Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши раёсатининг
Қарори
ХОРИЖИЙ ЭЛЛАРДА БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИНИНГ ТАҚДИРИНИ АНИҚЛАШ, УЛАРНИ ОЗОД ЭТИШ ВА ВАТАНИГА ҚАЙТАРИШ БОРАСИДАГИ ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ ФАОЛЛАШТИРИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1992 йил 14 январда қабул қилган 517-XII-сонли қарорни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Давлат ва жамоат хавфсизлиги, мудофаа ва ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари қўмитасининг раиси ўртоқ В.Р. Ниёзматовнинг 1979 йилдан 1989 йилгача бўлган давр ичида Афғонистонда ва бошқа мамлакатларда асир тушиб қолган фуқароларни озод қилиш борасидаги чора-тадбирларга доир ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Афғонистон Республикаси ва бошқа мамлакатларда асир тушиб қолган ёки бедарак йўқолган фуқароларни қидириш ва озод қилиш ҳамда Ватанига қайтариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Комиссиясининг шахсий таркиби (илова қилинади)* тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини асирликдан қутқариш йўлларини қидириш масалалари билан шуғулланиш учун хорижий мамлакатларга юбориладиган делегациялар таркибини шакллантириш ва жўнатиш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси асирга тушиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қидириш ва озод қилиш борасидаги ишларни ташкил этишни пул билан таъминлаш масаласини қараб чиқсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вазифаси Олий Кенгашнинг Давлат ва жамоат хавфсизлиги, мудофаа ва ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу қарорнинг баёни матбуотда эълон қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1992 йил 16 март,
561-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 5-сон, 240-модда)