Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов қилган маърузасида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, мақсадли вазифалари ҳисобга олинган ҳолда 2005 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган қонунчилик фаолияти дастурида белгилаб берилган вазифаларни бажаришга қаратилган 2005 — 2007 йиллардаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳисобот даврида оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришнинг қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда бу соҳага доир қонунлар ижроси устидан назорат қилиш борасида Қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилган.
Ўтган даврда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари Қўмита томонидан Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Оммавий ахборот воситалари ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига тааллуқли саккизта Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижроси кўриб чиқилди, оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш ҳамда сўз эркинлиги масалалари бўйича бир туркум конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Шу билан бирга Қўмита ишида бир қатор камчиликлар ва фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Масалан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги қонунчилик базасини тизимли таҳлил этиш ҳамда мамлакатда компьютерлаштириш ва ахборотлаштиришни жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи қонунчилик чора-тадбирларини ишлаб чиқиш борасидаги иш Қўмита томонидан талаб даражасида ташкил этилмаган. «Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги, «Электрон тижорат тўғрисида»ги, «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа шу каби қонунлар ижроси Қўмита томонидан бирор марта ҳам ўрганилмаган.
Қонунларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш вақтида қонун у ёки бу нормасининг жойлардаги ижроси учун тўсқинлик қилаётган сабаблар чуқур ўрганилмаган. Қўмита ўзи қабул қилган қарорларнинг ижроси устидан назорат қилиш борасида етарли даражада самарага эришмаган.
Парламент сўрови, Қўмитада идоралар раҳбарларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришнинг энг долзарб масалалари бўйича фикр-мулоҳазаларини эшитиш каби назорат қилишнинг шаклларидан тўлиқ даражада фойдаланилмаган.
Ушбу камчиликларга кўп жиҳатдан Қўмита раҳбарияти ва унинг аксарият аъзолари компьютер, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасидаги муаммолардан етарли даражада хабардор эмаслиги сабабдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг коммуникация технологиялари соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларни қонунчилик йўли билан таъминлаш бўйича ҳисобот давридаги иши қониқарсиз деб топилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси кўрсатилган камчиликларга барҳам бериш ва ўз фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар кўрсин. Шу мақсадда:
Ўзбекистон Республикасида ахборотлаштириш ва коммуникация технологияларини ривожлантириш учун устувор аҳамиятга эга масалалар батафсил ўрганилишини таъминлаш ҳамда компьютер ва ахборот технологияларини жорий этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Қўмитанинг 2008 — 2009 йилларга мўлжалланган иш режасини қайта кўриб чиқсин;
оммавий ахборот воситалари ва коммуникация технологиялари соҳасидаги жаҳон амалиёти ўрганилишини ҳисобга олган ҳолда бу соҳадаги қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартиб-таомилларини такомиллаштирсин;
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига тааллуқли қонунлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтирсин;
ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида қабул қилинаётган қонунларнинг аҳамияти ва моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш, бу қонунларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш борасидаги фаолиятини кучайтирсин;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик гуруҳи таркибини ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги мутахассислар билан кучайтирган ҳолда қайта кўриб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг таркибини мустаҳкамлаш бўйича таклиф киритиш тавсия этилсин.
4. Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўтган даврдаги фаолиятини бўлиб ўтган муҳокама ва ушбу Қарордан келиб чиққан ҳолда чуқур ва танқидий таҳлил этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, мақсадли вазифалари ҳисобга олинган ҳолда 2005 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган қонунчилик фаолияти дастурини ўз вақтида ва сифатли бажариш учун зарур чоралар кўрсинлар, қонунчилик ташаббуси субъектлари билан ҳамкорликни фаоллаштирсинлар, Ўзбекистон парламенти томонидан қабул қилинган қонунлар назорат-таҳлил фаолияти билан қамраб олинишини таъминласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси 2008 йилнинг 1 октябрига қадар аниқланган камчиликларга барҳам бериш бўйича иш натижалари тўғрисидаги ахборотни Кенгаш кўриб чиқиши учун тақдим этсин.
6. Ушбу қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 28 март,
769-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 3-сон, 128-модда)