Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Йуловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга, икки мамлакат ўртасида ва уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташишни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, шунингдек, давлатлар ўртасида йўловчи ва юкларнинг автомобиль қатновини енгиллаштириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
I. Қўлланилиш соҳаси
1-модда
1. Мазкур Битим қоидалари Томонлардан бирининг давлати ҳудудида руйхатдан ўтган ташувчилар томонидан амалга ошириладиган Томонлар давлатларининг ҳудудлари ўртасида, уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда ва учинчи давлатлар ҳудудларига/ҳудудларидан давлат чегарасида ўрнатилган ўтказиш пунктлари орқали халқаро автомобиль қатнови учун очиқ бўлган йўлларда автомобилда йўловчи ва юкларни ташишга нисбатан татбиқ этилади.
2. Мазкур Битим Томонларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
II. Таърифлар
2-модда
Мазкур Битимда қўлланилган атамалар қуйидаги маъноларга эга:
1. «Ташувчи» Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган, мулкчилик ёки бошқа қонуний асосларда автотранспорт воситасига эгалик қилаётган ҳамда унинг миллий қонунчилигига мувофиқ йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташишларни амалга оширишга рухсат берилган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсни англатади.
2. «Автотранспорт воситаси» қуйидагиларни англатади:
йўловчиларни ташишда — автобус, яъни йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган ва ҳайдовчи ўриндиғи билан ҳисоблаганда 9 тадан ортиқ ўриндиққа эга бўлган автотранспорт воситаси;
юкларни ташишда — юкларни ташишга мўлжалланган автотранспорт воситаси, шу жумладан, юк автомобили, тиркамали юк автомобили, шатакчи автомобиль ёки ярим тиркамали шатакчи автомобиль.
3. «Йўловчиларни мунтазам ташиш» Томонларнинг ваколатли органлари олдиндан тасдиқлаган йўналишлар, жадваллар, тарифлар (ставкалар), ташувчи томонидан йўловчилар чиқариладиган ва тушириладиган бекатлар бўйича амалга ошириладиган йўловчиларни автобусда ташишни англатади.
4. «Йўловчиларни номунтазам ташиш» йўловчиларни автобусларда ташишнинг «йўловчиларни мунтазам ташишлар» атамасига кирмайдиган бошқа барча турларини англатади.
5. «Рухсатнома» Томонлардан бирининг ваколатли органи томонидан тақдим этиладиган ҳамда бошқа Томон давлати ҳудудида рўйхатга олинган автотранспорт воситаларига биринчи Томон давлати ҳудуди бўйлаб ёки у орқали қатновни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган хужжатни англатади.
6. «Транзит» Томонлардан бирининг давлати ҳудуди орқали йўловчи ва юкларни ташишни англатади, бунда жўнаш ва етиб бориш манзили ушбу Томон давлати худудидан ташқарида жойлашган бўлади.
7. «Учинчи мамлакатларга/мамлакатлардан ташиш» бир Томон давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган ташувчилар томонидан бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган бир пункт билан ушбу Битимга иштирокчи бўлмаган учинчи мамлакат ҳудудида жойлашган бошқа пунктлар ўртасида амалга ошириладиган моторли автотранспорт воситасида юк ташишни англатади.
8. «Хавфли юклар» муайян омиллар мавжуд бўлганда ўз хусусиятлари ва хоссаларига кўра ташиш, ортиш ёки тушириш жараёнида юклар, техник воситалар, ускуналар, бино ва иншоотлар ҳамда бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки зарар кўришига, шунингдек, одамлар ҳаёти, соғлиғи ва атроф-муҳитга зиён етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, маҳсулот ва чиқиндиларни англатади.
III. Йўловчиларни ташиш
3-модда
1. Йўловчиларни мунтазам ташиш Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишув бўйича ташкил этилади.
2. Бундай ташишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан олдиндан тақдим этилади. Ушбу таклифлар ташувчининг номи, йўналишлар, ҳаракат жадвали, тарифлар, ташувчи томонидан йўловчилар чиқариладиган ва тушириладиган тўхташ бекатлари, шунингдек, режалаштирилган ташиш даври ва мунтазамлиги тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлиши лозим.
3. Томонларнинг ваколатли органлари ўз давлатлари ҳудудлари орқали йўловчиларни мунтазам ташишни ташкил этиш тартибини (ёзма равишда) тасдиқлайдилар.
4-модда
1. Икки мамлакат ўртасида ёки уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда йўловчиларни номунтазам ташишни амалга ошириш учун Томонларнинг ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатнома талаб этилади. Томонларнинг ваколатли органлари рухсатнома бланкаларини алмашиш тартибини ўзаро келишиб оладилар.
2. Томонларнинг ваколатли органлари рухсатномани ўз давлатлари ҳудудлари орқали ўтадиган йўл қисми учун тақдим этадилар.
3. Йўловчиларни ҳар бир номунтазам ташиш учун бир маротаба манзилга бориш ва қайтишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи алоҳида рухсатнома тақдим этилиши лозим, башарти рухсатномада ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса.
IV. Юкларни ташиш
5-модда
1. Томонлар давлатларининг худудлари ўртасида, уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда, шунингдек, учинчи мамлакатларга/мамлакатлардан юкларни ташиш Томонларнинг ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида автотранспорт воситаларида амалга оширилади, мазкур Битимнинг 6-моддасида назарда тутилган ташишлар бундан мустасно.
2. Ҳар бир автотранспорт воситасига алоҳида рухсатнома берилади ва у фақат рухсатномани олган ташувчи учун амал қилади. Ҳар бир шундай рухсатнома бир маротаба манзилга бориш ва қайтиш учун ташишни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Жорий йил давомида берилган рухсатномалар кейинги йилнинг 31 январигача ҳақиқий ҳисобланади. Рухсатнома юксиз ўтиш учун ҳам талаб этилади.
3. Томонларнинг ваколатли органлари ҳар йили юкларни халқаро ташиш учун тенглик асосида пуллик ва/ёки бепул рухсатнома бланкалари сонини ўзаро келишиб оладилар ва уларни бир-бирларига топширадилар. Ушбу рухсатномаларда уларни тақдим этган Томон ваколатли органининг муҳри ва масъул шахсининг имзоси бўлиши лозим. Томонлардан бирининг илтимосига кўра қўшимча рухсатномалар берилиши мумкин.
4. Томонларнинг ваколатли органлари рухсатномаларни алмашиш тартибини ўзаро келишиб оладилар.
6-модда
Рухсатномалар қуйидагилар юзасидан ташувлар учун талаб этилмайди:
a) бошқа жойга кўчиб ўтаётганда кўчар мулклар;
b) ярмарка ва кўргазмалар учун мулжалланган материал ва буюмлар, шу жумладан, санъат асарлари;
c) спорт тадбирлари учун мўлжалланган транспорт воситалари, инвентарлар ва спорт буюмлари;
d) театр безак ва ашёлари, мусиқа асбоблари, фақат реклама ва ахборот мақсадларида фойдаланиладиган материаллар ва буюмлар, радио эшиттиришларини ёзиб олиш, фильм ва телекўрсатувларни тасвирга тушириш, шунингдек, цирк томошалари учун мўлжалланган асбоб-ускуналар;
е) вафот этганларнинг жасадлари ва ҳоклари;
f) табиий офатлар рўй берганда ёки қутқарув операциялари, гуманитар ва тиббий ёрдам мақсадларида амалга ошириладиган ташиш;
g) тиркама ва/ёки ярим тиркамалари билан бирга умумий вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган автотранспорт воситаларида амалга ошириладиган ташиш;
h) тирик ҳайвонлар;
i) почта жўнатмалари.
V. Умумий қоидалар
7-модда
1. Халқаро ташишни амалга ошираётган автотранспорт воситалари ўз давлатларининг рўйхатга олиш рақамлари ва фарқловчи белгиларига эга булишлари лозим.
2. Ташувчиларга бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган икки пунктлар ўртасида йўловчи ёки юкларни ташишга рухсат этилмайди.
8-модда
1. Томонларнинг автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ўз автотранспорт воситаларининг тоифасига мос бўлган миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаларига ҳамда автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида миллий ҳужжатларга эга бўлишлари лозим.
2. Миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўгрисида миллий ҳужжатлар 1968 йил 8 ноябрда қабул қилинган Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенциясида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
3. Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ талаб этиладиган рухсатнома ва бошқа ҳужжатлар улар тегишли бўлган автотранспорт воситасида бўлиши ва тегишли органларнинг талабига кўра тақдим этилиши лозим.
9-модда
1. Юксиз ёки юк билан ҳаракатланаётган автотранспорт воситасининг ўлчамлари ва вазн параметрлари бошқа Томон давлати ҳудудида белгиланган стандартлардан ортиқ бўлса, ташувчи мазкур давлат миллий қонунчилигига мувофиқ ушбу бошқа Томоннинг ваколатли органидан махсус рухсатнома олиши лозим.
2. Башарти ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган рухсатнома автотранспорт воситасининг муайян йўналиш бўйлаб ҳаракатланишига рухсат берилишини назарда тутса, ташиш фақат мазкур йўналиш буйича амалга оширилиши лозим.
10-модда
Қурол-яроғ, ўқ-дорилар, ҳарбий ускуналар ҳамда бошқа махсус ва хавфли юкларни Томонлар давлатларининг ҳудудлари орқали ташиш ва транзит тарзда олиб ўтиш уларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ, уларнинг ҳудудларига олиб кириш, ҳудудларидан олиб чиқиш ва транзит тарзда олиб ўтиш учун тақиқланган юклар рўйхатини бир-бирларига тақдим этадилар.
11-модда
1. Томонлардан бирининг мазкур Битим доирасида ташишни амалга ошираётган ва бепул рухсатномага эга бўлган автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур Битимнинг 6-моддасига мувофиқ ташувларни амалга ошираётган автотранспорт воситалари бошқа Томон давлати ҳудудида амалда бўлган моторли автотранспорт воситаларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳамда автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш билан боғлиқ йиғим ва тўловлардан озод этилади, қуйидагилар бундан мустасно:
пуллик автомобиль йўллари, кўприк ва туннеллардан фойдаланиш учун йиғим ва тўловлар, башарти улар ушбу Томоннинг автотранспорт воситалари учун ҳам тўланиши лозим бўлса;
автотранспорт воситасининг вазни, ўлчамлари ва юк кўтарувчанлиги Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигида белгиланган стандартлардан ошиб кетганлиги учун йиғим ва тўловлар.
2. Пуллик йўллар, кўприк ва туннеллар мавжуд бўлганда, ташувчи муқобил бепул автомобиль йўлларида ташишни амалга ошириш имкониятига эга бўлиши лозим.
3. Томонларнинг ваколатли органлари ўз давлатлари ҳудудларида амал қилаётган пуллик йўллар, кўприк ва туннеллар тўғрисида маълумот алмашадилар.
12-модда
1. Мазкур Битимга мувофиқ ташишни амалга оширишда Томонлар давлатларининг ҳудудларига олиб кириладиган ёки улардан олиб чиқиладиган қуйидаги предметлар божлар, солиқлар ва йиғимлардан ўзаро озод қилинади:
a) тегишли автотранспорт воситаси модели учун ишлаб чиқарувчи завод томонидан ўрнатилган, двигателнинг таъминот тизимига технологик ва конструктив жиҳатдан боғлиқ бўлган сиғимлардаги ёқилғи, шунингдек, иситиш/совутиш қурилмаларининг ишлаши учун мўлжалланган, ишлаб чиқарувчи завод томонидан тиркамаларда ва ярим тиркамаларда ўрнатилган сиғимлардаги ёқилги. Бироқ, Томонлар автотранспорт воситаларининг стандарт сиғимларидаги тўловлардан озод этиладиган ёқилғи миқдорига нисбатан чеклов ўрнатишлари мумкин;
b) ташиш давомида фойдаланиш учун зарур бўлган миқдордаги мойлаш материаллари;
с) бошқа Томон давлати ҳудудига олиб кириладиган, халқаро ташишни амалга ошираётганда бузилган автотранспорт воситасини таъмирлаш учун мўлжалланган ва аниқ мақсадда фойдаланилиши тасдиқланган эҳтиёт қисмлар, агрегат ва асбоб-ускуналар.
2. Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб кетилиши, алмаштирилган қисмлар эса ушбу Томон давлати ҳудудидан олиб чиқилиши ёки унинг қонунчилигида белгиланган тартибда бошқа божхона режими остида расмийлаштирилиши лозим.
13-модда
Ҳар бир Томон ўз давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ, чегара, божхона, санитария, ветеринария ва фитосанитария назоратини, шунингдек, атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича назоратни амалга оширади.
14-модда
Томонларнинг ташувчилари ва автотранспорт воситалари экипажлари автотранспорт воситаси ҳудудида турган Томон давлатининг йўл ҳаракати қоидаларига ва миллий қонунчилигига риоя қилишлари шарт.
15-модда
Мазкур Битимга мувофиқ йўловчи ва юкларни ташиш автотранспорт воситалари эгаларининг учинчи шахсларга етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш шарти билан амалга оширилади. Ташувчи Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ташувларни амалга ошираётган ҳар бир автотранспорт воситасини олдиндан суғурталаши лозим.
16-модда
Ташувчи ёки унинг ҳайдовчилари томонидан бошқа Томон давлати ҳудудида унинг миллий қонунчилиги ёки мазкур Битим қоидалари бузилган тақдирда, давлати ҳудудида қоидабузарлик содир этилган Томоннинг ваколатли органи бошқа Томоннинг ваколатли органини бу ҳақида хабардор қилади, у эса ўз давлати миллий қонунчилигига мувофиқ зарур чоралар кўради. Томонларнинг ваколатли органлари кўрилган чоралар тўғрисида бир-бирларини ўзаро хабардор қиладилар.
VI. Қўшма комиссия
17-модда
Мазкур Битим қоидаларинииг лозим даражада бажарилишини таъминлаш ҳамда Битимни қўллашда юзага келадиган ва Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар орқали ҳал этиб бўлмайдиган низоларни тезда ҳал қилиш мақсадида Қўшма комиссия ташкил этилади.
Томонларнинг ваколатли органлари вакилларидан иборат бўлган Қушма комиссия ўз мажлисларини улардан бирининг мурожаатига кўра навбати билан ҳар бир Томон давлати ҳудудида ўтказади.
Томонлар Қўшма комиссия қарорларини бажариш мажбуриятини оладилар.
Қушма комиссия мазкур Битим моддаларига ўзгартиш ва қушимчалар киритиш юзасидан тавсиялар қабул қилиши мумкин.
18-модда
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида, қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси томонидан — Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси;
Туркия Республикаси томонидан — Транспорт, денгизчилик ишлари ва алоқа вазирлиги, Автомобиль транспортини тартибга солиш бош департаменти.
Томонларнинг ваколатли органлари расмий номлари ва функциялари ўзгарган тақдирда, Томонлар дипломатик каналлар орқали бу ҳақида бир-бирларини дарҳол хабардор қиладилар.
19-модда
Томонлар ўртасида мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш юзасидан келиб чиқадиган ҳар қандай низолар ўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
Мазкур Битим ва Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномалар билан тартибга солинмаган масалалар ҳар бир Томон давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ ҳал этилади.
VII. Якуний қоидалар
20-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва Битимнинг 21-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар орқали ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.
21-модда
Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг якунланганлиги тўғрисида Томонларнинг сунги ёзма хабарномаси дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан сўнг кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб олти ой ўтгунга қадар амал қилади.
Мазкур Битимнинг кучга кириши билан 1992 йил 28 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган Узбекистон Республикаси Хукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида қуруқликдаги нақлиёт тўғрисида Битим ўз кучини йўқотади.
Анқара шаҳрида 2017 йил 25 октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)