Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф. Муллажоновнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилган мувозанатли пул-кредит сиёсати ва самарали банк назорати инфляция ҳамда пул-кредит кўрсаткичлари даражасининг тасдиқланган мақсадли параметрлар доирасида бўлишини таъминлашга, мамлакат банк тизимини изчил ривожлантиришга, шунингдек унинг асосий кўрсаткичлари халқаро нормалар ва стандартларга мос бўлишига ёрдам берган.
Ҳисобот йилида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошчилигидаги мамлакат банк тизимининг фаолияти қонунларда белгиланган мақсадлар билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 18 январдаги мажлисидаги маърузасида белгиланган, мамлакат банк тизимининг барқарор ривожланишини ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда унинг юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, макроиқтисодий мувозанатлиликни, иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва диверсификациялашни молиявий қўллаб-қувватлашдаги иштирокини кенгайтириш бўйича дастурий вазифаларни ҳам бажаришга қаратилган.
Банк тизимида олиб борилаётган изчил ва аниқ мақсадли ислоҳот банкларнинг капиталлашув даражаси анча ошишига, ресурс базаси кўпайишига, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш ҳажмлари кенгайишига ва кўрсатилаётган банк хизматлари сифати яхшиланишига эришиш имконини берган. Натижада ҳисобот йилида тижорат банкларининг умумий капитали 25,1 фоизга ўсган, банклар капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этган, бу эса Банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан саккиз фоиз даражасида белгиланган халқаро стандартлар талабларидан уч баравардан зиёд ортиқдир. Банк тизимининг ликвидлилиги 65,5 фоизни ташкил этган, бу белгиланган халқаро норматив талаблардан икки баравардан зиёд юқоридир.
«Мудис» халқаро рейтинг агентлиги томонидан кетма-кет беш йилдан буён Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш прогнози «барқарор» даражасида тасдиқланди. Мамлакатнинг барча тижорат банклари етакчи халқаро рейтинг агентликлари – «Мудис», «Фитч Рейтингс» ва «Стандарт энд Пурс»дан «барқарор» баҳосини олган.
2013 йилда мамлакат банк тизимини ривожлантириш натижаларини баҳолаганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 январдаги «2011 — 2015 йиллар даврида Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар масштабини чуқурлаштириш ва кенгайтириш, мамлакатда тадбиркорлик муҳитини шакллантириш бўйича мезонлар ва баҳолар тизимини аниқлаш ва амалга оширишга доир чора-тадбирлар Дастури тўғрисида»ги ПҚ-1464-сонли Қарори билан белгиланган индикаторларга мувофиқ 2014 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра банк тизими фаолиятининг ҳамма асосий кўрсаткичлари «юқори» баҳога мосдир.
Кўрсатилаётган банк хизматларидан фойдаланиш имконияти жиддий равишда ўсиб бормоқда. Чунончи, катта ёшли аҳолининг ҳар 100 минг нафарига 49,7 та банк муассасаси тўғри келмоқда, ҳар 1000 кишига эса 1 028 та банк ҳисобварағи очилган.
Банклар фаолиятининг ишончлилигини ва самарадорлигини таъминлашнинг ғоят муҳим шарти фуқаролар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборат. Чунончи, ҳисобот йилида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тижорат банкларидаги депозитлари умумий ҳажми 30,2 фоизга кўпайган.
Иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг ҳажми 30,1 фоизга кўпайган, тижорат банкларининг умумий кредит портфелида узоқ муддатли кредитлар салмоғи 79,3 фоизга етган.
Банкларнинг таркибий ўзгартиришлар жараёнларида, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқаришда иштирок этишига алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, тижорат банклари томонидан ана шундай лойиҳаларни 7,2 трлн сўм миқдорида кредитлаш амалга оширилган бўлиб, бу 2012 йилдагига нисбатан 25 фоизга кўпдир.
«Обод турмуш йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни рўёбга чиқариш доирасида 2013 йил мобайнида тижорат банклари томонидан 2,5 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлиб, бу белгиланган прогнозлардан 40,5 фоизга кўпдир.
Ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми деярли 7 трлн сўмни ташкил этган ёки 2012 йилдагига нисбатан 1,3 баравар кўп бўлган. Хусусан, 2013 йилда микрокредитлар ҳажми 1,3 баравар кўпайган ва 1 трлн 365 млрд сўмдан ошган.
Ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан 350 мингдан кўпроқ иш ўрни ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки иқтисодиётнинг барқарор юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаши, банк назорати тизимини такомиллаштириши, тижорат банклари ва умуман банк тизимининг фаолиятини баҳолашда етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан қўлланилаётган илғор мезонлар ва стандартларни жорий этиш амалиётини кенгайтириши, банкларнинг инвестициявий фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган пул-кредит сиёсати стратегиясини давом эттириши зарур. Бунда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштиришга, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга, хотин-қизлар тадбиркорлигини ва оилавий тадбиркорликни имтиёзли кредитлар ажратиш йўли билан комплекс ривожлантириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф. Муллажоновнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Мамлакат банк тизимининг барқарор ривожланишини ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (Ф. Муллажонов):
банк фаолияти, молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласин;
инфляция даражасининг тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлишига риоя этишга ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг устувор йўналишлари доирасида иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсати юритилишини давом эттирсин;
ички валюта бозорининг барқарорлигини таъминлашга ва замонавий рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг товарларини экспорт қилишни рағбатлантиришга қаратилган валюта сиёсатини изчил олиб борсин;
банк тизимининг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш, банк соҳасида рақобатни янада кучайтириш, банкларнинг қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни аниқ мақсад билан рўёбга чиқаришни давом эттирсин;
етакчи халқаро рейтинг ташкилотларининг талабларига мувофиқ тижорат банкларида ҳисоб ва ҳисоботнинг замонавий технологияларини ва усулларини жорий этиш бўйича фаолиятни кучайтирсин;
тижорат банклари фаолиятини халқаро стандартлар ва принципларга мувофиқ баҳолаш, тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича тадбирларнинг бажарилишини таъминласин;
аҳолининг банк тизимига ишончини ошириш, уни банк хизматлари билан таништириш, тижорат банклари мижозларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш мақсадида жойларда банк соҳасида, шу жумладан молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ҳақида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳиятини, аҳамиятини ва рўёбга чиқариш механизмларини тушунтириш юзасидан мунтазам равишда амалий семинарлар ўтказиб борсин. Натижалар бўйича банк қонунчилигини халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
3. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ПҚ-1438-сонли Қарорида ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, банк фаолияти субъектлари:
бозор воситалари ва механизмларидан самарали фойдаланиш ҳисобига, шу жумладан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда омонатлар ва депозитларнинг янги турларини мунтазам жорий этиш, муомалага қўшимча акциялар, узоқ муддатли облигациялар, депозит сертификатлари ва бошқа қимматли қоғозлар чиқариш, шунингдек субординарланган қарзларни фаол жалб этиш йўли билан банкларнинг ресурс базаси янада оширилишини таъминласин;
активларни диверсификациялаш, шу жумладан кредит портфелини яхшилаш, таваккалчиликларни самарали бошқариш бўйича зарур чоралар кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609-сонли Фармони, «Соғлом бола йили» Давлат дастури ҳамда мамлакат минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, шунингдек уларни рўёбга чиқариш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар билан тижорат банклари зиммасига юклатилган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласин;
иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ва тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда ишлаб чиқаришни диверсификациялаш бўйича инвестициявий лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан тадбирлар ўтказилишини давом эттирсин;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг, фермер хўжаликларининг ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг, айниқса қишлоқ жойларда, иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашни назарда тутадиган лойиҳаларини молиялаштиришга кредит қўйилмаларининг ҳажмларини оширсин;
кичик бизнес иштирокидаги лойиҳаларга чет эл инвестицияларини жалб этиш, амалдаги имтиёзли кредит линиялари тўғрисида тадбиркорларни хабардор қилиш ва уларни ўзлаштириш бўйича кўникмаларни ривожлантириш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан бирга қўшимча чоралар кўрсин;
аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида, айниқса қишлоқ жойларда, аҳолига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарларни, шу жумладан мебель, мураккаб маиший техника ва узоқ фойдаланиладиган бошқа товарларни сотиб олиш учун истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин;
кўрсатилаётган банк хизматларининг турларини янада кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, хусусан банк инфратузилмасини, айниқса қишлоқ жойларда, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда масофадан туриб хизматлар кўрсатишни кенгайтириш бўйича чоралар кўрсин;
етакчи халқаро рейтинг агентликлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича ишни давом эттирсин ва халқаро рейтинг баҳоларини мунтазам равишда янгилаб бориш юзасидан чоралар кўрсин.
4. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тижорат банкларининг кредитларини олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ расмийлаштириш мақсадида зарур тушунтириш ишларини олиб борсин ва минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларнинг ташаббускорлари бўлган тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (Ф. Муллажонов) ушбу қарорнинг бажарилиши ҳақида 2015 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (А. Алтиев) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 28 август,
СҚ-440-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 8-сон, 214-модда)