Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2005 - 2007 йиллардаги иши тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги иши тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, Қўмита томонидан демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тааллуқли қонунчилик базасини такомиллаштириш, қонунлар ижросини назорат қилиш, мамлакат аҳолисининг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.
Қўмита фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида илгари сурилган, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш концепциясини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2005 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган қонунчилик фаолияти дастурига мувофиқ амалга оширилди.
Қўмита томонидан 2005 — 2007 йилларда 113 та мажлис ўтказилиб, уларда қонун лойиҳаларининг муҳокамасига, назорат-таҳлил фаолиятига, тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга ҳамда бошқа мавзуларга доир 315 та масала кўриб чиқилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 7 та қонун лойиҳаси тайёрланган бўлиб, шулардан Қўмита аъзолари Б. Дадабоев, М. Йўлдошев, Ҳ. Каримов ва А. Саидов томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида тайёрланган ва киритилган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун, шунингдек «Ҳомийлик тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонунлар нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашга, ҳомийлик фаолиятини ривожлантиришга, болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга, бола ҳуқуқлари соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмини такомиллаштиришга, жамоат фондлари фаолиятига дахлдор қонунларнинг айрим нормаларини тартибга солишга қаратилган.
Қўмита аъзолари қонун лойиҳаларини тайёрлаш, муҳокама ва қабул қилишда Қонунчилик палатасининг бошқа қўмиталари билан фаол ҳамкорлик қилдилар. Масалан, қўмиталар томонидан тақдим этилган 105 та қонун лойиҳаси юзасидан 319 та таклиф берилган бўлиб, улардан 97 тасини Қонунчилик палатаси иккинчи ва учинчи ўқиш жараёнларида қабул қилди.
Ҳисобот даврида Қўмита 7 та қонун ва конвенциянинг 12 та вилоятдаги ва бир қатор вазирликлардаги ижросини ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижалари бўйича Қўмитанинг кенгайтирилган мажлислари ўтказилди. Қўмита томонидан қабул қилинган қарорлар бевосита ижрочиларга ва бошқа манфаатдор ташкилотларга етказилди, қонунлар нормаларини такомиллаштириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди. Қўмита қабул қилган қарорлар ижросининг назорати амалга оширилди. Қўмита йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар муҳокамасининг якунлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилди.
Қонунларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш чоғида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича Қўмита аъзолари томонидан амалий ёрдам кўрсатилиб, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан ишлар олиб борилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қила бориб, Қўмита сайёр мажлислар ўтказишни йўлга қўйди. 2005 — 2007 йилларда 27 та мажлис жойларда ташкил этилди.
Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қонунчилик йўли билан тартибга солишни талаб қилувчи масалаларни янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида Қўмита конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказиш каби иш шаклларидан кенг фойдаланди.
2005 — 2007 йилларда жами 40 тага яқин тадбир ўтказилди. Уларда давлат ҳокимияти органларининг, турли ноҳукумат ташкилотларининг вакиллари, мамлакатимиз ва чет элларнинг етакчи олимлари, экспертлари иштирок этганлиги тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди. Бу тавсиялар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборилди.
Қонун лойиҳаларини тайёрлаш, назорат-таҳлил ишлари ва тадбирлар ўтказишда Қўмита ҳузуридаги Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик эксперт гуруҳи аъзолари, шунингдек сиёсий партиялар фракциялари аъзолари фаол иштирок этдилар.
2006 йилнинг май-июнь ойларида Қўмита Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи билан биргаликда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этишда фаол иштирок этди.
Қўмита аъзолари ҳисобот даврида ўз сайлов округларида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини, мамлакат раҳбариятининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган демократик фуқаролик жамияти қуришга қаратилган йўлини кенг тушунтириш бўйича ишлар олиб бордилар, жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатдилар. Улар томонидан сайловчилар билан жами 600 дан зиёд учрашув ўтказилди, фуқароларнинг 350 дан ортиқ мурожаати кўриб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги иши тўғрисидаги ҳисобот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси:
а) қонунчилик ташаббуси субъектлари билан биргаликда:
«Ёшлар йили» Давлат дастурида назарда тутилган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини;
«Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ва миллий қонун ҳужжатларини «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш бўйича таклифларни;
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир бола савдоси, бола фоҳишабозлиги ва бола порнографиясига тааллуқли Факультатив протоколни, шунингдек Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир болаларнинг қуролли можаролардаги иштирокига тааллуқли Факультатив протоколни ратификация қилиш ҳақидаги масалаларни ўз вақтида тайёрлаш ва Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин;
б) Қонунчилик палатасининг бошқа қўмиталари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларидан келиб чиқадиган вазифалари ҳақида»ги № 789-I-сонли қарорини бажариш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрсин;
в) «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг матни, унга доир шарҳ тайёрланиши ва нашр этилишини ташкил этсин;
г) Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолиятини таҳлил қилиш асосида иш режасида аввал мониторинг билан қамраб олинмаган инсон ҳуқуқларига доир қонунлар ва халқаро шартномалар, шунингдек Қўмитанинг долзарб масалаларга доир ўз қарорлари ижросини ўрганишни назарда тутсин;
д) 2008 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов ўтказилиши муносабати билан Қўмитанинг ва Палата депутатларининг сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тадбирларда иштирок этишига доир таклиф тайёрласин ва уни Қонунчилик палатаси Кенгашига киритсин.
3. Ушбу қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А.Х. Шодмонов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 1 июль,
841-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 7-сон, 359-модда)