Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
1998 йил 11 февралда Тошкент шаҳрида имзоланган иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Ахдлашувчи Давлатлар» деб аталувчилар),
Корея Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1998 йил 11 февралда Тошкент шаҳрида имзоланган иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенцияга (кейинги ўринларда — «Конвенция») ўзгартиришлар киритиш учун Баённома тузиш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
I модда
Конвенция муқаддимаси чиқариб ташлансин ва қуйидагиларга алмаштирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати,
ўзаро иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва солиқ масалаларида ҳамкорликни кенгайтириш истагида,
солиқларни тўлашдан қочиш ва бош тортиш йўли билан солиққа тортилмаслик ҳамда солиқ солинишини камайтириш имкониятини (жумладан, учинчи давлатлар резидентларининг билвосита манфаатлари учун мазкур Конвенция томонидан такдим этиладиган имтиёзлар берилишига йўл очадиган имкониятларни) яратмаслик учун даромад ва мол-мулк солиқларига нисбатан иккиёқлама солиқ солишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенция тузиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:».
II модда
Конвенция 18-моддасининг (Пенсиялар) мавжуд банди 1-банд деб белгилансин ва қуйидаги янги 2-банд қўшилсин:
«2. 1-банд қоидаларидан қатъи назар, тўланадиган пенсиялар ва Ахдлашувчи Давлатнинг ёки унинг ҳокимиятининг ижтимоий ҳимоя тизими қисми бўлган давлат схемалари орқали тўланадиган бошқа тўловлар, фақат ана шу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади.».
III модда
Конвенциянинг 25-моддаси (Ўзаро келишув тартиблари) 1-банди биринчи жумласи чиқариб ташлансин ва қуйидагиларга алмаштирилсин:
«Агар бир шахс Ахдлашувчи Давлатлардан бири ёки ҳар иккаласининг ҳаракати унга ушбу Конвенция қоидаларига мувофиқ келмайдиган солиқ солинишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин деб ҳисобласа, у ушбу Давлатларнинг ички қонунчилигида назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар, ўз аризасини ҳар қайси Аҳдлашувчи Давлат ваколатли органига тақдим этиши мумкин.».
IV модда
Қуйидаги янги 26А-модда (Солиқларни ундиришда кўмаклашиш) Конвенцияга киритилсин:
«26А-модда
СОЛИҚЛАРНИ УНДИРИШДА КЎМАКЛАШИШ
1. Аҳдлашувчи Давлатлар солиқ даъволарини ундиришда бир-бйрларига ёрдам кўрсатадилар. Ушбу ёрдам 1 ва 2-модда қоидалари билан чекланмайди. Ахдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари мазкур моддани қўллаш усулини ўзаро келишув йўли билан белгилайдилар.
2. Мазкур моддада қўлланилган «солиқ даъвоси» атамаси Аҳдлашувчи Давлатлар ёки уларнинг маҳаллий ҳокимиятлари фойдасига ундириладиган мазкур Конвенцияга ёки Аҳдлашувчи Давлатлар иштирокчиси бўлган бошқа ҳужжатга зид бўлмаган тарзда ҳар қандай тур ва тавсифдаги солиқлар сифатида тўланиши лозим бўлган суммани, шунингдек, бундай суммага тегишли фоизлар, маъмурий жарималар ҳамда ушбу суммани ундириш ёки ундирилишини таъминлаш бўйича харажатларни англатади.
3. Агар Ахдлашувчи Давлатлардан бирига тааллуқли солиқ даъвоси ушбу Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ундирилиши мумкин бўлса ва ушбу Давлатнинг қонунчилигига кўра айни шу пайтда ундирилишига тўсқинлик қила олмайдиган шахс томонидан тўланилиши лозим бўлса, бу ҳолда ушбу Давлатнинг ваколатли органлари сўровномасига биноан бундай даъво мажбурияти бошқа Ахдлашувчи Давлатнинг ваколатли органлари томонидан ундирув учун қабул қилинади. Ушбу солиқ даъвоси бошқа Давлат томонидан, айни мазкур Давлатга тааллуқли солиқ даъвоси каби, унинг ўз солиқларини ундириши учун қўлланадиган қонунчилиги қоидаларига мувофиқ ундириб олинади.
4. Агар Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқ даъвоси уни ундириш учун ушбу Давлат қонунчилигига мувофиқ ундиришни таъминлаш чораларини кўришни тақозо қиладиган мажбурият ҳисобланса, бундай солиқ даъвоси ушбу Давлат ваколатли органининг сўровномаси билан бошқа Ахдлашувчи Давлат ваколатли органи томонидан таъминлаш чораларини кўриш мақсадида қабул қилиниши лозим. Мазкур бошқа Давлат бундай солиқ даъвосига нисбатан, ҳатто ушбу солиқ даъвоси, бундай чораларни қўллаш пайтида биринчи қайд этилган Давлатда солиқ талабини ижро этишнинг имкони бўлмаган ёки унинг ижро этилишига тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга шахс томонидан тўланиши керак бўлган тақдирда ҳам, ушбу бошқа Давлатга тааллуқли бўлганидек, ўз қонунчилиги қоидаларига мувофиқ солиқ даъвосини таъминлаш чораларини кўриши лозим.
5. 3 ва 4-бандларнинг қоидаларидан қатъи назар, Ахдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ, солиқ даъволарига нисбатан шундай даъвонинг хусусиятига кўра мазкур Давлатда қўлланиши мумкин бўлган вақт чекловлари ёки тақцим этилган устуворлик ушбу Давлат томонидан 3 ва 4-бандларда назарда тутилган мақсадлар учун қабул қилинаётган солиқ даъвосига нисбатан қўлланилмайди. Бундан ташқари, Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири томонидан 3 ва 4-бандларда назарда тутилган мақсадлар учун қабул қилинаётган солиқ даъвосига нисбатан ушбу Давлатда бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ устуворликка эга эмас.
6. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирига тааллуқли солиқ даъвосининг мавжудлиги, ҳақиқийлиги ёки унинг миқдори бўйича тартиботлар бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг суд ёҳуд маъмурий органлари муҳокамасига олиб чиқилмайди.
7. Агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бири 3 ва 4-бандларга мувофиқ сўровнома юборганидан сўнг ва бошқа Ахдлашувчи Давлат тегишли солиқ даъвосини ундириб, биринчи қайд этилган Аҳдлашувчи Давлатга ўтказгунга қадар бўлган ҳар қандай вақтда, тегишли солиқ даъвоси:
a) сўровнома 3-бандга мувофиқ юборилганда — биринчи қайд этилган Давлатга тааллуқли, ушбу Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ундирилиши ҳамда шу пайтда ушбу Давлатнинг қонунчилигига кўра уни ундирилишига тўсқинлик қила олмайдиган шахс томонидан тўлаб берилиши лозим бўлган солиқ даъвоси бўлмай қолса; ёки
b) сўровнома 4-бандга мувофиқ юборилганда — биринчи қайд этилган Давлатга тааллуқли, уни ундириш учун ушбу Давлат ўз қонунчилигига мувофиқ таъминлаш чораларини кўриши мумкин бўлган солиқ даъвоси бўлмай қолса;
бу ҳолда биринчи қайд этилган Давлатнинг ваколатли органи бу ҳакда дарҳол бошқа Давлатнинг ваколатли органини хабардор қилади ва биринчи қайд этилган Давлат бошқа Давлатнинг хоҳиши бўйича ўз сўровномасини тўхтатади ёки чақиртириб олади.
8. Ушбу модданинг қоидалари ҳеч бир ҳолатда Ахдлашувчи Давлат зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкланиши сифатида талқин қилиниши мумкин эмас:
а) у ёки бу Ахдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ва маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чораларни кўриш;
b) жамоат тартибига (ordre public) зид бўлган чораларни кўриш;
c) ёрдам кўрсатиш, башарти бошқа Аҳдлашувчи Давлат мавжуд бўлган ҳолат бўйича ўз қонунчилиги ёки маъмурий амалиётида мавжуд бўлган ундириш ёки ундирувни таъминлашга доир барча оқилона чораларни кўрмаган бўлса;
d) кўмаклашаётган Давлат зиммасига тушаётган маъмурий сарф-харажатлар ундирув натижасида бошқа Ахдлашувчи Давлат олиши мумкин бўлган фойдага номутаносиб бўлган ҳолатларда кўмаклашиш.».
V модда
1. Конвенциянинг 28-моддаси (Кучга кириши) ва 29-моддаси (Амал қилишини тугатиш) 29-модда (Кучга кириши) ва 30-модда (Амал қилишини тугатиш) деб қайта рақамлансин.
2. Қуйидаги янги 28-модда (Имтиёзлар берилиши) Конвенцияга қўшилсин:
«28-МОДДА
ИМТИЁЗЛАР БЕРИЛИШИ
ИМТИЁЗЛАР БЕРИЛИШИ
Ушбу Конвенциянинг бошқа қоидаларидан қатъи назар, агар барча тегишли фактлар ва шартларни ҳисобга олган ҳолда, ҳар қандай келишув ёки битимнинг асосий мақсадларидан бири мазкур Конвенция доирасида имтиёз олиш бўлиб ва бевосита ёки билвосита бундай имтиёзни олинишига олиб келган деб хулоса қилишга асос бўлса, бундай даромад ва фойда предметига нисбатан ушбу имтиёзлар тақдим қилинмайди, башарти бундай шартларда ушбу имтиёзларнинг берилиши мазкур Конвенция тегишли қоидаларининг объекти ва мақсадига мувофиқ деб топилмаса.».
VI модда
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар бири дипломатик каналлар орқали мазкур Баённоманинг кучга кириши учун ўз қонунчилигида белгиланган процедураларни бажарилгани ҳақида бошқа Аҳдлашувчи Давлатни хабардор қилади.
2. Мазкур Баённома 1-бандда назарда тутилган хабарномалардан сўнгиси олинган санадан ўттиз кун ўтиб кучга киради ва унинг қоидалари қуйидагиларга нисбатан амал қилади:
a) мазкур Баённома кучга кирган йилдан кейинги тақвим йилининг биринчи январидан бошлаб ёки шу санадан кейин тўланадиган суммалар манбаидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) мазкур Баённома кучга кирган йилдан кейинги тақвим йилининг 1 январидан ёки шу санадан кейин бошланадиган солиқ йили учун бошқа солиқларга нисбатан; ва
c) мазкур Баённоманинг III моддасига нисбатан, Ахдлашувчи Давлатнинг ваколатли органига мазкур Баённома кучга кирган санада ёки ундан кейин, иш юритилаётган солиққа тортиладиган даврни ҳисобга олмаган ҳолда, такдим этилган ишга нисбатан.
Бунинг тасдиғи сифатида тегишли тартибда ваколатга эга бўлган қуйида имзо чекувчилар мазкур Баённомани имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2019 йил 19 апрелда икки нусхада, ўзбек, корейс ва инглиз тилларида тузилди, бунда учала матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар вужудга келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)