Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокимининг
Қарори
Пахтакор туманининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва маҳаллий бюджетнинг параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2014 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 991-II-сонли, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2014 йил 13 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги СҚ-453-II-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2270-сонли қарорлари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2014 й., 50-сон, 590-модда) ҳамда вилоят ҳокимининг 2014 йил 17 декабрдаги «Жиззах вилоятининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва маҳаллий бюджетнинг параметрлари тўғрисида»ги 297-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасига асосан қарор қиламан:
2. 2015 йил учун:
Пахтакор туманининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози 1-иловага* мувофиқ;
Пахтакор туманининг маҳаллий бюджети асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ;
Туман маҳаллий бюджетининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари, вилоят бюджетидан бюджет субвенцияларининг чекланган миқдорлари 3-иловага* мувофиқ;
Туман маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлар тушумларидан ажратмалар нормативлари 4-иловага* мувофиқ;
Туман маҳаллий бюджетининг нақд пул касса айланмасининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 5-иловага* мувофиқ;
тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари 6-иловага* мувофиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган солиқ ставкалари 7-иловага* мувофиқ;
маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари 8-иловага* мувофиқ;
савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек шу соҳага тегишли микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари 9-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қароридаги тегишли иловалар билан:
юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари;
ягона солиқ тўлови ставкалари;
республикада ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
айрим турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча фойда солиғи ставкалари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари;
ягона ер солиғи ставкалари;
Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ставкалари 10 фоиз миқдорда;
қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар ставкалари;
белгиланган солиққа тортиш объектларидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,6 фоиз, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,4 фоиз ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 0,5 фоиз миқдорида;
маблағларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур ПҚ-2270-сонли қарорининг тегишли иловасида келтирилган нормативларга мувофиқ тақсимланган ҳолда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз миқдорида;
фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7,0 фоиз миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиққан ҳолда, лекин:
юридик шахслар учун — давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун — мазкур қарорнинг 10-иловасига* мувофиқ белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
5. Ягона солиқ тўлови тушумлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ўртасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган миқдорларда тақсимланиши;
қарзни ундиришни солиқ тўловчилар мол-мулкига қаратиш учун солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари мазкур қарорнинг 11-иловасига* мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
6. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб:
«Ўзтрансгаз» АК томонидан автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларига (балансида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари мавжуд юридик шахсларни ўз ичига олган ҳолда) сотадиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига солиққа тортилмайдиган махсус инвестициявий қўшимча ҳақи бир кубометрига 400 сўм миқдорида;
мобиль алоқа хизмати кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақи ойига 750,0 сўм миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Минтақаларнинг ўзини-ўзи молиявий таъминлаш даражасини ошириш, давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари ва бошқа даромадлар бўйича тушумлар:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ;
12-иловага* мувофиқ давлат божлари, йиғимлар ва жарималар тўлиқ ҳажмда туманнинг маҳаллий бюджет даромадларига ўтказилсин.
8. Туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда Давлат солиқ инспекцияси билан келишилган ҳолда:
икки ҳафта муддатда ҳудуднинг субвенция олиш даражасини пасайтириш Дастурини ишлаб чиқиш ва туман ҳокимлигига киритиш;
2015 йилнинг 1-чораги якунлари бўйича маҳаллий бюджетнинг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш, тушумларнинг қўшимча резервларини топиш ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш бўйича туман ҳокимлигига таклифлар киритиш;
субвенция олиш даражасини қисқартириш дастурини амалга оширишнинг бориши ва бюджетнинг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш чора-тадбирларининг натижалари тўғрисида маълумотларни ҳар чоракда туман ҳокимлигига тақдим этиб бориш вазифалари топширилсин.
Ўз навбатида туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда туман Давлат солиқ инспекцияси биргаликда, вилоят Молия ва Давлат солиқ бошқармаси билан келишилган ҳолда:
уч ҳафта муддатда туманнинг субвенция олиш даражасини пасайтириш Дастурини ишлаб чиқиш ва вилоят ҳокимлигига киритиш;
2015 йилнинг 1-чораги якунлари бўйича маҳаллий бюджетнинг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш, тушумларнинг қўшимча резервларини топиш ва тегишли ҳудудларда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш бўйича вилоят ҳокимлигига таклифлар киритиш;
субвенция олиш даражасини қисқартириш дастурини амалга оширишнинг бориши ва бюджетнинг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш чора-тадбирларининг натижалари тўғрисида маълумотларни ҳар чоракда вилоят ҳокимлигига тақдим этиб бориш вазифалари юклатилсин.
Белгилансинки, маҳаллий бюджетнинг даромадига қўшиладиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бюджет параметрларида кўзда тутилмаган харажатларга йўналтирилиши мумкин эмас.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларидан фойдаланувчиларнинг харажатлар сметаси тузилаётганда биринчи навбатда иш ҳақи (ягона ижтимоий тўлов билан бирга), нафақалар ва унга тенглаштирилган тўловларга сарфланадиган харажатлар бюджетнинг тасдиқланган харажатлари параметри доирасида назарда тутилиши;
маҳаллий бюджетга юқори бюджетнинг нақд айланма касса маблағлари ҳисобига бюджет ссудалари олиш учун сўровнома билан вилоят молия бошқармасига мурожаат қилинганда, уларни қоплаш муддати ва манбалари тўғрисида тўлиқ ахборот тақдим этилиши белгилансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг туман марказий шифохоналарида хизмат кўрсатилаётган аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда, касалликлар йўналиши бўйича профиль ўринлар диапазонини белгилашни назарда тутувчи ўринлар фондини аниқлашнинг норматив усулига босқичма-босқич ўтиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинганлиги ва бу тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бир ой муддатда ишлаб чиқилиши маълумот учун қабул қилинсин.
10. Туман ҳокимлиги молия бўлими ва туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими билан биргаликда республикада замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланишини ҳисобга олиб, умумтаълим мактаблари намунавий штатларини янада такомиллаштириш ишларини давом эттирсин, унда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига информатика хонаси мудирлиги учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида белгилаш йўли билан моддий рағбатлантиришни кучайтиришни ҳамда дастурчи муҳандис лавозимини мақбуллаштиришни назарда тутсин.
11. Ота-оналардан олинадиган тўлов миқдорлари қуйидагича белгилансин:
маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун тўлов миқдори 13-иловага* мувофиқ;
болаларни болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитиш учун тўлов миқдорлари 14-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1245-сонли қарори 24-бандининг амал қилиши 2016 йилнинг 1 январигача узайтирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
13. Туман ҳокимлиги молия бўлимининг 2013 йилги маҳаллий бюджетнинг асосий параметрларини қуйидаги ҳажмларда аниқлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
маҳаллий бюджетнинг даромадлари 7885,9 млн сўм, шундан, Республика бюджетидан ажратилган субвенция 15002,1 млн сўм ва харажатлари 28245,9 млн сўм миқдорида.
Туман ҳокимлиги молия бўлими ва ғазначилик бўлинмаси ҳамда туман Агро банк билан биргаликда 2015 йилнинг январь ойида, ўтказилган операцияларни 2014 йилги маҳаллий бюджетнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирган ҳолда, 2014 йилги маҳаллий бюджет ижроси бўйича, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якуний операциялар ўтказсинлар.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур (ПҚ-2270) қарорининг 36-иловасига мувофиқ 2015 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши маълумот учун қабул қилинсин.
15. Туман ҳокимлиги бир ҳафта муддатда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
16. Ушбу қарор «Пахтакор ҳаёти» газетасида эълон қилинсин.
17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ё. Бахритдинов зиммасига юклатилсин.
18.Ушбу қарор 2015 йилнинг 1 январидан кучга киради.
Ҳоким Ғ. ҚАРШИБОЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 29 декабрь,
753-сон