Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
ўсимликлар карантини соҳасида ўзларининг икки томонлама ҳамкорликларини мустаҳкамлаш мақсадида ва Томонлар ҳудудларини ўсимликлар карантини организмлари киришидан муҳофаза қилишни яхшилаш ҳамда улар келтираётган зарарларни камайтириш, шунингдек уруғлар, экиш материаллари ва икки мамлакат ўсимликлар карантини қоидалари назорати остида бўлган бошқа маҳсулотларнинг савдоси ҳамда алмашувини енгиллаштириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш бўйича масъулиятли бўлган Томонларнинг ваколатли органлари қуйидагилардир:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги — Ўсимликлар карантини бўйича давлат бош инспекцияси;
Эрон Ислом Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — Ўсимликларни муҳофаза қилиш ташкилоти.
2-модда
Ушбу Битим доирасида «карантин организмлари» тушунчаси ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган 1 ва 2-иловаларда* қайд этилган ўсимликлар зараркунандалари, касаллик қўзғатувчилари ва бегона ўтлар тушунилади.
*1 ва 2-иловалар берилмайди.
Иккала Томоннинг ваколатли органлари келажакда ўзларининг тегишли рўйхатларига ўзгартиш ва тўлдиришлар киритишлари мумкин.
Ҳар қандай ўзгартиш ва тўлдиришлар тўғрисида бошқа Томон дипломатик каналлар орқали хабардор қилинади ва улар бундай хабарномадан кейин 60 кун ўтгач кучга киради.
3-модда
Иккала Томоннинг ваколатли органлари ҳар йили баҳор фаслининг бошларида бошқа Томон тақдим этган рўйхатга киритилган карантин организмларининг ўз ҳудудларида пайдо бўлиши ва тарқалиши тўғрисида ахборот алмашадилар.
4-модда
Иккала Томон ўсимликлар зараркунандалари ва касаллик қўзғатувчилар пайдо бўлиши ва тарқалиши мумкин бўлган уруғлар, экиш материаллари ва бошқа маҳсулотларнинг (бундан кейин карантин назорати остида бўлган маҳсулотлар деб юритилади) импорти, экспорти ва транзити бўйича ўсимликлар карантинига доир икки Томон давлатларининг амалдаги қонун-қоидаларига риоя қилиш мажбуриятини оладилар.
Бир Томон ҳудудидан бошқа Томон ҳудудига карантин назорати остида бўлган маҳсулотлар импорти, экспорти ва транзити импорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли органи томонидан белгиланадиган чегара пунктлари орқали амалга оширилади.
5-модда
Иккала Томон экспорт қилишда материалларни ўраш сифатида қўлланиладиган карантин назорати остида бўлган маҳсулотлар, қоғоз, пластик ва келиб чиқиши ўсимлик бўлмаган бошқа материаллардан фойдаланишга келишиб олдилар.
Карантин назорати остида бўлган маҳсулотларни ташиш воситалари юклашдан олдин пухта тозаланиши ва зарур ҳолда зарарсизлантирилиши лозим.
6-модда
Карантин назорати остида бўлган маҳсулотларнинг ҳар бири бир Томон ҳудудидан бошқа Томон ҳудудига (ёки у орқали) экспорт қилинаётганида экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини хизмати ваколатли органи томонидан берилган ва ушбу маҳсулотда ҳар қандай карантин организмлар йўқлигини тасдиқловчи фитосанитар сертификат билан кузатиб борилиши лозим. Фитосанитар сертификат экспорт қилувчи мамлакатнинг расмий тилида ҳамда инглиз тилида расмийлаштирилиши лозим.
Импорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини хизмати назорати остида маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва транзити импорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини хизмати томонидан берилган импорт қилиш рухсатномасида қайд этилган шартларга мувофиқ амалга оширилади.
Муайян карантин қоидаларига мувофиқ маҳсулотларнинг импорти ёки транзити амалга оширилганда, иккала Томон уларнинг фитосанитар ҳолати бўйича янги қўшимча шартлар ва талабларни қўйиш ҳуқуқига эга.
7-модда
Фитосанитар назорати пайтида карантин организмлари фош қилинса, иккала Томоннинг ваколатли органлари карантин маҳсулотни экспорт қилувчи мамлакатга қайтариш ёки уни зарарсизлантириш ҳуқуқига эга. Зарарсизлантириш имкони бўлмаганда эса, ўзларининг фитосанитар қоидаларига мувофиқ уни йўқ қилиш ҳуқуқига эга. Импорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли органи кўрилган чоралар тўғрисида бошқа Томоннинг ваколатли органини ёзма равишда хабардор этади.
Бундай карантин маҳсулотларни зарарсизлантириш, қайтариш ёки йўқ қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар экспорт қилувчи ташкилот ёки бундай маҳсулотларни етказиб бериш учун масъул бўлганлар томонидан қопланади ва устама ҳақ тўланади.
8-модда
Иккала Томоннинг ваколатли органлари зарур ҳолларда бир-бирларига ўсимликлар карантини соҳасида илмий, техникавий ва бошқа ёрдам берадилар.
9-модда
Иккала Томоннинг ваколатли органлари юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилиш ва иккала Томоннинг аҳдлашувларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек ўсимликлар карантини соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш учун зарур ҳолларда, лекин бир йилда камида бир марта маслаҳатлашувлар олиб борадилар.
Бу мажлисларнинг вақти, жойи ва дастури иккала Томоннинг ўзаро келишувга кўра белгиланади.
Мажлисларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қабул қилувчи мамлакат қоплайди.
Ҳар бир Томоннинг йўл харажатларини юбораётган Томоннинг ўзи қоплайди.
10-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ барча келишмовчиликлар иккала Томоннинг мутахассислари икки Томоннинг ўзаро розиликларига кўра музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилади. Агар келишмовчиликлар музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилмаса, улар дипломатик каналлар орқали тартибга солинади.
Томонлар ушбу Битимга иккала Томоннинг ўзаро ёзма розиликларига кўра унинг ажралмас қисми бўлиб қоладиган ва алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ҳамда тўлдиришлар киритишлари мумкин.
11-модда
Ушбу Битимнинг қоидалари Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
12-модда
Ушбу Битим Томонлар уни тасдиқлаган кундан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади. Агар Томонлардан биронтаси тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги нияти хусусида ёзма равишда хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Теҳрон шаҳрида 2003 йил 17 июнда, ҳижрий 1382 йил 27 хўрдодда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, форс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн асосий ҳисобланади.
(имзолар)