Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси кенгашининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ КОТИБИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ЛОЙИҲАСИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Кенгаши қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Котибияти тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 18 апрель,
53/1-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлиси Кенгашининг 2000 йил
18 апрелдаги 53/1—II-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Мажлиси Кенгашининг 2000 йил
18 апрелдаги 53/1—II-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Котибияти тўғрисида
НИЗОМ
1. «Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Регламенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўмиталари ва комиссиялари тўғрисидаги Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг, Олий Мажлис Кенгашининг, қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятига хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Котибияти томонидан таъминланади.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Котибияти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Олий Мажлиснинг ва Олий Мажлис Кенгашининг бошқа ҳужжатларига, Олий Мажлис раҳбариятининг кўрсатмаларига амал қилади.
3. Олий Мажлис Котибияти Олий Мажлис Раисининг, Раис ўринбосарларининг ва Котибият бошлиғининг бевосита раҳбарлигида ишлайди.
4. Олий Мажлис Котибияти:
Котибият бошлиғини
Олий Мажлис раҳбарияти ҳузуридаги аппаратни
Қўмиталар билан ишлаш бўлимини
Юридик бўлимни
Назорат-ахборот бўлимини
Парламентлараро алоқалар бўлимини
Матбуот ва таржималар бўлимини
Умумий бўлимни
Молия-хўжалик бўлимини ўз ичига олади.
Котибият бўлимларининг таркибида шуъбалар, қисмлар, гуруҳлар, бошқа ташкилий бўлинмалар тузилиши мумкин.
5. Котибият бўлимларига бўлим мудирлари раҳбарлик қиладилар.
6. Олий Мажлис Котибияти зиммасига:
Олий Мажлис сессияларига, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг мажлисларига, Олий Мажлисда ўтказиладиган бошқа тадбирларга ташкилий, ахборот ва моддий-техникавий хизмат кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлиснинг, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш;
Олий Мажлис сессияларида билдирилган, розилик олиш учун жўнатилган, шунингдек умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонунларнинг ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари юзасидан келаётган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиш ҳамда умумлаштириб бориш;
Олий Мажлис раҳбариятининг топшириғига биноан Олий Мажлис йиғилишларида қонун лойиҳаларини ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш чоғида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан, шунингдек давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан Олий Мажлисга, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларига киритилаётган тақдимномалардаги масалалар юзасидан хулосалар тайёрлаш;
қонунлар ҳамда Олий Мажлиснинг, Олий Мажлис Кенгашининг бошқа қарорлари, Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларининг тавсияномалари, шунингдек Олий Мажлис раҳбариятининг топшириқлари ижроси назорат этилишини уюштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан материаллар ва таклифлар тайёрлаш;
Олий Мажлис депутатларига ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини кўриб чиқиш ва амалга ошириш назорат қилинишини ташкил этиш;
Олий Мажлиснинг, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг ҳужжатларини эълон қилиш билан боғлиқ материалларни тайёрлаш, Олий Мажлис, унинг органлари, депутатлар ва маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятларини ёритиш масалаларида парламент нашрлари таҳририятлари, бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
халқ депутатлари Кенгашларининг иш тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириб бориш;
Олий Мажлисга, қўмиталар ва комиссияларга фуқаролардан келаётган таклиф, ариза ва шикоятлар билан ишлаш.
7. Котибият бошлиғи:
Котибият, унинг бўлимлари самарали ишлашини таъминлайди, Олий Мажлис Котибияти зиммасига юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан масъул бўлади;
Олий Мажлис, қўмиталар ва комиссиялар раҳбариятига ахборот материаллари, ёрдамчи ва ўзга материаллар тайёрланишини ташкил этади, Олий Мажлис ва унинг органлари фаолиятини ахборотлар билан таъминлашни яхшилаш, ахборотларни қайта ишлаш ва таҳлил этишнинг замонавий усул ва воситаларини жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;
Олий Мажлисда ва Олий Мажлис Кенгашида ўтказиш мўлжалланган тадбирлар режаларининг лойиҳалари тайёрланишини ташкил этади, Олий Мажлис раҳбариятининг топшириғига биноан, қўмиталар, комиссиялар, фракциялар ва блокларнинг таклифлари асосида Кенгаш мажлисининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради ҳамда уни Олий Мажлис раҳбарияти кўриб чиқиши учун киритади;
Котибият бўлинмаларида тайёрланган масалалар хусусида Олий Мажлис раҳбариятига ахборот беради;
Котибият ишини такомиллаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилишини таъминлайди, Котибият тузилиши, штатлари ва кадрлар таркибига оид масалалар юзасидан Олий Мажлис Раҳбарияти кўриб чиқиши учун таклифлар киритади, Котибият ходимларининг ишчанлик малакасини ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ишларини ташкил этади;
давлат органлари ва жамоат бирлашмаларида Олий Мажлис Котибияти номидан иш кўради;
ушбу Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.
8. Қўмиталар билан ишлаш бўлими:
қўмиталар ва комиссияларга ташкилий, услубий, ахборот ва илмий-маслаҳат хизмати кўрсатилишини таъминлайди, уларга кундалик ёрдам кўрсатиб боради, қўмиталар ва комиссияларга ўтказаётган тадбирларида кўмаклашади;
Олий Мажлис раҳбарияти ва Котибият бошлиғининг топшириқлари бажарилиши юзасидан чора-тадбирлар кўради, қўмиталар ва комиссияларнинг фаолиятлари масалалари юзасидан уларнинг материаллари ва таклифларини умумлаштиради, ахборот материаллари тайёрлайди;
қўмиталар ва комиссияларга айрим қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун ишчи гуруҳларини тузишда кўмаклашади, қонун лойиҳалари устида иш олиб боришда, шунингдек қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга тайёрлашда Олий Мажлис депутатлари, давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва фуқаролардан келаётган таклифларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этишда, шунингдек Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ва бошқа ҳужжатларнинг матнларини эълон қилишга тайёрлашда қатнашади;
Олий Мажлис раҳбарияти ва Котибият бошлиғининг топшириғига биноан Олий Мажлис ва унинг органлари муҳокамасига киритилаётган масалалар юзасидан қарорларнинг лойиҳаларини, маъруза ва нутқларнинг тезисларини тайёрлайди, зарур ёрдамчи материалларни тўплаб беради;
Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссиялари иш режаларига мувофиқ Олий Мажлис Кенгашида, қўмиталар ва комиссияларда муҳокама этиш учун масалалар тайёрлашда иштирок этади. Шу мақсадда ахборотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этишни, амалдаги қонун ҳужжатларининг ижроси текширилишини, жамоатчилик фикри ҳамда чет эл тажрибаси ўрганилишини ташкил этади;
қўмиталар ва комиссиялар мажлисларининг ташкилий-техник тайёргарлигини амалга оширади, шу жумладан қўмиталар ва комиссиялар аъзоларининг ҳамда мажлис бошқа қатнашчиларининг таклиф этилишини, мажлис учун зарур материаллар ҳозирланишини, мажлис баённомаси юритилишини, қўмиталар ва комиссиялар қабул қилган ҳужжатларнинг маромига етказилиши ва таҳрир қилинишини, улар ижрочиларга ва бошқа ташкилотларга жўнатилишини, қўмиталар ва комиссияларда йиғилиш ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтганлиги тўғрисидаги ахборот эълон қилишга тайёрланишини ташкил этади;
қўмиталар ва комиссияларга улар давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари билан алоқа ва ҳамкорликни йўлга қўйишларига кўмаклашади;
ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этишда, ишларнинг ягона номенклатураси асосида ишлар бир хил юритилишида, ёзишмаларнинг ҳисобини олиб боришда, ҳужжатларнинг ҳаракатини назорат қилишда ҳамда Олий Мажлис раҳбариятининг топшириқларини ўз вақтида бажаришда қўмиталар ва комиссияларга ёрдам кўрсатади.
9. Юридик бўлим:
Олий Мажлис, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссиялари муҳокамасига киритиладиган масалалар юзасидан материаллар ва таклифлар тайёрланишини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ривожланиш тажрибасини ўрганиб ва умумлаштириб боради, қонунларнинг ижро этилиши борасидаги ишларни таҳлил этади, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
Олий Мажлис муҳокамасига киритилаётган қонун ҳужжатларини улар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, аввал қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларга қанчалик мувофиқ эканлиги нуқтаи назаридан таҳлил этади, қўмиталар ва комиссиялар тайёрлаётган қонун лойиҳалари юзасидан юридик хулосалар беради;
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари лойиҳалари устида иш олиб боришда, тарқатилган ёки эълон қилинган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари юзасидан Олий Мажлис депутатлари, қўмиталари ва комиссиялари, вазирликлар ва идоралар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролардан келаётган таклиф ва мулоҳазаларни тўплаш, умумлаштиришда қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарига ташкилий ва услубий хизмат кўрсатилишини таъминлайди. Қўмиталар ва комиссияларга олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ҳарбий ва бошқа органларнинг амалиётчи ходимлари томонидан илмий-маслаҳат хизмати кўрсатилишини таъминлайди, қўмиталар ва комиссиялар ўз ваколатларини тўлароқ амалга ошириши мақсадини кўзлаб уларнинг давлат органлари, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат бирлашмалари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади;
қўмиталар ва комиссияларнинг йиғилишларига масалалар тайёрлашда иштирок этади, ишчи гуруҳларни шакллантиради, қўмиталар ва комиссияларга амалдаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини текширишда кўмаклашади, уларга қарор лойиҳаларини ишлаб чиқишда ёрдам беради, қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини эълон қилиш учун тайёрлайди;
Олий Мажлис депутатларига ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар беради ва зарур ҳолларда амалдаги қонун ҳужжатлари юзасидан маълумотномалар беради;
ҳукумат аъзоларини, Бош прокурор ва унинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва вазифасидан озод этиш тўғрисидаги, вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ва тугатиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини тасдиқлаш тўғрисидаги, шунингдек Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик судининг судьяларини сайлаш ва вазифасидан озод этиш тўғрисидаги Олий Мажлис қарорларининг лойиҳаларини тайёрлайди;
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан келаётган таклифлар ва мулоҳазаларни ўрганиш ҳамда умумлаштириб бориш ишларини ташкил этади;
Олий Мажлис Котибиятининг бошқа бўлимлари билан биргаликда тўпламларни, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларини нашрга тайёрлайди;
қўмиталар, комиссиялар, республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларининг ишлари билан боғлиқ ахборот материаллари тайёрланишини ташкил этади.
10. Назорат-ахборот бўлими:
қўмиталар ва комиссияларга ташкилий, услубий, ахборот ва илмий-маслаҳат хизматлари кўрсатилишини таъминлайди, уларга назорат-таҳлил ишларида кўмак беради;
Олий Мажлис сессияларига ташкилий ва ахборот хизмати кўрсатилишини таъминлайди;
Олий Мажлис фракциялари, блоклари ва бошқа депутатлар гуруҳларига ташкилий-техник ёрдам кўрсатади;
Олий Мажлис депутатларига улар ўз депутатлик ваколатларини амалга оширишларида кўмаклашади ҳамда уларни тегишли ахборот материаллари билан таъминлайди;
Олий Мажлис депутатларининг сайлов округларидаги иши тўғрисида, уларнинг сайловчилар билан ўтказган учрашувлари ҳақида Олий Мажлис Котибиятига келган ахборотларни умумлаштириб боради;
Олий Мажлис, унинг қўмиталари ва комиссиялари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини шакллантириш ва уларнинг фаолият кўрсатиш таомилини тартибга солувчи қонун лойиҳалари ҳамда норматив йўсиндаги бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда, шунингдек бошқа қонун лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади;
халқ депутатлари Кенгашлари ишига услубий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ материаллар ва таклифлар тайёрланишини ташкил этади;
халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг, улардаги доимий комиссияларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг иш тажрибасини ва улар фаолияти тўғрисидаги статистика маълумотларини ўрганиб ва умумлаштириб боради, уларнинг иш тажрибасини оммалаштиришга кўмаклашади;
халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимият органларига, сайлов комиссияларига ташкилий-техник тадбирларда кўмаклашади;
фуқаролардан Олий Мажлис номига келаётган мурожаатлар билан олиб бориладиган ишларни ташкил этади, бундай мурожаатларнинг ҳисобини юритади ва рўйхатга олади, уларнинг тегишли давлат органлари ва бошқа органларда кўриб чиқилишини назорат қилиб боради;
маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида таклифлар, аризалар ва шикоятларни кўриб чиқиш тажрибасини ўрганиб ва умумлаштириб боради, бу масалалар юзасидан статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар тайёрлайди;
Олий Мажлисга мурожаат билан келувчи фуқароларнинг қабулини уюштиради;
фуқароларнинг мурожаатларини, уларни кўриб чиқиш натижаларини мунтазам таҳлил этиб ва умумлаштириб боради, шикоятларни келтириб чиқараётган сабабларни ўрганади, зарур ахборотлар тайёрлайди;
Олий Мажлис депутатларининг рўйхатларини нашрга тайёрлайди, депутатларнинг сўровнома маълумотларидаги ўзгаришлар ҳисобини юритади;
маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари юзасидан таклифлар тайёрлайди ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликларнинг ҳисобини юритади, вилоятлар ва туманлар чегараларининг ўзгаришига доир навбатчи харита юритади.
11. Парламентлараро алоқалар бўлими:
Олий Мажлис, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталар ва комиссиялар муҳокамасига киритиладиган қонун лойиҳалари ҳамда халқаро муносабатлар, шунингдек халқаро шартномалар ва битимларни ратификация ёки денонсация қилиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишга тааллуқли материаллар ва таклифлар тайёрланишини ташкил этади;
чет эл делегациялари, айрим давлат ва сиёсат арбоблари, хорижий давлатлар дипломатия вакиллари, шунингдек халқаро ташкилотлар вакилларининг Олий Мажлисдаги қабулини уюштиради;
парламент делегациялари ташрифларининг, Олий Мажлис иштирокида ўтказилаётган халқаро парламент тадбирларининг (конференция, семинар, симпозиум ва бошқаларнинг) протокол таъминоти масалаларини ҳал этади;
расмий ташриф билан чет элларга сафарга жўнаб кетаётган Олий Мажлис раҳбарияти, делегацияси ва депутатларини ахборот, ёрдамчи ва бошқа материаллар билан таъминлайди;
Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирликларининг тегишли бўлинмалари билан, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва дипломатия корпуси билан алоқа боғлаб туради;
Олий Мажлиснинг парламентлараро алоқалари масалалари бўйича материалларни умумлаштириб боради, халқаро парламент институтлари билан мулоқотда бўлади;
қўмиталар ва комиссияларга ташкилий, услубий, ахборот ва илмий-маслаҳат хизматлари кўрсатилишини таъминлайди, улар ўтказаётган тадбирларга кўмаклашади;
хорижий мамлакатларга сафарга жўнаб кетаётган Олий Мажлис депутатларига ташкилий-техник, услубий ва бошқа хил хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.
12. Матбуот ва таржималар бўлими:
Олий Мажлиснинг «Халқ сўзи» — «Народное слово», «Нурлы жол», «Овози тожик» газеталари таҳририятларининг фаолияти масалаларига мутасаддилик қилади, бу газеталар таҳририятлари ўз уставида белгиланган талабларни бажариши устидан назоратни амалга оширади;
Олий Мажлис, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссиялари муҳокамасига киритиладиган қонун лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ материаллар ва таклифлар тайёрланишини ташкил этади;
оммавий ахборот воситалари билан алоқа боғлаб туради, Олий Мажлис ва унинг органлари фаолияти даврий нашрлар саҳифаларида, телевидение ва радиода белгиланган тартибда ёритилишини таъминлайди;
қонун лойиҳалари, шунингдек Олий Мажлиснинг, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг бошқа ҳужжатлари ҳамда ўзга материаллар таржима қилиниши ва таҳрир этилишини таъминлайди, уларнинг матбуотда эълон қилинишни ташкил этади;
Олий Мажлис ахборотномаси, Олий Мажлис Кенгаши мажлисларининг баённомалари, Олий Мажлис қабул қилган ҳужжатлар тўпламлари нашр этилишини ташкил этади;
Олий Мажлис ҳузуридаги матбуот гуруҳи ишини ташкил этади.
13. Умумий бўлим:
Олий Мажлис ҳужжатлари (қонунлар, қарорлар, баённомалар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатлар) рўйхатга олинишини, ҳисоби юритилишини, расмийлаштирилишини, кўпайтирилишни ва жойларга жўнатилишини амалга оширади;
келаётган хат-хабар, ёзишмаларни қабул қилиб олади, рўйхатдан ўтказади, ҳисобини юритади, тақсимлайди ва тегишлилиги бўйича етказиб беради, шунингдек жўнатма хат-хабар, ёзишмаларни қабул қилиб олиб жойларга жўнатилишини таъминлайди;
Олий Мажлис Котибияти тузилмаларида иш юритилишини белгиланган тартибда ташкил этади, махфийлик режимини таъминлайди, Котибият бўлинмаларида ижро интизоми аҳволини таҳлил этиб боради;
Олий Мажлис сессиялари, Олий Мажлис Кенгашининг мажлисларига бошқа бўлимлар билан биргаликда ташкилий-техник хизмат кўрсатилишини таъминлайди;
Олий Мажлиснинг, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг мажлислари, Олий Мажлисда ўтказиладиган бошқа тадбирлар баённомаларини, стенограммаларни юритади, уларда сўзга чиққанларнинг овозлари магнит лентасига ёзиб олинишини таъминлайди;
юритилиши тугалланган ҳужжатлар йиғма жилдларининг қабул қилиб олиниши, ҳисоби юритилиши ва сақланишини, жорий архив шакллантирилишини таъминлайди, ишлар ва ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат архивига топширади;
стенография ва машинкада ёзув бюроси ҳамда нусха кўчириш бюроси ишига раҳбарлик қилади, қўмиталар ва комиссиялар, Олий Мажлис Котибияти бўлинмаларининг материаллари машинкада (компьютерда) кўчирилишини ва кўпайтирилишини ташкил этади;
Олий Мажлис кутубхонаси ишини ташкил этади;
Олий Мажлис раҳбарияти ва Котибият бошлиғи топшириғига биноан фармойишлар лойиҳаларини тайёрлайди;
Олий Мажлисда доимий асосда ишлаётган депутатларнинг ҳамда Котибият ходимларининг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдлари ва меҳнат дафтарчаларини расмийлаштириш ҳамда сақлаш ишларини амалга оширади.
14. Молия-хўжалик бўлими:
Олий Мажлиснинг, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг, Олий Мажлис депутатларининг, шунингдек Олий Мажлис Котибиятининг фаолиятига молиявий, моддий-техник ва хўжалик хизмати кўрсатилишини таъминлайди;
Олий Мажлис раҳбарияти ва Котибининг бошлиғи кўриб чиқиши учун Олий Мажлис ва унинг органлари фаолияти билан боғлиқ харажатлар сметаларининг лойиҳаларини, бу сметаларнинг ижросига доир ҳисоботларни тайёрлайди;
Парламентлараро алоқалар бўлими билан биргаликда парламент делегациялари ва бошқа делегацияларнинг Олий Мажлисдаги қабулларини ташкил этади, Олий Мажлис делегацияларини чет элларга юбориш билан боғлиқ, ташкилий-техник масалаларни ҳал этади;
Олий Мажлис ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари, шунингдек Олий Мажлисда доимий асосда ишлаётган депутатларнинг ва Котибият ходимларининг шахсий гувоҳномалари тайёрланишини таъминлайди;
«Рада-Мажлис» электрон тизими, Олий Мажлиснинг маҳаллий компьютер тармоғи, шунингдек бошқа ташкилий техника белгиланган даражада ишлашини таъминлайди;
Олий Мажлисда доимий асосда ишлаётган депутатлар ва Котибият ходимларига меҳнат, маиший шароит яратиб бериш ва уларга тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этиш ишини олиб боради;
Олий Мажлис оромгоҳи иши масалаларига мутасаддилик қилади.
15. Олий Мажлис Котибияти, унинг бўлимлари зиммага юклатилган вазифаларни бажара бориб:
Олий Мажлис раҳбарияти кўриб чиқиш учун ўз фаолиятларига доир масалалар юзасидан таклифлар киритадилар;
тегишли давлат органлари ва жамоат бирлашмаларидан иш учун зарур ҳужжатлар ва материалларни талаб қилиб оладилар;
давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг вакиллари билан кенгашлар ўтказадилар;
давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва илмий муассасаларнинг ходимларини қонун лойиҳаларини ва Олий Мажлис, Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссиялари муҳокамасига киритиладиган бошқа масалаларни тайёрлашда қатнашишга жалб этадилар;
фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятларини, шунингдек бошқа материалларни кўриб чиқиш учун тааллуқлилигига қараб давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига юборадилар.
16. Олий Мажлис Котибияти, унинг бўлимлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари девонларининг тегишли бўлинмалари билан алоқа боғлаб турадилар, уларга услубий, маслаҳат йўсинидаги ва бошқа хил ёрдамлар кўрсатадилар.
17. Олий Мажлис Котибиятининг бошлиғи ва ходимлари Олий Мажлис Раиси томонидан лавозимга тайинланади ва вазифасидан озод қилинади.
18. Олий Мажлис Котибияти бўлимларининг мудирлари:
Котибиятнинг тегишли бўлинмалари фаолиятига раҳбарлик қиладилар ҳамда ана шу бўлинмалар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул бўладилар;
ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайдилар, иш уюшган ҳолда ва батартиб боришини, хизмат интизомига риоя этилишини таъминлайдилар, ходимлар ўз вазифаларини бажаришлари ҳамда иш юритиш тартибли бўлиши учун жавоб берадилар;
Котибиятнинг тегишли бўлимида тайёрланган масалалар хусусида Олий Мажлис Котибиятининг бошлиғига ахборот берадилар;
Олий Мажлис Кенгашининг, қўмиталари ва комиссияларининг мажлисларида қатнашадилар;
Олий Мажлис Раиси, Раис ўринбосари ва Котибият бошлиғи ҳузурида ўтказиладиган кенгашларда Котибиятнинг тегишли бўлинмаси номидан вакиллик қиладилар.
19. Бўлим мудирларининг ўринбосарлари тегишли бўлинмалар раҳбарлари йўқлигида уларнинг вазифаларини бажарадилар, шунингдек ўзларига топширилган иш жабҳасига раҳбарлик қиладилар.
20. Олий Мажлис Котибиятининг шуъба мудирлари, катта референтлари, референтлари ва бошқа масъул ходимлари:
хизмат вазифалари ва мансаб йўриқномаларига мувофиқ тегишли жабҳада топширилган иш вақтида, сифатли бажарилишини ва ташкил этилишини таъминлайдилар, бу ишлар учун шахсан масъул бўладилар;
тегишли қўмита, комиссия, Котибият бошлиғи, бўлим мудири ва унинг ўринбосари берган вазифа ва топшириқларни бажарадилар.
21.Олий Мажлис Котибиятининг техник ходимлари:
зиммаларига юкланган хизмат вазифаларини, шунингдек қўмиталар ва комиссиялар раҳбарлари, Котибият бошлиғи, бўлим мудири, унинг ўринбосари, шуъба мудири, шунингдек тегишли гуруҳ ёки жабҳа раҳбари берган топшириқларни вақтида, аниқ ва сифатли бажаришга мажбурдирлар;
ўз ишларига тааллуқли масалалар юзасидан ўтказиладиган хизмат кенгашларида қатнашадилар;
зарурат бўлганда, ўз ишлари билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли қўмита, комиссия, Котибият, бўлим раҳбариятига, шунингдек шуъба мудири, гуруҳ ёки жабҳа раҳбарига таклифлар киритадилар.
22. Олий Мажлис Котибияти юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси Давлат герби туширилган муҳри бўлади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 4-сон, 130-модда)