Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Абдусаматовнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ўтган даврда табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш, атроф муҳитнинг сифатини яхшилаш ва экотизимнинг ҳолатини барқарорлаштириш юзасидан муайян иш олиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, экологик-иқтисодий сиёсат иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг, ишлаб чиқариш тармоқларидаги, ҳудудларни, мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор масалалари бўйича қўйилган вазифаларни бажаришга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги СҚ-376-II-сонли Қарори ижро этилиши ҳамда фаолиятни янада кучайтириш бўйича тегишли тадбирлар режасининг рўёбга чиқарилиши устидан назорат таъминланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 22 августдаги «Тожикистон «Талко» ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисида»ги СҚ-384-II-сонли Қарорини ижро этиш юзасидан муайян иш олиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг тавсияларига мувофиқ «Талко» ДУК чиқиндиларининг Сурхондарё вилояти атроф муҳитига ҳамда қишлоқ хўжалигига салбий таъсири ўрганилган ва тегишли ахборот тайёрланган.
«Тоза ҳаво» операциясини ўтказиш бўйича тадбирлар амалга оширилган. Бутун мамлакат бўйича 17 та автотранспорт корхонаси (АТК), 10 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ), битта техник хизмат кўрсатиш станцияси ва 210,4 мингта автотранспорт воситаси текширилган.
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш режа-графигига мувофиқ назорат остидаги 1 066 та субъектда текшириш ўтказилган. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун 21,9 мингдан ортиқ мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган, атроф муҳитга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича жами 2 837,4 млн сўм миқдорида жарималар ва даъволар ундирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 46,9%га кўпдир.
Ҳисобот даври мобайнида табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий жамғармаларига 9 270,6 млн сўмдан ортиқ маблағ келиб тушган, шунинг 3 989,5 млн сўми республика бюджетига, 1 162,9 млн сўмдан кўпроғи эса табиатни муҳофаза қилиш Республика жамғармасига ўтказилган.
2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракат дастури тадбирларини рўёбга чиқариш жараёнида режалаштирилган 68 та тадбирдан 7 таси бўйича ишлар тугалланган, 56 та тадбир бажарилмоқда, 5 та тадбирни рўёбга чиқариш муддатлари 2014-2015 йилларга мўлжалланган. Дастур тадбирларини бажариш учун ҳисобот даврида қилинган умумий харажатлар 46,26 млрд сўмдан кўпроқни, 187,3 млн АҚШ долларини ва 15 минг Швейцария франкини ташкил этган.
Мамлакатнинг балиқчилик тармоғини ривожлантириш дастурига мувофиқ 2013 йилда 36 035 тонна балиқ тутилган, шундан 13 405,8 тоннаси табиий сув ҳавзаларидан ушланган. Сунъий ва табиий сув ҳавзаларига 47,1 млн дона, шундан табиий сув ҳавзаларига 10,5 млн дона майда балиқ қўйиб юборилган.
Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро шартномалар доирасида олинган мажбуриятлар, масъулияти Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси зиммасига юклатилганлари бажарилган.
Экологик билимларни кенг тарғиб қилиш, экологик тарбия мақсадларида 2 569 та телерадиоэшиттириш ташкил этилган. 1 912 та материал эълон қилинган. Экология масалалари бўйича семинарлар, давра суҳбатлари, лекциялар ва суҳбатлар ўтказилган, китоблар, буклетлар, рисолалар нашр этилган.
Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида давлат назорати бўйича қилинган ишлар ва эришилган натижалар билан бир қаторда ўз ечимини талаб қилаётган камчиликлар ва муаммолар ҳам мавжуд.
2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракат дастурининг «Ўзметкомбинат» ОАЖ 1-цехидаги қиздириш печкасини реконструкция қилиш, металл парчаларини қайта ишлаш бўйича цехни модернизация қилиш тадбирларини бажариш ишлари тугалланган бўлишига қарамай, ҳудудий дастурларни амалга ошириш юзасидан бажарилаётган тадбирларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан олиб борилаётган ишлар етарли даражада самарали эмас.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ҳудудидаги ер ости сувларининг ҳолатини ўрганиш ва мониторинг тизимини ташкил этиш мақсадида кузатув қудуқларини қуриш бўйича битта тадбирни бажариш бошланмаган. Сирдарё гидрогеология экспедицияси, вилоят ва Гулистон шаҳар ҳокимликлари масъул ижрочилар этиб белгиланган.
Потенциал экологик хавфли объектлар — Сирдарё вилоятидаги асфальт-бетон цехи Сирдарё дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зонасидан ва Каттақўрғон шаҳрининг «Бойназар» тозалаш иншоотлари Зарафшон дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зонасидан олиб чиқилмаган.
Сув ресурслари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, шунингдек чиқиндиларнинг давлат кадастрларини такомиллаштиришга ва юритишга доир ишлар фаоллаштирилмаган.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингредиентлари бўйича пасайтириш чоралари етарли даражада самарали эмас. Хусусан, Ангрен шаҳрининг атмосфера ҳавосида иккита ифлослантирувчи модда бўйича санитария-гигиена нормалари ошиб кетганлиги кузатилган.
Чирчиқ дарёсининг нитритли азот билан ифлосланиши олдинги йилдагига қараганда 1,6 баравар ошган.
«Талко» ДУК чиқиндиларининг салбий таъсири натижасида Сариосиё туманида фторли водород миқдори бўйича санитария нормалари 1,2 баравар юқори бўлганлиги кузатилган.
Тозалаш иншоотлари ишининг самарадорлигини ошириш ҳамда канализация тармоқларини реконструкция қилиш тадбирларини амалга ошириш паст суръатлар билан олиб борилмоқда, шунингдек маҳаллий ҳокимият органлари томонидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар етарли эмас. Хусусан, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида, Сирдарё вилоятининг Фарҳод шаҳарчасида, Гулистон, Янгиер, Ширин шаҳарларида, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Хонобод шаҳарларида аҳвол ана шундай.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасига янги технологиялар ҳамда инновацияларни жорий этишга йўналтириладиган инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш соҳасига ноанъанавий ресурсларни ва муқобил энергия манбаларини жалб қилиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Абдусаматовнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг 2013 йилда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги ишлари етарли эмаслиги қайд этиб ўтилсин. Инвестициялар жалб қилиш йўли билан саноатда юқори технологик ва замонавий объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, шунингдек ишлаб чиқариш чиқиндиларини утилизация қилиш ва улардан қайта фойдаланиш юзасидан кўрилаётган чоралар самарадорлиги кам бўлмоқда.
3. Юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф қилиш ва 2014 йилда уларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Б. Абдусаматов):
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини самарали олиб бориш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгиласин;
2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракат дастури ва тегишли ҳудудий дастурлар тадбирларининг рўёбга чиқарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатсин;
«Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ваколатларни амалга ошириш борасидаги, хусусан, ваколатли давлат органларининг давлат экологик назорати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги ишни кучайтирсин;
Ўзбекистон Республикасининг Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича 2008 — 2015 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси, 2014 йилда Ўзбекистон Республикасида балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича тадбирлар дастури бажарилишининг бориши устидан тизимли мониторингни давом эттирсин, манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда уларни ўз вақтида рўёбга чиқариш бўйича тегишли чоралар кўрсин;
«Талко» ДУК чиқиндиларининг Сурхондарё вилоятининг трансчегаравий туманлари атроф муҳитига ва қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини ўрганиш борасидаги ишларни кучайтирсин;
ўз ваколати доирасида Зарафшон дарёсининг (Самарқанд вилояти) ва Сирдарё дарёсининг (Сирдарё вилояти) сувини муҳофаза қилиш зонасидан потенциал экологик хавфли объектларни олиб чиқишни ташкил этиш бўйича қўшимча чоралар кўрсин;
атмосфера ҳавосининг, ер усти ва ер ости сувларининг ифлосланишини кузатиш натижалари бўйича ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормаларигача камайтириш юзасидан таъсирчан чоралар амалга оширилишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда ресурсларни тежайдиган, камчиқит ва чиқитсиз технологияларни қўллаш, чиқиндиларни хўжалик айланмасига киритиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фан-техника тараққиёти ютуқларини жорий этиш борасидаги тадбирларни амалга оширишда саъй-ҳаракатларни фаоллаштирсин;
Наманган ва Тошкент вилоятларидаги собиқ конлар ҳудудида экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича тадбирларни давом эттирсин;
барча саноат тармоқларида ва ижтимоий аҳамиятли объектларда ноанъанавий ресурсларни ҳамда муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича тадбирларни фаол амалга оширсин;
Ўзбекистон Республикасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига инсон саломатлиги учун атроф муҳитнинг сифатини яхшилаш ҳамда экотизимнинг ҳолатини барқарорлаштириш бўйича чораларни амалга оширишда ёрдам берсин;
экологик муаммоларни ҳал қилиш борасида халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик бўйича ишни кучайтирсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4, 5-бандлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 мартдаги КҚ-704-IV-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
6. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Б. Абдусаматов), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ҳамда шаҳар Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу Қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2015 йилнинг 15 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Х. Раззаков) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 11 апрель.
СҚ-427-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 4-сон, 109-модда)