Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2919]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги ПФ-5086-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Фармонига ҳамда 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳайъатининг 2017 йил 25 августдаги 11/17-сон қарорига мувофиқ буюраман:
1. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 43-мҳ-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2865, 2017 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 9-сон, 141-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
4. Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси мазкур идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Н. Жўраев зиммасига юклансин.
Вазир Р. ДАВЛЕТОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 28 август,
264-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 августдаги 264-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сонли «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларини махсус унвон — мартаба даражалари (бундан буён матнда мартаба даражалари деб юритилади) бўйича аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мақсадлари учун давлат органлари ва ташкилотлари деганда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари тушунилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларидан ишга ўтган ёки адлия органлари ходимлари учун белгиланган тартибда берилган мартаба даражаларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг бошқарув ходимларига;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг юридик хизматлари ходимларига;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибияти раҳбари ва унинг ўринбосарлари, Бош вазир котибиятининг таркибий бўлинмалари ҳамда Бош вазир ўринбосарлари котибиятларининг бошқарув ходимларига;
Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларидан ишга ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили девонининг бошқарув ходимларига татбиқ этилмайди.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 19 майдаги 12-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2919-3, 23.05.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.05.2025 й., 10/25/2919-3/0468-сон)
3. Мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш юридик хизмат ходимининг навбатдаги аттестациядан ўтиши деб ҳисобланмайди ҳамда аттестациядан ўтиш муддатининг узайтирилишига асос бўлмайди.
2-боб. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш
4. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларининг мартаба даражаларига тавсия этилган номзодлари Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғига асосан тузиладиган Юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш комиссияси (бундан буён матнда аттестация комиссияси деб юритилади) томонидан аттестациядан ўтказилади.
5. Аттестация комиссиясининг фаолияти қонунийлик, одиллик, холислик, беғаразлик ва коллегиаллик принциплари асосида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Мартаба даражаларига тавсия этилган юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ишлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бош маслаҳатчилари томонидан ташкил этилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 19 майдаги 12-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2919-3, 23.05.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.05.2025 й., 10/25/2919-3/0468-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Мартаба даражаларига тавсия этиш ҳақидаги ҳужжатлар тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бош маслаҳатчилари томонидан кўриб чиқилади ҳамда тегишли таклифлар билан аттестация ўтказиш масаласини кўриб чиқиш учун аттестация комиссиясига тақдим этилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 19 майдаги 12-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2919-3, 23.05.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.05.2025 й., 10/25/2919-3/0468-сон)
8. Мартаба даражаларига тавсия этилган юридик хизмат ходимларининг аттестацияси тегишли ҳужжатлар аттестация комиссиясига тақдим этилган кундан бошлаб бир ой ичида ўтказилади.
Аттестация комиссияси йиғилишида мартаба даражасига тавсия этиш масаласи маълумот-тавсифномада келтирилган иш фаолияти натижалари, касбий тайёргарлик даражаси инобатга олинган ҳолда юридик хизмат ходимининг иштирокисиз кўриб чиқилади.
Зарур ҳолларда, мартаба даражаларига тавсия этилган номзодлар аттестация комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилиши мумкин.
9. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича аттестация комиссияси томонидан қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:
номзодга мартаба даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида;
номзодга мартаба даражаси бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.
10. Аттестация комиссияси адлия вазирига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган мартаба даражасидан юқори ёки паст мартаба даражаси бериш таклифи билан чиқиши мумкин.
11. Аттестация комиссиясининг хулосаси комиссия ишида аъзоларнинг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Аттестация натижалари комиссия мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади.
12. Аттестация комиссиясининг хулосаси мартаба даражасини бериш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига тақдим этилади.
13. Мартаба даражаси адлия вазирининг ташаббусига кўра берилганда аттестация ўтказилмайди.
3-боб. Якуний қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 35-сон, 933-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.02.2018 й., 10/18/2919-1/0693-сон; 26.02.2019 й., 10/19/2919-2/2680-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 03.11.2023 й., 10/23/3469/0824-сон; 26.05.2025 й., 10/25/2919-3/0468-сон)