Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2009 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
Раис И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 7 май,
54-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2009 йилдаги фаолияти тўғрисида
ҲИСОБОТ
Кириш
Жаҳон иқтисодий инқирози авж олганига қарамай, 2009 йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида муҳим босқич бўлди. Мамлакатда партиявий тамойиллар ва муқобиллик асосида икки палатали парламент ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловлар муваффақиятли ўтди ва бу ўз навбатида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминланишининг устуворлигини яна бир бор тасдиқлади. Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш жараёни давом этди, бунда урғу одил судловни амалга ошириш ва суд қарорларини ижро этиш масалаларини ҳал қилишга қаратилди. Ҳаммабоп ва кафолатли ҳуқуқий ёрдамни таъминлаш соҳасида ислоҳотлар янада ривожлантирилди, бунинг натижасида янги институт, яъни минтақавий тузилмаларига эга бўлган Адвокатлар палатаси шакллантирилди. Мамлакат парламенти томонидан жамоатчилик секторини либераллаштириш жараёнларига таъсир кўрсатиш, ижро этувчи ҳокимият органларининг иқтисодий ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги бошқарувчилик мавқеи ҳиссасини камайтириш имкониятини сезиларли даражада кенгайтирувчи қонунлар қабул қилинди. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Халқ фаровонлигини ошириш, аҳолининг муносиб яшаш шароитларини ва бандлигини таъминлаш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига, трансмиллий траффик ва одам савдосига қарши кураш, аёллар ҳуқуқларини рағбатлантириш, гендер тенглигини таъминлаш соҳаларидаги ишлар давом эттирилди. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар нормаларини миллий қонун ҳужжатларига сингдириш фаол амалга оширилди, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш борасида кўплаб тадбирлар ўтказилди. Ана шу барча жараёнлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятида ўз аксини топди.
Ўзбекистонда инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш бўйича Парламент омбудсманининг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисобот «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тайёрланди. Икки палатали парламентга тақдим этилаётган ушбу бешинчи ҳисобот фуқароларнинг турли тоифадаги ҳуқуқлари мониторинглари якунларига, Омбудсманга якка тартибда ва жамоа томонидан жўнатилган мурожаатлар бўйича таҳлилига, миллий ва хорижий ҳамкорлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан амалга оширилган ахборот алмашувига асосланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил миллий институт сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) иш фаолиятида 2009 йил муҳим босқич бўлиб, ҳуқуқий давлат қураётган, миллий қонунчилиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти янада ривожланаётган мамлакатимизнинг демократик танловига асосланган фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминловчи муассасалар фаолиятининг умум эътироф этилган принципларига риоя этилишининг яққол тасдиғи бўлди. Шу билан бир вақтда давлат томонидан Омбудсманга эътибор кучайтирилди ва унинг фаолияти қўллаб-қувватланди. Чунончи, 2009 йилнинг апрелида унинг ваколатларини сезиларли равишда кенгайтирган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармони, парламент палаталари Кенгашларининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қўшма қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари комплекси тўғрисида»ги қарори асосида Омбудсман институтининг моддий ҳамда ресурс базаси шакллантирилди ва мустаҳкамланди.
Ўн беш йиллик фаолияти мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Омбудсмани ҳуқуқий давлат барпо этиш шароитларида фуқаролик жамиятининг таркибий қисмига айланиб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари тизимидаги ўз ўрнини мустаҳкамлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили давлат ҳокимиятининг қонунчилик, ижро ва суд органлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини биргаликда мониторинг қилиш, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари мансабдор шахсларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича фаолиятни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари борасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўли билан ҳам амалга оширди.
I. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича фаолияти
Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш ҳамда уни халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига мувофиқлаштириш бўйича фаолияти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва хулосалар тайёрлаш; қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига қонунлар қабул қилиш ёки амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритиш; инсон ҳуқуқларининг турли тоифаларига ва уларни ҳимоя қилиш механизмларига тааллуқли қонун лойиҳаларини тайёрлаш; парламент палаталари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлисларида иштирок этиш ва маъруза қилиш; Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг йиллик ҳисоботларида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича тавсияларни тақдим этиш; инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлашни ўз ичига олган йўналишлар бўйича амалга оширилди.
Ўтган ҳисобот даврида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти томонидан парламент қўмиталари, ҳукумат, вазирликлар ва идоралар томонидан тайёрлаган қатор қонун лойиҳаларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларига мувофиқлаштириш юзасидан ҳуқуқий экспертиза ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Бепул ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 256-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар берилди.
Тақдим этилган қонун лойиҳалари иқтисодиётни янада эркинлаштиришни таъминлашга ҳамда мамлакат фуқароларининг муносиб яшаш шароитлари учун ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашни янада кучайтиришга қаратилганлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан таъкидлаб ўтилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «Бепул ҳуқуқий ёрдам тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ўз вақтида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси қатор илғор янгиликларни қамраб олган бўлиб, улар орасида биринчи навбатда ҳам давлатга қарашли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари, ҳам адвокатуранинг ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи субъектлар доирасига киритилишини; ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимига нотижорат ташкилотлари ҳамда олий ўқув юртларининг юридик клиникалари ресурслари жалб этилишини; ахборот бериш ва оғзаки маслаҳатлар бериш тарзида, шунингдек ҳуқуқий ҳужжатлар тузиш ва судда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўли билан бепул ҳуқуқий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатишни таъкидлаб ўтиш лозим. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти мазкур қонун лойиҳаси устида ишлаш жараёнида фаол иштирок этди.
«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси бўйича мониторинг ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг сўровига кўра қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид фаолиятни амалга ошириш доирасида таълим олишга бўлган ҳуқуқни таъминлаш бўйича ўтказилган мониторинг тадқиқотлари натижалари асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифлар тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Масалан, Конституциявий суд таклифига кўра Омбудсман институти вакиллари «Хусусий корхона тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасини шарҳлаш масаласи бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида иштирок этдилар.
Омбудсман институти инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш учун даъват этилганлигини инобатга олиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Универсал даврий таҳлил доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий маърузасининг кўриб чиқилиши натижалари юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши тавсияларини бажариш борасида Миллий ҳаракат режасининг лойиҳаси устида олиб борилган ишларда фаол иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича фаолиятининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг парламент палаталари қўмиталари, Олий Мажлис Сенати аъзолари билан ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини такомиллаштиришга оид Омбудсман таклифларини парламент муҳокамасига киритиш ҳуқуқига эга бўлган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари бўлган Қонунчилик палатаси депутатлари билан ўзаро ҳамкорлигига боғлиқдир.
Шуни таъкидлаш керакки, парламентнинг қуйи палатаси билан ҳамкорлик фақат қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини ўтказишга, балки назорат-таҳлил фаолиятида иштирок этишга, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши мониторинглари якунлари бўйича ахборот алмашишга, инсон ҳуқуқлари масалаларига бағишланган конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этиш ва ўтказишга ҳам қаратилгандир.
Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия, Эксперт кенгаши аъзолари, Котибият ходимлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан — қонун лойиҳалари экспертизасини ўтказиш масалалари бўйича; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан — парламентга сайловлар бўйича; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан — бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ўтказилган конференция ва семинарларда фаол иштирок этдилар.
Парламентнинг назорат-таҳлил фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан БМТнинг Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияси нормаларининг Навоий вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бажарилиши ўрганилди. Халқаро стандартларнинг имплементациясига доир аҳволни ўрганиш мақсадида мазкур ишга Омбудсманнинг Навоий вилояти бўйича минтақавий вакили жалб этилди.
Парламентнинг юқори палатаси ва парламент Омбудсмани ўртасидаги мулоқотда Омбудсман ва уни вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги куни муносабати билан ҳар йили эълон қилинадиган амнистияси тўғрисидаги ҳужжатларини амалга оширишда иштирок этиши алоҳида ўрин тутади.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 28 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн саккиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги 661-I-сонли қарорига мувофиқ ошкоралик ва очиқ-ойдинликни таъминлаш, амнистия актини қўллашда ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида актни қўллаш тартиб-таомили мобайнида кенг жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарурияти назарда тутилади. Амнистия актларини амалга ошириш мақсадида республика минтақалари даражасида ҳудудий комиссиялар, шунингдек жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Ишчи гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакилларининг киритилганлиги Омбудсман институти учун муҳим ютуқ ҳисобланади.
2009 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси билан ўзаро ҳамкорликни давом эттирди. Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш доирасида Қўмита томонидан Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенциянинг (Женева, 1973 йил 26 июнь) бажарилиши бўйича аҳвол ўрганилди.
Суд ишларини юритиш соҳасида инсон ҳуқуқларини жорий этиш ва ҳимоя қилишни самарали таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштирди. Суд ҳокимиятининг олий органи томонидан Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳаларини Омбудсманга жўнатиш ўзаро ҳамкорликнинг йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур ҳужжатларни ўрганар экан, Омбудсман институти қабул қилинаётган қарорларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлиги масаласига алоҳида эътиборни қаратади. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг экспертизасига Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Одам савдоси тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги, «Жиноят ишлари бўйича процессуал харажатларни ундириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги, «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Буйруқ чиқариш ишларини юритишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ баъзи масалалар тўғрисида»ги қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорлари тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майда қабул қилинган Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурининг 2.1-бандини бажариш бўйича ўзаро ҳамкорлик доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунларнинг суд органларида ижро этилишига доир мониторинг ташкил этилди.
2008 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни мустаҳкамлаш борасида фаол ишлар амалга оширилди.
2009 йил 20 апрелда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши Омбудсман институтининг ривожланишида муҳим давр бўлди. Қонуннинг асосий мақсади, биринчидан, миллий қонун ҳужжатларини инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятига тааллуқли халқаро стандартларга мувофиқлаштириш; иккинчидан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонун нормаларининг ижроси бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш; учинчидан, Омбудсман институти билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришдан иборатдир.
Қонунда амалдаги жиноят-процессуал ва жиноят-ижро, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида Омбудсманнинг ваколатларини мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилган.
Қонун билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ўринбосари лавозимига сайлаш тартибини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорида кўрсатиб ўтилган Қонунга мувофиқлаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш Омбудсман тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир ишларнинг муҳим йўналиши бўлди. 2009 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 283-сонли қарори қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 8-сонли қарорининг Омбудсман ходимларининг хорижга чиқиши тартибини белгиловчи қисмига қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартда қабул қилинган 133-сонли қарори билан тасдиқланган ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек уларнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилиши билан боғлиқ кафолатли тўловларни тўлаш тартиби Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия фаолиятида иштирок этиш билан боғлиқ тўловлар тўлашни кафолатловчи норма билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 27 январда қабул қилинган 24-сонли қарори билан тасдиқланган «Хизмат турар жойлари олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати»га Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Котибияти ходимларига хизмат турар-жойлари олиш имкониятини берувчи қўшимча киритилди.
Қонунларни такомиллаштириш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш жараёни Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг янада тараққий этишига ҳамда фуқаролик жамиятининг ривожланишига хизмат қилади.
II. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг мониторинги
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг стратегик йўналишларидан бири қонун ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилишдан иборатдир. Бундай мониторинг эса инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини қиёсий таҳлил қилиш, фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга келиб тушадиган мурожаатларини умумлаштириш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш асосида амалга оширилади.
Мониторингнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан омили сифатидаги ўрнини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурининг 2.1-бандини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда ҳисобот йилида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунларнинг судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва соғлиқни сақлаш тизими органларида ижро этилиши билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганди.
Мониторинг ўтказиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Котибияти ходимлари, Омбудсманнинг Тошкент шаҳри ва республика вилоятлари бўйича минтақавий вакилларининг Эксперт кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Мониторинг маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакилларидан иборат таркибдаги ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Мониторинг тадқиқотлари Тошкент шаҳрининг жиноят ишлари бўйича судлари ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларини, шунингдек танлов усулида республиканинг вилоят, туман ва шаҳар судларини қамраб олди. Фуқароларнинг суд органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига риоя этилиши бўйича судлар фаолиятини ўрганиш мониторингнинг асосий йўналиши бўлди.
Ўтказилган мониторинг якунларига кўра фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларининг юзага келиши сабаблари ва шартларини қамраб олган таҳлилий маълумотлар тайёрланди, шунингдек суд органларига мурожаат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ камчиликлар ва қийинчиликлар аниқланди. Уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида аниқ таклифлар ишлаб чиқилди, шунингдек ушбу таклифлар амалга оширилган тақдирда кутиладиган натижалар хусусида истиқболли баҳолар берилди.
Мониторинг натижалари фуқароларнинг суд органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасида суд органлари фаолиятига таъсир кўрсатувчи қуйидаги асосий муаммоларни аниқлаш имконини берди:
фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини амалга оширишнинг самарали механизмига суд органлари томонидан етарлича эътибор қаратилмаслиги;
фуқароларни шахсан қабул қилишни ташкил этиш ва юритишга етарлича эътибор қаратилмаслиги, фуқаролар учун ахборотнинг етарли эмаслиги, иш юритишни олиб бориш тартибига риоя қилинмаслиги;
процессуал қонун ҳужжатлари билан боғлиқ бўлмаган аризалар ва шикоятларда баён этилган масалаларнинг тезкорлик билан ва ўз вақтида ҳал этилмаслиги;
фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ишлар суд органлари раҳбарлари томонидан етарлича назорат қилинмаётганлиги, суд органларига келиб тушаётган аризалар ва шикоятларни умумлаштириш ҳамда таҳлил қилишга етарлича эътибор қаратилмаётганлиги.
Фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ишлар бўйича суд органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказига тавсиялар тақдим этилди.
III. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашга кўмаклашиш борасидаги фаолияти
Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги фуқаролар шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш чора-тадбирларини кўриш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятининг ҳал қилувчи йўналишидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг бошқа ҳуқуқий воситаларидан фойдаланиб бўлганидан кейинги шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқишга даъват этилган, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суддан ташқари органидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга доир фаолияти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосан ташкил этилди. Бу иш асосан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Котибиятига почта орқали, Вакил ва Котибият ходимларининг шахсий қабулига ҳамда мамлакат минтақаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича ўтказилган мониторинглар жараёнида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш асосида олиб борилмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг шикоятларини ҳал этиш, шунингдек уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашиш Омбудсман томонидан давлат органлари, шу жумладан судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга бўлган ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда Омбудсманга йўллаётган шикоятлари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга 10409 та мурожаат тушди, шундан Омбудсманнинг бош офисига 7394 та, минтақавий вакилларга 1294 та шикоят ва аризалар тушган.
|
Т/р |
Келиб тушган мурожаатлар |
2009 йил |
2008 йил |
2007 йил |
2006 йил |
2005 йил |
|
1. |
Омбудсманнинг марказий офисига, Шу жумладан: |
7394 |
5676 |
5372 |
4753 |
5138 |
|
Мамлакат минтақаларидан |
6671 |
5383 |
5324 |
4642 |
5070 | |
|
Чет эллик фуқаролардан |
666 |
207 |
42 |
45 |
29 | |
|
Жазони ижро этиш муассасаларидан |
48 |
69 |
19 |
66 |
39 | |
|
Манзили кўрсатилмай жўнатилганлари |
- |
11 |
17 |
- | ||
|
Интернет орқали |
9 |
6 |
- | |||
|
2. |
Такроран |
1516 |
2370 |
1250 |
878 |
1004 |
|
3. |
«Ишонч телефони» орқали |
205 |
770 |
715 |
647 |
300 |
|
4. |
Омбудсманнингминтақавий вакилларига |
1294 |
1146 |
1244 |
1377 |
1291 |
|
Жами |
10409 |
9962 |
8611 |
7655 |
7733 |
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг марказий офиси ва унинг минтақавий вакилларига келиб тушган мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар ортган. Кўрсатиб ўтилган маълумотлар аҳолининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суддан ташқари механизмларига бўлган умумий ишончи ошиб бораётганидан далолат беради.
Фуқароларнинг шикоятларида кўтарилган муаммоларни ўрганиш шахсий ва фуқаролик ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига оид мурожаатлар сони ошганлигини кўрсатмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни таъминлашга доир мурожаатлар сони ҳам анча ўсган.
Омбудсманнинг марказий офисига энг кўп мурожаатлар ҳамон Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан келиб тушмоқда.
Ҳисобот даврида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан чет эллик фуқаролар ва хорижий давлатларнинг омбудсманларидан олинган мурожаатлар сони сезиларли даражада ўсди. Бундай мурожаатларнинг асосий қисми МДҲ давлатларидан келиб тушди. Масалан, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилидан — 5 та мурожаат, Саратов вилояти Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилидан — 3 та, Иркутск вилояти Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилидан — 2 та, Пенза, Свердлов вилоятлари ва Олтой ўлкаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилларидан эса — 1 тадан мурожаат келиб тушди. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб Қирғизистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ҳам ўз мурожаатларини юборишган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлардан шикоят ва аризалар доимий равишда келиб тушмоқда. Масалан, 2007 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга 19 нафар маҳкум мурожаат қилган бўлса, 2008 йилда — 69 нафар, 2009 йилда эса — 48 нафар маҳкум мурожаат қилган. Бу эса мурожаатлар сони 1,4 баробарга камайганлигидан далолат бермоқда. Озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган 15 нафар аёл Омбудсманга ўз ҳуқуқларини тиклашни сўраб мурожаат қилган. Ҳисобот йилида маҳкумлардан тушган мурожаатларнинг умумий сонидан 31 таси назоратга олинди, 4 та ҳолатда судланганларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Омбудсман Котибиятида фуқароларни қабул қилиш тасдиқланган жадвалга мувофиқ Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, Котибият ходимлари ҳамда Омбудсман экспертлари томонидан амалга оширилди. 1178 та мурожаат қабул қилинди. Кейинги вақтда электрон почта орқали мурожаатларни қабул қилиб олиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.
Йил давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 22 та шахсий қабули ўтказилиб, уларда 336 нафар фуқаро қабул қилинди. 213 та мурожаат назоратга олинди ва ҳал этиш учун тегишли идораларга жўнатилди, қолган фуқароларга тушунтиришлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан 2009 йил давомида 8 та хулоса тайёрланди, улардан 6 таси Ўзбекистон Республикаси Олий судига, 1 таси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, 1 таси эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилди.
Ҳисобот йилида фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларини таъминлашга доир мурожаатлар сони ошди. Шу билан бирга, 2009 йилда қамоққа олиш ва озодликдан маҳрум қилиш ҳолатларидан норозилик бўйича шикоятларнинг кўрсаткичи сезиларли даражада ўсди. Фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқни таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлари сони ҳам ошди. Мурожаатларнинг катта қисмини уй-жой-коммунал хизматлар билан таъминлашга доир шикоят ва аризалар ташкил этди. Фуқароларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозилик тўғрисидаги шикоятлари кўпайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга келиб тушаётган мурожаатлар сони йилдан-йилга ўсиб боришини ушбу институт аҳолининг барча тоифалари учун очиқ эканлиги, фуқаролар дуч келаётган объектив қийинчиликлар ва уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган интилишлари билан изоҳлаш мумкин. Шу муносабат билан уларга амалдаги қонун ҳужжатларининг нормалари тушунтирилди ва қўйилган масалаларни ҳал этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Ҳисобот даврида Омбудсманга келиб тушган 933 та шикоят бўйича мурожаат қилувчиларга уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий воситаларидан фойдаланиш шакллари ва усуллари тўғрисида маълумотлар берилди, 205 нафар фуқаро «Ишонч телефони» хизматидан фойдаланди.
Шу билан бирга, 568 нафар мурожаат қилувчи мурожаатларининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ келмаслиги сабабли асослантирилган рад жавобини олди.
Ҳисобот даврида инсон ҳуқуқларининг турли тоифалари бўйича фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолатларини ўз ичига олган 3515 та шикоят Омбудсман томонидан назоратга олинди.
2009 йилда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан фуқароларнинг 1294 та мурожаати кўриб чиқилди, аксари ҳолларда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, арз қилувчиларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ва воситалари тушунтирилди. Бундан ташқари, Омбудсман минтақавий вакилларга шикоятларни ҳал қилиш, назорат вазифаларини амалга ошириш, текширувлар ўтказиш ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишига доир холис ахборот олиш учун фуқароларнинг муайян шикоятлари юзасидан 403 та топшириқ берди, шундан 389 тасини назоратга олди.
395 та мурожаат, уларда баён этилган далилларни ўрганиш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши бўйича аниқланган далиллар юзасидан хулосалар бериш учун Эксперт кенгаши аъзоларига топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мансабдор шахслар ва ташкилотларга юбораётган сўровномалари шикоятларни кўриб чиқишда муҳим ахборот манбаи ҳисобланади. Масалан, Омбудсман томонидан назоратга олинган 3515 та мурожаатда баён қилинган далиллар текширилиб, ҳисобот даврида 55 та турли давлат органлари ва ташкилотларига 204 та сўровнома юборилди. Мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг ўзига хослиги шундаки, улар аксарият ҳолларда бир неча вазирлик ёки идоралардан бир вақтнинг ўзида ахборот йиғишни талаб этади.
Ўтган йил Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувининг турли органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда судлар билан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасидаги ҳамкорлиги самарали ва фойдали эканлигини тасдиқловчи кўплаб мисолларни юзага чиқарди.
Омбудсманнинг назорат тартибидаги сўровларига келган жавобларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш шундан далолат бермоқдаки, фуқароларнинг 452 та шикоятида келтирилган фактлар ва далиллар асосли деб эътироф этилди ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан мансабдор шахслар томонидан чоралар кўрилди.
Шуни таъкидлаш керакки, Омбудсманнинг прокуратура органлари билан ўзаро ҳамкорлиги туфайли ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига 1054 та назоратга олинган мурожаат жўнатилди, шундан 170 таси ижобий ҳал этилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил назоратига олинган 358 та мурожаат кўриб чиқилди ва шундан 44 таси ижобий ҳал этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судига фуқароларнинг назоратга олинган 112 та мурожаати юборилди, шундан 10 та ҳолатда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Кейинги пайтда ҳал этилиши бевосита маҳаллий ҳокимият органлари ваколатига кирувчи ва марказий органларнинг тўғридан-тўғри аралашувини талаб этмайдиган, аҳолининг турли ва энг муҳим муаммолари бўйича республиканинг барча минтақаларидан келиб тушаётган аризалар ва шикоятлар оқими кўпайди.
Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил айрим шикоятларни кўриб чиқиш учун қабул қилиб олишга етарли асосларга эга бўлмаганлиги сабабли уларни зарур тавсиялар билан ваколатли органларга юборади.
Келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, қатор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари ишида фуқароларнинг аризалари ва шикоятларини ҳар томонлама холисона ва ўз вақтида текшириш талабларининг бузилиши ҳоллари учрамоқда, фуқароларнинг асосли мурожаатларига нисбатан сансалорлик, эътиборсизлик, тўраларча расмиятчилик билан муносабатда бўлиш ҳолларига чек қўйилмаяпти. Муайян шикоят бўйича махсус ташкил этилган комиссиялар хатларнинг муаллифлари билан учрашмаслиги, муаммони юзаки ва бир томонлама ўрганиши ҳоллари кузатилмоқда.
Хатларнинг муаллифлари ўзларининг дастлабки мурожаатларига жавоблар бўлмаганлигини, мурожаатда кўтарилган масалаларга расман юзаки, тўлиқ бўлмаган жавоблар берилганлигини, шунингдек ижро этувчи ҳокимият ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг айрим раҳбарлари қабулига киришнинг имконияти йўқлигини кўрсатишмоқда.
Ана шу камчиликларнинг барчаси фуқароларнинг адолатли эътирозларига сабаб бўлиб, уларни Омбудсманга, бошқа давлат органларига такрорий мурожаат қилишга мажбур этмоқда.
|
Омбудсманга келиб тушган такрорий мурожаатлар |
2009 |
2008 |
2007 |
2006 |
|
Жами |
1516 |
2370 |
1250 |
878 |
2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) келиб тушган мурожаатларнинг тизимли таҳлили инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар қуйидаги ишлар амалга оширилган тақдирдагина самарали бўлишини кўрсатмоқда:
парламент назоратининг барча шаклларини кучайтириш, шу жумладан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро нормаларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш механизмини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида, давлат аппарати мансабдор шахсларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида, айниқса суд ишларини юритишда назоратни кучайтириш;
давлат органлари, шу жумладан судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашдаги камчиликларни бартараф этиш;
фуқароларнинг мурожаатлари ва Омбудсман тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг талабчанлиги ва жавобгарлигини ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича идоравий назоратни кучайтириш;
фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш соҳасида давлат органлари ва ижтимоий сектор фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш, жамиятдаги ҳуқуқий маданиятнинг ягона тизими сифатида кенг кўламли ҳуқуқий таълим тизимини ривожлантириш.
IV. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари фаолияти
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари тенглигини, шунингдек ушбу ҳуқуқ ва эркинликлар мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат томонидан ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Равшанки, конституциявий нормаларда Ўзбекистоннинг барча маъмурий тузилмаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бир хилда ҳимоя қилиниши кўзда тутилган. Амалиётда эса, ҳуқуқ ва манфаатларни таъминлаш масалалари ҳар доим ҳам тўлиқ амалга оширилавермайди. Бу, эҳтимол, давлат ва жамият қурилишидаги ислоҳотлар ҳамма жойда ҳам бир хил тезликда кетмаётганлиги, алоҳида ҳолларда бошқарувнинг замонавий шаклларини фаол жорий қилишда консерватизмнинг учраб туриши, баъзида ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича депсиниш кузатилаётганлиги, бир қатор ННТ ва ОАВлар ҳар доим ҳам жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан ижтимоий ҳамкорлик бўйича ташаббуслар билан чиқмаётганлиги ҳоллари билан боғлиқдир.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти ўз минтақавий тузилмалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов ташаббусига кўра инсон ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан ҳимоя қилиш тизимининг таркибий қисми, давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришдаги фаол иштирокчи сифатида ташкил этилган эди.
Ҳисобот йилида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан фуқароларнинг қабулларда, учрашувларда, шу жумладан сайёр учрашувларида, почта орқали олинган 1294 та мурожаати ўрганилди. Келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми ўз ечимини топди, қолганлари бўйича ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг давлат органлари фаолиятида, хусусан судлар, ички ишлар органлари, ҳокимликлар ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ижроси юзасидан бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган мониторинг тадқиқоти минтақавий вакиллар ҳамда уларнинг экспертлар гуруҳлари, Омбудсманнинг ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича минтақавий ишчи гуруҳлари аъзоларининг фаол иштирокида амалга оширилди.
Омбудсманнинг минтақавий вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 28 августдаги «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн саккиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги 661-I-сонли қарорини амалга татбиқ этиш бўйича ишчи гуруҳининг фаолиятида иштирок этдилар. Минтақавий вакиллар ва уларнинг экспертлар гуруҳи аъзолари Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тизимидаги муассасаларга ташриф буюрдилар, амнистияни қўллашга оид ишларни кўриш бўйича суд мажлисларида иштирок этдилар.
Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ҳужжатларга қўшилиш ушбу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти ва, айниқса, унинг минтақавий вакилларининг фаол иштирокини олдиндан белгилаб берди.
2008 йил 17 апрелда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 9 июлда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 911-сонли қарори, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улар асосида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижроси бўйича қатор тадбирлар ўтказилди. Жиззах вилояти бўйича минтақавий вакил О.Дўсматов ва унинг экспертлар гуруҳи аъзолари вилоят ички ишлар тузилмалари ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда вилоят марказида ва кўплаб туманларда савол-жавоб тарзида бир қатор учрашувлар ўтказдилар. Сирдарё вилояти бўйича минтақавий вакил Р. Турдиев прокуратура органлари билан биргаликда коллеж ва лицейларда таълим олаётган ёшлар ўртасида ушбу йўналиш бўйича суҳбатлар ўтказган бўлса, Тошкент ва Наманган вилояти бўйича минтақавий вакиллар эса адлия органлари билан биргаликда маҳаллаларда ушбу соҳада фаолият олиб бордилар. Қашқадарё вилояти бўйича минтақавий вакил ва унинг экспертлар гуруҳи аъзолари вилоят рўзномаларида одам савдосига қарши курашнинг жиҳатлари бўйича ўндан ортиқ чиқишлар қилдилар, соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда 7 та давра суҳбатлари, аҳоли билан 243 та учрашув ўтказдилар ҳамда ташкилотлар, ўқув юртлари ва фуқаролар йиғинларида 100 дан ортиқ маърузалар қилдилар.
Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ўқув юртларида ёшлар билан ўтказилган учрашувлар ахборот-маърифий аҳамият касб этди (М. Хўжамбердиев, О. Дўсматов, М. Нормуродов, Н. Хўжақулов, Л. Ғофурова ва Н. Насимов). Наманган ва Самарқанд вилоятларида жазони ўтаганларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш масалалари қизғин муҳокама қилинди (О. Нуритдинов ва А. Абдусаломов).
ОАВ имкониятларидан фаол фойдаланилди. Андижон ва Қашқадарё вилоятлари бўйича минтақавий вакиллар, сенаторлар М. Хўжамбердиев ва М. Нормуродов маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилишди; Сирдарё ва Хоразм вилоятлари бўйича минтақавий вакиллар Р. Турдиев ва М. Юсупов радио эшиттиришларда иштирок этишди; Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё (М. Тиловов) вилоятлари бўйича вакиллар матбуот саҳифаларида ўзларининг кўплаб мақолаларини эълон қилдилар.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институтининг халқаро фаолиятига фаол жалб этилмоқда.
Масалан, Хоразм вилоятида минтақавий вакил М.Юсуповнинг ЕХҲТнинг ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашуви бўлиб ўтди. Элчи Иоланда Брунетти билан бўлган учрашувнинг мақсади Ўзбекистонда ҳокимият вакиллик органларига сайловлар даврида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ушбу минтақа мисолида муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тошкент шаҳри бўйича минтақавий вакил вазифасини бажарувчи Н.Насимов Омбудсман томонидан АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Жорж Кролни, шунингдек БМТТДнинг Братислава минтақавий марказининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар самарадорлигини баҳолаш бўйича вакили Р. Карверни қабул қилишда иштирок этди.
Қашқадарё вилояти бўйича минтақавий вакил М.Нормуродов Ўзбекистон парламенти омбудсмани делегацияси таркибида Стокгольм шаҳрида Швеция Омбудсман институтининг 200 йиллигига бағишланган 9-халқаро конференция ишида иштирок этди, Наманган (А. Нуритдинов), Сирдарё (Р. Турдиев) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (Н. Насимов) бўйича минтақавий вакиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили делегацияси таркибида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори кўмаги билан ташкил этилган тажриба алмашиш доирасида Болгария ва Финляндияга ташриф буюришди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари ҳокимият ва халқ ўзаро алоқада бўлишининг мақбул шакли сифатида, аҳолининг кенг қатлами манфаатларини таъминлаб бериш ва ҳимоя қилиш учун парламентдан фуқаролик жамияти институтига берилган универсал механизм сифатида ўзини тўлиқ оқлади. Омбудсман минтақавий тузилмалари фаолиятининг миллий тажрибаси хорижий давлатлардаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи янги институтлар учун намуна бўлиб, демократик давлат қуришнинг ўн йиллик даври мобайнида синовдан ўтиб, ҳурмат ва тақлид қилишга сазовор бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили минтақавий вакилларининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этаётган ҳисоботлари давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро этувчи тармоқларига инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги аҳвол хусусида тўлиқроқ маълумот етказадиган муҳим умуммиллий амалиёт элементига айланди.
V. Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликнинг муҳим элементи сифатида Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ахборот-маърифий фаолияти
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларни таъминлашнинг шакл ва усуллари бўйича аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолди. БМТ томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро таълим йили деб эълон қилинган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот-маърифий йўналишда тадбирлар ўтказди, шунингдек ўз ҳамкорлари томонидан ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПФ-3994-сонли Фармони ҳамда унинг асосида ишлаб чиқилган дастурлар ва режалар ҳисобот йилида ҳам долзарб бўлиб қолди, шунинг учун ҳам барча маърифий ишлар шулар асосига қурилди.
Жамоатчилик назорати фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг таъсирчан механизми бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи сессиясида Ўзбекистон давлат Мустақиллигининг 18 йиллиги шарафига амнистия эълон қилиш ва уни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Уни амалга оширишда сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар. Кўрсатиб ўтилган тадбирларда иштирок этиш мамлакатда ўтказилаётган жиноятга оид давлат сиёсатини либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш бўйича ислоҳотларнинг натижаси бўлди ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг обрўси ошиб бораётганлигидан далолат беради. Парламент юқори палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитасининг ташаббуси билан 2009 йилнинг 16 сентябрида Омбудсман офисида амнистия актини қўллаш бўйича ишчи гуруҳлари раҳбарлари — Сенат аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг минтақавий вакиллари, Олий суд, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси, бошқа идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган семинар-кенгаш кўрсатиб ўтилган қарорнинг самарали бажарилишига бағишланди.
2009 йилнинг августида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координаторининг тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Омбудсмани институтини ривожлантиришга янада кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари, эксперт ва ишчи гуруҳлари аъзоларининг фаолиятини такомиллаштириш мақсадида «Омбудсман институти фаолиятини такомиллаштириш масалалари: халқаро стандартлар» мавзуида инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Ёзги мактаб машғулотлари ўтказилди. Ёзги мактаб машғулотлари Болгария Омбудсмани ходими Х.Халачев иштирокида ташкил этилди. Мактабнинг асосий мақсади фаолиятнинг хорижий тажрибаси билан танишиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича амалий тавсияларни ишлаб чиқиш, муаммоларни аниқлаш ҳамда Омбудсманнинг судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш механизмларини аниқлаб олиш, шунингдек Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган тавсияларни тайёрлаш, фаолиятда янги иш шаклларини амалиётга киритиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармони қоидаларини амалга оширишдан иборат бўлди.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга кўмаклашиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (БССТ) ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2009 йил мобайнида мамлакатнинг барча минтақаларида «Соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари» мавзуида семинарлар цикли ўтказилди. Сўзга чиқишлар ва қизғин баҳс-мунозаралар давомида тадбирлар иштирокчилари мамлакатимизда фуқаролар соғлиғини сақлаш тизимида, ҳуқуқни муҳофаза қилишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бориши ҳамда Омбудсманнинг ички ишлар ва соғлиқни сақлаш органлари, БССТ ваколатхонаси ва Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг амалга оширилиши билан танишдилар. Халқаро ташкилотларнинг вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда жиноят ҳуқуқи соҳасидаги расмий сиёсатнинг либераллаштирилиши, ҳуқуқий демократик давлат қурилиши, жаҳон инқирози шароитларида фуқаролар манфаатларини сўзсиз таъминлаш борасидаги ижобий тенденцияларни қайд этиб ўтдилар. Ҳамкор тузилмалар ва хорижий ташкилотлар миссияларининг вакиллари томонидан ҳар бир фуқаро учун бундай долзарб ва ҳаётий муҳим бўлган малакали тиббий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқни таъминлаш соҳасида конструктив ҳамкорлик давом эттирилажаги ишонч билан айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасидаги Битимни амалга ошириш доирасида мамлакатнинг барча бурчакларидан, прокуратуранинг қуйи органларидан малакасини оширишга келган Олий курсларнинг тингловчилари билан машғулотлар олиб борилди. Парламент Омбудсмани томонидан ўтказилган мастер-класс машғулотлари прокуратура органларининг ёш ходимларига нафақат биринчи шахсдан, яъни Омбудсманнинг ўзидан ахборотлар олиш, балки унга ҳаётий долзарб саволларни бериш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолияти тўғрисидаги видеоматериалларни кўриш имкониятини берди. Бундай шаклдаги машғулотлар Омбудсман, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари ҳамда Котибият ходимлари томонидан Ўзбекистон Миллий университетида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, Тошкент давлат юридик институтида, юристлар ва касаба уюшмалари фаолларининг малакасини ошириш марказларида ҳамда махсус ўқув юртларида ҳам ўтказилди.
Парламент Омбудсмани фаолиятининг асосий тамойилларига, шу жумладан ошкоралик ва ҳар бир инсон учун очиқлик тамойилларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг «Халқаро муносабатлар» ва «Халқаро иқтисодий муносабатлар» факультетлари тингловчилари учун сайёр машғулот ўтказилди. Қайд этиш керакки, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти ташкил топганидан буён у аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий онгини оширишда ўқув муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
ЕХҲТ лойиҳалари Координатори билан ҳамкорликда «Омбудсманнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан ўзаро ҳамкорлиги» мавзуидаги семинарлар судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун Бухоро, Гулистон, Наманган, Нукус, Самарқанд, Фарғона ва Термиз шаҳарларида давом эттирилди. Баҳс ва мунозаралар давомида семинарлар иштирокчилари Омбудсман институтининг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар, «Дунё омбудсманлари» тўпламининг тақдимоти ўтказилди.
«Дунё омбудсманлари» тўпламининг иккинчи нашри инглиз тилида оммавий тарқатиш учун тайёрланган бўлиб, унда Олий Мажлис Омбудсманининг хорижий ҳамкорлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа институтлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича мамлакатимиздаги муассасаларнинг раҳбарлари ва вакилларининг мақолалари ўрин олган. Мазкур тўпламни асосан хорижда, шу жумладан СD-версия кўринишида тарқатиш кўзда тутилмоқда, шунингдек у Интернет тармоғидаги веб-сайтга ҳам жойлаштирилади.
Ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти тўғрисида интервьюлар, очерклар, ахборотлар, пресс-релизлар кўринишида 140 тадан ортиқ мақола рўзномаларда, журналларда чоп этилди, республика ва маҳаллий даражадаги радио ва телевидениеларда, Интернет тармоғида эълон қилинди.
Омбудсман институти ошкоралик ва очиқликни ўз фаолиятининг устуворликлари сифатида эътироф этиб, бутун ҳисобот даврида фуқаролик жамиятининг муҳим элементи бўлган оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик олиб борди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан ҳисобот даврида ўтказилган барча оммавий тадбирларида марказий ва минтақавий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар. Омбудсман ҳамда Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзосининг «Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида» миллий танловининг натижаларини эълон қилишдаги фаол иштироки бунинг тасдиғи бўлди.
Омбудсман институтининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширган ушбу йўналишдаги фаолиятининг пировард натижаси мамлакат фуқароларининг, айниқса ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларида кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисида, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ва шакллари тўғрисида, ҳуқуқларининг бузилишини бартараф қилиш тўғрисида хабардорлигини янада оширишдан иборат бўлди.
VI. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мамлакатнинг давлат органлари ҳамда хорижий давлатларнинг худди шундай институтлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб бормоқда, халқаро форумлар ишида иштирок этмоқда, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасига мувофиқ, кейинчалик миллий қонунчиликка татбиқ қилиш мақсадида халқаро конвенция ва шартномаларга қўшилиш жараёнларига ёрдам кўрсатмоқда.
2009 йилнинг 30 октябридан 6 ноябригача бўлган даврда 15 мамлакатдан 23 аъзони ўзида бирлаштирган Осиё Омбудсманлари Ассоциацияси (ООА) Ассамблеяси ишида ва ООАнинг «Бошқарувни ислоҳ қилиш ва яхшилаш жараёнида Омбудсманнинг роли» мавзуидаги XI конференцияси ишида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) делегациясининг Таиландга ташрифи бўлиб ўтди. Конференцияда 40 дан ортиқ нутқ ва маърузалар, шу жумладан Таиланд Қироллиги бош вазирининг чиқиши, ХОИ (Халқаро омбудсман институти) президентининг маърузаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг «Ўзбекистон Омбудсманининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни» мавзуидаги маърузаси тингланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг мазкур маърузаси ўзбек заминида ҳуқуқий давлат қурилиши ва демократик сайловлар, давлат органлари ва жамоатчилик тузилмаларининг мамлакат фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатлари, давлат бошлиғи ташаббуси билан ташкил этилган парламент Омбудсмани институтининг фаолияти тўғрисида тўлиқроқ маълумот етказиб бериш имкониятини берди. Ушбу маъруза ижобий таассурот қолдирганлиги конференция доирасидаги савол-жавоблар, мунозаралар ва бошқа мулоқотлар жараёнида кўриниб турди.
Осиё Омбудсманлари Ассоциацияси Ассамблеяси 2009 йилнинг 5 ноябридаги мажлисида Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқи билан ушбу Ташкилотнинг аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мамлакат раҳбариятининг Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича сиёсий иродаси, бу соҳадаги Ўзбекистон давлат сиёсатининг тарғиб қилиниши натижаси ўлароқ, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координаторининг молиявий кўмаги билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили делегацияси Швеция Омбудсман институтининг 200 йиллигига бағишланган, омбудсманларнинг 9-халқаро конференцияси ишида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Конференция ташкилотчилари ХОИ, Швеция Қироллиги Риксдаги (парламент) ва Омбудсманидир. Конференция ишида дунёнинг 85 мамлакатидан омбудсман делегациялари, Швециянинг расмий шахслари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Конференция семинар мажлисларида Ўзбекистон Омбудсмани фаолияти тўғрисида маълумот тақдим қилинди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60-йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармонининг амалга оширилиши, Омбудсман тўғрисида қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари, Омбудсманнинг амалий фаолияти, хусусан, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик, пенитенциар омбудсманларни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида ахборот тақдим этилди. Ўзбекистон давлат бошлиғининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга доир ташаббуслари тўғрисидаги ахборот катта қизиқиш ўйғотди.
Австрия, Испания, Франция, Словакия, Намибия, Озарбайжон, Украина, Швеция, Покистон, шунингдек Европа Иттифоқи омбудсманлари ва ХОИ раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди ва ахборот алмашинди.
Ҳисобот йилида БМТнинг Ўзбекистондаги миссияси билан ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичи бошланди. Инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларга ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Анита Ниродини қабул қилди.
Ушбу мулоқотнинг давоми сифатида 2009 йил ноябрь ойининг охирларида Женева (Швейцария) шаҳрида БМТТДнинг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича Братислава Минтақавий Маркази Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссар (ИҲОК) офиси билан ҳамкорликда «Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли ва БМТнинг инсон ҳуқуқларига доир механизмлари билан ҳамкорлик: Универсал даврий шарҳ, Шартномавий органлар ва Махсус тартиб-таомиллар» мавзуида халқаро семинар ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича мамлакатимиз миллий институтлари вакилларига Универсал даврий шарҳ (УДШ) доирасида Миллий маърузани кўриб чиқиш якунлари юзасидан инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши берган тавсияларни амалга оширишга доир Миллий ҳаракатлар режасини тайёрлаш, қабул қилиш ва ижро этиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тўғрисида сўзлаб бериш имконияти берилди.
Омбудсманнинг миллий ҳамкорлар билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва алоқаларни мустаҳкамлаш учун 9 — 12 декабрь кунлари БМТТДнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг самарадорлигини баҳолаш миссияси вакили Ричард Карвернинг (Оксфорд, Буюк Британия) ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф давомида у Омбудсман, Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилиш бўйича комиссияси аъзолари, Эксперт кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили котибияти ходимлари, шу билан бирга унинг миллий ҳамкор ташкилотлари, айрим ННТлар ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашди. Р. Карвер Инсон ҳуқуқлари Халқаро куни муносабати билан Омбудсман институти томонидан ҳамкор ташкилотлар ва бир қатор халқаро ташкилотлар иштирокида ўтказилган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосан ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби» мавзуидаги давра суҳбатида иштирок этди.
Йил давомида Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг (БССТнинг) Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Мишель Тайад билан бир неча бор учрашувлар ўтказилди. Бу учрашувларда Мишель Тайад БССТнинг минтақавий штаб-квартирасида биргаликда амалга оширилган ишлар ва тадбирлар тўғрисидаги ижобий фикрлар ҳақида ахборот бериб, амалий муносабатларни давом эттиришга тайёр эканлигини билдириб ўтар экан, соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари муаммоларига бағишланган семинарлар Марказий Осиё минтақасида фақат Ўзбекистонда ўтказилганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) БМТТДнинг гендер масалалари бўйича эксперти Надия Тахерни қабул қилди. Надия Тахер парламент Омбудсмани фаолиятининг асосий йўналишлари, мамлакат ҳудудида олиб борилаётган аёллар ҳуқуқлари бўйича мониторинг, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик билан танишиб чиқди. Н. Тахер ўзининг мамлакатимизга ташрифидан мақсади тўғрисида ахборот берди ва ҳамкорлик истиқболлари, мамлакатдаги гендер сиёсати, аёллар ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсман институтининг иштироки, БМТТД томонидан ишлаб чиқилаётган ушбу мавзудаги лойиҳада омбудсманнинг иштирок этиш имкониятлари тўғрисида бир қанча саволлар берди.
2009 йил 8 сентябрда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро (ДИИҲБ/ЕХҲТ) директори Янез Ленарчич Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д. Тошмуҳамедова қабулида бўлди. Ўзбекистон томонидан учрашувда иштирок этувчилар парламентнинг қуйи палатаси, Омбудсман институти фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига бўлғуси сайловлар тўғрисида ахборот тақдим этдилар.
Ўзбекистон Республикасининг ЕҲХТ мақоми остидаги ҳудудда жойлашганлиги, ДИИҲБ/ЕХҲТнинг обрўйи ва халқаро ҳамжамиятда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги таъсири, давлатимизнинг демократия йўлини танлаганлиги ва мулоқот муҳитини қўллаб-қувватлаши эътиборга олинган ҳолда Омбудсман Котибиятининг икки вакили — М. Усмонов ва Т. Моторнюк Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё мамлакатларида бирлашмалар эркинлиги» мавзуида ўтказилган минтақавий давра суҳбатида иштирок этдилар ва маъруза қилдилар. Олий Мажлис Омбудсмани вакиллари мамлакатимизда фуқаролик институтларининг ривожланиши, жамият ҳаёти ва давлатни бошқаришда сиёсий партиялар ўрнининг ўсиб бориши, ижтимоий йўналишдаги ННТлар учун берилган имтиёзлар, ижтимоий сектор учун мослашувчан солиқ тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилган ҳокимият ваколатлари, давлат органлари ва ижтимоий секторнинг мониторинг тадқиқотларини олиб боришдаги биргаликдаги ҳаракатлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг парламент фаолиятидаги иштироки, турмушнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида ахборот бердилар. Ушбу ахборот бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан келган делегациялар томонидан ижобий қабул қилинди. У Марказий Осиё мамлакатларида қонунчилик ва демократик институтларнинг турли хил тезликдаги ривожланиш жараёнида Ўзбекистон ижобий ўсишга ва, шубҳасиз, устунликка эга эканлигини кўрсатди.
Ўзбекистонда ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловлар арафасида ЕҲХТ ДИИҲБнинг сайловларни баҳолаш миссияси раҳбари элчи Иоланда Брунетти ташриф буюрди. Унинг ташрифидан мақсад сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш бўйича масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил парламент Омбудсмани фаолияти, минтақавий вакиллар фаолияти, мамлакат ҳудудларида инсон ҳуқуқлари мониторинги, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди. ЕҲХТ, унинг институтлари ва мамлакатимиздаги миссияси, бошқа халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг бошлиғи М.Усмонов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва шунга алоқадор масалалар бўйича кичик қўмитасининг олтинчи мажлисида иштирок этди ва болалар ҳуқуқини таъминлаш муаммолари, парламент Омбудсмани фаолияти, пенитенциар тизим билан ҳамкорлик масалалари тўғрисида маъруза қилди.
Европа Иттифоқи Комиссияси (ЕИК) ташқи алоқалар бўйича Бош директоратидаги кўмак дастурлари координатори И.Боргольц бошчилигидаги ЕИ Комиссияси делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан қабул қилинди. Учрашувда шунингдек «Европа уйи» бошлиғи П-П. Антуниссенс иштирок этди. ЕИК вакиллари ўзбек ҳамкорлар билан олиб борилаётган ишлар, миссиянинг мақсади, Ўзбекистон Ҳукумати ва Европа Иттифоқи ўртасидаги маслаҳатлашув босқичида муҳокама қилинган муаммолар тўғрисида маълумотлар бердилар ҳамда лойиҳалар ва дастурларни тузишида Омбудсман томонидан билдирилган таклифлар эътиборга олинишини айтдилар. Ташриф буюрувчилар Омбудсман институти фаолиятининг амалий жиҳатлари, унинг хорижий ҳамкорлари (ЕХҲТ, БССТ, БМТТД, К. Аденауэр номидаги Фонд, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ ваколатхоналари ва бошқалар) билан алоқалари хусусида қизиқдилар.
Омбудсман офисида Швейцария Конфедерацияси ташқи ишлар вазирлигининг Биринчи сиёсий департаменти директори Кристиан Мёвли бошчилигидаги делегацияси қабул қилинди. Суҳбат давомида давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш; парламент Омбудсманининг шаклланиши ва ривожланиши, жумладан қонуннинг қабул қилиниши; унинг фаолиятининг асосий йўналишлари; Омбудсман ҳудудий ваколатхоналари институтининг ишлаши, шу жумладан ихтисослашган омбудсманлар ташкил этилиши; мамлакат ҳудудларида инсон ҳуқуқларининг турли соҳалари бўйича мониторинг олиб борилиши; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида суд, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик; Омбудсманнинг хорижий хамкасблари билан, хусусан, Швейцария кантонлари омбудсманлари билан ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Руперт Жой Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан қабул қилинди. Вакил Омбудсман томонидан 15 йил давомида қилинган ишлар, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан Британия омбудсманлари билан ҳамкорлик, фуқаролар турли хилдаги ҳуқуқларининг таъминланиши монторинги, ҳудудий ваколатхоналар фаолияти тўғрисида гапириб берди.
Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А. Саидов томонидан Норвегия ташқи ишлар вазирлигининг вазир ўринбосари Элизабет Валос бошчилигидаги делегацияси қабул қилинди. Қабул вақтида давлат ва жамият фаолиятининг барча соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва парламент Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини бошқариш органлари қўмитаси билан биргаликда Нидерландиянинг МДҲ мамлакатлари ва Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ян Паул Дирксени унинг илтимосига биноан қабул қилинди ва унга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилинган ишлар, демократик институтларнинг фаолияти, парламент ва Омбудсман фаолиятининг келгуси даврдаги истиқболлари, миллий ва хорижий ҳамкорлар билан алоқалар тўғрисида маълумот берилди. Омбудсман Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашининг 3-сессиясида Ўзбекистон томонидан қилинадиган Универсал маърузада айнан Нидерландияга тегишли бўлган, шу мамлакат омбудсманлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги жиҳатлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Элчи қабул учун миннатдорчилик билдирди ва мамлакатнинг оддий фуқаролари учун ҳокимиятнинг барча бўғинларига кириш имкониятлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳузурида болалар ҳуқуқи бўйича бўлим ташкил этилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнинг қанчалик ишончлилигига доир бир қанча саволлар билан мурожаат қилди.
Германиялик ҳамкорлар билан узоқ йиллик ҳамкорлик давом эттирилди, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Матиас Майер, шу дипломатик миссиянинг ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган Германия сиёсий фондларининг ходимлари билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, хорижий ҳамкорлар, шу жумладан Германия давлат ва жамоат тузилмалари билан яқин истиқболдаги ҳамкорликни таҳлил қилиб, фикр айирбошлаш ва турли хилдаги тадбирлар ўтказишни давом эттиришни таклиф қилди.
Шу тариқа, мамлакатда пенитенциар муассасалар ходимлари ва Омбудсман минтақавий вакилларининг ишчи гуруҳлари аъзолари учун ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик соҳасига оид йўналишлар бўйича К. Аденауэр номидаги Фонд ваколатхонаси билан биргаликда «Назоратни ташкил этиш ва маҳкумлар ҳуқуқларига риоя этилиши соҳасида жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш» мавзуида якунловчи сайёр семинар-конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан бир қатор омбудсманлар ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида тузилган битимларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бошчилигида таркибида Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, Омбудсманнинг Наманган ва Сирдарё вилоятлари, Тошкент шаҳри бўйича минтақавий вакиллари, Котибият ходимлари бўлган делегациянинг Болгария ва Финляндияга ташрифи бўлиб ўтди. Мазкур ташриф ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координаторининг «Ўзбекистон Республикаси Омбудсмани институтининг ривожланишига кўмаклашув. IV босқич» лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили делегациясининг Финляндия ва Болгария омбудсман институтларига ўқув ташрифи ҳамкасбларни Ўзбекистон Омбудсмани фаолиятининг тажрибаси билан, мамлакатни, ижтимоий-сиёсий ҳаётни янгилаш ва модернизация қилиш бўйича ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан таърифлаб берилган Ўзбекистонда жаҳон молиявий инқирози оқибатларини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури билан таништириш имкониятини берди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координаторининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаси доирасида минтақавий вакиллар ва Ўзбекистон Омбудсмани Котибияти ходимларининг ҳар йили Европа мамлакатларидаги ҳамкасблари ҳузурига қилаётган ташрифлари омбудсманлар фаолияти тўғрисида хабардорлик даражасини оширмоқда, фаолиятлар бўйича тажриба алмашишга ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга риоя этишга доир ишларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон парламент Омбудсманининг хорижий ҳамкори бўлган Озарбайжон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили таклифига биноан Миллий инсон ҳуқуқлари кунига бағишлаб, ЮНЕСКО ҳомийлигида 2009 йил 17 — 19 июнь кунлари Боку шаҳрида ўтказилган «Биоэтика, инсон ҳуқуқлари ва янги технологиялар: репродуктив соғлиқнинг ҳуқуқий жиҳатлари ва оилани режалаштириш» мавзуидаги халқаро конференция ишида Омбудсман Котибияти раҳбари иштирок этди.
Олий Мажлис Омбудсманининг биринчи хорижий ҳамкори бўлган Польша Фуқаролар ҳуқуқлари бўйича вакили билан саммитлар жараёнидаги шахсий алоқалар, дипломатик каналлар орқали ахборот ва адабиётлар алмашишлар воситасида алоқалар давом эттирилди. Масалан, 2009 йилнинг 17 июлида Польша Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Муваққат ишончли вакили Ежи Станкевич қабул қилинди. Қабул пайтида миллий ва хорижий ҳамкорлар, шунингдек Польша Республикасининг Фуқаролар ҳуқуқлари бўйича вакили билан ҳамкорлик, «Ўзбекистон-Польша» Дўстлик Жамияти фаолияти тўғрисида фикрлашилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги шахслар — маҳкумлар, ҳибсдагилар ва терговдагилар муаммолари билан шуғулланувчи халқаро гуманитар ташкилот — ХҚХҚ билан муносабатлар ривожланди. Мазкур ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Ив Жованнони билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Омбудсман парламент Омбудсмани институтининг ташкил топиши ва ривожланиши, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолияти, маҳкумлар ҳуқуқлари мониторинги, хорижий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан ҳамкорлик тўғрисида сўзлаб берди.
Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жорж Крол қабул қилинди. Қабул давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти, мамлакат ҳудудида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиниши мониторинги, миллий ва хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хорижий, шунингдек америкалик ҳамкорлар билан алоқалар тўғрисида гапириб берилди.
Ўзбекистон — Америка мулоқотини давом эттириш доирасида Омбудсман Котибиятида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби Х. Томас билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув чоғида парламент Омбудсмани фаолиятининг асосий йўналишлари, минтақавий вакиллар институти, мамлакат ҳудудида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиниши мониторинги, миллий ва хорижий ҳамкорлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик тўғрисида сўзлар берилди.
Ҳисобот йилида Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари элчилар, расмий делегациялар, чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар, хорижий ноҳукумат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларининг 35 та қабулини ўтказдилар ва уларда иштирок этдилар.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори кўмагида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан халқаро иштирокчилар иштирокида «Ҳимояга бўлган ҳуқуқ: амалиёт ва муаммолар» мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Мазкур тадбир аввалида давлат ҳокимиятининг турли тармоқлари тузилмалари: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битимни имзолаш маросими ўтказилди. Давра суҳбатида Миллий демократик институт (АҚШ) дан келган эксперт Р.Глаубнинг чиқишида ва тарқатилган материалларда фуқароларнинг, шу жумладан маҳкумларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро тажриба кенг ёритиб берилди.
Ҳисобот йилида Омбудсман кутубхонасига ХОИ, ЕОИ, ООА, ЕИ Омбудсманидан, Озарбайжон, Болгария, Таиланд, Венгрия, Финляндия омбудсманлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари офисларидан, бошқа мамлакатлардан, шунингдек, ЕХҲТ, БССТ, ХҚХҚ ва бошқа ташкилотлардан материаллар келиб тушди.
Юқорида баён қилинганлардан кўриниб турибдики, Омбудсманнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш устуворликларида халқаро ташкилотлар, халқаро омбудсманлар муассасалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтлар доирасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш; икки томонлама ҳамкорлик; Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши масалалари бўйича мониторинг ва таҳлил қилиш; Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатини хорижда тарғиб қилиш йўналишлари сақланиб қолди.
Хулоса
Ҳисобот даврида Вакилнинг фаолияти Ўзбекистонда ҳуқуқларни таъминлаш тизимини такомиллаштиришда иштирок этиш бўйича илгари ишга солинмаган янги имкониятлардан фойдаланиш орқали Омбудсман ишлари кўламининг кенгайганлиги билан характерланади. Бунга кўп жиҳатдан мамлакат раҳбарияти ҳамда парламент палаталарининг сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, ҳамкорларнинг кўмаги, жамоатчилик тузилмалари аъзолари ва Омбудсман институти ходимларининг маҳорати, фаолиятда тўпланган тажриба, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳволни доимий равишда таҳлил қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоларини ҳал этиш ва ишлар натижалари бўйича ўз амалиётини халқаро тажриба билан таққослаш ёрдамида эришилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2009 йилдаги фаолияти парламент иккала палатаси билан самарали ҳамкорлик олиб боришнинг янги имкониятларини, фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича барча миллий институтларнинг саъй-ҳаракатларини жипслаштириш йўллари ва шаклларини, жамоатчилик мониторинги ва ҳуқуқни қўллашни назорат қилиш тизимини шакллантиришда аҳолини ҳуқуқий хабардор қилиш ҳамда фаоллаштириш бўйича фуқаролик жамияти тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш аҳамиятга молик эканлигини кўрсатди.
Жаҳонда Омбудсман институти ташкил топганлигининг 200 йиллигига бағишланган тадбирда ҳамда бошқа хорижий ва халқаро ташкилотларнинг тадбирларида иштирок этиши шуни кўрсатдики, ривожланишнинг танланган йўналиши жаҳондаги кўплаб омбудсман институтлари синовидан ўтган фаолият усуллари билан ҳамоханг олиб борилмоқда ва бу Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат қурилишининг барча босқичлари давомида самарали бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2009 йилда Осиё Омбудсманлари Ассоциациясига тўла ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини кўтариш, унинг демократик интилишлари учун ҳамда мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини чуқурлаштириш бўйича вазифаларини самарали амалга ошириш учун муҳим стратегик аҳамиятга эгадир.
Келгуси даврда ва истиқболдаги фаолиятида янги чўққиларга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қуйидагиларни биринчи даражали вазифалар деб ҳисоблайди:
2010 йил «Баркамол авлод йили» ва БМТ томонидан Инсон ҳуқуқлари маданияти ўн йиллиги деб эълон қилинганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда демократик жараёнлар чуқурлашаётган шароитда барча тоифадаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш;
инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда давлат органлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш ва чуқурлаштириш;
аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фаол иштирок этиш;
Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш ва илгари суриш мақсадида миллий ва хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 5-сон, 204-модда)