Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Молиявий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
2000 йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Шартнома қоидаларига асосланиб,
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва молиявий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича Томонларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга, Тожикистон Республикаси Ҳукумати томонидан таклиф этилган Тожикистон Республикаси молия-кредит ташкилотлари иштирокида (кейинги ўринларда — Тожикистон Республикаси молиявий институтлари) Ўзбекистон Республикасидан товарлар ва хизматларни, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш билан боғлиқ бўлган, Тожикистон Республикаси молиявий институтлари қарз олувчи ёки ҳужжатли аккредитивнинг банк-эмитенти сифатида иштирок этувчи битимларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» Акциядорлик тижорат банки ва «Асака» Акциядорлик тижорат банки (кейинги ўринларда — Ўзбекистон Республикаси молиявий институтлари») томонидан савдони молиялаштиришни таъминлаш орқали товарлар ва хизматларни биргаликда илгари суришга қаратилган.
2-модда
Мазкур Битимни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг молиявий институтлари Тожикистон Республикаси молиявий институтлари иштирокида алоҳида битимлар билан белгиланадиган шартлар асосида Ўзбекистон Республикасидан товарлар ва хизматлар, шу жумладан қишлоқ хўжалиги техникаси экспорти билан боғлиқ битимларни молиялаштиришни қўриб чиқишнинг мавжуд имкониятини тасдиқлайдилар.
3-модда
1. Тожикистон Республикасининг молиявий институтлари қарз олувчи ёки ҳужжатли аккредитивнинг банк-эмитенти сифатида иштирок этувчи операциялар бўйича умумий кредит чеклови (максимал кредит линияси чегараси) 100 000 000,00 (юз миллион) АҚШ долларини ташкил этади.
2. Ҳар бир алоҳида битимни молиялаштиришнинг максимал лимити 1 000 000,00 (бир миллион) АҚШ долларини ташкил этади.
3. Савдони молиялаштиришнинг шартлари, ҳамкорликнинг аниқ иш схемалари, молиялаштиришнинг харажат ва методлари Томонларнинг молиявий институтлари ўртасида тузиладиган алоҳида битимлар билан белгиланади.
4. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг молиявий институтлари Тожикистон Республикаси молиявий институтлари учун белгиланган молиялаштиришнинг максимал лимитини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладилар, бунда ушбу ўзгаришлар тўғрисида Тожикистон Республикаси молиявий институтларига 10 иш куни мобайнида ёзма хабар берилади.
5. Томонлар мазкур Битим доирасида Томонлар молиявий институтларининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар.
Томонларнинг молиявий институтлари алоҳида тузиладиган битимлар доирасидаги ўзларининг мажбуриятлари бўйича мустақил равишда жавобгар бўладилар.
4-модда
Мазкур Битим доирасида олинган ахборот махфий тусга эга бўлади ва фақат унинг бажарилиши мақсадида фойдаланилади. Ахборотдан бошқа мақсадларда фойдаланиш фақат ушбу ахборотни тақдим этган Томоннинг ёзма розилиги билан амалга оширилади.
Мазкур Битим доирасида тақдим этилган ахборотни олувчи Томон ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ уни ҳимоялашни таъминлашга мажбур.
5-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонлар иштирокчиси ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
6-модда
Мазкур Битимни талқин этиш ва қўллаш билан боғлиқ низоли масалалар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
Бундай маслаҳатлашувлар ва музокаралар давомида Томонлар мазкур Битим қоидаларига асосан ўз мажбуриятларини бажаришда давом этадилар.
7-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги асосида мазкур Битимнинг 8-моддаси биринчи хатбошисига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Мазкур Битим у имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан ҳеч бири ушбу Битим амал қилишининг навбатдаги даври тугашидан камида олти ой олдин унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга узаяверади.
Мазкур Битим Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги бошқа Томоннинг тегишли ёзма хабарномасини олган кундан бошлаб олти ой мобайнида амал қилади.
Душанбе шаҳрида 2018 йил 9 мартда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эта.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)