Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва туркия жумҳурияти ҳукумати ўртасида
Битим
туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
1997 йил 18 ноябрь, Анқара
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида туризмни тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали асосда ривожлантиришга интилишларини ифодалаб,
туризм соҳасида икки томонлама асосда янада самаралироқ ҳамкорликка эришиш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар иккала мамлакат ўртасида туристик оқимни рағбатлантириш мақсадида, ўз миллий қонунлари доирасида, тегишли шароитларни яратиб бериш йўли билан икки томонлама туристик алмашишни ривожлантирадилар.
2-модда
Томонлар ўз мамлакатларининг туризм билан шуғулланувчи фирма ва ташкилотлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни ривожлантириш йўли билан туристик оқимни ўзаро кўпайтиришга кўмаклашадилар. Улар, асосан, ўз миллий қонунлари доирасида ва ўзаро асосда, туристик нашрлар ва реклама материаллари билан, шу жумладан телевизион фильмлар ва аудио-видео материаллар билан алмашишга кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар, имкон даражасида, туризмга алоқадор маълумотларни дипломатик йўллари орқали тарқатишни рағбатлантирадилар ва шу муносабат билан улар ўз миллий қонунлари доирасида маълумот ва экспертлар билан алмашишга кўмаклашадилар.
4-модда
Томонлар иккала мамлакатда туризмни ривожлантириш ишида ғоят муҳим деб қараладиган меҳмонхоналар ва бошқа туристик муассасаларни қуриш, жиҳозлаш ва менежмент масалалари билан шуғулланувчи фирма ва ташкилотлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганадилар. Томонлар уларнинг миллий қонунларига мувофиқ тегишли хизмат кўрсатиш воситаларини кенгайтириш йўли билан бу борада ҳамкорликка кўмаклашиш мажбуриятини оладилар.
5-модда
Томонлар туризм секторига инвестициялар масалаларида биргаликдаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганадилар ва шу мақсадда тажриба алмашадилар, шунингдек уларнинг миллий қонунлари томонидан таъминланадиган инвестициялаш шартлари, жумладан икки мамлакатдан ҳар бирида инвестициялар учун мавжуд бўлган имкониятлар бўйича бир-бирлари билан боғланиб турадилар.
Томонлар уларнинг миллий туристик органлари ва тегишли туристик ташкилотлари, ўз миллий қонунларига мувофиқ, туризм секторида қўшма корхоналар ва бошқа инвестиция лойиҳаларини яратишларига кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар халқаро туризм, жумладан халқаро туристик тадбирларда иштирок этиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашиб турадилар.
7-модда
Томонлар ўз миллий туристик органлари ва тегишли туристик ташкилотлари орқали туризм соҳасида кадрларни, айниқса туризм индустриясида банд бўлган ходимларни тайёрлашда ўзларининг техникавий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқадилар.
8-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида туризм соҳасида қўшма Комиссия тузишга аҳдлашиб олдилар.
Қўшма Комиссия йиғилишлари Томонлар келишиб олинган муддатларда, икки йилда бир маротаба, ҳар бир мамлакатда навбатма-навбат ўтказилади. Ўзаро келишув асосида Комиссия йиғилишлари кўпроқ ўтказилиши ҳам мумкин.
9-модда
Томонлар ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб, Тошкентда 1992 йил 5 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ўз кучини йўқотади деб келишиб олдилар.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб вақтинча ва Томонлар ушбу Битим кучга кириши учун мамлакатлардан ҳар бирида зарур бўлган ҳуқуқий процедуралар бажарилганлиги тўғрисида дипломатик йўллари орқали бир-бирини хабардор қилган санадан бошлаб тамомила кучга киради. Ушбу Битимнинг тамомила кучга кириш санаси деб сўнгги билдиришноманинг санаси ҳисобланади.
Ушбу Битим беш (5) йил давомида ўз кучини сақлайди ва исталган Томон амал қилишнинг тегишли даври тугашидан камида олти (6) ой илгари бошқа Томонни ушбу Битимни бекор қилиш тўғрисида хабардор қилмагунича қўшимча беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Анқара шаҳрида 1997 йил 18 ноябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)