Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати (биргаликда «Томонлар», алоҳида «Томон» деб аталувчилар),
туризм соҳасида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштиришга бўлган ўзаро интилишга асосланиб,
икки давлат ўртасида туристик оқимнинг ўсишига рағбатлантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Бир Томон давлатининг фуқароларини бошқа Томон давлати фани, ижтимоий тараққиёти, маданият соҳасидаги ютуқлари, табиати ва диққатга сазовор жойлари, шунингдек тарихий обидалари ва маданий урф-одатлари билан таништириш мақсадида томонлар туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар халқаро конференциялар, форумлар, семинарлар, кўргазмалар ва оммавий ахборот воситаларида нашрларни ташкил этиш орқали «Буюк Ипак йўли» ва бошқа қўшма туристик йўналишлар ҳамда брендларни илгари суришга кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар туроператорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишига ва туристик гуруҳларнинг ўзаро ташрифлари ташкиллаштирилишига кўмаклашадилар.
Томонлар туриндустрия вакилларининг уйғунлаштирилган туристик маршрутлар ва қўшма туристик маҳсулотларни яратиш ва тарғиб қилиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайдилар.
4-модда
Томонлар қулай туристик ахборот муҳитини электрон ҳамда босма оммавий ахборот воситалари, ихтисослаштирилган туристик ахборот марказлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда шакллантириш мақсадида ўз давлатларида бошқа томон давлатининг туристик салоҳияти тўғрисида маълумотларни тарқатишга кўмаклашадилар ҳамда ўз туристик ресурслари ҳақида статистик ахборот материаллари билан алмашадилар.
5-модда
Томонлар тажриба алмашиш ва туристик фаолиятни ташкиллаштириш мақсадида туризм бўйича форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва В2В форматидаги учрашувларни ташкил этадилар.
6-модда
Томонлар туристларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, туризм хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур чора-тадбирлар кўрадилар.
7-модда
Томонлар ўз туристик салоҳиятларини оммалаштириш ва ўзаро туристик оқимни ошириш мақсадида ҳар икки давлат минтақалари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликнинг ўрнатилиши ва ривожланишига кўмаклашадилар.
8-модда
Томонлар ёзувчилар, журналистлар, кино жамоаси, туроператорлар, ҳаво йўллари вакиллари ҳамда жамоатчилик етакчилари учун танишув сафарларини уюштириш орқали туризм маркетинги соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар икки давлатнинг туризм салоҳияти ва туристларнинг ташриф масканлари билан таништирувчи туристик фестиваль ва тадбирларда қатнашадилар.
Томонлар ҳар икки давлатда саёҳат соҳаси ходимлари учун семинар ва ўқув курсларини ташкил этадилар.
9-модда
Томонлар туриндустрия ва турдош соҳалар корхоналари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатилишига, туризм инфратузилмасига инвестиция киритилишига кўмаклашадилар.
10-модда
Томонлар туризм соҳасида касбий тайёрлаш бўйича мутахассислар тажрибасидан фойдаланган ҳолда ахборот алмашинуви орқали туризм соҳасида ўқитиш юзасидан ҳамкорлик қиладилар.
11-модда
Томонлар Турк томонидан беғараз асосда ҳамда муддат ва шартлари Томонлар ўртасида қўшимча тарзда келишиб олинадиган Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида маслаҳатчи сифатида фаолият юритиши мумкин бўлган мутахассиснинг юборилиши имкониятларини кўриб чиқадилар.
12-модда
Томонлар, зарурият туғилган ҳолда, мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва қўшма ишчи гуруҳларини ташкил қиладилар.
13-модда
Мазкур Битим Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонлар ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
14-модда
Башарти ҳар қандай алоҳида ҳолатда бошқача келишилмаган бўлса, мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ томонларнинг мавжуд молиявий манбаларидан келиб чиқиб, ҳар бир томон ўзи қоплайди.
15-модда
Мазкур Битим қоидаларини қўллаш ёки талқин этишда юзага келган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
16-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувлари асосида унинг ажралмас қисми бўлган ва мазкур Битимнинг 17-моддасига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомаларни расмийлаштириш орқали ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
17-модда
Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган миллий ҳуқуқий процедураларни Томонлар тугатганликлари ҳақида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан бири ушбу Битимни тугатиш тўғрисидаги ниятини навбатдаги беш йиллик муддат тугашидан камида олти ой илгари дипломатик каналлар орқали бошқа томонга ёзма равишда хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Мазкур Битим кучга кириши билан 1997 йил 18 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим ўз кучини йўқотади.
Анқара шаҳрида 2017 йил 25 октябрда икки асл нусхада ўзбек, турк ва инглиз тилларида имзоланди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)