкониятларда фойдаланишлари учун адолатли ва рақобатбардош муҳит яратиб беришни ўзларининг умумий мақсадлари деб тан оладилар. Шу туфайли Аҳдлашувчи Томонлар ушбу мақсадга тўла эришишни таъминлаш учун тегишли чоралар кўришлари лозим.
2. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимнинг мақсадлари амалга оширилишида мустақил, адолатли ва тўғри рақобат муҳим эканлиги, рақобат масалалари бўйича қонунлар ва мустақил органларнинг мавжудлиги, шунингдек ушбу қонунларнинг асосли ва самарали қўлланилиши авиаташув хизматларини тақдим этишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайдилар. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг рақобатга оид мазкур моддадаги масалаларни ўз ичига олган қонунлари, вақти-вақти билан киритиладиган ўзгартиришлар билан бирга, ҳар бир тегишли Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилиги доирасида авиакорхоналар фаолиятига нисбатан қўлланилади. Аҳдлашувчи Томонлар рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мақсадларининг ўзаро мослиги ва ўхшашлиги, ҳамда унинг самарали қўлланилишида ўзаро ҳамфикрдирлар. Улар рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри қўллаш мақсадида ва зарур ҳолларда ўз қонун ва қоидаларига мувофиқ тегишли авиакорхона(лар) ёки бошқа фуқароларига рақобатга алоқадор ҳар бир Томон органлари амалга оширган ҳаракатлар тўғрисида ахборотни ошкор қилишга рухсат бериш орқали ҳамкорлик қилишади.
3. Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг (ва Европа Комиссиясининг) рақобат масалалари бўйича тегишли органлари ва суд идораларининг ваколат ва ҳуқуқларига таъсир ўтказмайди, чекламайди ёки тўсқинлик қилмайди ҳамда рақобат ҳуқуқини қўллаш билан боғлиқ барча масалалар бундай орган ва суд идораларининг мутлақ ваколат доирасида бўлишда давом этади. Шу туфайли Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар қайсиси мазкур моддага оид амалга оширган хатти-ҳаракати бундай орган ва суд идораларининг ҳар қандай амалга ошириши мумкин бўлган ҳаракатларига зид бўлмаслиги лозим.
4. Мазкур моддага мувофиқ амалга оширилган ҳар қандай ҳаракат фақатгина Аҳдлашувчи Томонлар жавобгарлиги остида бўлади ва фақатгина бошқа Аҳдлашувчи Томонга ва/ёки Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудидан ва ҳудудида авиаташув хизматларини кўрсатаётган авиакорхона(лар)га нисбатан йўналтирилган бўлади. Бундай ҳаракат ушбу Битимнинг 19-моддасида кўзда тутилган низоларни ҳал этиш тартибига асосан кўриб чиқиш учун сабаб бўлмайди.
Адолатсиз рақобат
5. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхоналарининг авиаташув хизматларини тақдим қилиши чогида уларнинг адолатли ва тенг имкониятлардаги рақобатига зарарли таъсир этадиган ҳар қандай шаклдаги камситишлар ва адолатсиз ҳаракатларни бартараф этиши лозим.
Давлат субсидиялари ва қўллаб-қувватлаш
6. Ҳеч бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг авиакорхоналарига давлат субсидиялари ёки кўмак бермаслиги ёхуд бундай субсидия ёки кўмак берилишига рухсат бермаслиги лозим, башарти улар бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхоналарига ҳаво кемалари қатновларини амалга оширишда адолатли ва тенг имкониятлар яратишга асоссиз равишда ва кескин салбий таъсир қилса. Ушбу давлат субсидиялари ёки қўллаб-қувватлаш ўзида қуйидагиларни жам қилиши, лекин улар билан чекланмаслиги мумкин: кесишадиган субсидиялар, эксплуатация йўқотишларининг ўзаро ҳисоби, капитал, грант, кафолат, кредит ёки суғуртани имтиёз асосида тақдим қилиш, банкротликдан ҳимоя қилиш, қопланиши лозим бўлган тўловлардан ва инвестиция қилинган бюджет маблағларини чиқариб олишдан ҳамда солиқ тўлашдан озод этиш ёки солиқ имтиёзлари бериш, давлат органлари томонидан ўрнатилган молиявий мажбуриятлар учун олинадиган солиқ компенсациялари; камситган ҳолда ёки нотижорий равишда аэронавигация ёки аэропорт хизматларини кўрсатиш, ёқилғи таъминоти, ер усти хизматини кўрсатиш, хавфсизликни таъминлаш, компьютер орқали бронлаш тизими, слотларни тақсимлаш ва келишилган қатновлардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа тегишли хизматларга рухсат этиш.
7. Аҳдлашувчи Томон авиакорхонага юқоридаги 6-бандда келтирилган давлат субсидияларини тақдим қилса ёки уни қўллаб-қувватласа, у бундай чоралар очиқлигини ҳар қандай тарзда, шу жумладан авиакорхона ҳисобварақларида аниқ ва алоҳида ифода этилишини таъминлаши лозим.
8. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон талабига мувофиқ оқилона муддатда биринчи Аҳдлашувчи Томон қонунчилиги остидаги юридик шахсларга оид молиявий ҳисоботларни ва ушбу модда талаблари бажарилаётганлигини кафолатлайдиган иккинчи Аҳдлашувчи Томон асосли равишда талаб қилган бошқа ҳар қандай керакли ахборотни тақдим этади. Бу юқоридаги 6-банд мазмун моҳиятидан келиб чиқадиган субсидия ва қўллаб-қувватлашга оид батафсил ахборотни ўз ичига олиши мумкин. Аҳдлашувчи Томоннинг мурожаати асосида тақдим этилган маълумотлар махфий ахборот сифатида фойдаланилиши мумкин.
9. Мутасадди рақобат органи ва/ёки суд томонидан жорий қилинган 5- ва 6-бандларда кўрсатилган қоидаларга риоя қилиш бўйича ҳар қандай ҳаракатга дахл қилмаган ҳолда:
а) агар бир Аҳдлашувчи Томон авиакорхонага нисбатан 5- ва 6-бандлар мазмунидан келиб чиқадиган кўрсатилган камситилиш ёки адолатсиз амалиёт қўлланилганлигини аниқласа ва исботласа, ўз эътирозларини ёзма равишда бошқа Аҳдлашувчи Томонга тақдим этиши мумкин. Бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни огоҳлантиргандан сўнг унинг ҳудудидаги масъул давлат органларига, шунингдек марказий, минтақавий ёки маҳаллий миқёсдаги органларга мазкур моддага оид масалаларни муҳокама қилиш учун мурожаат этиши мумкин. Бундан ташқари, Аҳдлашувчи Томон ушбу масалани ҳал қилиш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар сўровнома олинган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ичида бошланиши лозим. Шунингдек, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг мурожаати бўйича кўтарилган масалани тўлиқ таҳлил қилиш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар етарлича ахборот алмашишлари лозим.
b) агар Аҳдлашувчи Томонлар юқоридаги 5- ёхуд 6-бандлар қоидаларининг бузилиши бўйича маслаҳатлашувлар бошланганидан сўнг ўттиз (30) кун ичида бир тўхтамга кела олмасалар ёки бундай маслаҳатлашувлар сўровнома олинган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ичида ўтказилмаса, маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилган Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхонаси(лари)га берилган хизмат кўрсатиш ҳуқуқини рад этиши, бекор қилиши, тўхтатиб қўйиши ёки қайтиб олиши ёхуд шундай ҳуқуқларни бажариш борасида керакли ҳисобланган талаблар ва мажбуриятларни қўйиши ёхуд бошқа чораларни кўриш орқали мазкур Битимда кўрсатилган эксплуатация рухсатномасини тўхтатиб туриши мумкин. Мазкур бандга мувофиқ кўрилган ҳар қандай чоралар тўғри ва мутаносиб ҳамда бундай чоралар қатъиян зарурийлиги кўлами ва давомийлигига мувофиқ равишда чекланган бўлиши лозим.
Монополияга қарши қоидалар
10. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон 2-бандга асосан монополияга қарши қонунларни қўллаши лозим ва авиакорхона(лар)га:
а) Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига/дан амалга оширилаётган ҳаво кемалари қатновларига таъсир қилиши мумкин бўлган ва рақобатни бартараф этиш, чеклаш ёки йўқ қилишга йўналтирилган бошқа ҳар қандай авиакорхона билан шартнома имзолаш, қарорлар қабул қилиш ёки ўзаро муомалага киришишни тақиқлайди. Бундай шартномалар, қарорлар ёки амалиёт ўз навбатида хизматлар кўрсатилиши ёки кенгайиши ёхуд техник ёки иқтисодий ривожланиш, шунингдек истеъмолчиларга олинаётган фойданинг адолатли улушига эга бўлишга имкон бериши билан боғлиқ омиллар яхшиланишига ҳисса қўшса, ушбу тақиқ қўлланилмаслиги эълон қилиниши мумкин ва бунда: (а) ушбу мақсадларга эришишда бундай чекловларни татбиқ этилмаслик имкони бўлса, улар авиакорхоналарга нисбатан қўлланилмайди; (b) бундай авиакорхоналарга тегишли хизматларнинг асосий қисмига нисбатан рақобатни бартараф қилиш имкони берилмайди, ҳамда
b) Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига/дан амалга оширилаётган ҳаво кемалари қатновларига таъсир этувчи устун мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолларини тақиқлайди.
11. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон юқоридаги 10-бандда кўрсатилган монополияга оид қоидалар қўлланилишини фақатгина ўзининг мустақил тегишли идораси ва/ёки судига топшириши лозим.
12. Агар бир Аҳдлашувчи Томон авиакорхонаси юқоридаги 10-банд қоидалари бузилганлиги оқибатида зарар кўраётганлигини аниқласа ва буни исботлаб берса, 10-бандда белгиланган қоидаларга риоя қилишга оид тегишли идора ёки суд томонидан қўлланиладиган ҳар қандай ҳаракатларга дахл қилмаган ҳолда, бошқа Аҳдлашувчи Томонга ёзма равишда эътироз билдириши мумкин. Бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни огоҳлантиргандан сўнг унинг ҳудудидаги масъул давлат органларига, шунингдек марказий, минтақавий ёки маҳаллий, миқёсидаги органларга мазкур моддага оид масалаларни муҳокама қилиш учун мурожаат этиши мумкин. Бундан ташқари, Аҳдлашувчи Томон ушбу масалани ҳал қилиш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар сўровнома олинган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ичида бошланиши лозим. Шунингдек, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг мурожаати бўйича кўтарилган масалани тўлиқ таҳлил қилиш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар етарлича ахборот алмашишлари лозим.
13.Агар Аҳдлашувчи Томонлар 10-банд қоидаларининг бузилиши бўйича маслаҳатлашувлар бошлангандан сўнг ўттиз (30) кун ичида бир тўхтамга кела олмасалар ёки музокаралар сўровнома олинган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ичида ўтказилмаса, ва тегишли орган ёки суд монополияга оид қоидалар бузилган деб топса, маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилган Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхонасига берилган хизмат кўрсатиш ҳуқуқини рад этиши, бекор қилиши, тўхтатиб қўйиши ёки қайтиб олиши ёхуд шундай ҳуқуқларни бажариш борасида керакли ҳисобланган талаблар ва мажбуриятларни қўйиши ёхуд бошқа чоралар кўриш орқали мазкур Битимда кўрсатилган эксплуатация рухсатномасини тўхтатиб туриши мумкин. Мазкур бандга мувофиқ кўрилган ҳар қандай чоралар тўғри ва мутаносиб ҳамда бундай чоралар қатъиян зарурийлиги кўлами ва давомийлигига мувофиқ равишда чекланган бўлиши лозим.
7-модда
Қонун ҳужжатлари ва қоидаларнинг қўлланилиши
Қонун ҳужжатлари ва қоидаларнинг қўлланилиши
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг халқаро ҳаво кемалари қатновларига жалб қилинган ҳаво кемасининг ёки ушбу давлат ҳудудида ҳаво кемасининг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ ҳолда унинг ҳудудига учиб келиши ва учиб кетишини назорат қилувчи қонун ҳужжатлари бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхоналари ҳаво кемаларига нисбатан қўлланилади.
2. Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига йўловчилар, экипаж аъзолари, багаж, почта ва юкнинг кириши, ҳаракатланиши, у ерда бўлиши ва чиқишини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари, шунингдек мамлакатга кириш-чиқиш, иммиграция, божхона ва санитария қоидалари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарига нисбатан қўлланилади.
3. Мазкур модданинг 1- ва 2-бандларида кўрсатиб ўтилган қонун ҳужжатлари ва қоидалар бундай ҳаво кемалари халқаро қатновларини амалга оширишга жалб қилинган миллий ҳаво кемалари, шунингдек йўловчи, багаж, юк, экипаж аъзолари ва почта ташиш учун қўлланиладиган қоидалари билан бир хилдир.
8-модда
Сертификат ва рухсатномаларни тан олиш
Сертификат ва рухсатномаларни тан олиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг, Франция ҳолатида эса Европа Иттифоқи қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ёки ҳақиқий деб тан олинган ва амал қилиш муддати ўтмаган учишга яроқлилик сертификатлари, эксплуатант сертификатлари ва рухсатномалари ушбу Битим Иловасида белгиланган йўналишларда келишилган қатновларни амалга ошириш мақсадида, агар бундай сертификат ва рухсатномалар берилиши ёки ҳақиқий деб тан олиниши учун асос бўлган талаблар Конвенцияда белгиланган минимал стандартларга тенг ёки улардан юқорироқ бўлган тақдирда бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан ҳақиқий деб тан олинади.
2. Бироқ, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон фуқароларига унинг ҳудудидан учиб ўтиш ёки ҳудудида қўниш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томон берган эксплуатант сертификатлари ва рухсатномаларнинг ҳақиқийлигини тан олишни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
9-модда
Парвозлар хавфсизлиги
Парвозлар хавфсизлиги
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда авиация хизматлари, экипаж, ҳаво кемаси ёки уларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон қабул қилган парвоз хавфсизлиги стандартлари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисида мурожаат қилиши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар мурожаат қилинган санадан бошлаб ўттиз (30) кун мобайнида ўтказилади.
2. Агар бундай маслаҳатлашувлар натижасида Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томон 1-бандда кўрсатилган йўналишларда хавфсизлик стандартларини, ҳеч бўлмаганда Конвенцияда белгиланган минимал стандартларни таъминламаётганлигини аниқласа, бошқа Аҳдлашувчи Томонни бундай хулосалар ва ўша минимал стандартларга риоя этиш юзасидан зарур ҳаракатларни амалга ошириши бўйича чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилади, бошқа Аҳдлашувчи Томон эса камчиликларни тузатиш бўйича тегишли чораларни кўради. Бошқа Аҳдлашувчи Томон тегишли чора-тадбирларни ўн беш (15) кун давомида ёки бошқа келишилган муддат мобайнида амалга ошира олмаслиги мазкур Битимнинг 4-моддасини татбиқ этишга сабаб бўлиши мумкин.
3. Конвенциянинг 33-моддасида эслатиб ўтилган мажбуриятларга қарамасдан, бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонаси ёки авиакорхоналари томонидан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига/дан ҳаво қатновлари учун фойдаланилаётган ёки ижара асосида фойдаланилаётган ҳар қандай ҳаво кемаси бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида унинг ваколатли вакиллари томонидан ҳаво кемаси ва экипажи ҳужжатларининг ҳақиқийлиги, шунингдек ҳаво кемаси ҳамда асбоб-ускунасининг тегишли ҳолатдалигини аниқлаш мақсадида текширувдан (мазкур моддада бундай текширув перрон текшируви деб юритилади) ўтказиши мумкин, башарти бундай текширув асоссиз кечиктирувга олиб келмаса.
4. Агар бундай перрон текшируви ёки текширувлари натижасида:
а) ҳаво кемаси ёки ҳаво кемасининг эксплуатацияси Конвенцияга мувофиқ ўша пайтда амалда бўлган минимал стандартларга жавоб бермаслиги тўғрисида жиддий хавотир туғилса; ёки
b) Конвенцияга мувофиқ ўша пайтда ўрнатилган хавфсизлик стандартларини самарали таъминланиши ва уларга риоя этилишида камчилик борлиги жиддий ташвишга солаётган бўлса,
Текширув ўтказаётган Аҳдлашувчи Томон Конвенциянинг 33-моддасига мувофиқ ушбу ҳаво кемаси ёки унинг экипажига тегишли бўлган амалдаги сертификат ёки рухсатномаларга қўйилган талаблар, ёки шу ҳаво кемасидан фойдаланишга қўйилган талаблар Конвенцияда белгиланган стандартларнинг минимал даражасига тенг ёки улардан юқорироқ эмас деган хулоса чиқаришда эркин бўлади.
5. Агар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонаси ёки авиакорхоналари томонидан фойдаланилаётган ҳаво кемасининг ушбу модданинг 3-бандига мувофиқ перрон текширувини ўтказишга шу авиакорхона ёки авикорхоналарнинг вакили йўл қўймаса, бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 4-бандида таърифланган жиддий хавотир мавжуд деган фикрга келиши ва шу банд асосида тегишли хулоса чиқаришда эркин бўлади.
6. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон, агар биринчи Аҳдлашувчи Томон перрон текшируви ёки бир неча перрон текширувларини ўтказиш, перрон текшируви ўтказишни рад қилиш, маслаҳатлашувлар ёки бошқа музокаралар натижасида авиакорхона ёки авиакорхона фаолияти хавфсизлиги учун тезкор чоралар кўрилиши лозим деган хулосага келса, бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхонаси ёки авиакорхоналарига берилган рухсатномани дарҳол тўхтатиш ёки ўзгартириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
8. Тартибга солиш назорати Европа Иттифоқи аъзо-давлати томонидан амалга ошириладиган ва таъминланадиган авиакорхонани Франция Республикаси тайинласа бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг бу борадаги ҳуқуқлари бошқа Европа Иттифоқи аъзо-давлати томонидан хавфсизлик стандартларининг қабул қилиниши, қўлланилиши ёки таъминланишига нисбатан ҳам ва шу авиакорхонага берилган рухсатномага нисбатан ҳам бир хилда қўлланилади.
10-модда
Авиация хавфсизлигини таъминлаш
Авиация хавфсизлигини таъминлаш
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига мувофиқ фуқаро авиацияси хавфсизлигини ғайриқонуний аралашувлардан ҳимоя қилиш бўйича ўзаро мажбурияти ушбу Битимнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайдилар. Халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларининг умумий қўлланилишини чекламаган ҳолда, Аҳдлашувчи Томонлар хусусан 1963 йил 14 сентябрда Токиода имзоланган Ҳаво кемасида содир этиладиган жиноятчилик ва бошқа ҳаракатлар тўғрисидаги Конвенция, 1970 йил 16 декабрда Гаагада имзоланган Ҳаво кемаларининг ғайриқонуний равишда эгаллаб олинишига қарши кураш тўғрисидаги Конвенция, 1971 йил 23 сентябрда Монреалда имзоланган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига қарши ноқонуний ҳаракатларга қарши кураш тўғрисидаги Конвенция, 1971 йил 23 сентябрда Монреалда қабул қилинган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига қарши ноқонуний ҳаракатларга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияга қўшимча қилиб киритилган 1988 йил 24 февралда Монреалда имзоланган Халқаро фуқаро авиациясига хизмат кўрсатаётган аэропортларда ғайриқонуний куч ишлатиш ҳаракатларига қарши кураш тўғрисидаги Баённома ва 1991 йил 1 мартда Монреалда имзоланган Топиш мақсадида пластик бомбаларни маркировка қилиш тўғрисидаги Конвенция қоидаларига ҳамда ҳар икки Аҳдлашувчи Томон иштирокида имзоланган фуқаро авиацияси хавфсизлигини тартибга солувчи кўп томонлама битимлар қоидаларига мувофиқ иш олиб борадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар илтимосномага кўра ҳаво кемасини ғайриқонуний қўлга олишнинг ҳамда ҳаво кемасига, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига, аэропортлар ва аэронавигация воситаларига, шунингдек фуқаро авиацияси хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда бир-бирларига барча зарурий ёрдамни кўрсатадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти томонидан ва Конвенция Иловасида ўрнатилган авиация хавфсизлиги бўйича қоидаларга асосан фаолият олиб борадилар, башарти бундай қоидалар Аҳдлашувчи Томонларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлса; уларнинг ҳудудида рўйхатдан ўтган ёхуд Аҳдлашувчи Томонлар давлати ҳудудида қатъий тижорат жойи ёки бош офиси жойлашган ёхуд Франция Республикаси ҳолатида, Европа Иттифоқи шартномаларига мувофиқ унинг ҳудудида таъсис этилган ҳаво кемалари эксплуатантларидан Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқ амалда бўлган эксплуатация рухсатномасига эгалигини талаб қиладилар ва ўзларининг ҳудудларидаги аэропорт операторлари бундай хавфсизлик қоидаларига мувофиқ фаолият кўрсатадилар.
4. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон юқоридаги бандда таъкидланган бир Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемалари эксплуатантларидан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига кириш, чиқиш ёки у ерда вақтинчалик бўлиш билан боғлиқ авиация хавфсизлиги шартларига амал қилиши талаб этилишига розилик билдиради. Ҳаво кемалари эксплуатантларидан Франция Республикасидан учиб кетиш ёки унинг ҳудудида бўлиш вақтида ушбу давлатда ўрнатилган авиация хавфсизлиги қоидаларига амал қилиши талаб этилади. Ҳаво кемалари эксплуатантларидан Франция Республикасидан учиб кетиш ёки унинг ҳудудида бўлиш вақтида Европа Иттифоқининг авиация хавфсизлиги бўйича қоидаларига ҳамда Франциянинг ушбу соҳада амалдаги тартиб-қоидаларига риоя қилиниши талаб этилади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида ҳаво кемаларини ҳимоя қилиш ва ҳаво кемасига чиқиш ёки юкларни ортишдан олдин/давомида йўловчилар, экипаж, юк ва саҳн захираларини текшириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон, шунингдек муайян хавф мавжуд ҳолатларда хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус чоралар кўриш тўғрисидаги бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳар қандай мурожаатини хайрихоҳлик билан кўриб чиқади.
5. Агар фуқаро ҳаво кемасини ноқонуний қўлга киритиш ҳодисаси ёки ушбу ҳодиса содир бўлиш хавфи мавжуд бўлса, ёки бундай ҳаво кемасига, унинг йўловчиларига ва экипаж аъзоларига, аэропортларга ва аэронавигация воситаларига қарши қаратилган бошқа ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилса, Аҳдлашувчи Томонлар алоқаларни енгиллаштириш йўли билан ёки бундай ҳодисани ёхуд хавфни тезда ва муваффақиятли олдини олиш мақсадида бошқа тегишли чоралар кўриш орқали бир-бирларига ёрдам берадилар.
6. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг авиация хавфсизлигига оид қоидаларига риоя қилмаётганлиги ҳақида хулосага келиши учун етарлича асоси бўлса, бу Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томондан қисқа муддатларда маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қилиши мумкин.
7. Талаб тушгандан сўнг ўн беш (15) кун ичида керакли келишувга эришилмаса, ушбу Битимнинг 4-моддасига дахл қилмаган ҳолда, иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг авиакорхоналарига берилган эксплуатация ёки техник рухсатномаларни тўхтатиш, бекор қилиш, чеклаш ёки улардан фойдаланишда қўшимча шартлар киритиш ҳақида қарор чиқариш учун асос бўлади.
8. Шошилинч ва фавқулодда хавф туфайли зарурият тугилганда, Аҳдлашувчи Томон ўн беш (15) кунлик муддат ўтишидан олдин вақтинчалик чоралар кўриши мумкин.
9. Юқоридаги 7-бандга мувофиқ қўлланилган барча чоралар, бошқа Аҳдлашувчи Томон мазкур модда қоидаларига риоя қилиши билан давом эттирилмайди.
11-модда
Фойдаланувчилардан ундириладиган йиғимлар
Фойдаланувчилардан ундириладиган йиғимлар
1. Бир Аҳдлашувчи Томон тегишли маъмуриятлари ёки органлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасидан ёки авиакорхоналаридан аэропорт воситалари ва хизматлари, парвоз хавфсизлиги, авиация хавфсизлиги, аэронавигация ва бошқа уларнинг назоратида бўлган воситаларидан фойдаланганликлари учун олиши мумкин бўлган йиғимлар адолатли, оқилона бўлиши ва камситиш асосида бўлмаслиги ҳамда турли тоифадаги фойдаланувчилар ўртасида адолатли тақсимланиши лозим. Улар бундай хизматлар ва воситалардан фойдаланганлик учун шу каби ёки шунга ўхшаш халқаро авиаташувларни амалга ошираётган бошқа авиакорхонадан олинаётган йиғимлардан юқори бўлмаслиги лозим.
2. Бундай йиғимлар аэропорт хизматлари, шунингдек парвоз хавфсизлиги, авиация хавфсизлиги ва аэронавигацияни таъминлашга сарфланган умумий харажатларнинг оқилона ҳиссасини акс эттириши, лекин улардан юқори бўлмаслиги лозим. Йиғим олинаётган хизматлар ва воситалар тежамли ва самарали равишда кўрсатилиши лозим. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон маъмуриятлари ва тегишли органлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасини ёки авиакорхоналарини бундай йиғимларга ҳар қандай муҳим ўзгартиришлар киритилиши тўғрисида хабардор қилади; бундай хабарнома ўзгартириш кучга кирмасдан аввал оқилона муддат ичида юборилиши лозим. Йиғимларнинг оширилиши ҳолларида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлати ўз ҳудудида маъмуриятлар ёки тегишли органлар билан мазкур хизмат ва воситалардан фойдаланаётган авиакорхоналар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилишини қўллаб-қувватлайди.
12-модда
Божхона йиғимлари ва солиқлар
Божхона йиғимлари ва солиқлар
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси томонидан келишилган қатновларда фойдаланиладиган ҳаво кемалари, шунингдек одатий саҳн жиҳозлари (ҳаво кемасининг эксплуатация қилинишида фойдаланиладиган зарурий жиҳозлар), ёнилғи захиралари, мойлаш хом ашёлари ва ҳаво кемаларининг саҳн захиралари (шу жумладан озиқ-овқат, ичимликлар, тамаки маҳсулотлари) ўзаролик асосида амалдаги қонунчиликка мувофиқ барча импорт чекловларидан, мол-мулк ва капитал солиқларидан, божхона божидан, махсус солиқ ва йиғимлардан ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида олинадиган шу каби йиғим ва бошқа солиқлардан, ушбу жиҳоз ва захиралар ҳаво кемалари саҳнида уларни қайта олиб чиқиб кетгунга қадар қолиши шарти билан озод этилади.
2. Шунингдек, кўрсатилган хизматлар учун олинадиган йиғимлардан ташқари, қуйидагилар божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод этилади:
а) ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси келишилган қатновларда фойдаланиладиган ҳаво кемасининг саҳнига олинган ва унда фойдаланиш учун мўлжалланган ушбу Аҳдлашувчи Томон маъмуриятлари ўрнатган чекловлар миқдоридаги саҳн захиралари;
b) бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси томонидан келишилган қатновларда фойдаланиладиган ҳаво кемасига техник хизмат кўрсатиш ёки уни таъмирлаш учун олиб кирилган эҳтиёт қисмлари;
с) бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси томонидан келишилган қатновларда фойдаланиладиган ҳаво кемаси саҳнига олинган ва унда ишлатиш учун мўлжалланган ёнилғи ва мойлаш ашёлари, ҳатто мазкур захиралар ҳаво кемаси саҳнига олинган Аҳдлашувчи Томон ҳудуди миқёсида ишлатилган тақдирда ҳам;
d) авиакорхонанинг белгиси бўлган барча турдаги босма материаллар, чипталар, юк хати ва тайинланган авиакорхоналар томонидан текинга тарқатиладиган материаллар.
3. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳаво кемаси саҳнидаги одатий саҳн жиҳозлари, шунингдек эҳтиёт қисмлар ва саҳн захиралари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида фақатгина мазкур Аҳдлашувчи Томон божхона органларининг розилиги билан туширилиши мумкин. Бундай ҳолатда улар Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона қонунчилигига мувофиқ олиб чиқилгунига ёки бошқа мақсадларга йўналтирилгунига қадар юқорида қайд этилган органларнинг назорати остида бўлади.
4. Ушбу моддада қайд этилган истиснолар Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари бошқа авиакорхоналар билан иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида мазкур моддада кўрсатилган одатий жиҳозлар ва ўзга ашёларни қарзга олиш ёки уларни ўтказиш каби келишувлар тузган ҳолатларда ҳам бир хил имтиёзлар қўлланиши шарти билан татбиқ этилади.
5. Ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан транзит орқали ўтаётган йўловчилар ва уларнинг багажларини назорат қилиш иккала Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади. Бевосита транзит орқали ўтаётган багаж ва юклар божхона тўловлари ва бошқа турдаги йиғимлардан озод қилинади.
6. Мазкур моддада қайд этилган истиснолар Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг божхона қонунчилигида белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ тақдим этилади.
7. Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқ мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида Франция Республикасига Ўзбекистон Республикаси тайинланган авиакорхонасининг Франция Республикаси ҳудудидаги бир манзилдан унинг ёки бошқа Европа Иттифоқига аъзо-давлатнинг ҳудудидаги иккинчи манзилга парвозларни амалга ошираётган ҳаво кемасида ишлатиш учун унинг ҳудудида етказиб берилган ёнилғи учун адолатли равишда солиқлар, йиғимлар, божлар ёки тўловлар ундиришга тўсқинлик қилмайди.
8. Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида Ўзбекистон Республикасига Франция Республикаси тайинлаган авиакорхонасининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги бир манзилдан унинг ҳудудидаги иккинчи манзил орасида парвозларни амалга ошираётган ҳаво кемасида ишлатиш учун унинг ҳудудида етказиб берилган ёнилғи учун адолатли равишда солиқлар, йиғимлар, божлар ёки тўловлар ундиришга тўсқинлик қилмайди.
13-модда
Ҳажм
Ҳажм
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналарига ушбу Битимда белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновларни амалга ошириш учун адолатли ва тенг имкониятлар яратиб берилади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари тақдим этадиган парвозлар такрорийлиги, ташувлар ҳажми ва ҳуқуқи Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ўртасида келишилган бўлиши лозим.
3. Аҳдлашувчи Томонлар тайинлаган авиакорхоналари парвозлар бошланишидан камида ўттиз (30) кун олдин парвоз жадвалларини тасдиқлаш учун иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятларига тақдим этиши лозим. Жадвалларни тасдиқлаш учун авиакорхоналар парвозлар такрорийлиги, жадваллар, ҳаво кемаси тури ва конфигурацияси ҳамда йўловчилар ўрнининг миқдори тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олувчи ташувлар дастурини тақдим этишлари лозим.
4. Тасдиқланган жадвалга киритиладиган ҳар қандай кейинги ўзгартиришлар тасдиқлашга тақдим этилиши лозим.
5. Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг бир ёки ундан ортиқ авиакорхоналари амалга ошираётган хизматларини ушбу моддада кўзда тутилган принциплар ва мажбуриятларга мувофиқ эмас деб ҳисобласа, мазкур ҳолатни аниқлаш ва биргаликда тегишли ҳаракатларни белгилаб олиш мақсадида ушбу Битимнинг 18-моддасига мувофиқ маслаҳатлашувлар ўтказилишини талаб қилиши мумкин.
14-модда
Тарифлар
Тарифлар
1. Мазкур Битимга мувофиқ келишилган қатновлардаги халқаро ташувлар учун белгиланган тарифлар эксплуатация харажатлари, хизмат кўрсатиш шартлари, фойдаланувчилар манфаатлари, оқилона фойда ва бозор билан боғлиқ бошқа кўрсаткичларни ўз ичига олувчи барча тегишли омилларни инобатга олган ҳолда Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг авиакорхоналари томонидан оқилона даражада эркин белгиланади.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайси бири рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига дахл қилмаган ҳолда ҳар қайси Аҳдлашувчи Томонда қўлланилаётган бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхонаси томонидан мазкур Битимда назарда тутилган хизматлар бўйича халқаро ташувлар учун ундирилиши таклиф этилган тарифнинг тайинланишига ёки унинг муддатини узайтиришга тўсқинлик қилиш бўйича бир томонлама ҳаракат олиб бормаслиги лозим. Аҳдлашувчи Томонларнинг аралашуви қуйидагилар билан чекланиши лозим:
а) асоссиз камситувчи нарх ёки ҳаракатларнинг олдини олиш;
b) истеъмолчиларни устун мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ асосланмаган юқори ёки чегараловчи тарифлардан ҳимоя қилиш;
с) авиакорхоналарни бевосита ёки билвосита субсидия ёки қўллаб-қувватлаш орқали нархларнинг сунъий пасайтирилишидан ҳимоя қилиш;
d) авиакорхоналарни рақобатни бартараф этишга қаратилган нархларнинг сунъий пасайтирилишидан ҳимоя қилиш, башарти бунда аниқ далил мавжуд бўлса.
3. Агарда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг авиация маъмуриятлари алоҳида тарифлар мазкур модданинг 2а, 2b, 2с ва 2d-бандларида кўрсатилган тоифага тушади деб ҳисобласа, у қисқа муддат ичида ушбу ҳолатнинг унга маъқул эмаслиги тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятлари ва тегишли авиакорхонага хабарнома юбориши ҳамда мазкур модданинг 4-бандида кўрсатилган тартибга асосан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин.
4. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятларидан ушбу бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхонаси биринчи Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига ёки ҳудудидан амалга ошираётган халқаро ташувларга нисбатан қўлланилаётган ҳар қандай тарифлар, шунингдек қаноатлантирмаслиги тўғрисида хабарнома юборилган тарифларни ўз ичига олган ҳолатларга оид маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Бу каби маслаҳатлашувлар сўровнома олингандан сўнг ўттиз (30) кундан кечиктирилмасдан ўтказилиши лозим. Аҳдлашувчи Томонлар масаланинг оқилона ҳал этилиши учун зарур ахборотларни ҳимоя қилишда ҳамкорлик қиладилар. Агар қаноатлантирмаётган тариф бўйича келишувга эришилса, Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари бундай келишувнинг кучга кириши учун барча чора-тадбирларни кўрадилар. Агар бундай ўзаро келишувга эришилмаса, тариф кучга кирган ёки амал қилиши давом этган ҳисобланади.
15-модда
Тижорий имкониятлар
Тижорий имкониятлар
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг авиакорхоналари ўзаролилик принципи асосида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ўз идораларини очиш ва вакилларини тайинлаш, шунингдек келишилган қатновларни амалга ошириш учун зарур бўлган тижорий, эксплуатацион ва техник ходимлар сақлашлари мумкин.
2. Ходимларга бўлган эҳтиёж Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг тайинланган авиакорхоналари хоҳишига кўра ўзларининг ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудидан учишларни амалга оширувчи ва шу Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида бу каби парвозларни амалга ошириш учун рухсатномага эга ҳар қандай бошқа ваколатли ташкилот, компания ёки авиакорхона ходимлари ҳисобидан қондирилиши мумкин.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонаси ёки авиакорхоналарининг тегишли ходимларига ўзаролилик асосида ўз ҳудудида аэропортга ва бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасининг ҳаво кемалари қатновлари, экипажи, йўловчилари, юкларига хизмат кўрсатиладиган ҳудудларга киришга рухсат беради.
4. Алоҳида ҳолатларда ходимларнинг фавқулодда ва вақтинчалик бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига кириши ёки у ерда бўлишлари учун ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб қилинадиган рухсатнома, виза ва бошқа ҳар қандай ҳужжат бериш масаласи бундай ходимларнинг ушбу давлат ҳудудига киришларини кечиктирмаслик учун қисқа муддатларда кўриб чиқилиши лозим.
5. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон қонунчилигига мувофиқ, шунингдек Францияга нисбатан Европа Иттифоқи қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳар бир авиакорхона бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ўз ер усти хизматини кўрсатиш (ўз-ўзига хизмат кўрсатиш) ёки ўз хоҳишига кўра ер усти хизматини қисман ёхуд тўлиқ кўрсатилишини амалга оширувчи ўзаро рақобатчи таъминотчилар ичидан бирини ёки бир нечтасини танлаш ҳуқуқига эга. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати ҳудудида ер усти хизматларига нисбатан қўлланиладиган қонун ва қоидалар тайинланган авиакорхоналарга ўзларига тегишли хизматларни амалга ошириш ёки бундай хизматлар бўйича шартномалар тузишига тўсқинлик қилса ёки чекласа, ҳар бир тайинланган авиакорхона ўзига шундай хизмат кўрсатишда ва бошқа таъминотчи ёки таъминотчилар кўрсатадиган ер усти хизматларидан фойдаланишда камситилмасликлари лозим.
6. Халқаро ташувларда банд бўлган бошқа авиаташувчиларга нисбатан ўзаролилик ва камситмаслик асосида Аҳдлашувчи Томонларнинг авиакорхоналари иккала Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудларида бевосита ёки агент орқали ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон қонунчилигига мувофиқ ҳар қандай пул бирлигида авиаташувларни сотиш ҳуқуқига эга.
7. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонаси авиачипта сотилган ҳудуддан ушбу авиакорхона жойлашган ҳудудга авиачипта сотилган ҳудудида харажатлардан ташқари олинган даромадлар қийматини эркин ўтказиш ҳуқуқига эга. Бундай трансфер бевосита ёки агент орқали авиаташувларни сотиш, ёрдамчи ёки қўшимча хизматлардан олинган даромадни ва бундай даромадлардан олинган ва трансферни амалга оширгунга қадар депозитга киритилган оддий фоизларни ўз ичига олади.
8. Пул маблағларини ўтказиш ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида амалдаги солиқ мажбуриятларини бузмаган ҳолда амалга оширилади.
9. Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналарига маблағларни белгиланган муддатларда сўровнома вақтида амалда бўлган расмий айирбошлаш курси бўйича хорижий валютада ўтказиш учун рухсат берилади.
10. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарига халқаро ҳаво кемалари қатновларини амалга ошириш муносабати билан ер усти транспортининг ҳар қандай туридан Аҳдлашувчи Томонларнинг давлат ҳудудидаги ёки учинчи давлатлар ҳудудидаги ҳар қандай манзилдан(га) фойдаланишга рухсат этилади. Авиакорхоналар шахсий ер усти транспортларидан фойдаланишлари ёки тадбирларни амалга оширишни ташкил қилишлари мумкин, шу жумладан ер усти транспорт ташувчилари билан код-шер битими доирасида. Бундай интермодал хизматларнинг комбинациялашган аралаш ҳаво ва ер усти транспорти ташувларини бажариш йўли билан ягона тариф бўйича фақатгина йўловчилар ва юк жўнатувчилар юк ташишга жалб қилинган транспортлар тўғрисида хабардор қилингандагина амалга оширилиши мумкин.
16-модда
Тижорий битимлар
Тижорий битимлар
1. Белгиланган йўналишларда келишилган қатновларни амалга ошириш чоғида, ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари Аҳдлашувчи Томонларнинг хоҳлаган авиакорхонаси билан ёки учинчи давлатнинг тегишли ҳуқуққа эга бўлган авиакорхонаси билан SPA ёки код-шер каби тижорий битимларга киришиши мумкин. Агар учинчи давлатнинг авиакорхонаси бўлса, тегишли учинчи давлат бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхоналари ва бошқа авиакорхоналар ўртасида бундай учинчи давлатга/давлатдан ёки бундай давлат орқали қатновлар учун битимлар тузишга ваколат ёки имкон бериши лозим.
2. Агар тайинланган авиакорхона код-шер битими асосида ташувчи авиакорхона сифатида қатновларни амалга ошираётган бўлса, амалга оширилаётган ҳажмлар бундай авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томон ҳажмларидан чиқариб ташланади.
3. Бошқа авиакорхоналарнинг хизматлари бўйича ҳамкор (маркетинг) авиакорхона сифатида фаолият юритаётган тайинланган авиакорхона томонидан таклиф қилинаётган ҳажм, мазкур авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга тақдим қилинган ҳажмга таъсир қилмаслиги лозим.
4. Ҳавонинг бешинчи эркинлиги ҳуқуқи код-шер битимига асосан йўналишдаги ҳамкор авиакорхоналар томонидан қўлланилмайди.
5. Ҳар қайси Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари код-шер битимига жалб этилган ҳаво кемаларига, уларнинг сони, ҳажми ҳамда ҳаво кемасининг турини чекламасдан, парвозларни тўғри боғловчи рейс кўринишида ташкил этиш шарти билан ташувларни амалга ошириш ҳуқуқини беришлари мумкин.
6. Код-шер битими доирасидаги қатновлар Аҳдлашувчи Томонларнинг одатда бундай хизматларга нисбатан қўлланиладиган йўловчиларнинг ҳимояси ва уларга маълумот, хавфсизлик, жавобгарлик бўйича талаблар ҳамда халқаро ташишларни амалга оширадиган бошқа авиакорхоналарга қўлланиладиган ҳар қандай бошқа талабларга жавоб бериши лозим.
7. Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятига парвозларни амалга оширишни бошлаш таклиф қилинган санадан ҳеч бўлмаганда ўттиз (30) кун олдин парвозлар дастури ва жадвалини кўриб чиқиш ва/ёки тасдиқлаш учун тақдим қилишлари лозим.
17-модда
Статистик маълумотлар
Статистик маълумотлар
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятлари бошқа Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятларининг тегишли сўровномасига биноан Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхоналари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига ёки ҳудудидан келишилган қатновлар доирасида амалга оширган парвозларга оид ахборотлар ёки статистик маълумотлар тақдим этилиши лозим ва улар тайинланган авиакорхоналар ўзларининг авиация маъмуриятларига тайёрлаган ва тақдим этган маълумот ва ахборотлар билан бир хил шаклда бўлиши керак. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг авиация маъмуриятлари бошқа Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятларидан ташувларга оид сўраши мумкин бўлган ҳар қандай қўшимча статистик маълумот Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг сўровномасига асосан ўтказиладиган иккала Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятлари ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинади.
18-модда
Маслаҳатлашувлар ва ўзгартиришлар
Маслаҳатлашувлар ва ўзгартиришлар
1. Яқин ҳамкорлик руҳида Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари мазкур Битим қоидаларининг қўлланилиши ва уларга лозим даражада риоя қилиш масалаларида вақти-вақти билан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Бундай маслаҳатлашувлар Аҳдлашувчи Томон тарафидан сўровнома олинган санадан бошлаб олтмиш (60) кун ичида бошланиши лозим.
2. Агарда Аҳдлашувчи Томонлардан бири мазкур Битим қоидаларидан бирортасини ўзгартиришни лозим деб ҳисобласа, бошқа Аҳдлашувчи Томондан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар Аҳдлашувчи Томонлар авиация маъмуриятлари ўртасида сўровнома келиб тушгандан бошлаб олтмиш (60) кун ичида бошланадиган музокаралар ёки ёзишмалар орқали амалга оширилиши мумкин. Шу тарзда келишилган ҳар қандай ўзгартиришлар мазкур Битимнинг 23-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
3. Мазкур Битимга ушбу модданинг 2-банди қоидаларига мувофиқ аввалдан келишилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ички давлат процедураларини тугатганлиги тўғрисидаги хабарномалари дипломатик каналлар орқали алмашганидан сўнг кучга киради.
4. Мазкур Битимнинг Иловасига ўзгартиришлар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли авиация маъмуриятлари ўртасида тўғридан-тўғри келишувга мувофиқ киритилади ҳамда дипломатик каналлар орқали ноталар алмашиш йўли билан тасдиқланади. Бундай маслаҳатлашувлар сўровнома келиб тушгандан бошлаб олтмиш (60) кун ичида бошланадиган музокаралар ва ёзишмалар орқали амалга оширилиши мумкин.
19-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
1. Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай низо дастлаб ушбу Битимнинг 18-моддаси қоидаларига мувофиқ ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятлари ўртасида бевосита музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
2. Агарда Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари келишувга эришмасалар, ушбу низо дипломатик маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади. Бундай маслаҳатлашувлар бир Аҳдлашувчи Томон тарафидан сўров олинган санадан бошлаб олтмиш (60) кундан кўп бўлмаган муддат ичида бошланиши лозим.
3. Агарда Аҳдлашувчи Томонлар низони мазкур модданинг 1- ва 2-бандларига мувофиқ музокара йўли билан ҳал этишга эришмасалар, ушбу низо Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига биноан иккала Аҳдлашувчи Томондан биттадан тайинланадиган арбитр ва ушбу тартибда икки тайинланган арбитр томонидан ўзаро келишувга асосан танланган учинчи арбитр таркибидаги уч нафар арбитрлардан иборат ҳакамлик судига мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томондан дипломатик каналлар орқали арбитраж ўтказилиши бўйича сўровнома келиб тушган кундан бошлаб олтмиш (60) кун ичида арбитрни тайинлаши лозим. Учинчи арбитр иккинчи арбитр тайинлангандан сўнг кейинги олтмиш (60) кун ичида тайинланиши лозим. Учинчи арбитр бошқа давлат фуқароси бўлиши лозим ва суд раиси сифатида фаолият олиб боради ҳамда арбитраж ўтказилиш жойини белгилайди. Агарда Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг арбитрларини юқорида қайд этилган муддатларда тайинлай олишмаса, у ҳолда Аҳдлашувчи Томонлардан бири Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти кенгаши Президентидан талаб қилинаётган ҳолатга қараб арбитр ёки арбитрларни тайинлашни сўраши мумкин. Бундай ҳолатда учинчи арбитр учинчи давлат фуқароси бўлиши ва арбитраж судининг раиси сифатида фаолият олиб бориши лозим.
4. Арбитраж суди ўз тартиботларини мустақил белгилайди. Миллий арбитрларнинг харажатларини унинг номзодини кўрсатган Аҳдлашувчи Томон ўз зиммасига олади. Ҳакамлик суди билан боғлиқ бошқа харажатлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тенг тақсимланади.
5. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур модданинг 3-бандига мувофиқ чиқарилган ҳар қандай қарорга риоя қилишлари лозим.
6. Ҳар қандай ҳолатда Аҳдлашувчи Томонлардан бири мазкур модданинг 3-бандига мувофиқ чиқарилган қарорга риоя қилмаса ва риоя қилмасликда давом этса, бошқа Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимга асосан берилган ҳар қандай ҳуқуқ ёки имтиёзни чеклаши, рад этиши ёки бекор қилиши мумкин.
20-модда
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотида рўйхатдан ўтиш
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотида рўйхатдан ўтиш
Ушбу Битим ва унга кейинги киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
21-модда
Кўп томонлама конвенциялар
Кўп томонлама конвенциялар
Иккала Аҳдлашувчи Томон мазкур Битим кучга киргандан сўнг у билан тартибга солинадиган масалаларга тааллуқли кўп томонлама конвенция ёки шартномага қўшилган ҳолларда, мазкур Битимни бундай кўп томонлама конвенция ёки шартнома шартларига мувофиқлаштиришни аниқлаш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимнинг 18-моддасига мувофиқ маслаҳатлашувлар ўтказишади.
22-модда
Битимнинг бекор қилиниши
Битимнинг бекор қилиниши
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимнинг амал қилишини бекор қилиш қарори тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабардор қилиши мумкин. Айни вақтда бундай мазмундаги хабарнома Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига ҳам юборилиши лозим. Бундай ҳолларда Битимнинг амал қилиши бир Аҳдлашувчи Томон хабарномаси бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан олинган кундан бошлаб ўн икки (12) ойдан сўнг бекор қилинади, башарти бу муддат давомида Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишуви асосида бундай хабарнома қайтариб олинмаса. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг бундай хабарномани олганлиги тасдиқланмаса, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти хабарномани олган санадан бошлаб ўн тўрт (14) кун ўтгач у олинган деб ҳисобланади.
23-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарилганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган санадан кейинги иккинчи ойнинг биринчи кунидан бошлаб кучга киради.
Ушбунинг тасдиғи сифатида, ўзларининг ҳукуматлари томонидан тегишлича ваколатланган қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2016 йил 20 июлда ҳар бири ўзбек, француз ва инглиз тилларида икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасидаги хаво кемалари қатнови тўғрисидаги Битимга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Йўналишлар жадвали
I-бўлим
Ўзбекистон Республикаси авиация маъмуриятлари томонидан тайинланган авиакорхоналар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳаво кемалари қатновларини амалга ошириш ҳуқуқига эга:
|
Ўзбекистон Республикасидаги манзиллар |
Оралиқ манзиллар |
Франция Республикасидаги манзиллар |
Ташқи манзиллар |
|
Хоҳлаган манзил ёки манзиллар |
Хоҳлаган манзил ёки манзиллар |
Париж ва икки манзил келишувга асосан |
Хоҳлаган манзил ёки манзиллар |
II-бўлим
Франция Республикаси Авиация маъмуриятлари томонидан тайинланган авиакорхоналар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳаво қатновларини амалга ошириш ҳуқуқига эга:
|
Франция Республикасидаги манзиллар |
Оралиқ манзиллар |
Ўзбекистон Республикасидаги манзиллар |
Ташқи манзиллар |
|
Хоҳлаган манзил ёки манзиллар |
Хоҳлаган манзил ёки манзиллар |
Тошкент ва икки манзил келишувга асосан |
Хоҳлаган манзил ёки манзиллар |
Эслатма:
1. Тайинланган авиакорхоналар бир ёки бир неча манзилларни ўзгартириши ёки Илованинг 1- ва 2-бўлимларида кўрсатилган йўналишлардаги манзилларни тўлиқ ёки қисман тушириб қолдириши мумкин, хусусан, жўнаш манзили авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида бўлса.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари ўзларига қулай бўлиши учун манзилларни 1- ва 2-бўлимларда белгиланган йўналишларда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бирлаштиришлари мумкин.
3. 1- ва 2-бўлимларда кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги манзиллар ҳамда Франция Республикаси ҳудудидаги манзиллар ва ҳар иккала йўналишларда ўрнатилган оралиқ ва ташқи манзиллар ҳавонинг бешинчи эркинлиги ҳуқуқларисиз амалга оширилиши, Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари томонидан эркин танланган бўлиши ва қатновлар амалга оширилишидан 30 кун олдин Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурияти томонидан тақдим қилиниши лозим. Дастлабки танланган манзиллар шу тартибда ўзгартирилиши мумкин.
4. Агар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ўртасида бундай битим тузилиб кучга кирмаса, оралиқ манзиллар ва ташқи манзиллар ҳамда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги манзиллар ўртасида бешинчи эркинлик ҳуқуқи қўлланилмайди.
5. Ҳавонинг бешинчи эркинлиги ҳуқуқи асосида тайинланган авиакорхона томонидан бажарилаётган юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича ташқи ва оралиқ манзиллар кейинчалик Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ўртасидаги битимда кўрсатилади.
6. Йўналишлар жадвалида кўрсатиб ўтилган ҳар икки Аҳдлашувчи Томон ҳудудларидаги икки қўшимча манзиллар авиация маъмуриятлари ўртасида кейинроқ келишилади.