Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сонли «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пул массаси ўсишини чеклаш ва молия интизомига риоя этиш масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 30 мартдаги ПФ-3047-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Давлат мулки қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, «Ўзгеодезкадастр» бош бошқармаси ва Ер ресурслари давлат қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат божи ставкалари ҳақида» 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 й., 11-сон, 49-модда) илованинг 4-бандида:
«г» кичик банд «в» кичик банд деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги янги «г» кичик банд билан тўлдирилсин:
«г) банклар билан қарз олувчиларнинг кредит бўйича қарздорликни қарздорнинг ликвидли мол-мулки ҳисобига қайтариш тўғрисидаги битимларини (шартномаларини) тасдиқлаганлик учун — 1 энг кам ойлик иш ҳақи;».
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 4 декабрь,
422-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 4 декабрдаги 422-сон қарорига
илова
2002 йил 4 декабрдаги 422-сон қарорига
илова
Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш
ТАРТИБИ
1. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пул массаси ўсишини чеклаш ва молия интизомига риоя этиш масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 30 мартдаги ПФ-3047-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ва агар қарздор кредит бўйича ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулк қиймати кредитор банкнинг талабини қоплаш учун етарли бўлмаганда ундирувни қарздорларнинг гаровдан бўш бўлган бошқа, ликвидли мол-мулкига қаратиш тартиботини белгилаб беради.
2. Мазкур Тартиб мақсадлари учун қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
кредитор банк — кредит берган банк;
қарздор — кредитор банкдан кредит олган юридик ёки жисмоний шахс;
ликвидли мол-мулк — қарз олувчининг осон сотиладиган мол-мулки, шу жумладан ижтимоий инфратузилма объектлари, транспорт воситалари, компьютер ва бошқа асбоб-ускуналар, шунингдек қарздорнинг бошқа мол-мулки.
3. Қарздорнинг пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, кредитор банк кредит бўйича қарздорликни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган ва нотариал тасдиқланган ёзма битим асосида қарздорнинг ликвидли мол-мулки ҳисобига, ёхуд ундирувни суд тартибида қарздорнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш йўли билан қайтаришга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кредитор банк томонидан кредит бўйича қарзни қарздорнинг ликвидли мол-мулки ҳисобига қайтариш тўғрисидаги ёзма битим кредит ва фоиз тўловлари бўйича қарз тўлиқ қайтарилгунгача исталган вақтда тузилиши мумкин.
4. Кредитор банкнинг кредит бўйича қарзни қарздорнинг ликвидли мол-мулки ҳисобига қайтариш бўйича ҳуқуқи, кредит бўйича қарз тўланмаган тақдирда қарздорнинг сотиладиган ликвидли мол-мулки рўйхати, шунингдек ушбу мол-мулкни сотиш тартиби кредитор банк ва қарздор ўртасидаги битим билан белгиланади.
5. Қарздор томонидан кредит бўйича қарз пул маблағлари етишмаслиги сабабли ўз вақтида тўланмаган тақдирда кредитор банк қарздорни кредит бўйича қарзни унинг ликвидли мол-мулки ҳисобига қайтариш бўйича ўз мўлжали тўғрисида, кредит бўйича қарзни узиш ҳисобига қабул қилишга рози бўлган мол-мулк турларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.
6. Қарздор билдиришнома олинган кундан бошлаб 15 кундан кечикмай кредитор банкка ёзма жавоб юбориши шарт.
7. Қарздор рози бўлмаган тақдирда кредитор банк кредит бўйича қарзни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлатиш мақсадида қарздорнинг ликвидли мол-мулкига ундиришни қаратиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Қарздорнинг ликвидли мол-мулки сотилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК томонидан электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ сотилмагунича аукциондан олинмайди.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 январдаги 30-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2020 й., 09/20/30/0061-сон — 2020 йил 18 апрелдан кучга киради)
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Кредитор банк қарздорнинг ликвидли мол-мулкини сотиш мақсадида очиқ савдолар ташкил этишнинг ташаббускори ҳисобланади.
10. Кредитор банк очиқ савдолар ўтказилгунгача 15 кундан кечикмай қарздорни уларнинг ўтказилиш санаси ва жойи тўғрисида хабардор қилиши шарт.
11. Қарздор очиқ савдоларда умумий асосларда қатнашиш ҳуқуқига эгадир.
12. Кредитор банкка берилиши керак бўлган тўлов суммаси кредитор банк томонидан қарздорнинг ликвидли мол-мулкини сотиш даври учун очиладиган махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
13. Очиқ савдолардан тушган маблағларни тақсимлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Агар мол-мулкни сотишдан олинган сумма кредитор банк талабларини қоплаш учун етарли бўлмаса, қонун ҳужжатларида ёки битимда бошқача кўрсатма бўлмаса, у етишмаган суммани қарздорнинг бошқа мол-мулкидан умумий асосларда олиш ҳуқуқига эгадир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Агар қарздорнинг ликвидли мол-мулкини сотишдан олинган сумма қарздорнинг кредитор банкдан кредит бўйича қарзидан ортиқ бўлса, суммадаги фарқ қарздорга қайтариб берилади.
16. Кредитор банк ва қарздор ўртасидаги келишмовчиликлар битим шартларига мувофиқ ҳал этилади. Вужудга келган келишмовчиликларни ўзаро келишувга кўра ҳал этиш мумкин бўлмаган тақдирда томонлар судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 23-сон, 186-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2020 й., 09/20/30/0061-сон; 16.06.2020 й., 09/20/384/0770-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон)