Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши РАЁСАТИнинг
Қарори
КЎКРАККА ТАҚИЛАДИГАН «ЎЗБЕКИСТОНДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ЧОРВАДОР» НИШОНИНИНГ ЧИЗМА ТАСВИРИ ВА ТАВСИФИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 7 майдаги «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор» фахрий унвони таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 876-XII-сонли Қарори бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати қарор қилади:
1. Кўкракка тақиладиган «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор» нишонининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Кўкракка тақиладиган «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор» нишонининг тавсифи ва чизма тасвири нишонни тайёрлашни ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг тасдиғига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1993 йил 31 август,
908-XII-сон
Кўкракка тақиладиган «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор» нишонининг
ТАВСИФИ
Кўкракка тақиладиган «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор» нишони диаметри 30 миллиметр бўлган тўғри айлана шаклида бўлиб, металлар қоришмасидан тайёрланади.
Нишон юз томонининг марказида қуёш нурлари ёритиб турган тоғлар, тоғ этагидаги яйловлар ва моллар фонидаги чўпон тасвиридан иборат композиция жойлаштирилган.
Нишоннинг айланасида қуйидагича ёзув: «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор», пастда иккита дафна шохининг тасвири.
Нишоннинг орқа томонида атрофи ўн иккита беш қиррали юлдуз билан ўралган Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири жойлаштирилган.
Нишоннинг четлари икки томондан бўртма ҳошияланган. Нишондаги барча тасвир ва ёзувлар қабариқ.
Нишон қулоқча ва халқача орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларидаги шойи лента тортилган 15х25 миллиметрли тўғри бурчакли илгичга (колодкага) уланади. Илгичга уланган нишон тўғноғич ёрдамида кийимга тақилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 8-сон, 313-модда)