Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАР БИЛАН АЛОҚАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистоннинг суверен республика, халқаро ҳуқуқнинг мустақил субъекти деб эълон қилиниши қонун чиқарувчи, ижрочи ва бошқа идоралар олдига мутлақо янги вазифалар қўймоқда. У ёки бу сабаб билан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида яшаётган ватандошларга нисбатан ўз сиёсатини аниқлаб олиш ана шундай вазифалар сирасига киради.
Олдинги тузумдан, унинг қарам халқларига зулм ўтказиш асосланган сиёсатидан қолган мерос оқибатида бу масаланинг аҳамияти жуда ҳам ортиб кетди, зотан олдинги тузум туфайли бошқа кўплаб улкан, фожиали муаммолар қатори Афғонистон уруши ҳарбий асирларининг муаммоси ҳам юзага келди.
Хориждаги ватандошларнинг тўпланиб қолган муаммоларини тезлик билан ҳал этиш, мустақил ва суверен Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий уйғониш жараёнида уларнинг фаол ва тенг ҳуқуқ асосида иштирок эта олишлари учун қулай шароитлар яратиб бериш, Афғонистондаги уруш даврида Ўзбекистон Республикасидан бориб, асирликка тушиб қолган ҳарбий хизматчиларни она юртига қайтариш мақсадида ва адолат тантана қилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. СССР Олий Кенгашининг Раёсати 1955 йилда қабул қилган «1941—1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши даврида босқинчилар билан ҳамкорлик қилган совет фуқароларини афв этиш тўғрисида»ги Фармон хориждаги ватандошларимизга нисбатан амалда ҳанузга қадар қўлланилмаганлиги муносабати билан, фуқароларнинг ва хориждаги ватандошларнинг кўплаб мурожаатларини эътиборга олган ҳолда ҳамда инсонпарварлик юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентидан у ёки бу сабаб билан ўз юртидан ташқарида қолиб кетган ватандошларни, шу жумладан Афғонистондаги уруш даврида асирликка тушиб қолганларни афву умумий этиш сўралсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси икки ойлик муддат ичида мустақил тарзда хориждаги ватандошлар билан олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш юзасидан ҳукумат дастурини ишлаб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда узоғи билан икки ой муддат ичида хорижий мамлакатларда яшаётган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган ватандошларнинг илтимосларини қаноатлантириш имкониятлари тўғрисидаги тегишли юридик ҳужжатларни тайёрласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқа масалалар билан бир қаторда ватандошларнинг Ватан билан алоқа қилишга доир масалаларни фаол ҳал этиш учун улар кўплаб яшаётган хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналарини очишни тезлаштирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсатига Ўзбекистондан бориб бедарак йўқолган ҳарбий хизматчилар тақдирини аниқлаш ҳамда асирликка тушиб қолганларни озод қилиб, юртига қайтариш хусусида хорижий давлатларнинг вакиллари ва афғон оппозицияси раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш учун халқ депутатлари ва мутахассислардан иборат махсус гуруҳ тузиш вазифаси топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1992 йил 14 январь,
517-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 3-сон, 164-модда)