Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ҳисобот даврида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш борасида мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштиришга ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган муайян ишлар олиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари 2012 йилда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан 2011 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2012 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Ўзбекиcтон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида қўйилган вазифаларни бажаришга йўналтирган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 24 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги СҚ-304-II-сонли қарорини ижро этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган, булар натижасида 2011 йилдагига нисбатан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлашнинг умумий ҳажми 30,2 минг тоннага пасайган, 3,6 млн. куб метрга яқин сув тежалган, 1,7 минг гектар ер рекультивация қилинган, 484,3 мингта ишдан чиққан люминесцент ёритқич утиллаштирилган. Марказлашган манбалардан узоқдаги 22 та ижтимоий аҳамиятга молик объектда қуёш фотоэлектрик станциялари ўрнатилган. Саккизта дарёнинг, шу жумладан Амударё ва Сирдарёнинг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан 220 та потенциал экологик хавфли объект олиб чиқилган. Атроф муҳитни ифлослантирувчи 294,4 мингдан ортиқ манба инструментал усулда текширилган. Ўрнатилган меъёрлардан ортиқча атроф муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқараётган ва оқизаётган 18,9 мингдан ортиқ ифлослантирувчи манба аниқланган.
«Тоза ҳаво» тадбирининг иккита босқичини ўтказиш доирасида 38 та автотранспорт корхонаси, тўққизта автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ва 244,8 минг автотранспорт воситаси текширилган, атроф муҳитни ифлослантиришнинг ўрнатилган меъёрларидан ортиқча зарарли моддалар чиқариб ишлаётган 16,9 минг дона автотранспорт воситаси аниқланган, 46 нафар мансабдор шахсга жами 5,4 млн сўм миқдорида жарима солинган.
Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун 20,6 мингдан ортиқ мансабдор шахс ва фуқаро жавобгарликка тортилган, 1 987,9 млн сўмлик, яъни ўтган йилдагига нисбатан 30,9 фоиз кўп жарима солинган ва атроф муҳитга етказилган зарарни ундириш бўйича даъволар тақдим этилган.
Табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий жамғармаларига 6 444 млн сўмдан ортиқ маблағ келиб тушган бўлиб, шундан 2 905,8 млн сўмдан ортиқ маблағ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва 759,3 млн сўмдан ортиқ маблағ Табиатни муҳофаза қилиш республика жамғармасига ўтказилган.
Устувор йўналишлар доирасида 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурини рўёбга чиқариш якунланиб, муайян натижаларга эришилган. Жумладан, Ишлар дастури амалга оширила бошлаганидан буён 145,5 мингта автотранспорт воситасини газ ёқилғисига ўтказиш ҳисобига кўчма манбалардан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш 78,8 минг тоннага қисқартирилган, нефть билан бирга чиқадиган 17,2 млрд куб метрдан ортиқ йўлдош газлар утиллаштирилган, «Ўзкимёсаноат» ДАК объектларида азот оксидини чиқариб ташлаш 3,5 млн тоннага қисқартирилган, Ҳисор сув омборида кичик ГЭС қурилган ва ишга туширилган, у 116,3 млн кВт тоза энергия ишлаб чиқарган, 86 минг гектарга яқин майдонда қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолати яхшиланган.
Ушбу Дастурнинг бажарилиши учун барча молиявий манбалар ҳисобидан сарфланган харажатлар жами 376,14 млрд сўм, 427,79 млн АҚШ доллари ва 504,4 минг еврони ташкил этган.
2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурини бажариш натижасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, хўжаликни бошқаришга экологик усулларни жорий этиш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда, шунингдек фан, экологик таълим ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим натижаларга эришилган.
2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро шартномалар доирасида олинган, бажариш масъулияти Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси зиммасига юклатилган мажбуриятлар бажарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 2012 — 2015 йилларда сайғоқларни муҳофаза қилиш, сонини кўпайтириш ва барқарор ривожлантириш бўйича Битимга мувофиқ биргаликдаги тадбирлар режаси рўёбга чиқарилмоқда. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритиш учун уч томонлама ҳужжат — «Ғарбий Тянь-Шань» трансчегаравий номинациясини тайёрлаш тўғрисида Қўшма декларация» лойиҳаси бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Экологик билимлар ва таълимни тарғиб қилиш ишлари, шунингдек ноширлик фаолияти кучайтирилган. Миллий телерадиокомпания билан 2012 йилга мўлжалланган биргаликдаги телекўрсатувлар дастури амалга оширилган. 1200 дан ортиқ телевизион чиқиш ва кўрсатув, 1038 та радиоэшиттириш ташкил этилган, матбуотда 1610 та мақола ва интервью чоп этилган, китоблар, буклетлар нашр этилган, кўпроқ кўргазмали ташвиқотга, панно ва плакатлар билан безашга эътибор қаратилган. 11 та матбуот конференцияси, брифинглар, давра суҳбатлари ва саккизта медиа-саёҳат ташкил этилган.
Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан бирга иш олиб борилаётган бўлишига қарамай, ҳозирга қадар ўз ечимини талаб қилаётган камчиликлар ва муаммолар мавжуд.
Хусусан, 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурини бажариш бўйича ишларни ташкил этиш ва назорат қилиш учун масъул сифатида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мазкур Дастур ва тегишли ҳудудий дастурлардаги тадбирларни амалга ошириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш етарли амалга оширилмаган.
2012 йил якунларига кўра 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурининг 78 та тадбиридан 71 таси тўлиқ бажарилган, еттита тадбир бўйича бажариш муддатлари узайтирилган. Айни вақтда атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий ҳаракат дастурларида режалаштирилган 289 та тадбирдан 255 таси бажарилган, 15 та тадбирнинг бажарилиши давом этмоқда, 14 та тадбирни амалга ошириш муддати кейинроққа кўчирилган, бешта тадбир бажарилмаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан етарли ҳамкорлик қилмаганлиги туфайли сувни муҳофаза қилиш зоналаридан потенциал экологик хавфли объектларни олиб чиқиш таъминланмаган. Чунончи, Сирдарёнинг сувни муҳофаза қилиш зонасидан олиб чиқилиши лозим бўлган 75 та объектдан 22 таси олиб чиқилмаган, Зарафшон, Қорадарё, Қашқадарё, Норин, Сурхондарё ва Чирчиқ дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан олиб чиқилиши лозим бўлган 151 та потенциал экологик хавфли объектдан бештаси олиб чиқилмаган. Тошкент шаҳри доирасида Чирчиқ дарёси зонасида экологик соғломлаштириш бўйича назарда тутилган 44 та тадбирдан тўққизтаси бажарилмаган.
Биохилмахилликни асраш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегияси ва Ҳаракатлар дастури доирасида табиатни муҳофаза қилиш дастурлари амалга оширилишини таҳлил қилиш ва баҳолаш етарлича олиб борилмаган. Хусусан, биологик ресурслардан барқарор фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган Дастурда бу ресурсларни табиатдан фойдаланувчилар амалий фаолиятига татбиқ қилиш механизмига аниқлик киритилмаган. Ер майдонлари ҳосилдорлигини иқтисодий баҳолаш фақат ўсимлик дунёсига тааллуқли қисми бўйича амалга оширилган.
Олмалиқ, Нукус, Тошкент, Чирчиқ каби шаҳарларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингредиентлари бўйича экология ва санитария-гигиена нормаларигача пасайтириш учун кўрилаётган чора-тадбирлар етарлича самарали эмас.
Кичик дарёлардаги сувнинг сифат ҳолати бўйича мониторинг етарли даражада ўрнатилмаган. Чунончи, Чирчиқ дарёси ва Салор канали сувининг ифлосланиш даражаси санитария-гигиена меъёрларидан ошиб кетган.
Андижон, Асака, Хонобод шаҳарларида (Андижон вилояти), Қарши шаҳрида (Қашқадарё вилояти), Каттақўрғон шаҳрида (Самарқанд вилояти), Гулистон, Янгиер, Ширин шаҳарларида ва Фарҳод шаҳарчасида (Сирдарё вилояти) коммунал маиший оқова сувларни тозалаш иншоотларининг иши устидан назоратни амалга ошириш масалаларида камчиликлар мавжуд.
Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг экологик назоратни амалга оширишда, мамлакат минтақаларидаги экологик вазият ва аҳоли саломатлигини мониторинг қилишда, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар етарли натижа бермаётир.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш чиқиндиларини утиллаштириш ва улардан такроран фойдаланиш, шунингдек уларни қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш борасидаги ишларини мувофиқлаштириш суст амалга оширилмоқда.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қapоp қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек 2012 йилда табиатни муҳофаза қилиш дастурларини амалга ошириш борасидаги ишлари етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ва 2013 йилда уларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Умаров):
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан ўтказилаётган давлат назоратининг таъсирчанлиги ҳамда натижалилигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури ва ҳудудий дастурларни бажаришда йўл қўйилган камчилик ва хатоларни танқидий таҳлил қилсин ва келгусида тегишли дастурларни ишлаб чиқишда уларни инобатга олсин;
2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилишнинг таъсирчан механизмини белгиласин;
Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган қонунлари ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини инобатга олган ҳолда Биохилмахилликни асраш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегияси ва Ҳаракатлар дастурини янгилаш чораларини кўрсин;
табиатни муҳофаза қилиш дастурлари амалга оширилиши, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича 2008 — 2015 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси, 2013 йилда Ўзбекистон Республикасида балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича тадбирлар дастури бажарилишининг бориши устидан тизимли мониторингни таъминласин, манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда уларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрсин;
ваколати доирасида Зарафшон, Қорадарё, Қашқадарё, Норин, Сирдарё, Сурхондарё ва Чирчиқ дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зонасидаги потенциал экологик хавфли объектларни олиб чиқиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрсин;
Олмалиқ, Нукус, Тошкент, Чирчиқ шаҳарларида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни айрим ингредиентлар бўйича экология ва санитария-гигиена нормаларигача пасайтириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар бажарилишини таъминласин;
Инвестиция дастурига киритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда маиший чиқиндиларни утиллаштириш ҳамда қайта ишлаш бўйича технологияларни жорий этишга қаратилган таклифлар тайёрласин;
Наманган ва Тошкент вилоятларидаги собиқ конлар ҳудудидаги экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўрсин;
ижтимоий аҳамиятга эга объектларда қайта тикланадиган экологик тоза энергия манбаларини ўрнатиш ва уларни кенг жорий этиш бўйича ишларни давом эттирсин;
Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларига улар томонидан мамлакат минтақаларидаги экологик ҳолат ва аҳоли саломатлиги мониторингини амалга оширишда ёрдам берсин;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (У. Иноятов), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Б. Ходиев) ва бошқа манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар билан биргаликда экология фанини ривожлантириш, экологик билимларни кенг тарғиб қилиш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Олмалиқ, Нукус, Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормаларигача пасайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрсин;
Зарафшон, Қорадарё, Қашқадарё, Норин, Сирдарё, Сурхондарё ва Чирчиқ дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан потенциал экологик хавфли объектларни олиб чиқиш бўйича ишларни тугалласин;
аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
Андижон, Асака, Хонобод шаҳарларида (Андижон вилояти, А. Усманов), Қарши шаҳрида (Қашқадарё вилояти, Т. Джураев), Каттақўрғон шаҳрида (Самарқанд вилояти, З. Мирзаев), Гулистон, Янгиер, Ширин шаҳарларида ва Фарҳод шаҳарчасида (Сирдарё вилояти, О. Ашурматов) саноат ва маиший оқова сувларни коммунал тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларнинг ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича ишларни ташкил қилсин;
Ўзбекистон Республикасида атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган ҳудудий ҳаракат дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 мартдаги КҚ-704-IV-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
6. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Умаров) ушбу қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2014 йилнинг 20 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
7. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (X. Раззаков) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 29 март,
CҚ-376-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 3-сон, 67-модда)