Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Шахсларни реадмиссия қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасида яхши қўшничилик, шерикчилик муносабатларини, шунингдек турли соҳаларда, шу жумладан ноқонуний миграция ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишдан келиб чиқиб,
Томонлар давлатларидан ҳар бирининг ўз миллий қонунчилигига мувофиқ унинг ҳудудига ёки ушбу ҳудуд орқали чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ноқонуний миграцияси учун жавобгарлик белгилаш бўйича суверен ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда,
мазкур Битим Томонлар давлатларининг халқаро ҳуқуқ бўйича ҳуқуқи, мажбурияти ва жавобгарлигини камайтирмаслигини таъкидлаб,
Томонлар давлатларининг ҳудудларида миграция жараёнларини қатъий тартибга солиш долзарблигидан келиб чиққан ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Битимда кейинги ўринларда келтирилган таърифлар куйидаги маъноларга эга:
«реадмиссия» — сўраётган Томон давлати ҳудудига чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, чиқиши ва бўлиши масалалари бўйича унда амалда бўлган миллий қонунчиликни бузган ҳолда кирган ёки у ерда бўлган шахсларни мазкур Битимда назарда тутилган тартиб, шартлар ва мақсадларда сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари тарафидан топшириш ва сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари тарафидан қабул қилиб олиш;
«сўраётган Томон» — шахсни реадмиссия ёки транзит қилиш тўғрисида сўров юбораётган Томон;
«сўралаётган Томон» — номига шахсни реадмиссия ёки транзит қилиш тўғрисида сўров юборилган Томон;
«учинчи давлатларнинг фуқаролари» — Томонлар давлатларининг фуқаролигига эга бўлмаган ва мазкур Битим иштирокчиси бўлмаган давлат фуқаролигига мансуб шахслар;
«фуқаролиги бўлмаган шахслар» — Томонлар давлатларининг фуқаролари бўлмаган ва учинчи давлатлар фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи далилларга эга бўлмаган шахслар, мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-банди таъсир доирасида бўлган бир Томон давлатининг фуқаролигини бошқа Томон давлати ҳудудига киргандан кейинги даврда йўқотган шахслар бундан мустасно;
«ваколатли органлар» — Томонлар давлатларининг мазкур Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган органлари;
«Ижро баённомаси» — мазкур Битимни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги баённома;
«шахсга оид маълумотлар» — муайян жисмоний шахсга тааллуқли маълумот ёки шундай маълумот асосида аниқланадиган жисмоний шахсга оид маълумот;
«транзит» — учинчи давлат фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг сўраётган Томон давлатидан бориш давлатига кетаётганда сўралаётган Томон давлати ҳудуди орқали ўтиши.
2-модда
Томонлар давлатлари фуқароларини реадмиссия қилиш
Томонлар давлатлари фуқароларини реадмиссия қилиш
1. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлати ваколатли органларининг сўровига кўра сўраётган Давлат ҳудудига чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, чиқиши ва бўлиши масалалари бўйича шу давлатнинг миллий қонунчилигини бузган ҳолда кирган ёки у ерда бўлган шахсларни қабул қилади, агар уларнинг сўралаётган Томон давлатининг фуқаролари экани аниқланган бўлса ёки сўраётган Томон давлати ҳудудига киргандан кейин сўралаётган Томон давлатининг фуқаролигини йўқотиб, бошқа давлатнинг фуқаролигини олмаган бўлса, ёки ушбу шахсларга нисбатан сўраётган Томон давлати фуқаролигини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса.
2. Зарурат туғилганда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари топширилаётган шахсларга уларнинг сўралаётган Томон давлати ҳудудига киришлари учун зарур бўлган ҳужжатларни беради, ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати улар берилган санадан бошлаб 30 календарь кунни ташкил этади.
3. Шахснинг Томонлардан бири давлатининг фуқаролигига эга эканлигини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ҳужжатлар рўйхати Ижро баённомасида баён қилинади.
Томонлар Ижро баённомаси кучга кирган санадан бошлаб 30 кун ичида дипломатик каналлар орқали бундай ҳужжатлар намуналарини алмашадилар. Кейинчалик ҳар бир Томон кўрсатилган ҳужжатлар намуналарига киритилган ҳар қандай ўзгартишлар тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали дарҳол хабардор қилади.
4. Ушбу модданинг 3-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ҳеч бирини тақдим этишнинг имкони бўлмаса, сўраётган Томон давлатининг ваколатли органи сўралаётган Томон давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси билан реадмиссия қилиниши лозим бўлган шахс ўртасида унинг фуқаролиги тўғрисида маълумотларни олиш мақсадида суҳбат ўтказиш ҳақида келишади. Бундай суҳбатларни ўтказиш тартиби Ижро баённомасида белгиланади.
5. Сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари ўзлари топширган шахсни уни топшириш санасидан бошлаб 30 календарь кун давомида қайта қабул қилиб оладилар, агар сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган реадмиссия қилиш учун асослар мавжуд эмаслиги аниқланса, бундай ҳолда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи ушбу шахсга тааллуқли ўз ихтиёрида бўлган материалларни сўраётган Томон давлатининг ваколатли органига беради.
6. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахс сўралаётган Томон давлати фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳақиқий ҳужжатга эга бўлса, реадмиссия тўғрисидаги сўровни жўнатиш талаб этилмайди.
3-модда
Учинчи давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни реадмиссия қилиш
Учинчи давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни реадмиссия қилиш
1. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлати ваколатли органларининг сўрови бўйича сўраётган Томон давлати ҳудудига шу давлат қонунчилигини бузган ҳолда келган ёки у ерда бўлган учинчи давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилади, агар уларнинг сўраётган Томон давлатининг ҳудудига бевосита сўралаётган Томон давлатининг ҳудудидан кириб келганлиги аниқланган бўлса.
2. Учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаса ва ушбу шахс фуқароси бўлган ёки доимий яшайдиган давлатнинг ваколатли органи томонидан бундай ҳужжат берилишининг имкони бўлмаса, реадмиссия тўғрисидаги сўровга ижобий жавоб олингандан сўнг сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари унга ўз давлати ҳудудига кириш учун ҳужжат беради.
3. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи томонидан ўтказилган текширув натижасида сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари топширган шахсни реадмиссия қилиш учун мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган асослар йўқлиги аниқланса, сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари ўзлари топширган шахсни уни топшириш санасидан бошлаб 30 кун ичида қайта қабул қилиб оладилар. Бундай ҳолда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи мазкур шахсга тааллуқли ўз ихтиёрида бўлган ҳужжатларни сўраётган Томон давлатининг ваколатли органига беради.
4. Мазкур модданинг қоидалари қуйидагиларга нисбатан қўлланмайди:
сўраётган Томон давлатининг ҳудудига қонуний тарзда кириш пайтида ушбу давлатнинг ваколатли органлари томонидан берилган ҳақиқий визага, вақтинчалик ёки доимий яшаш учун рухсатномага эга бўлган шахсларга;
сўраётган Томон давлатининг ҳудудига халқаро шартномага мувофиқ визасиз тартибда қонуний асосда кириб келган шахсларга;
виза, вақтинчалик ёки доимий яшаш учун рухсатномалар сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан ушбу давлатнинг ҳудудига кирилгандан кейин берилган шахсларга.
5. Мазкур модданинг қоидалари фақат Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси билан реадмиссия тўғрисида халқаро шартномаларни тузган учинчи давлатлар фуқароларига ва учинчи давлатлардан бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.
4-модда
Реадмиссия тўғрисидаги сўровларни юбориш ва кўриб чиқиш муддатлари
Реадмиссия тўғрисидаги сўровларни юбориш ва кўриб чиқиш муддатлари
1. Шахсни реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўров сўраётган Томон давлатининг ваколатли органи томонидан бевосита сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органига ушбу шахснинг сўраётган Томон давлати ҳудудига ноқонуний кириши ёки у ерда ноқонуний бўлиши факти аниқланган ва/ёки унинг шахси аниқланган кундан бошлаб 45 календарь кун ичида юборилади.
2. Шахснинг сўраётган Томон давлати чегарасини кесиб ўтиши пайтидан ёки шахснинг сўраётган Томон давлати ҳудудида ноқонуний бўлиши факти аниқланган пайтдан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ вақт ўтган бўлса, сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи мазкур Битимнинг 3-моддасида кўрсатилган шахсни реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўровни рад этиши мумкин.
3. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи шахсни реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўров олинган санадан бошлаб 30 календарь кун ичида ушбу шахсни қабул қилиб олишга розилик беради ёки сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-банди ва 3-моддаси 1-бандида назарда тутилган шахсни топшириш учун зарур бўлган асосларнинг йўқлиги аниқланса, шахсни қабул қилишни асосли равишда рад этади. Реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўровга ўз вақтида жавоб беришга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда, жавоб бериш муддати сўралаётган Томон давлати ваколатли органининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган мурожаати асосида 60 календарь кунгача узайтирилади.
5-модда
Реадмиссия муддатлари
Реадмиссия муддатлари
1. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳар бир алоҳида ҳолатда бошқача тарзда келишмаган бўлса, сўралаётган Томон тарафидан реадмиссия қилишга розилик билдирилган шахсни топшириш сўраётган Томон бундай розиликни олган санадан бошлаб 30 кун ичида амалга оширилади.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган муддат, агар унда айтиб ўтилган шахсларни сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органига топширишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юзага келиши сабабли топшириш мумкин бўлмаса, узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда тегишли ёзма билдириш юборилади.
Реадмиссияга Сўралаётган Томон тарафидан розилик берилган шахсни топшириш имкони бўлмаганда, сўраётган Томоннинг ваколатли давлат органи дарҳол сўралаётган Томоннинг ваколатли давлат органига тегишли равишда ёзма хабар юборади.
6-модда
Транзит
Транзит
1. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи сўраётган Томон давлати ваколатли органининг сўровига мувофиқ, агар сўраётган Томон давлатининг ваколатли органи ушбу бандда кўрсатиб ўтилган шахсларга учинчи давлат ҳудудига тўсқинликсиз киришга, бундай давлат транзит давлати ёки бориш давлати бўлишидан қатъи назар, рухсат этишни кафолатласа, учинчи давлатлар фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни сўралаётган Томон давлатининг ҳудуди орқали транзит олиб ўтилишига рухсат беради.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахсларни транзит олиб ўтилиши сўраётган Томон давлати ваколатли органининг ходимлари ҳамроҳлигида амалга оширилиши мумкин ҳамда ушбу ходимларнинг мақоми Ижро баённомасида белгиланади.
3. Агар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳар бир алоҳида ҳолатда бошқача келишмаган бўлса, мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахсларни транзит олиб ўтиш тўғрисидаги сўров сўраётган Томон давлатининг ваколатли органи томонидан олдиндан, шахснинг сўралаётган Томон давлатининг ҳудудига транзит мақсадида кириши мўлжалланган санадан камида 15 календарь кун олдин жўнатилади.
4. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи шахсларни транзит олиб ўтиш тўғрисидаги сўровномани олган санадан бошлаб 7 календарь кун мобайнида транзитга рухсат беради ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилган транзитни амалга оширишни рад этиш жавобини беради.
5. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахслар транзитини амалга оширишда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлати ваколатли органларининг илтимосига кўра имкон қадар ёрдамни кўрсатади.
6. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органи мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахслар транзитини рад этиши мумкин, агар:
1) бориш давлатида ёки транзит ўтиш давлатида учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни қийноқларга солиш, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситадиган муносабатда бўлиш ёки ўлим жазосига ҳукм қилиш ёки ирқий, диний, миллий мансублиги, шунингдек муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги бўйича ёки сиёсий маслаклари белгиси бўйича таъқиб қилиш хавфи мавжуд бўлса;
2) бундай шахсларнинг сўралаётган Томон давлати ҳудудида бўлиши номақбул ҳисобланса, шу жумладан миллий хавфсизлик, жамоат тартибини ёки аҳоли соғлиғини сақлаш нуқтаи назаридан.
7. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари, транзит учун рухсат берилган бўлишига қарамай, мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахсларни сўраётган Томон давлатининг ваколатли органларига қайтариши мумкин, агар ушбу шахслар сўралаётган Томон давлатининг ҳудудига киргандан сўнг уларга нисбатан мазкур модданинг 6-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланса, шунингдек бошқа транзит давлати ёки бориш давлати ҳудудига тўсиқсиз кириш бундан буён кафолатланган деб ҳисоблаш мумкин бўлмаса.
8. Томонлар ўзаролик асосида ўзлари фуқароси бўлган давлатларга ёки доимий яшайдиган давлатларга бевосита қайтарилиши мумкин бўлган учинчи давлатлар фуқароларининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг транзит ўтиши ҳолатларини чеклаш бўйича чоралар кўрадилар.
7-модда
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
1. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш муносабати билан алмашадиган ёки бир-бирига берадиган шахсий маълумотлар Томонлардан ҳар бирининг давлатининг миллий қонунчилигига ва Томонлар давлатлари иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳимоя қилиниши лозим.
2. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари фақат мазкур Битимнинг мақсадлари учун шахсий маълумотларни алмашадилар ва уларнинг махфийлигини таъминлайдилар.
8-модда
Сарф-харажатлар
Сарф-харажатлар
1. Мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-бандида ва 3-моддаси 1-бандида кўрсатилган шахсларни реадмиссия қилиш ва эҳтимол сўралаётган Томон давлатининг давлат чегараси орқали ўтиш пунктигача кузатиб бориш билан боғлиқ сарф-харажатларни, агар улар кўрсатиб ўтилган шахслар томонидан мустақил ёки учинчи томон тарафидан тўлана олинмайдиган бўлса, сўраётган Томон қоплайди.
2. Мазкур Битимнинг 6-моддаси 1-бандида кўрсатилган шахсларни транзит олиб ўтиш ва эҳтимол кузатиб бориш, шунингдек уларнинг эҳтимол қайтарилиши билан боғлик сарф-харажатларни, агар улар кўрсатиб ўтилган шахслар томонидан мустақил ёки учинчи томон тарафидан тўлана олинмайдиган бўлса, сўраётган Томон қоплайди.
3. Мазкур Битимнинг 2-моддаси 5-бандида ва 3-моддаси 5-бандида кўрсатилган шахсларни топшириш ва эҳтимол уларни сўраётган Томон давлатининг давлат чегараси орқали ўтиш пунктигача кузатиб бориш билан боғлиқ сарф-харажатларни ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги реадмиссия қилиниши учун асослар бўлмаган шахснинг топширилишига олиб келган Томон қоплайди.
9-модда
Ижро баённомаси
Ижро баённомаси
Томонлар Ижро баённомасини тузадилар, у қуйидагиларга тааллуқли қоидаларни ўз ичига олади:
1) ваколатли органлар ва улар ўртасида ваколатларнинг тақсимланиши;
2) реадмиссия ёки транзит тўғрисидаги сўровнинг мазмуни ва жўнатиш тартиби;
3) суҳбатлар ўтказиш;
4) реадмиссия ёки транзитнинг тартиби;
5) кузатиб бориладиган шахсларни топшириш шартлари, шу жумладан учинчи давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг транзит олиб ўтилиши;
6) мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби.
10-модда
Мазкур Битимнинг қўлланишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш
Мазкур Битимнинг қўлланишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш
1. Томонлардан ҳар бири бошқа Томон билан маслаҳатлашувлардан сўнг миллий хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини ёки аҳоли соғлиғини сақлаш билан боғлиқ сабабларга кўра мазкур Битимнинг амал қилишини қисман ёки бутунлай тўхтатиб туриши мумкин.
2. Бошқа Томон мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш тўғрисида бундай қарорни амалга ошириш бошланишидан камида 72 соат олдин ёзма шаклда дипломатик каналлар орқали хабардор қилинади.
11-модда
Ҳамкорлик принциплари
Ҳамкорлик принциплари
1. Томонлар ўртасидаги муносабатларда пайдо бўладиган ва мазкур Битимни бажариш ёки талқин қилиш билан боғлиқ барча баҳсли масалалар улар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
2. Ўзаро келишув бўйича Томонлар давлатларининг ваколатли органлари Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ва музокараларни ўтказиши мумкин.
12-модда
Бошқа халқаро шартномаларнинг амал қилиши
Бошқа халқаро шартномаларнинг амал қилиши
Мазкур Битим Томонлардан ҳар бирининг Томонлар давлатлари иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби
Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланувчи алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилгани тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб 30 календарь кун ўтгандан кейин кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва унинг амал қилиш муддати бир Томон бошқа Томоннинг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш истаги тўғрисидаги ёзма хабарномаси дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб 60 календарь кун ўтгач тўхтатилади.
3. Мазкур Битимнинг амал қилиши тўхтатилганда Томонлар унинг амал қилиши даврида вужудга келган мажбуриятларни тартибга соладилар.
Остона шаҳрида 2012 йил 7 сентябрда ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда ихтилофлар келиб чиқса, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2015 й., 1-сон)