LexUZ шарҳи
Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 30 августдаги 284-I-сонли «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қарори билан ратификация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон, кейинги ўринларда «Олий Аҳдлашувчи Томонлар» деб юритилади,
БМТ Устави мақсадлари ва принципларига амал қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва умуминсоний қадриятларнинг устунлигини тан олиб,
Хельсинки Якунловчи Ҳужжати, янги Европа учун Париж Хартияси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича ташкилотнинг бошқа ҳужжатларидаги мажбуриятлар бажарилишига ўз интилишларини тасдиқлаб,
ҳар иккала мамлакат халқлари ўртасида тарихан шаклланган дўстона ва ўзаро ҳурмат муносабатларига асосланиб,
ўзаро фойдали икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳар иккала давлат халқларининг туб манфаатларига жавоб беришидан, Осиёда тинчлик ва хавфсизлик ишига хизмат қилишидан келиб чиқиб,
ўзларининг давлатлараро муносабатларини тенглик, адолатлилик ва ўзаро бир-бирини тушуниш принциплари асосида қуришга қарор қилиб,
сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, экологик, ахборот, инсонпарварлик, маданий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка янги сифат бағишлашни ва унинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашни мақсад қилиб қўйиб,
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз муносабатларини дўстона давлатлар сифатида ривожлантирадилар. Улар ўзаро муносабатларда суверен тенглик, яхши қўшничилик, куч ишлатиш ёки куч билан таҳдид қилишдан воз кечиш, низоларни тинч йўл билан бартараф этиш, чегараларнинг бузилмаслиги, ҳудудий яхлитлик, ички ишларга аралашмаслик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик, халқаро мажбуриятларни виждонан бажариш принципларига амал қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар улар ўртасида шаклланган давлат чегаралари ўзгармас деб ҳисоблайдилар, чегаралар уларнинг розилигисиз кимнингдир хоҳиши билан ўзгартирилиши мумкин эмас. Улар Ўрта Осиё ва Қозоғистон давлат бошлиқларининг 1991 йил 21 декабрдаги Алмати Битимида тасдиқланган чегараларнинг дахлсизлигига қатъий риоя этиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар БМТ Уставида ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик бўйича Ташкилот ҳужжатларида қайд этилган мажбуриятларга мувофиқ улар ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган низоларни фақат тинч йўл билан ҳал этадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ялпи хавфсизлик бўлинмаслигини тасдиқлайдилар ҳамда ушбу соҳада шерикликни изчил амалга оширадилар, икки томонлама ва кўп томонлама асосда тинчлик, ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлашга фаол кўмаклашадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ким бўлмасин бошқа томон иккинчи Олий Аҳдлашувчи Томонга қарши душманлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида уларнинг ҳудудидан фойдаланишига йўл қўймаслик мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик ва алоқаларни кенгайтирадилар, ўзаро қизиқиш уйғотувчи масалалар бўйича ўз нуқтаи назарларини келишиб олиш учун маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳар иккала давлат халқларининг яқинлашиши учун зарур шароитларни таъминлашга интилиб, ўз фуқаролари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда бирлашмалари, ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларнинг кенгайишига ҳар томонлама кўмаклашадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро фойдали икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитларни таъминлайдилар. Улар ўз иқтисодий ва савдо муносабатлари механизмини жаҳон бозори нормалари ва амалиётига яқинлаштириш ва такомиллаштириш учун тегишли чора-тадбирларни кўрадилар, бир-бирларига энг кўп қулайлик бериш режими ёки миллий режим ҳам шу жумлага киради.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз ички қонунларига амал қилиб, ўзларининг халқаро мажбуриятларидан келиб чиқиб ва мазкур Шартноманинг мақсадларига эришиш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти ва бошқа хўжалик фаолияти учун қулай иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий шароитларни таъминлайдилар, уларнинг инвестицияларини рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш ҳам шу жумлага киради.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар транзит ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар ва чуқурлаштирадилар. Томонларнинг ҳар бири ўз ҳудудларида жойлашган ҳаво, денгиз ва дарё портлари, темир йўл ва автомобиль тармоқлари ҳамда трубопроводлар орқали иккинчи Томонга транспорт операцияларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар улар ўртасидаги алоқа воситалари, тизими ва линияларини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўрадилар ҳамда ушбу соҳада тегишли битимлар тузадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар фундаментал ва амалий фанлар, илғор техника ва технологияларни ривожлантириш ва жорий этиш соҳасида, шунингдек олимлар, илмий-тадқиқот институтлари, илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаларининг тўғридан-тўғри алоқаларини ва биргаликдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун самарали ҳамкорлик қилишга шароитлар яратишга кўмаклашадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар таълим соҳасидаги муносабатларни ривожлантирадилар ҳамда турли ўқув юртлари ўртасидаги муносабатларни рағбатлантирадилар, жумладан ўқувчилар, талабалар, аспирантлар ва стажерларни айирбошлаш йўли билан рағбатлантирадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар шаҳодатномалар, аттестатларни, маълумот, илмий даражалар ва илмий унвонлар тўғрисидаги дипломларни ўзаро тан олиш механизмини ишлаб чиқадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки томонлама маданий алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришни улар халқларининг табиий эҳтиёжи дебгина эмас, балки умумжаҳон маданий меросини кўпайтиришнинг муҳим шарти ҳам деб ҳисоблайдилар. Томонлар мана шундан келиб чиқиб, ижодий жамоалар, маданият арбоблари ўртасидаги айирбошлашни кенгайтиришга кўмаклашадилар ҳамда маданий қадриятлар, архив, кутубхоналар, оммавий ахборот воситалари билан иккинчи Томон фуқароларининг ўз фуқаролари учун бўлганидек шароитларда ва тенг даражада танишишлари учун имкониятларни таъминлайдилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири иккинчи Томоннинг маданий ва ижодий меросини сақлашга ва ўрганишга кўмаклашадилар, тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш ҳам шу жумлага киради.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва ундан фойдаланиш масалаларида халқаро ташкилотлар доирасида ҳам бевосита ҳамкорлик қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро манфаатлардан келиб чиқиб ва ўз имкониятларини ҳисобга олиб атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилаш соҳасида, техноген характеридаги ҳалокатлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, табиатдан эҳтиётлик билан фойдаланиш, экологик жиҳатдан тоза ишлаб чиқаришларни кенгайтириш, юқори самарали табиатни муҳофаза қилиш ва табиатни тиклаш тадбирларини амалга ошириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири экологик ҳалокатлар ва табиий омиллар туфайли келиб чиққан ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолияти учун хавф туғдирувчи вазиятларда бир-бирларига ёрдам берадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш, тиббиёт фани ва амалиётини ривожлантириш бўйича биргаликдаги хатти-ҳаракатлар зарурлигини тан оладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар мавжуд нодир ва ихтисослаштирилган тиббиёт ва санаторий-курорт муассасаларидан тенг ҳуқуқли фойдаланишни, иккинчи Томон фуқароларининг тиббий ва маслаҳат ёрдами олишларини таъминлайдилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳар иккала давлат ҳудудида яшовчи турли миллат вакилларининг этник, маданий, тил ва диний ўзига хослигини ҳимоя қилиш учун зарур шароитларни яратадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўз фуқароларига уларнинг миллатидан, жинсидан, тилидан, диний эътиқодидан, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлайдилар.
Фуқароликнинг ва иккинчи Олий Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида яшовчи ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аниқ масалалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ва Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунларига мувофиқ алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқни бузишларга қарши кураш олиб бориш масалаларида ҳамкорлик қиладилар, уюшган жиноятчиликка, коррупцияга, терроризмга, ғайриқонуний эмиграцияга, ғайриқонуний молиявий операцияларга, наркотик ва руҳиятга таъсир қилувчи моддалар, заҳарли химикатлар, қурол-яроғ, портловчи моддалар ғайриқонуний олиб ўтилишига, ҳаво қароқчилиги ва контрабандага қарши кураш ҳам шу жумлага киради. Томонлар ушбу соҳада тажриба ва оператив ахборотни ўзаро айирбошлайдилар, ушбу йўналишда халқаро ҳамкорлик доираларида маслаҳатлашувлар ва қўшма тадбирлар ўтказадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқий ахборотни айирбошлаш, ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қўллаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ер ва ерости бойликлари ҳамда табиий ресурслар улар ҳудудида жойлашган Томоннинг мутлақ мулки ҳисобланишини ўзаро эътироф этадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар Томонлар мол-мулкининг ҳуқуқий режими, шу жумладан иккинчи Томон ҳудудидаги юридик шахслар ва фуқароларнинг мол-мулки, башарти Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги битимларда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, мол-мулк жойлашган Томон қонунлари билан тартибга солинишини тан оладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўз ҳудудида иккинчи Томонга тегишли мулкчилик ҳуқуқи ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Мазкур Шартнома бирор-бир давлатга қарши қаратилмаган ҳамда Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг учинчи мамлакатлар билан тузилган амалдаги икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Шартномани талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ бўлган низоларни БМТ Уставининг 33-моддасида назарда тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тартиб-қоидасидан фойдаланган ҳолда ҳал этадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро келишувга мувофиқ мазкур Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин, бу ўзгартириш ва қўшимчалар тегишли протоколлар билан расмийлаштирилади. Ўзгартириш ва қўшимчалар ҳар иккала Томон ратификация қилгандан кейин кучга киради ҳамда мазкур Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Мазкур Шартнома ратификация қилиниши керак ва ратификация ёрлиқлари айирбошланган кунда кучга киради.
Мазкур Шартнома ўн йил муддатга тузилади. Агар Олий Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири иккинчи Олий Аҳдлашувчи Томонни тегишли муддат тамом бўлишидан камида 12 ой олдин ўзининг Шартномани бекор қилиш нияти ҳақида ёзма равишда хабардор қилмаса, Шартноманинг амал қилиши кейинги беш йиллик даврга ўз-ўзидан узайтирилади.
Мазкур Шартнома кучга кирган кундан бошлаб 1991 йил 21 апрелда Ашхабод шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси билан Туркманистон Совет Социалистик Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома ўз кучини йўқотади.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.