Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Техникавий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида мавжуд бўлган дўстона муносабатларни кенгайтиришни истаб, ва
икки мамлакат ўртасидаги техникавий ҳамкорликдан улар халқларининг фаровонлиги учун келиб чиқадиган манфаатни эътироф қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битим мақсадларини бажариш учун ваколатли органлар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги;
Исроил Давлати Ҳукумати номидан — Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик маркази (МАШАВ).
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Фермерликка ўргатиш ташкилотини ривожлантириш, хусусан ирригация, юқори ҳосилли экин майдонлари, сут хўжалиги соҳасида, шунингдек Маслаҳат ва қишлоқ хўжалиги хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш мақсадида ҳамкорлик қиладилар (ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган иловага қаранг).
Ҳамкорлик дастурининг асосий мақсади бўлиб ўз фаолиятини очиқ бозор иқтисодиётига мувофиқ олиб боришга қодир бўлган индивидуал фермерлар ва фермерлик ассоциациялари учун шароитларни рағбатлантириш ҳисобланади.
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу ҳамкорлик дастурини USAID томонидан амалга ошириладиган Ҳамкорлик ва ривожланиш дастури (CDP) доирасида бажаришга рози бўлдилар.
3-модда
1. Исроил Аҳдлашувчи Томони икки йиллик даврга сабзавотчилик, ирригация ва сут хўжалиги соҳасидаги икки мутахассисни тақдим этади. Исроил Аҳдлашувчи Томони экспертларнинг халқаро йўл харажатларини тўлайди, уларни иш ҳақи, транспорт, уй-жой, тиббий суғурта ҳамда экспертлар ва уларнинг оилалари учун зарур бўлган бошқа тўловлар билан таъминлайди, шунингдек икки йилдан ортиқ давр мобайнида қисқа муддатга келадиган бошқа исроиллик экспертларга ёрдам кўрсатади.
2. Исроил Аҳдлашувчи Томони ҳам Ўзбекистонда, ҳам Исроилда қишлоқ хўжалиги соҳасини қамраб олувчи ўқув дастурларини икки йилдан ортиқ қўллаб-қувватлайди, шунингдек авиабилетлар, овқатланиш ва истиқомат қилишни ўз ичига олган ҳолда Исроилда профессионал ўқитиш қийматини, жумладан Ўзбекистонда ўқув курсларини ўтказаётган исроиллик экспертлар ишининг қийматини тўлайди.
3. Ўзбек Аҳдлашувчи Томони таълим олаётганларни таъминлаш (овқатланиш ва истиқомат қилиш), йўл ҳақи ва курсларни ўтказиш учун тегишли биноларнинг қийматини ўз ичига олган ҳолда Ўзбекистонда ўқув курсларини ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча бошқа харажатларни тўлайди.
4-модда
1. Ўзбек Аҳдлашувчи Томони Фермерликка ўргатиш ташкилотини тузиш ва унинг фаолияти учун маҳаллий воситалар ва бошқа молиявий ресурсларни жалб этишни таъминлайди, шунингдек лойиҳа учун биологик ва кимёвий воситалар ҳамда ускуналар импортида солиқ ва импорт имтиёзларини тақдим этади.
2. Ўзбек Аҳдлашувчи Томони исроиллик экспертларга офис ва бош офис учун асосий жиҳозларни бепул тақдим этади.
5-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг ички процедураларига мувофиқ маъқулланади ёки ратификация қилинади ва бундай маъқуллаш ёки ратификация тўғрисида хабардор қилувчи иккинчи дипломатик нота санасидан кучга киради.
2. Ушбу Битим уч (3) йил мобайнида амал қилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири тегишли муддат тугашидан камида олти (6) ой илгари дипломатик каналлар орқали ёзма равишда уни денонсация қилмаса, кейинги икки (2) йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
3. Ушбу битим муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган баҳс ва келишмовчиликлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги музокара ва маслаҳатлашишлар йўли билан ҳал этилади.
4. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида келишилган ҳар қандай тўлдириш ёки ўзгартиш 1-бандда бўлганидек кучга кириш процедураларини ўтади.
Қуддус шаҳрида 1998 йил 15 сентябрда, бу 5758 йилнинг 24 элулига тўғри келади, икки нусхада, ўзбек, иврит ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилиш бўйича келишмовчиликлар бўлган ҳолда инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
ИЛОВА
1. Фермерликка ўргатиш ташкилотининг соҳаси
МАШАВ томонидан тўла равишда молиявий таъминланадиган ўргатиш элементларининг мазмуни ва ривожи технологияларнинг қисман импортига ва бошқарув амалиёти ҳамда маҳаллий шароитларга мослаштирилган ва боғлиқ бўлган махсус шарт-шароитларга асосланади.
Бошқа барча элементлар: фермерлик техникаси; чорва молларини боқиш харажатлари, ишчи кучи ва кундалик ишлаб чиқариш харажатларига (жумладан овқатланиш, сув, ўғитлар, пестицидлар, энергия, жорий таъмир ва ҳоказо) маҳаллий шериклар томонидан маблағ ажратилади ва таъминланади.
Дастлабки режалаштириш ва муҳандислик лойиҳаларига МАШАВ томонидан маблағ ажратилади ва таъминланади.
| Жойлашиш |
|
| а) Ахмад Яссавий: Фаолият соҳаси: |
Экин майдонларини ирригация ва диверсификация қилиш |
| Маҳаллий шериклар: | Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Мева-сабзавотчилик бошқармаси |
| б) Оққўрғон: Фаолият соҳаси: |
Сут хўжалиги |
Маҳаллий шериклар: |
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Чорвачилик бошқармаси |
в) Қибрай: Фаолият соҳаси: |
Сут хўжалиги |
Маҳаллий шериклар: |
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Чорвачилик бошқармаси |
Амалдаги дастур бекор қилинган ҳолда барча маблағ ва ускуналар фақат жойлардаги шерикларга фойдаланишлари учун қолдирилади.
2. Маслаҳат ва қишлоқ хўжалиги хизмат кўрсатиш маркази
МАШАВ Марказга дахлдор ва унга боғлиқ барча харажатлар, жумладан қурилмалар, ижара ҳақи, жорий харажатлар ва маҳаллий техник ходимларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратади ва таъминлайди.