Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ер ресурслари давлат қўмитаси ўртасида
Битим
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ер ресурслари давлат қўмитаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг юқори даражасидан келиб чиқиб,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни такомиллаштиришга ҳамда Томонлар давлатларининг миллий ва халқаро экологик дастурларда қатнашиши бўйича қўшма фаолиятини мувофиқлаштиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларнинг муҳим ва долзарблигини инобатга олган ҳолда,
тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига асосланиб,
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш бўйича Рио-де-Жанейро декларацияси (Рио-де-Жанейро, 1992 йил), БМТнинг Минг йиллик декларацияси (Нью-Йорк, 2000 йил), Барқарор ривожланиш бўйича Йоханнесбург декларацияси (Йоханнесбург, 2002 йил), шунингдек БМТ барқарор ривожланиш бўйича конференциясининг Рио-20 «Биз истаган келажак» якуний ҳужжати принциплари ва тавсияларига амал қилган ҳолда,
Томонлар давлатларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик қилишдаги умумий манфаатларини инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда.
Ушбу Битим Томонлар давлатлари манфаатлари йўлида миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги экологик таҳдидларга ечим топиш ва тегишли жавоб қайтариш учун Томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган.
2-модда.
Томонлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантирадилар:
а) биохилма-хилликни сақлаш, шу жумладан ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар турлари популяциясини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш;
б) иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига мослашиш;
в) муқобил энергия манбаларини ривожлантириш;
г) атроф-табиий муҳитни мониторинг қилиш;
д) атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш;
е) табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
ж) Оролни қутқариш халқаро Фонди фаолиятини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш;
з) экологик талофат ҳудудларида, биринчи навбатда, Орол денгизи қуришининг салбий экологик оқибатлари билан боғлиқ ҳудудларда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш бўйича глобал ва минтақавий муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш;
и) Томонлар учун ўзаро қизиқиш уйғотадиган ҳамкорликнинг ҳар қандай бошқа соҳалари.
3-модда.
Ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган йўналишлар бўйича ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
а) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба, илмий-техникавий ахборот, норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатлар билан алмашиш;
б) қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқиш;
в) қўшма учрашувлар, тренинглар, семинар ва конференциялар ўтказиш, ташрифлар алмашинувини ташкил қилиш;
г) минтақавий ва халқаро ҳамкорлик платформалари ва жараёнлари доирасида Томонлар давлатларининг умумий манфаатларига мувофиқ бўлган қўшма ташаббусларни илгари суриш;
д) Томонлар биргаликда амалга ошириши мумкин бўлган ҳамкорликнинг ҳар қандай бошқа шакллари.
4-модда.
Ушбу Битим доирасида ҳамкорликни амалга оширишни мувофиқлаштириш мақсадида Томонлар масъул бўлинмалар ва шахслар тўғрисида бир-бирларини қисқа муддатларда ёзма равишда хабардор қиладилар.
Масъул бўлинмалар ва шахслар ўзгартирилган тақдирда, Томонлар ушбу ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
5-модда.
Томонлар ушбу Битим доирасида олинаётган ахборотнинг махфийлигини таъминлашлари лозим ҳамда бундай ахборот учинчи шахсларга фақатгина бошқа Томоннинг олдиндан ёзма розилиги олингандан сўнг тақдим қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси давлат сири ва Туркманистон давлат сирини ташкил қилувчи маълумотлар ушбу Битим доирасида тақдим қилинмайди.
6-модда.
Ушбу Битим доирасида Томонлар:
а) Битимни амалда татбиқ қилишга қаратилган қўшма тадбирлар режалари, ҳаракат дастурлари ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;
б) зарур ҳолларда, икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузадилар ва мунтазам маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўядилар.
7-модда.
Башарти ҳар бир алоҳида ҳолатда ўзгача тартиб келишилмаган бўлса, Томонлар ушбу Битимни амалга ошириш давомида юзага келиши мумкин бўлган харажатларни мустақил равишда қоплайдилар.
8-модда.
Ушбу Битимни қўллаш ва талқин қилиш билан боғлиқ Томонлар ўртасида юзага келадиган ҳар қандай низолар маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
9-модда.
Ушбу Битим қоидалари Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
10-модда.
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланувчи алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин бўлиб, улар мазкур Битимнинг 11-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
11-модда.
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг ушбу Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини олган кундан бошлаб икки ой ўтгунга қадар амал қилади.
Ушбу Битим амал қилишининг тугатилиши Битим доирасида бошланган ва унинг амал қилиши тугатилгунга қадар якунланмаган лойиҳа ва дастурлар ижросининг тугатилишига олиб келмайди.
Туркманбоши шаҳрида 2017 йил 20 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда тафовутлар келиб чиққан ҳолларда Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)