Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Наманган» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Наманган» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 20 августдаги ПФ-5517-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Наманган» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 20 августдаги ПФ-5517-сон Фармонига мувофиқ «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бошқарув ходимлари сони 5 нафардан иборат бўлган «Наманган» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар:
«Наманган» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудлар 1-иловага;
«Наманган» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг тузилмаси 2-иловага;
«Наманган» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг устави 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан:
Дирекцияга, келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан, 2019-2020 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратилишини;
Дирекциянинг Устав фондини шакллантиришга 1,0 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратилишини таъминласин.
5. Наманган вилояти ҳокимлиги:
Дирекциянинг Наманган вилояти, Чуст шаҳри, Чарағон кўчаси, 1-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини ва кейинчалик Дирекция учун замонавий маъмурий бино қурилишини;
Дирекцияни малакали мутахассислар билан таъминлашни, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибалари асосида мутахассисларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб боришни ҳамда Дирекцияга зарур инвентарлар, ташкилий техника ҳамда самарали фаолият олиб бориш учун талаб этиладиган воситаларни харид қилиш ва сақлаш учун маблағлар ажратилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 27 декабрь,
1054-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 декабрдаги 1054-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Наманган» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудлар
1-ер участкаси:
1-бошланғич нуқта Тошкент-Наманган автомобиль йўлининг Чуст канали кесишган жойдан шарқий томонга 710 метр масофада дала йўлигача, шимол томонга олиб борадиган дала йўли бўйлаб 300 метр масофада жойлашган.
1-нуқтадан чегара шимоли-ғарбий йўналишда дала йўли билан 1200 метр масофада бетон ариқгача, бетон ариқдан шу йўналиш бўйича 440 метр, сўнгра шимолий йўналиш бўйича 315 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.
2-нуқтадан чегара қуруқ ер билан жануби-ғарбий йўналишда 90 метр масофада дала йўлигача, сўнгра шу йўналиш бўйича қуруқ ер билан 1110 метр масофада 3-нуқтагача давом этади.
3-нуқтадан чегара қуруқ сой билан жануби-шарқий 550 метр, сўнгра жанубий-шарқий йўналишга бурилиш ҳосил қилиб, 240 метр масофадан сўнг жануби-ғарбий йўналишда 300 метр дала йўлигача, шу йўналиш бўйича дала йўли бўйлаб 200 метр, сўнгра ғарбий йўналиш дала йўли бўйлаб 70 метр масофада 4-нуқтагача давом этади.
4-нуқтадан чегара «Навоий» массиви чегараси бўйлаб қуруқ ер билан жануби-шарқий йўналишда 150 метр масофада 5-нуқтагача давом этади.
5-нуқтадан чегара қуруқ ер билан жанубий йўналишда «Навоий» массиви чегараси бўйлаб бурилишлар ҳосил қилиб, 1250 метр масофада 6-нуқтагача давом этади.
6-нуқтадан чегара қуруқ ерлар билан шимоли-шарқий йўналишда 450 метр, сўнгра шу йўналиш бўйича боғзор ерлар билан 850 метр масофада 1-нуқта қўшилгунга қадар давом этади.
2-ер участкаси:
1-бошланғич нуқта Тошкент-Наманган автомобиль йўлининг жанубий томонида Чуст канали кесишган жойидан бошланган дала йўли билан 400 метр масофада жанубий-шарқий йўналишда дала йўли бўйлаб, ушбу дала йўли бўйлаб жануб томонга 80 метр масофада жойлашган.
1-нуқтадан чегара дала йўли бўйлаб жанубий йўналишда 1 520 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.
2-нуқтадан чегара қуруқ ер билан ғарбий йўналишда 130 метр масофада 3-нуқтагача давом этади.
3-нуқтадан чегара Поп тумани билан чегарадош ариқ бўйлаб шимолий-ғарб йўналишида бурилишлар ҳосил қилиб, 1420 метр масофада 4-нуқтага туташади.
4-нуқтадан чегара шарқий томонга 90 метр масофада дала йўли билан, сўнгра шимоли-шарқ томонга ариқ билан 420 метр масофада 1-нуқтага қўшилгунга қадар давом этади.
3-ер участкаси:
1-бошланғич нуқта Тошкент-Наманган автомобиль йўлининг Чуст-Чортоқ автомобиль йўли кесишган жойининг шимолий қирғоғида жойлашган.
1-нуқтадан чегара Чуст-Чортоқ автомобиль йўли бўйлаб, шимоли-шарқий йўналиш бўйича 340 метр масофада дала йўли кесишган ергача, кейинчалик дала йўли билан жанубий йўналишда 750 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.
2-нуқтадан чегара шимол йўналиш бўйича Тўрақўрғон тумани билан чегарадош ариқ бўйлаб, 400 метр масофада 3-нуқтагача давом этади.
3-нуқтадан чегара дала йўли билан шимоли-ғарбий йўналиши бўйича 180 метр масофада 4-нуқтагача давом этади.
4-нуқтадан чегара Чуст-Чортоқ йўли бўйлаб, жануби-ғарбий йўналиш бўйича 610 метр масофада 5-нуқтагача дала йўли билан туташган жойгача давом этади.
5-нуқтадан чегара дала йўли бўйлаб шимоли-ғарбий йўналишда бурилишлар ҳосил қилиб, 210 метр масофада 6-нуқтагача давом этади.
6-нуқтадан чегара қуруқ ер билан шимоли-шарқий йўналиш бўйича 250 метр масофада 7-нуқтагача давом этади.
7-нуқтадан чегара шимолий йўналиш бўйича қуруқ ер билан 550 метр, сўнгра шу йўналиш бўйича бурилишлар ҳосил қилиб номсиз ариқ бўйлаб 380 метр масофада 8-нуқта бетон ариқгача давом этади.
8-нуқтадан чегара шимолий-ғарбий йўналишда бетон ариқ бўйлаб бурилишлар ҳосил қилиб 450 метр масофада 9-нуқтагача давом этади.
9-нуқтадан чегара ғарбий йўналишда қуруқ ер билан 200 метр масофада 10-нуқтагача давом этади.
10-нуқтадан чегара жанубий йўналишда қуруқ ер билан 450 метр масофада, сўнгра чегара қуруқ ер билан жанубий-шарқий йўналиш бўйича 180 метр, шу йўналиш бўйича боғзор ери билан 70 метр масофада дала йўли билан туташади, дала йўли бўйлаб жанубий-шарқий йўналишда 100 метр масофада 11-нуқтагача давом этади.
11-нуқтадан чегара жанубий йўналишда қуруқ ер билан 650 метр масофада 12-нуқтагача давом этади.
12-нуқтадан чегара ғарбий йўналиш бўйича қуруқ сой билан 350 метр, сўнгра шу йўналиш бўйича ариқ билан бурилишлар ҳосил қилиб 300 метр масофада 13-нуқта дала йўлигача давом этади.
13-нуқтадан чегара жанубий йўналиш бўйича дала йўли билан 60 метр масофада, кейинчалик ушбу дала йўли билан бурилишлар ҳосил қилиб жануби-шарқий йўналиш бўйича 880 метр масофада 14-нуқтагача давом этади.
14-нуқтадан чегара Чуст-Наманган автомобиль йўли билан 240 метр масофада 1-нуқтага қўшилгунга қадар давом этади.
4-ер участкаси:
Бошланғич нуқта «Жанубий айланма йўли»нинг Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани «Исоқхон Тўра Ибрат» массивидаги қисмидан ўтувчи Катта Наманган каналидан 70 метр масофада шарқ томонга, 1-нуқтагача давом этади.
1-нуқтадан бошланган чегара «Омад 21» фермер хўжалиги экин ер майдонлари билан 800 метр масофада, «Тешиктош Замин» фермер хўжалиги экин ер майдонлари билан 348 метр масофада шимолдан жануб томонга 2-нуқтагача давом этади.
2-нуқтадан жанубий-шарқ томонга 449 метр, 180 метр «Тешиктош Замин» фермер хўжалиги билан, 100 метр «Омад 21» фермер хўжалиги билан, 169 метр «Мустақил» фермер хўжалиги ер майдонлари билан собиқ дала шийпонининг шарқ томонидаги ички дала йўли кесишмасидаги 3-нуқтагача давом этади.
3-нуқтадан дала ички йўли орқали 880 метр, «Носир Толиб» фермер хўжалигини экин ерлари билан «Поросмон» аҳоли яшаш пунктидан чиқаётган ички дала йўли билан 4-нуқтагача давом этади.
4-нуқтадан шарқ томонга бурилиб, «Омад 21» фермер хўжалиги ерлари билан 570 метр дала орқали дала йўлнинг кесишмасида 5-нуқтагача давом этади.
5-нуқтадан ички дала йўли орқали, 1065 метрда туман ҳокимлиги захира ер майдонлари бўйлаб 6-нуқтагача давом этади.
6-нуқтадан захира ер майдонларидан 90 градус бурчак остида ғарбга бурилиб, «Қаюмжон ота Рахимов» фермер хўжалиги ерлари билан 690 метрда ички суғориш ариғи бўйлаб ўтиб, «Даштобод Барака Замин» фермер хўжалигининг ерлари билан 120 метрда 7-нуқтагача давом этади.
7-нуқтадан шимолга бурилиб, 790 метр масофада Наманган шаҳар «Наманган парранда» МЧЖ ер майдонлари билан «Жанубий айланма йўл» бўйлаб 8-нуқтагача давом этади.
8-нуқтадан чегара ғарб томонга бурилиб, 400 метр Наманган шаҳар «Наманган парранда» МЧЖ ер майдонлари билан, 180 метр Тўрақўрғон туманидаги «Қаюмжон ота Рахимов» фермер хўжалигини ер майдонлари билан ҳамда 306 метр «Омад 21» фермер хўжалигини экин ерлари билан масофада 1-нуқтага қадар давом этади.
5-ер участкаси:
1-бошланғич нуқта «Жанубий айланма йўл»нинг шимолий томонидаги ички йўл билан «Жанубий айланма йўл» кесишмасида жойлашган. Шу нуқтадан «Жанубий айланма йўл» бўйлаб 885 метр «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг ерларидан ўтиб 2-нуқтагача давом этади.
2-нуқтадан чегара «Катта Наманган канали» бўйлаб 380 метр «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг ерларидан ўтиб, «Тўрақўрғон Агро Пилла» МЧЖ ҳисобида бўлган тутзордан 60 метр ўтиб, «Исоқхон Тўра Ибрат» массивининг чегараси билан 3-нуқтагача давом этади.
3-нуқтадан бошланган чегара 610 метр масофада «Тўрақўрғон Агро Пилла» МЧЖ ҳисобида бўлган тутзордан ўтиб, 510 метр «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг ерларидан 4-нуқтагача давом этади.
4-нуқтадан чегара жанубий ғарб томонга бурилиб, 130 метр «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг экин ерларидан 5-нуқтагача давом этади.
5-нуқтадан чегара «Исоқхон Тўра Ибрат» массиви чегараси бўйлаб шимолий ғарбга бурилиб, 190 метр масофада закан тармоғи бўйидаги ички дала йўлидаги «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг ерларидан 6-нуқтагача давом этади.
6-нуқтадан ер участкасининг чегараси шу нуқтадан жануб томонга бурилиб, ички закан бўйидаги ички дала йўли орқали 1010 метр масофада «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг экин ерларидан 7-нуқтагача давом этади.
7-нуқтадан шу нуқтада ажратилаётган ер участкасининг чегараси жануби-ғарбий томонга бурилиб, маҳаллий аҳолининг дала томорқа ер майдонларининг жанубий (пастки) томонидаги чегараси орқали 170 метр масофада «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг ерларидан ўтиб, ички суғориш ариғи жойлашган 8-нуқтагача давом этади.
8-нуқтадан чегара шу нуқтадан шимолга бурилиб, юқоридаги ички суғориш ариғи орқали 70 метр масофада «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг ерлари ҳамда ички закан тармоғи бўйидаги ички дала йўлида жойлашган 9-нуқтагача давом этади.
9-нуқтадан ажратилаётган ер участкасининг чегараси жануб томонга бурилиб, юқоридаги ички закан тармоғи бўйидаги ички дала йўли орқали «Гулистон Яшнаган Замин» фермер хўжалигининг экин ерларидан 270 метр масофада 1-нуқтага қўшилгунга қадар давом этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 декабрдаги 1054-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Наманган» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг умумий сони — 5 нафар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 декабрдаги 1054-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
«Наманган» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Наманган» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига бириктирилган мулкка нисбатан, қонунчиликда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи — муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Namangan» erkin iqtisodiy zona Direktsiyasi» davlat unitar korxonasi;
қисқартирилган номи — «Namangan» EIZ Direktsiyasi» DUK;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственное унитарное предприятие «Дирекция свободной экономической зоны «Наманган»;
қисқартирилган номи — ГУП «Дирекция СЭЗ «Наманган»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — «Directorate of free economic zone «Namangan» State Unitary Company;
қисқартирилган номи — «Directorate of FEZ «Namangan» SUC.
5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Наманган вилояти, Чуст шаҳри, Чарағон кўчаси, 1-уй.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) ҳисобланади.
7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда қатнашчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.
9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.
2-боб. Дирекция фаолиятининг мақсади ва асосий йўналишлари
10. «Наманган» эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда «Наманган» ЭИЗ деб аталади) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, «Наманган» ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, «Наманган» ЭИЗ қатнашчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар (хизматлар)ни бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.
11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Наманган вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) қабул қилинган қарорларига мувофиқ «Наманган» ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг реестрини юритиш;
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
Маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ инвесторлар билан «Наманган» ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, давлат мулкини «нол»га тенг харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида «Наманган» ЭИЗ қатнашчилари билан шартномалар тузиш;
«Наманган» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни қидириш ва жалб этиш;
ишлаб чиқилган «Наманган» ЭИЗ бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;
«ягона дарча» тамойили асосида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур бўлган барча рухсатномалар беришни ташкил этиш;
белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан ўз зиммаларига қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;
«Наманган» ЭИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқариш;
«Наманган» ЭИЗ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва корхоналарнинг доимий фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда «Наманган» ЭИЗ қатнашчиларига кўмаклашиш;
«Наманган» ЭИЗни ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш;
экологик ҳолатнинг яхшиланиши юзасидан назоратни таъминлаш, шунингдек, «Наманган» ЭИЗ ҳудудида жойлашган тарихий-маданий бойликларнинг бут сақланиши учун жавоб бериш;
«Наманган» ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.
12. Дирекция қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириши мумкин.
3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш
13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.
14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;
Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;
Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;
меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;
меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш.
15. «Наманган» ЭИЗ мустақил бюджети ва «Наманган» ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади.
16. Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор амалга оширади.
17. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.
18. Директор:
қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;
«Наманган» ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;
Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирларини амалга оширади;
Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларини) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тугатади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;
Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар ва кўрсатмалар чиқаради;
Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;
Дирекция томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;
Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
19. Директор:
Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;
Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг қондирилиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;
«Наманган» ЭИЗнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига «Наманган» ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.
20. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
4-боб. Дирекциянинг устав фонди
21. Дирекциянинг устав фонди «Наманган» ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.
22. Дирекция устав фондининг миқдори 1,0 млрд сўмни ташкил қилади.
5-боб. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби
23. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Муассис қарорига биноан амалга оширилади.
6-боб. Дирекция мулкини тасарруф этиш
24. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.
25. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.
26. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.
27. Директор Муассис билан келишган ҳолда Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:
асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;
мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;
бошқа хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш ва сотиш;
мол-мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш.
7-боб. Дирекция бюджетини шакллантириш
28. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
давлат мулки бўлган ва «Наманган» ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;
хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
ЭИЗ қатнашчиларининг ажратмалари ва ЭИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларидаги маблағлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
8-боб. Захира фондини ва бошқа фондларни шакллантириш тартиби
29. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.
9-боб. Даромад (фойда)ни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби
30. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.
31. Муассис ўз қарори билан ўзга юридик ва жисмоний шахсларга хайрия мақсадлари учун йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.
32. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарларини қоплаш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
10-боб. Ҳисоботларни тақдим этиш тартиби
33. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.
34. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолиятини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
35. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
11-боб. Дирекциянинг жавобгарлиги
36. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.
37. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
12-боб. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш
38. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.
39. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.
Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2018 й., 09/18/1054/2398-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)