Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Литва Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
жиноятчиликнинг, айниқса, унинг уюшган шаклдаги ривожланиш миқёси ва йўналишларидан ташвишланаётганликларини билдириб,
фуқароларнинг ҳаёти, ҳуқуқи ва қонуний манфаатларига, жамият ҳамда давлатнинг манфаатларига қилинган жиноий хуружлардан ишончли химояга бўлган интилишдан келиб чиқиб,
жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликка муҳим аҳамият бериб,
жиноятчиликни олдини олиш ва жиноий одил судловни амалга ошириш соҳасида халқаро конвенциялар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорларини инобатга олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Литва Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида 1997 йил 20 февралда имзоланган Шартнома қоидаларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Битим қўлланадиган доира ва субъектлар
Битим қўлланадиган доира ва субъектлар
1. Томонлар ўз давлатларининг қонунлари ва халқаро мажбуриятларига амал қилиб, ўзларининг марказий ваколатли муассасалари орқали уларнинг ваколатлари доирасида ушбу Битимнинг қоидаларига мувофиқ жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қиладилар.
2. Ушбу Битим жиноий ишларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ушлаб бериш бўйича масалаларига дахл қилмайди.
3. Ушбу Битим мақсадларида қуйидагилар марказий ваколатли органлар ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Республикасидан — Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги;
Литва Республикасидан — Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги.
4. Томонларнинг ҳар бири, ўзларининг марказий ваколатли муассасалари рўйхатидаги ўзгаришлар тўғрисида бошқа Томонни ўз вақтида хабардор қиладилар.
5. Марказий ваколатли муассасалар ушбу Битимни бажариш мақсадида бир-бирлари билан бевосита боғланадилар.
2-модда
Ҳамкорлик йўналишлари
Ҳамкорлик йўналишлари
1. Қуйидаги ҳуқуққа зид келадиган фаолиятлар иккала Томон давлатларининг манфаатларига дахл қилса, Томонлар қуйидагиларга қарши курашда ҳамкорлик қиладилар:
1.1. миллатлараро уюшган жиноятчилик;
1.2. халқаро террорчилик;
1.3. ўқ отар қуроллар, қурол-яроғ, портловчи мосламалар, портловчи ва заҳарли моддалар, шунингдек радиоактив материалларнинг ноқонуний айланиши;
1.4. гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар, шунингдек прекурсорлар (матнда бундан кейин — гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши;
1.5. иқтисод соҳасидаги жиноятчиликлар;
1.6. контрабанда;
1.7. ноқонуний молия операциялари ва жиноий фаолият оқибатида олинган фойдаларни қонунийлаштириш;
1.8. пул белгилари, қимматбаҳо қоғозлар, кредит варақчалари, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш, шунингдек уларни ноқонуний тарқатиш ва фойдаланиш;
1.9. маданий ва тарихий бойликларга бўлган жиноий тажовузлар, хусусан уларни ноқонуний олиб кириш ҳамда олиб чиқиш;
1.10. автотранспорт воситаларида қилинадиган ноқонуний операциялар;
1.11. фоҳишабозликдан фойдаланиш ва одамлар савдоси;
1.12. ноқонуний миграция, шахсларнинг Томонлар давлатлари ҳудудида ноқонуний бўлишлари билан давлат чегараси орқали ноқонуний ҳаракатланишлари;
1.13. экологик жиноятлар.
2. Томонлар, шунингдек қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
2.1. йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш;
2.2. ҳаво ва темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш;
2.3. кадрларни тайёрлаш, илмий ва ахборот алоқаларини ривожлантириш.
3. Томонлар ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа йўналишлар бўйича ҳам ҳамкорлик қилишлари мумкин.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
1. Томонлар қуйидаги шаклларда ҳамкорлик қиладилар:
1.1. жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш, фош этиш ва қидиришга, шунингдек ушбу Битимнинг 2-моддасига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳал қилишга кўмаклашиши мумкин бўлган ахборотни алмашиш;
1.2. шахслар, ташкилотлар, муассасалар ва корхоналар фаолиятларини ўрганиш, тегишли ҳисоблар бўйича шахслар, предметлар ҳамда ҳужжатларни текшириш орқали ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган жиноятларнинг фактларини қидиришда кўмак кўрсатиш;
1.3. иш тажрибасини алмашиш, хусусан стажировка, маслаҳатлашув ва семинарлар ўтказиш йўллари орқали.
2. Ҳамкорликнинг ҳажми ва конкрет шакллари талаб ҳамда шарт-шароитларнинг ўзгаришини, шунингдек бошқа мавжуд ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, марказий ваколатли муассасаларнинг аҳдлашувига кўра белгиланади. Томонлар ушбу Битимни бажариш мақсадларида бир-бирларига бепул ёрдам кўрсатишлари мумкин.
4-модда
Ҳамкорликнинг бошқа шакллари ва кадрлар тайёрлаш
Ҳамкорликнинг бошқа шакллари ва кадрлар тайёрлаш
1. Томонлар ушбу Битимнинг 2-моддасида тилга олинган жиноятларнинг олдини олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи чоралар самарадорлигини ошириш мақсадида ўзларининг ҳуқуқий ҳамда маъмурий тизимларига мувофиқ бир-бирлари билан яқиндан ҳамкорлик қиладилар.
2. Ушбу Битимни бажариш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадларида Томонларнинг марказий ваколатли муассасалари ўз ваколатлари доирасида бевосита алоқалар ўрнатишлари ва ўз фаолиятларининг алоҳида йўналишлари бўйича ҳамкорлик тўғрисида қўшимча шартномавий ҳужжатларни имзолашлари мумкин.
3. Томонлар фан ва техника соҳасида жиноятчиликка қарши кураш, махсус билимларни алмашиш манфаатларида тадқиқотлар дастурларини режалаштириш ва амалга оширишда бир-бирларига кўмаклашадилар, шу мақсадларда тегишли ҳолларда, ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро манфаат уйғотадиган муаммоларни муҳокама қилиш учун халқаро конференция ва семинарлардан фойдаланадилар.
4. Томонлар кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро манфаатли асосда ҳамкорлик қилишга шартлашиб олдилар.
5-модда
Конкрет жиноятлар тўғрисидаги ахборотни алмашиш
Конкрет жиноятлар тўғрисидаги ахборотни алмашиш
Ушбу Битимнинг 3-модда 1-қисми 1.1.-бандида кўзда тутилган ахборотни алмашиш ушбу Битимнинг 2-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган конкрет жиноятларга дахл қилади, хусусан:
1) бир Томон давлати ҳудудида жиноий гуруҳлар тарафидан тайёрланаётган ёки содир этилган жиноятлар, агар бундай гуруҳларнинг таркибига бошқа Томон давлатининг фуқаролари кирса ёки бундай жиноятлар бошқа тарзда бу давлатнинг манфаатларига дахл қилса;
2) гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний юргизилишини ташкил этган жиноятлар, агар улар бошқа Томон давлатидан бир Томон давлатига келса, жумладан учинчи давлатдан транзит тарзида, шунингдек уларнинг бир Томон давлатидаги ноқонуний тайёрланиши ёхуд савдосига бошқа Томон давлатининг фуқаролари алоқадор бўлса;
3) жиноий фаолиятдан олинган фойдаларни қонунийлаштириш билан боғлиқ жиноятлар, агар шу мақсадларда жисмоний ва/ёки юридик шахсларнинг бир Томон давлатининг ҳудудида бошқа Томон давлатининг фуқаролари тарафидан фойдаланилса.
6-модда
Жиноий фаолият тўғрисида ахборот алмашиш
Жиноий фаолият тўғрисида ахборот алмашиш
Томонлар, шунингдек қуйидагилар тўғрисидаги ахборотни алмашадилар:
1) уюшган гуруҳлар тарафидан жиноятларни содир этиш усуллари, уларнинг таркиби, тузилиши, фаолият соҳаси ва жиноий алоқалари тўғрисида;
2) гиёҳвандлик моддаларини яширишнинг янги усуллари ва уларни ошкор қилиш методлари, уларни ноқонуний ташишнинг янги йўналишлари ҳамда каналлари, ноқонуний юргизилишга келиб тушаётган гиёҳвандлик моддаларнинг янги турлари, уларнинг хусусияти ва тайёрлаш технологияси;
3) террорчилик фаолиятининг шакл ва методлари, фош қилинган террорчилик гуруҳларининг тузилиши ва таркиби, улар томонидан фойдаланадиган техника воситалари, тайёрланаётган ҳамда амалга оширилган террорчилик хуружлари ва уларга алоқадор шахслар, агар кўрсатилган фаолият бошқа Томон давлатининг манфаатларига дахл қилса;
4) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш усуллари, бундай турдаги фаолиятда шубҳаланилаётган ташкилот, муассаса ва корхоналар;
5) ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда шубҳаланилаётган, бошқа Томон давлати ҳудудида доимий яшайдиган ёки вақтинча бўлиб турган Томонлар давлатларининг фуқаролари;
6) бир Томон давлатининг жиноий қонунчилигини бошқа Томон давлати фуқаролари тарафидан бузилганлиги тўғрисида рўйхатга олинган фактлар.
7-модда
Ҳамкорликни амалга ошириш шартлари
Ҳамкорликни амалга ошириш шартлари
1. Ушбу Битимнинг 3-моддасида кўзда тутилган ахборотни бериш ва бошқа хатти-ҳаракатлар Томонлар давлатларининг марказий ваколатли муассасалари тарафидан ёзма сўровларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Ушбу мададнинг 1-қисмида кўзда тутилган сўровда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
2.1. юборилаётган сўров бўйича ишнинг моҳияти, мазкур иш бўйича ишлаётган ёки унга алоқадор шахс ёхуд шахслар, талаб этилаётган ахборот тўғрисида фактлар, предметлар ва ҳужжатлар тўғрисида имкон қадар тўла маълумот;
2.2. қўлланиш сабаби ва бажарилиши талаб этилаётган конкрет процедуранинг батафсил тавсифи;
2.3. зарур бўлганда сўровнинг бажарилиши кутилаётган муддатлар.
3. Зарур бўлганда, сўровга тегишли равишда унинг бажарилишини енгиллаштирадиган ҳужжатлар ёки улардан кўчирмаларнинг тасдиқланган нусхалари илова қилинади.
4. Сўров ва унга қилинадиган иловалар ушбу Битимнинг 11-моддасидаги талабларга мувофиқ расмийлаштирилади, тегишли мансабдор шахс тарафидан имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади.
5. Ушбу Битимнинг 3-модда 1-қисми 1.1.-бандида кўзда тутилган ахборот бошқа Томон учун қизиқарли деган асослар бўлса, Томонлар давлатларининг марказий ваколатли муассасалари ўз хоҳишларига кўра бир-бирларига юборишлари мумкин.
б. Сўровни бажариш имкон қадар қисқа муддатларда амалга оширилиши лозим. Зарур бўлганда Томонлар давлатларининг марказий ваколатли муассасалари сўровнинг бажарилишини енгиллаштирувчи қўшимча маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.
8-модда
Сўровни бажаришни рад этиш
Сўровни бажаришни рад этиш
1. Агар сўровни бажариш инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келса, давлат суверенитети ёки хавфсизлигига зарар етказса ёхуд сўралаётган Томоннинг қонунчилиги ёки халқаро мажбуриятларига зид келса, унинг бажарилиши тўлалигича ёки қисман рад этилиши мумкин.
2. Сўровни бажаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолда, Томонлар давлатларининг марказий ваколатли муассасалар бу тўғрида рад этилишининг сабабини кўрсатган ҳолда, бир-бирларини хабардор қиладилар.
9-модда
Ахборотдан фойдаланиш
Ахборотдан фойдаланиш
1. Томонларнинг марказий ваколатли муассасалари бир-бирларидан оладиган ахборотнинг, агар бу ахборот ёпиқ характерга эга бўлса ёки юбораётган Томон унинг ошкор қилинишини лозим топмаса, махфийлигини таъминлайдилар. Тенг даражада бу техник воситалар, ускуналар ва материалларга ҳам дахлдор. Ахборотнинг махфийлик даражаси уни юборган Томон орқали белгиланади.
2. Зарур ҳолларда, ушбу Битим доирасида олинган ахборот, техник воситалар, ускуналар ва материалларнинг учинчи томонга берилишида уларни етказиб берган марказий ваколатли муассасаларнинг ёзма розилиги талаб қилинади.
3. Томонлар тарафидан олинган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар ушбу Битимда белгиланган мақсадлардагина фойдаланилиши мумкин.
Етказиб берадиган Томон бундай маълумотларнинг ишончлилигини, шунингдек зарур бўлганда, тегишли ўзгартиш ва тўлдиришларнинг ўз вақтида етказиб берилишини таъминлайди. Жисмоний шахслар тўғрисида ахборотнинг қабул қилиниши, рўйхатга олиниши, сақланиши, фойдаланилиши ва йўқ қилиниши Томонлар давлатларининг қонунчиликларига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу Битим амал қилишдан тўхтаган ҳолда, илгари олинган барча ахборот йўқ қилиниши лозим.
4. Томонлар давлатларининг қонунчиликларига мувофиқ манфаатдор шахсга унинг ёзма сўровига кўра унга алоқадор мавжуд маълумотлар тўғрисида ахборот берилиши мумкин.
5. Барча ҳолларда, маълумотлардан бегона шахсларнинг фойдаланиши, уларни огоҳлантиришсиз ўзгартирилиши, йўқ қилиниши ёки ошкор қилиниши Томонлар тарафидан самарали муҳофаза қилинади.
10-модда
Харажатлар ва мажбуриятлар
Харажатлар ва мажбуриятлар
1. Ушбу Битимни бажариш бўйича харажатларни Томонлар бажаришлари зарур бўлган ўз мажбуриятлари доирасида мустақил равишда қоплайдилар.
2. Зарур ҳолда, Томонлар ушбу Битимдан келиб чиқадиган хатти-ҳаракатларни бажариш учун биргаликдаги харажатларни қоплайдилар. Улар ҳар бир алоҳида ҳолларда ўзаро мақбул аҳдлашувлар орқали расмийлаштирилади. Биргаликдаги харажатлар бўйича Томонларнинг мажбуриятлари мана шу аҳдлашувлар билан бошқарилади.
3. Томонлар зарур ҳолда, ўзаро аҳдлашувига кўра ушбу Битимнинг 2-моддасида сўз борадиган жиноятларнинг олдини олиш бўйича конкрет вазифаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ускуна ва материаллар орқали бир-бирларига бепул ёрдам беришлари мумкин.
11-модда
Ҳамкорлик тили
Ҳамкорлик тили
Томонлар ушбу Битим доирасида ҳамкорлик қилишда рус тилига таржима қилинган иловалар билан ўзларининг давлат тилларидан фойдаланадилар.
12-модда
Қўшма комиссия
Қўшма комиссия
1. Зарур ҳолда, ушбу Битим қоидаларини ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида Томонлар уларнинг ваколатли вакилларидан ташкил топган Қўшма комиссия тузишлари мумкин.
2. Қўшма комиссия навбат билан Вильнюс ва Тошкентда қанча зарур бўлса, шунча тез-тез ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалаларни кўриб чиқиш ҳамда ўзаро мақбул қарорларни қабул қилиш учун йиғилади. Қўшма комиссия қарорларни тайёрлаш учун, шунингдек бошқа фаолият учун Томонлар давлатларининг марказий ваколатли муассасаларнинг вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳни тузишлари мумкин.
13-модда
Бошқа шартномаларга муносабат.
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Бошқа шартномаларга муносабат.
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
1. Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларига дахл қилмайди.
2. Томонларнинг розилигига кўра ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар ушбу Битимнинг 14-моддасидаги қоидаларга мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар орқали расмийлаштирилади.
14-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим Томонлардан биронтаси унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмагунига қадар кучини сақлаб қолади. Бу ҳолда ушбу Битим бошқа Томондан бундай хабарнома олинган санадан бошлаб олти ой ўтгач, амал қилишдан тўхтайди.
Тошкент шаҳрида 2002 йил 18 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, литва ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)