24.05.2019 йилдаги 13-сон
Иқтисодий низоларни ҳал этишда биринчи инстанция суди томонидан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига, уларга риоя қилмаслик эса, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ҳуқуқлари бузилишига олиб келишига қаратилсин.
2. ИПК 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (бундан буён матнда суд деб юритилади) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Судларга тушунтирилсинки, судга мурожаат қилишда ИПКда белгиланган шаклга риоя қилмаслик даъво аризаси (ариза) ва шикоятни қайтариш учун асос бўлади.
3. ИПК 148-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг, қонун бўйича давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда шу давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, агар қонунда муайян тоифадаги низолар учун судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, фақат тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан кейингина судда иш қўзғатилиши мумкин. Бундай тартиб, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Солиқ кодекси, Ҳаво кодекси, «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгилаб қўйилган. Низоларни судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби даъвогар учун фақат қонун ва шартномада белгиланган ҳолларда мажбурий эканлигини назарда тутиш лозим.
5. ИПК 15-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.
6. Рад қилиш тўғрисидаги ариза фақат ИПКнинг 20 ва 21-моддаларида кўрсатилган ҳоллар мавжуд бўлганда қаноатлантирилиши мумкин.
ИПК 20-моддасининг 3-бандини қўллашда судья, агар у ишда иштирок этувчи шахсларнинг (ишда иштирок этувчи шахслар раҳбарлари ёки таъсисчилари (иштирокчилари), юридик шахс мол-мулкининг эгаси) ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса, ишни кўришда қатнаша олмаслигини назарда тутиш лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. ИПК 19-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси судлари томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок эта олмайди, янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш бундан мустасно.
Судлар назарда тутишлари лозимки, ИПКнинг 19-моддасида белгиланган қоидалар даъво аризасини қабул қилиш ва иш қўзғатиш, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш, суд мажлисини қолдириш тўғрисидаги ва бошқа шикоят қилинмайдиган ажримларни қабул қилишда иштирок этган судьяларга татбиқ этилмайди. Бироқ, даъвони кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримларни чиқарган судья шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмас.
8. Судга ИПК 25-моддасининг биринчи қисмида белгиланган иқтисодиёт соҳасида фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иқтисодий низолар бўйича ишлар тааллуқлидир. Иқтисодий судга тааллуқли бўлган, низо келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа ҳуқуқий муносабатлар деганда, хусусан, фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқ нормалари билан қамраб олинмаган ер ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар тушунилиши лозим.
Судлар инобатга олишлари лозимки, ИПКнинг 30-моддасида кўрсатилган корпоратив низоларнинг рўйхати тугал ҳисобланмайди. Шунинг учун низонинг ушбу рўйхатда кўрсатилмаганлигини асос қилиб, даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ёки иш юритишни тугатишга йўл қўйилмайди.
9. ИПК 37-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ корпоратив низолар бўйича даъволар юридик шахс жойлашган ердаги судга тақдим этилади. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, ушбу қоидада кўрсатилган юридик шахс деганда, низо айнан қайси юридик шахснинг фаолияти юзасидан келиб чиққан бўлса, шу юридик шахс тушунилади.
ИПКнинг 30-моддасида кўрсатилган корпоратив низоларнинг рўйхати тугал ҳисобланмаслиги сабабли, ИПКнинг ушбу моддасида кўрсатилмаган, аммо ўзининг моҳиятига кўра корпоратив низо ҳисобланган даъволар ҳам юридик шахс жойлашган жойда тақдим этилади.
10. ИПКнинг 25-моддасида иқтисодий судга тааллуқли низолар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиларининг субъектли таркиби белгиланган. У энг аввало, юридик шахсларни ва юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқароларни ҳамда ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган ишлар бўйича жисмоний шахсларни ўз ичига олади.
Шуни назарда тутиш керакки, юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) юридик шахс мақомига эга эмас ва ишончнома асосида юридик шахснинг номидан ҳаракат қилади. Агар юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси аъзоси бўлган бўлса, алоҳида бўлинма эмас, балки унинг юридик шахси палата аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан киритиладиган даъво аризасида даъвогар сифатида юридик шахс кўрсатилиши шарт. Ушбу талабга риоя қилмаслик ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан даъво аризасини қабул қилишни рад этишга асос бўлади. Агар бу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПК 110-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилади.
Даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, ИПК 154-моддасининг 1-бандига асосан даъво аризасини қабул қилиш рад этилади. Агар бу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПКнинг 45-моддасига мувофиқ юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш масаласи ҳал этилиши лозим. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, ундириладиган сумма ишга тегишли жавобгар сифатида жалб қилинган юридик шахсдан ундирилади.
ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ фуқаро, агар у юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган бўлса, иқтисодий судга тааллуқли низонинг қатнашувчиси деб тан олинади. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, лекин давлат рўйхатидан ўтмаган фуқаро, якка тартибдаги тадбиркор мақомини олмайди ва бундай шахслар иштирокидаги низолар ИПК 25-моддасига мувофиқ иқтисодий судга тааллуқли эмас. Агар фуқаронинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигининг амал қилиши, хусусан гувоҳноманинг амал қилиш муддатининг тугаши, давлат рўйхатидан ўтказилганлигининг бекор қилинганлиги ва ҳоказолар муносабати билан тугатилганда, тегишли талаблар унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, иқтисодий судга тааллуқлидир.
Бундан келиб чиқадики, шартнома олдидан бўладиган низони, агар бундай шартномани тузиш қонун бўйича ҳеч бўлмаганда бир тараф учун мажбурий бўлса, суд кўриб чиқиш учун қабул қилиши шарт (ФКнинг 377-моддаси). Шартнома бўйича келишмовчиликлар тўғрисидаги низони судга ҳал этиш учун беришнинг бошқа шарти тарафларнинг бундай имконият ҳақидаги келишуви ҳисобланади. Мазкур келишув турли шаклларда, масалан, хатлар, телеграммалар, маълумотлар алмашиш йўли билан, факсимил ёки электрон алоқа воситасида ифода этилиши мумкин. Бундан ташқари, шартнома бўйича келишмовчиликларни ҳал этишни судга топшириш тузилиши керак бўлган шартноманинг шарти сифатида назарда тутилиши ва агар бошқа тараф келишмовчиликлар баённомасида лойиҳанинг бу шарти бўйича ҳеч қандай эътироз билдирмаса, тарафлардан бири томонидан бундай тартиб лойиҳага киритилиши мумкин.
Шартнома шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги иқтисодий низолар ҳам судга тааллуқлидир. Бундай турдаги низоларни суд ўз иш юритишига қабул қилиши учун шартноманинг тури ҳам, уни тузиш тартиби ҳам аҳамиятга эга эмас. Шу билан бирга ФК шартномани бекор қилиш ва ўзгартириш, агар ФК, бошқа қонунлар ёки шартнома билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафларнинг келишуви бўйича мумкинлиги тўғрисидаги қоидани белгилайди (ФК 382-моддасининг биринчи қисми). Тарафлардан бирининг талаби билан эса шартнома суд томонидан фақат иккинчи тараф уни жиддий равишда бузса ҳамда ФК, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин (ФК 382-моддасининг иккинчи қисми). Бунда суд бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги даъвони қабул қилишга ҳақли (ФКнинг 384-моддаси).
12. ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мувофиқ судга юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Судлар инобатга олишлари лозимки, ИПК 205-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган юридик аҳамиятга эга бўлган фактларнинг рўйхати тугал ҳисобланмайди. Шунинг учун бундай фактнинг ушбу рўйхатда кўрсатилмаганлигини асос қилиб, аризани қабул қилишни рад этишга ёки иш юритишни тугатишга йўл қўйилмайди.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ариза ИПКнинг 149-моддаси ва 207-моддасининг иккинчи қисмида баён қилинган талабларга риоя этган ҳолда берилиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қайтаришга асос бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Даъвогар ИПК 157-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин. Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганида қўлланилмайди. Қайд этилган ҳуқуқ даъвогар томонидан, шунингдек ҳал қилув қарори апелляция, кассация инстанциялари томонидан ёхуд суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўрилаётганда фойдаланилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. ИПК 61-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) вакиллари юритади.
Вакилнинг ишончномасида ишонч билдирган шахснинг номидан судда вакил амалга оширишга ҳақли бўлган, ИПКнинг 63-моддасида назарда тутилган процессуал ҳаракатлар санаб ўтилган бўлиши лозим. Агар вакилга берилган ишончномада унинг аниқ ваколатлари кўрсатилмаган бўлса, вакил ИПК 63-моддасининг биринчи қисмида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатлардан ташқари, барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.
ИПКнинг 63-моддада вакилнинг даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ваколати ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши белгиланмаган. Шу сабабли, судларнинг эътибори бундай аризалар даъво аризасини имзолаш ҳуқуқи берилган шахс томонидан берилиши мумкинлигига қаратилсин.
ИПК 61-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ фуқаролар ўзишларини иқтисодий судларда шахсан ўзлари ва (ёки) вакиллари орқали юритишлари мумкин. ИПК 61-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган фуқаролар деганда, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар, шунингдек ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 3 ва 5-бандлари ҳамда ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган низолар иштирокчилари — жисмоний шахслар тушунилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Судлар суд ишларини юритиш иштирокчилари ва улар вакилларининг ваколатларини ИПК 165-моддаси учинчи қисмининг 2-бандига мувофиқ равишда текширишлари керак. Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил иштирок этаётганда суд унинг ҳужжатларини ИПК 61-моддасининг тўртинчи қисмида қўйилган талабларга мослигини текширади. Хусусан, ишда юридик шахс манфаатини ҳимоя қилаётган ходимининг ваколатларини текширишда унинг мазкур юридик шахсда ишлаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (меҳнат шартномаси, буйруқ ва бошқа ҳужжатлар) ўрганилади.
ИПК 61-моддаси тўртинчи қисмининг 6-бандида ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига биноан суд томонидан рухсат берилган бошқа шахслар шартнома бўйича вакил бўлиши мумкинлиги белгиланган. Хусусан, ишда иштирок этувчи юридик шахснинг ходими бўлмаган, лекин иш учун муҳим ҳолатларни белгилашга ва низони тўғри ҳал этишга кўмаклашиши мумкин бўлган шахс вакил сифатида ишда иштирок этишига йўл қўйилиши мумкин.
15. ИПК 69-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар суд мавжуд далиллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишнинг объектив ҳолатларини аниқлаш ва низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин.
Қўшимча далиллар низонинг тўғри ҳал қилиниши ва у бўйича қонуний ҳамда асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиниши учун зарур бўлиши керак. Шу билан бирга, шуни назарда тутиш лозимки, ИПК 170-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларга суд даъво аризаси юзасидан тақдим этишни таклиф қилган ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни мавжуд материаллар бўйича кўришга тўсқинлик қилмайди.
16. ИПК 80-моддасининг биринчи қисми экспертизанинг нафақат ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра тайинланиши имконини назарда тутади балки, агар экспертизани тайинлаш қонунда белгилаб қўйилган ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд тақдим этилган далилнинг қалбакилаштирилганлиги тўғрисидаги аризани текшириш ёхуд қўшимча экспертиза тайинлаш зарур бўлса, суд экспертизани ўз ташаббуси билан тайинлаши мумкин.
Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда экспертиза учун саволларнинг рўйхати кўрсатилиши керак. Бунда назарда тутиш керакки, ишда иштирок этувчи шахслар судга экспертиза ўтказиш вақтида тушунтириб берилиши керак бўлган саволларни тақдим этишга, суд эса шахсларни бундай саволларни судга тақдим қилишни таклиф этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган масалаларнинг рад қилинишини суд асослаб бериши шарт. Шу билан бирга суд тақдим этилган саволларнинг мазмунини аниқлаш, уларни тузатиш, эксперт олдига мустақил равишда саволлар қўйишга ҳақли. Зарурият туғилганда суд суд мажлисига экспертни чақиришга ҳамда саволларни тўғри ва аниқ ифода қилиш мақсадида унинг иштирокида экспертиза ўтказиш учун саволларни шакллантиришга ҳақли. Экспертиза ўтказилиши зарур бўлган саволларнинг узил-кесил рўйхати суд томонидан белгиланади.
18. ИПКнинг 94-моддасида кўрсатилган даъвони таъминлаш чоралари, агар уларни қўлламаслик суднинг ҳал қилув қарорини бажаришга қийинчилик туғдириши мумкин бўлса ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйса, иш бўйича иш юритишнинг ҳар қандай босқичида қабул қилиниши мумкин.
Инобатга олиш лозимки, ИПК 94-моддасининг биринчи қисми ҳисобварағига банд солиш каби даъвони таъминлаш чорасини назарда тутмайди. Шунинг учун ишда иштирок этувчи шахснинг жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларига банд солиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқишда ҳисобга олиш керакки, кредит муассасасидаги ҳисобварақлари эмас, балки даъвода кўрсатилган сумма доирасида ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағлари хатланади.
ИПК 99-моддасининг мазмунига кўра, даъвони қаноатлантиришни рад этиш, даъвони кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач, даъвони таъминлаш чораси ўз кучини йўқотади. Бироқ, суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси ёки ўзининг ташаббуси бўйича даъвони таъминлашни бекор қилиши мумкин. Бунда ИПК алоҳида ажрим чиқарилишини назарда тутади ва даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ёки даъвони кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримда даъвони таъминлаш чорасининг бекор қилиниши кўрсатилишига йўл қўймайди.
Иш юритишни тўхтатиш асослари ИПКнинг 101 ва 102-моддаларида назарда тутилган. Бунда суд ИПКнинг 102-моддасида белгиланган асослар бўйича иш юритишни ўз ташаббуси билан ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра тўхтатишга ҳақли эканлиги ва ИПКнинг 101-моддасида назарда тутилган асослар бўйича илтимоснома мавжудлигидан қатъий назар, иш юритишни тўхтатишга мажбур эканлигини эътиборга олиши лозим. Иш юритишни тўхтатиш тўғрисидаги суд ажримида иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилиши керак.
ИПКнинг 101 ва 102-моддаларида кўрсатилган иш юритишни тўхтатиб туриш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.
20. ИПК 103-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида иш юритиш ушбу Кодекс 101-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига ёки тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар тўхтатиб турилиши белгиланган.
Бунда тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар деганда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 372-моддасида қайд этилган дастлабки терговни тамомлаш, яъни дастлабки тергов жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов хулосаси тузиш, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тузиш билан тамомлаш тушунилади.
21. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш низонинг мазмуни бўйича ҳал қилув қарори қабул қилмасдан туриб суд муҳокамасини тамомлаш шаклларидан бири ҳисобланади. ИПКнинг 107-моддасида кўрсатилган даъво аризасини кўрмасдан қолдириш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради ва у ИПКнинг 108-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши керак.
ИПК 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида даъво аризаси фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдириши назарда тутилган.
22. Иш юритишни тугатиш низонинг мазмуни бўйича ҳал қилув қарорини чиқармасдан суд муҳокамасини тамомлаш шаклларидан бири ҳисобланади. ИПКнинг 110-моддасида назарда тутилган иш юритишни тугатиш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
ИПК 110-моддасининг 1-бандига мувофиқ, агар иш иқтисодий судда кўриш учун тааллуқли бўлмаса, суд иш юритишни тугатади. Ишнинг иқтисодий судга тааллуқлилиги ИПК 25 ва 26-моддаларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда судга тааллуқлилик бошланиб бўлган иқтисодий процессда ҳам ўзгариши мумкинлигини эътиборга олиш керак, масалан, процессга процессуал муносабатлар иштирокчилари мақомига эга бўлмаган шахслар - жисмоний шахслар ёки юридик шахслар бўлмаган ташкилотлар ва бошқаларнинг жалб этилиши муносабати билан.
Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда ИПКнинг 110-моддасида белгиланмаган бошқа асослар билан иш юритишни тугатиш ҳоллари ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин. Хусусан, «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 61-моддасининг учинчи қисмига кўра, судгача санация ўтказилишига кредиторларнинг розилиги бўлган тақдирда, банкротлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш тугатилади.
23. ИПКнинг 135-моддасида назарда тутилган суд буйруғи бериш мумкин бўлган талабларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди. Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризалар ИПКнинг 17-бобида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
24. ИПК 149-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра даъво аризаси даъвогарнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан ўз қўли билан имзоланган бўлиши лозим. Бунда имзонинг механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали амалга оширилишига, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди.
ИПК 149-моддасининг биринчи қисмини қўллашда шуни назарда тутиш керакки, агар юридик шахснинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш коллегиал ижро этувчи орган томонидан амалга оширилса ва даъво аризасига ушбу орган раҳбари ёки унинг ўринбосари даъво аризасини имзолашга ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса, судья ишни судда кўришга тайёрлашда даъвогарга тегишли ҳужжатни тақдим этишни таклиф қилиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. ИПК 149-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасига бирлаштиришга ҳақли.
Агар бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улар ўзаро боғлиқ бўлмаса, даъво аризаси ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига асосан қайтарилади. Агар бу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПКнинг 159-моддасига асосан талабларнинг бир қисми алоҳида иш юритишга ажратилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. ИПКнинг талабларига риоя этилган ҳолда берилган даъво аризаси уни иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Судлар шуни назарда тутиши керакки, иш қўзғатилгунга қадар суд экспертиза тайинлашга (ИПКнинг 80-моддаси), далилларни таъминлаш чораларини кўришга (ИПКнинг 90-моддаси), суд топшириқларини беришга (ИПКнинг 91-моддаси), даъвони таъминлаш чораларини кўришга (ИПКнинг 94-моддаси), иш юритишни тўхтатишга ёки тугатишга (ИПКнинг 101, 110-моддалари), талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратишга (ИПКнинг 159-моддаси), ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича ҳаракатларни амалга оширишга (ИПКнинг 163-моддаси), судгача мажлис ўтказишга (ИПКнинг 1631-моддаси), ҳал қилув қарори қабул қилишга (ИПКнинг 176-моддаси) ҳақли эмас.
ИПК 162-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидани қўллашда судлар шуни назарда тутиши лозимки, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги кўрсатма ҳамда ишда иштирок этаётган шахслар бажариши лозим бўлган ҳаракатлар ва уларни бажариш муддатлари даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни қўзғатиш тўғрисидаги ажримда ёхуд ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда акс эттирилиши мумкин, бироқ бу ҳужжатларнинг кетма-кетлиги процессуал ҳаракатларнинг ҳақиқий ривожланишига мувофиқ бўлиши керак. Агар судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ҳақида алоҳида ажрим чиқаришни лозим топса, у дастлаб даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида, сўнгра ИПКнинг 162-моддасига мувофиқ, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқаради. Бунда судлар шуни инобатга олиши лозимки, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ҳақида алоҳида ажрим чиқариш муддати даъво аризаси келиб тушган кундан эътиборан беш кундан, судгача мажлис ўтказилган ҳолларда эса, ўн беш кундан ошмаслиги керак.
27. ИПКнинг 154-моддасида назарда тутилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.
Агар ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар даъво аризасини иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ИПК 110-моддаси биринчи қисмининг тегишлича 1 ва 3-бандларига асосан тугатилади. Агар ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун асос даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси ИПК 107-моддасининг 1-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади.
28. Судлар назарда тутишлари керакки, ИПК 155-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асослар рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.
Агар ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1, 5, 6 ва 8-бандларида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асослар суд томонидан даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш мазмунан кўриб чиқилиши лозим. Бунда суд ишда иштирок этувчи шахсларни даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан таништириш чораларини кўриши ҳамда ИПКнинг 159-моддаси тартибида талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш масаласини кўриб чиқиши (агар бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса) шарт.
ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2 ва 9-бандларида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асослар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, суд даъво аризасини ИПК 107-моддасининг тегишлича 3 ва 4-бандлари асосида кўрмасдан қолдиради.
Агар ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асос даъво аризасини иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, суд ИПК 39-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига асосан судловга тегишлилик қоидалари бўйича ишни кўриш учун бошқа иқтисодий судга ўтказиши шарт.
Палатага аъзолик тўғрисидаги гувоҳнома муддати тугаганлиги аниқланган тақдирда, даъво аризаси (ариза) ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилиши, бу ҳолат даъво аризаси (ариза) иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси (ариза) ИПК 107-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган ишлар бўйича эса — жавобгарга даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари топширилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса, даъво аризаси қайтарилиши белгиланган. Судларга тушунтирилсинки, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъво аризаси (ариза) бўйича даъво аризасининг (аризанинг) хамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари манфаати кўзланган шахсга юборилганлигини (топширилганлигини) тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса ҳам даъво аризаси (ариза) ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мос ҳолда қайтарилади.
29. ИПК 160-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
Бунда назарда тутиш керакки, ИПК 160-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, қарши даъво иш юритишга қабул қилиниши мумкин. Агар қарши даъво процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилган бўлиб, аммо юқорида кўрсатилган моддадаги шартлар мавжуд бўлмаса, қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш рад этилиши лозим. Қарши даъвони ИПКнинг 160-моддасида назарда тутилган шартлар мавжуд эмаслиги асосида қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим шикоят қилинмайди, чунки ушбу ҳолат судга мустақил даъво тақдим этишга тўсқинлик қилмайди. Агар қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш ИПКнинг 154-моддасида кўрсатилган асослар бўйича рад этилган бўлса, бундай ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
30. ИПКнинг 163-моддасига мувофиқ судья ишни суд муҳокамасига тегишли тартибда тайёрлаши зарур, чунки бу низони тўғри ва ўз вақтида ҳал қилишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда судья томонидан бажариладиган ҳаракатлар суд муҳокамасини мукаммал ва тез ўтказиш учун шароитларни яратишга қаратилган. ИПК 163-моддасининг биринчи қисмида қайд этилган ҳаракатларнинг барчасини бажариш талаб этилмайди. У ёки бу ҳаракатлар бажарилишининг зарурияти ҳар бир ҳолатда судьянинг ихтиёрида бўлиб, низонинг ҳолатларига кўра аниқланади. ИПК 163-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича ҳаракатларнинг рўйхати тугал ҳисобланмайди ҳамда судья низони тўғри ва ўз вақтида ҳал этишга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Ишни судда кўришга тайёрлашда, агар суд низони мавжуд далиллар асосида кўришнинг имконияти йўқ деб ҳисобласа (ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 4-банди), ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим қилишни таклиф этишга ҳақли.
Агар даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, у ҳолда ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво кўрмасдан қолдирилади. Прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киритган аризалари асосида қўзғатилган иш бўйича ушбу шахсларнинг келмаганлиги ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдиришга асос бўлмайди, агар суд мажлисида иштирок этаётган манфаати кўзланган шахс даъвони қўллаб-қувватлаётган бўлса. Бундай ишлар бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилган шахслар ва манфаати кўзланган шахс суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, бу ҳолда ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, тегишли тартибда суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаган шахснинг иштирокисиз ишнинг кўрилишига йўл қўйилмайди ва бу ҳар қандай ҳолда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади (ИПКнинг 279 ва 302-моддалари).
32. ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ судья тарафларни келиштириш чораларини кўради. Судлар низонинг характеридан келиб чиққан ҳолда ишни келишув битими ёки медиатив келишув тузиш йўли билан тамомлашга кўмаклашишлари лозим. Низони келишув битими ёки медиатив келишув тузиш билан ҳал этиш имконияти ишни суд муҳокамасига тайёрлаш пайтида ҳам (ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-банди, 1631-моддаси биринчи қисмининг 3-банди), суд муҳокамаси жараёнида ҳам (ИПКнинг 16-боби) аниқланиши лозим. Тарафлар томонидан тузилган келишув битимининг шартлари ижро қилинаётганда унинг мазмуни бўйича ноаниқликлар ва низолар бўлмаслиги учун ажримнинг хулоса қисмида аниқ ва равшан ифодаланган бўлиши лозим. Келишув битимини тасдиқлаш ҳақида ажрим чиқарилади (ИПКнинг 133-моддаси). Келишув битими, агар унинг шартлари қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаса ва шартли асосда тузилмаган бўлса, суд томонидан тасдиқланади.
Судгача мажлис видеоконференцалоқа режимида ҳам ўтказилиши мумкин. Агар судгача мажлис видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланса, судья ИПК 166-моддасининг иккинчи қисмида, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд эса ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириши лозим.
Судларга тушунтирилсинки, судгача мажлис ўтказиш пайтида ИПК 101, 103, 107 ва 110-моддаларида назарда тутилган асослар мавжудлиги аниқланса, судья ишни суд муҳокамасига тайинламасдан, судгача мажлис ўтказилган кунда ИПК 1631-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ иш юритишни тўхтатиб туриши ёки иш юритишни тугатиши ёхуд даъво аризасини кўрмасдан қолдириши мумкин.
34. ИПК 164-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган суд муҳокамасининг муддатини узайтириш масаласи суд раиси томонидан ишни кўраётган судьянинг билдиргиси асосида ҳал этилади. Судьянинг билдиргисида ишни бир ойлик муддатда кўриш имкони бўлмаганлиги сабаблари кўрсатилиб, ишни кўриш муддатини узайтириш сўралади. Суд раиси томонидан ушбу билдиргига ишни кўриш муддатини узайтириш ёки уни рад қилиш ҳақида резолюция қўйилади.
ИПК 164-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ишни кўриб чиқиш муддатини узайтириш ҳақидаги қоида ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши лозим бўлган ишларга ҳам татбиқ этилади.
35. ИПК 168-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд муҳокамаси давомида суд иш бўйича далилларни текширади: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитади, ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради, шунингдек ёзма шаклда тақдим этилган тушунтиришлар, кўрсатувлар ва хулосаларни ўқиб эшиттиради.
36. Судлар ИПК 169-моддасининг биринчи қисмида белгиланган, тарафларнинг аризалари ва илтимосномалари суд томонидан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари эшитиб бўлингач, ҳал қилиниши тўғрисидаги қоидага риоя этишлари лозим.
ИПК 169-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича суд ажрим чиқаради. Ажримнинг шакли илтимосноманинг мазмуни ва уни кўриб чиқиш натижаларига боғлиқ. Масалан, агар илтимоснома суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида берилган бўлса, у қаноатлантирилганда алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқарилади, қаноатлантириш рад этилганда бу ҳақда ҳал қилув қарорида ёки суд мажлиси баённомасида кўрсатилади. Агар тараф иш ҳужжатларига қўшимча далилларни қўшиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса, у қаноатлантирилганда ёки қаноатлантириш рад этилганда ажрим чиқарилади ва суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.
37. Судларнинг эътибори суд муҳокамаси ИПК 171-моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда кейинга қолдирилиши мумкинлигига қаратилсин.
Бунда суд муҳокамаси ИПКнинг 164-моддасида назарда тутилган иш кўришнинг муддати доирасида қолдирилиши мумкин.
Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ИПКнинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади. Шу билан бирга суд мажлисида иштирок этаётган шахслар янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида бевосита суд мажлисида хабардор қилиниши мумкин, бундай ҳолда хабардор қилинганлик факти иш ҳужжатларига қўшиб қўйиладиган тегишли тилхат билан тасдиқланади.
39. ИПКнинг 176-моддасига мувофиқ суд ишни мазмунан кўриб чиқиб, ИПКнинг 179-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилади.
41. ИПК 190-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судга ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги ариза билан ишда иштирок этувчи шахслар, давлат ижрочиси, зиммасига суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш юклатилган бошқа органлар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш масаласи суд томонидан ИПК 190-моддасининг иккинчи қисми ва 191-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ҳал этилади. Шуни инобатга олиш лозимки, ИПК 191-моддасининг иккинчи қисми йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш ҳақидаги аризани суд мажлисида кўрилишини назарда тутилганлиги сабабли, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш суднинг ташаббуси билан амалга оширилганда суд мажлисини ўтказиш талаб этилмайди.
42. ИПК 32-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилиш, ишни бир суддан бошқасига ўтказиш ҳуқуқи «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан амалга оширилади.
Судларнинг эътибори иш бир иқтисодий суддан бошқа иқтисодий судга ИПК 39-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган асослар билан ҳам ўтказилиши мумкинлигига қаратилсин. Бундай ҳолларда ишни кўраётган суд томонидан ишни бошқа судда кўришга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
43. ИПК 2031-моддасининг мазмунига кўра, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, ИПКнинг 231-бобида белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
ИПК 2033-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига унинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилганлиги ҳақидаги далиллар илова қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
ИПК 2032-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ишлардан ташқари, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин, ИПКда соддалаштирилган тартибда кўриш мумкин бўлмаган ишлар бундан мустасно.
ИПК 2032-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган асослар мавжудлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриш учун иш юритишга қабул қилинган ва иш қўзғатилганидан кейин текширилади.
Судлар шуни инобатга олишлари керакки, даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни тақдим этиш учун ИПК 2034-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган ўн беш кунлик муддат даъво аризасининг кўчирма нусхаси жавобгарга топширилган кундан бошлаб ҳисобланади. Даъво аризасининг кўчирма нусхаси жавобгарга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилганда, даъво аризасининг кўчирма нусхаси почта хабарномаси бланкасида кўрсатилган санада олинган деб ҳисобланади. Агар даъво аризасининг кўчирма нусхаси топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатда бундай сана кўрсатилмаган бўлса, ўн беш кунлик муддат даъво аризаси судга келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади.
Судларга тушунтирилсинки, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарорини тузишда ИПКнинг 21-бобида назарда тутилган суд мажлиси билан боғлиқ умумий қоидалар қўлланилмайди. Бундай хал қилув қарорининг баён қисмида жавобгарнинг даъво аризаси юзасидан ёзма фикри мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, агар мавжуд бўлса, унинг мазмуни кўрсатилиши шарт.
ИПК 2035-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича қайси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар ихтиёрий тартибда ижро этилмаган бўлса, ўша ҳал қилув қарори тарафларнинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ушбу Кодекс V бўлимининг қоидаларига асосан, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ихтиёрий ижро этилмаган тақдирда, ундирувчининг аризасига асосан ижро варақаси ИПК 336-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган муддатда берилади. Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг суд томонидан берилиши ва қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига юборилиши керак.
44. ИПКнинг V бўлимида назарда тутилган аризалар, агар ИПКда тўғридан-тўғри бошқа қоида белгиланмаган бўлса, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қайси инстанция суди томонидан қабул қилинганидан қатъий назар, ушбу ишни биринчи инстанция судида кўрган судга берилади ва у томонидан кўриб чиқилади.
45. Судлар инобатга олишлари лозимки, ИПКнинг 347-моддасида белгиланган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, ҳисоб-китобдаги янглишишлар билан берилган, шунингдек ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақасини чақириб олиш ва унинг ўрнига янги ижро варақасини бериш қоидаси суд буйруғига ҳам татбиқ этилади.