сирдарё вилояти Оқолтин туман ҳокимининг
Қарори
Оқолтин тумани маҳаллий бюджетининг 2018 йилги параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 13 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети ва Давлат бюджетининг мақсадли жамғармалари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 1341-III-сонли, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 20 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети ва Давлат бюджетининг мақсадли жамғармалари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги ҚС-241-III-сонли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-3454–сонли, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2017 йил 31 декабрдаги 105/35-35-сонли ҳамда Халқ депутатлари Оқолтин тумани Кенгашининг 2018 йил 15 январдаги 35/100-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 25-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 28, 99-моддаларига мувофиқ, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-3454-сонли ҳамда Халқ депутатлари Оқолтин тумани Кенгашининг 2018 йил 15 январдаги 35/100-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Оқолтин тумани Кенгашининг 2018 йил 15 январдаги 35/100-сонли қарори ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-3454–сонли қарорига мувофиқ 2018 йил учун:
а) қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида;
юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи билан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш учун солиқларни бирлаштирган ҳолдаги ставкалари (1-иловага*) мувофиқ;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари (2-иловага*) мувофиқ;
ягона солиқ тўлови ставкалари (3, 3-1, 3-2-иловаларга*) мувофиқ;
тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича ҳуқуқий ва жисмоний шахсларга белгилаб қўйилган солиқ ставкалари (4-иловага*) мувофиқ;
юридик шахсни ташкил этмасдан туриб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар)га белгилаб қўйилган солиқ ставкалари (5-иловага*) мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва рўйхат бўйича четдан келтириладиган товарларга акциз солиғи ставкалари (6, 6-1-иловаларга*) мувофиқ;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари (7-иловага*) мувофиқ;
ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари (8-иловага*) мувофиқ;
имзоли ва тижоратбоп бонус ставкалари (9, 9-1-иловаларга*) мувофиқ;
айрим турдаги маҳсулотлар бўйича ортиқча фойдадан солиқ ставкалари (10-иловага*) мувофиқ;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган мулк солиғи ставкалари (11, 12-иловаларга*) мувофиқ;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари (13-иловага*) мувофиқ;
ягона ер солиғи ставкалари (14-иловага*) мувофиқ;
маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари (15-иловага*) мувофиқ;
Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар ставкалари (16-иловага*) мувофиқ белгиланганлиги;
ягона ижтимоий тўлов, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида (17-иловадаги*) меъёрларга мувофиқ тақсимланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси резидентларининг дивидендлар ва фоизлар тарзида оладиган даромадлардан солиқ ставкалари 10 фоиз миқдорида тасдиқланганлиги;
б) солиққа тортиш объектларининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий — техник базасини ривожлантириш жамғармаларига бирлаштирган ҳолда мажбурий ажратмалар ставкаси 3,2 фоиз миқдорида белгиланганлиги;
шунингдек, Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаларига мажбурий ажратмалар (18-иловадаги*) меъёрларга мувофиқ тақсимланганлиги;
в) фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига уларнинг меҳнат ҳақи даромадларидан мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 8 фоиз миқдорида тасдиқланганлиги;
г) 2018 йил 1 январдан бошлаб мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун ойига 4000 сўм миқдорида ва уларнинг тақсимланиш меъёрлари (19-иловага*) мувофиқ белгиланганлиги;
д) 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб тайёрлов корхоналари учун товар айланмасидан белгиланган ставкаларда ягона солиқ тўлови жорий этилганлиги;
с) 2018 йилнинг 1 январидан фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига мажбурий ажратма 2 фоиз миқдорда белгиланганлиги;
е) 2018 йил 1 январдан бошлаб ягона солиқ тўловчилар учун умумий ер майдони 1 гектардан ошиқ бўлган тақдирда, умумий майдонидан ер солиғи тўлови жорий этилганлиги ва Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда ягона солиқ тўловчиларнинг ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаши топширилганлиги;
ж) юк ташиш хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар томонидан солиққа тортиш тизимидан қатъи назар, улар томонидан тўланадиган солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалари бир бирлик транспорт воситаларига ҳисобланиши, ушбу фаолият тури билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиқ суммаларидан кам бўлмаслиги белгиланганлиги;
з) ягона солиқ тўловига тушган тушумлар бюджетга, Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармаси ва таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ёшлар иттифоқи ажратмалар миқдори Молия вазирлиги томонидан белгиланиши шунингдек, ягона солиқ тўлови бўйича маблағларнинг тақсимланиши 2018 йилнинг 1 февралидан кейинги тушумлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланганлиги;
и) 2018 йилнинг 1 январидан нотижорат корхоналарига, микрофирма ва кичик корхоналар учун кўзда тутилган тартиб асосида, ишловчилар сонидан қатъи назар, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларидан ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқи берилганлиги;
к) 2018 йилнинг 1 январидан жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаш қонунчиликда белгиланган мол-мулкнинг кадастр қийматидан аниқланиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда мол-мулкнинг кадастр қийматидан жисмоний шахсларни солиққа тортиш тартибини тасдиқлаш топширилганлиги;
мол-мулк солиғини мулкнинг кадастр қийматидан ҳисобланишида солиқ юкининг бирдан кўтарилишига йўл қўймаслик учун, кадастр қийматига асосан ҳисобланган жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи суммаси, 2017 йилда ҳисобланган солиқ суммасидан 1,2 баробар миқдордан ошмаслиги лозимлиги;
й) кўчмас мулкни, шу жумладан уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромадларни солиққа тортиш, шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан келиб чиқилиб:
юридик шахсларга — давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан;
уй-жойларни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун (20-иловага*) мувофиқ белгиланган ижара ҳақи ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган миқдордан кам бўлмаган ҳолда белгиланганлиги;
л) солиқ қарздорлиги бўйича солиқ тўловчиларнинг қарздорликларини уларнинг мол-мулки ҳисобидан ундиришнинг энг кам миқдори (21-иловага*) мувофиқ белгиланганлиги;
м) 2023 йилнинг 1 январигача:
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 60 — 63 моддаларида кўрсатилган, манбалардан қўшимча даромад олган бюджет ташкилотлари барча турдаги солиқлар, йиғимлар ҳамда Республика йўл жамғармаси ва Давлат мақсадли жамғармасига мажбурий ажратмалардан,
Ўзбекистон Республикасида аккредациядан ўтган чет эл олий ўқув юртлари, барча турдаги солиқ тўловларидан ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, Ўзбекистон Республикасида таълим соҳасидаги фаолиятидан, шунингдек ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахслардан даромад солиғидан озод этилганлиги;
н) бюджетлараро муносабатларнинг асосий йўналишларини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар асосий вазифа этиб:
жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини кучайтириш, молия ва солиқ органлари томонидан даромадлар базасини мустаҳкамлаш, маҳаллий бюджетларнинг тасдиқланган харажатларини ўз вақтида ва мақсадли молиялаштириш, ижтимоий соҳа ва инфраструктура объектларини сақлаш ва уларни ривожлантириш,
жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларининг фаолиятини жонлантириш ва бир қатор солиқ турлари ва йиғимлари тушумларини ихтиёрларида қолдириш ҳисобига уларнинг даромадлар базаларини кенгайтириш,
йирик солиқ тўловчилар томонидан тушаётган бир қатор солиқ тушумларини вилоят, туман ва шаҳар бюджетларига тақсимлаш,
туман ва шаҳарларни бир маромда ривожланишини таъминлаш мақсадида, маҳаллий ҳокимият органларига алоҳида турдаги маҳаллий солиқлар ставкаларини ошириш ва камайтириш ҳуқуқини бериш,
ижтимоий-иқтисодий инфраструктурани ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатларни молиялаштиришда жойлардаги маҳаллий давлат органларининг мустақиллигини ошириш белгиланганлиги;
о) 2018 йил 1 январдан қуйидаги бюджет тартиби жорий этилганлиги:
1) қуйидаги даромадларни тўлиқ ҳажмда ажратиш;
туман ва шаҳарлар бюджетларига — тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ тушумларини, жисмоний шахслар мол-мулк солиғи, жисмоний шахслар ер солиғи, айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва алоҳида хизмат турлари учун йиғим, бозорлар даромадидан тушумларни,
вилоят маҳаллий бюджетига — ягона ер солиғи, юридик шахсларнинг ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўлови, газ, дизель ёқилғиси, истеъмол қилинган бензин учун истеъмол солиғи, абонент тўлови,
вилоят бюджетига — сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, давлат пошлинасининг тегишли қисми, истисно тариқасида патент ва лицензия беришдан давлат пошлинаси, шунингдек давлат активларини сотишдан тушумлар ва давлат мулкини ижарага беришдан тушган 25 фоиз миқдордаги тушум,
2) республика бюджетига — жисмоний шахслардан даромад солиғи, юридик шахслардан фойда солиғи, истисно тариқасида норезидентлар тўлов манбаларидан ушланмалар, қўшилган қиймат солиғи, тегишли товарларга акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланилганлик учун солиқ, жарима ва йиғимларнинг тегишли қисми, шунингдек тегишли бюджетлар ихтиёрида қолдирилган ўрнатилган прогнозни ажратма қилинадиган солиқларнинг тегишли қисмининг ошириб бажарилган суммаси.
п) маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган таълим ва тиббиёт муассасаларининг иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўлов бўйича харажатлари 2018 йил 1 январдан республика ва вилоят бюджетларидан мақсадли ижтимоий трансфертлар шаклида қопланиши белгиланганлиги;
туман ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлар базасининг кўпайишидан қатъи назар тиббиёт муассасалари ва таълим муассасаларининг иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўловларига ажратиладиган мақсадли ижтимоий трансфертлар ҳажми камаймаслиги;
р) тегишли маъмурий-ҳудудий бирликларда бюджет даромадларининг прогноз кўрсаткичларини ошириб бажарилган қисмини қуйи бюджетдан юқори бюджетга олиб қўйиш,
параметрда кўрсатилган вилоят маҳаллий бюджети харажатларини асоссиз қисқартириш тақиқланганлиги назарда тутилсин.
3. Вилоят бюджетидан 2017 йил давомида молиялаштириб келинган йўл таъмирлаш харажатлари 2018 йилдан тегишли туман маҳаллий бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши инобатга олинсин.
4. Туман ҳокимлигига Халқ депутатларининг тегишли Кенгашлари билан келишган ҳолда 2018 йил 1 январдан;
жорий молия йилида иқтисодий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳалар ҳамда кўзда тутилмаган харажатларни ўз вақтида ва узлуксиз амалга оширишни таъминлаш мақсадида, тегишли бюджет харажатларининг умумий ҳажмининг 1 фоизи миқдорида туман ҳокимлигининг захира жамғармасини шакллантириш,
ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан ва фаолият олиб борадиган жойига қараб жисмоний шахсларнинг ер, мол-мулк солиқларнинг ўрнатилган ставкаларига 0,7 дан 1,3 гача пасайтириш ёки кўпайтириш коэффициентларини қўллаш;
тўртинчи гуруҳ бўйича харажатлар сметасини ижро этиш жараёнида ҳудудий молия органлари томонидан оптималлаштирилган бюджет маблағлари тегишли равишда маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаларини кўпайтиришга йўналтириш ҳамда ўрнатилган тартибда фойдаланиш ҳуқуқи берилсин.
5. Туман ҳокимлиги маҳаллий бюджетининг параметрларини тасдиқлаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилишда юқорида назарда тутилган тартибга қатъий риоя қилинишини таъминласин.
6. Молия йили мобайнидаги қуйи бюджетларнинг тасдиқланган даромадлари параметрлари бажарилмаслиги оқибатида қуйи бюджетларда юзага келиши мумкин бўлган даромадлар билан харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса узилишлари айланма касса маблағларини жалб қилиш ва юқори бюджетдан олинадиган қисқа муддатли фоизсиз бюджет ссудаларини олиш орқали ҳамда бир молия йилидан ортиқ бўлган даврдаги касса узилишларида юқори бюджетдан 2 йилгача бўлган муддатга йиллик 2 фоизли бюджет ссудалари олиш орқали қопланиши белгилансин.
7. 2018 йил 1 апрелдан бошлаб;
маҳаллийлаштириш дастурларига киритилган корхоналарга ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларга;
экспортёр корхоналарнинг экспортдаги улушига боғлиқлигига қараб, юридик шахсларнинг фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ягона солиқ тўловига қўлланиладиган имтиёзлар бекор қилинсин.
8. Туман маҳаллий бюджетининг 2018 йилги кўрсаткичлари ҳажмлари даромадлар бўйича 7 924 389,0 минг сўм, харажатлар бўйича 34 374 990,0 минг сўм, республика бюджетидан ажратиладиган мақсадли ижтимоий трансфертлар 26 450 601,0 минг сўм миқдорида (22-иловага*);
туман маҳаллий бюджетининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари ҳамда маҳаллий бюджетларга ажратиладиган мақсадли ижтимоий трансфертларнинг миқдорлари (23-иловага*);
туман маҳаллий бюджетининг айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори (24-иловага*);
вилоят маҳаллий бюджетидан Республика бюджетига ҳамда туман маҳаллий бюджетидан вилоят маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлари ва тушумларидан ажратмалар меъёри (25, 25-1-иловага*);
бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар учун ота-оналар томонидан тўланадиган ота-оналар бадали миқдори (26-иловага*);
2018 йил учун туман бюджетининг захира жамғармаси миқдори (27-иловага*) мувофиқ тасдиқлансин.
9. Туман молия бўлимига, даромадлар ва харажатлар ижроси (28-иловага* мувофиқ) кутилаётганлиги инобатга олинган ҳолда, Молия вазирлигининг кўрсатмаси асосида ҳамда 2017 йилги бюджет даромадлари ва харажатлари кўрсаткичларини айрим манбалар ва соҳалари ҳамда туман кесимида аниқлаштириш топширилсин.
* 1 — 28-иловалар берилмайди.
10. Туман молия бўлими, Ғазначилик бўлинмаси ва Агро банк ҳамда Халқ банки туман бўлимлари билан биргаликда 2018 йилнинг январ ойида Оқолтин тумани маҳаллий бюджетининг 2017 йилдаги ижроси бўйича белгиланган тартибда якуний операцияларни ўтказсинлар ва мазкур операцияларни Оқолтин тумани маҳаллий бюджетининг 2017 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларда акс эттирилишини таъминласинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Абдуллаев зиммасига юклатилсин.
12. Мазкур қарор расмий веб-сайтга жойлаштирилгандан ва расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким Д. ФАЗИЛОВ
Сардоба ш.,
2018 йил 15 январь,
34-сон