Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Божхона ишида ўзаро ёрдам тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
божхона қонунчилигининг бузилиши улар мамлакатларининг иқтисодий ва ижтимоий манфаатларига, шунингдек савдонинг қонуний манфаатларига зарар етказишини ҳисобга олган ҳолда,
товарларни экспорт ва импорт қилинганда олинадиган божхона божлари, солиқлар ва бошқа тўловларни аниқ белгиланиши ва олинишини таъминлашнинг муҳимлигини тушунган ҳолда,
божхона ҳуқуқининг бузилишини олдини олишга, шунингдек импорт ва экспорт божлари ва солиқларининг аниқ ундирилишини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар уларнинг божхона идоралари ҳамкорлиги шароитида янада самарали бўлишига ишонган ҳолда;
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
Атамалар
1-модда
1-модда
Ушбу Битим мақсадларида:
1. «Божхона ҳуқуқи» атамаси товарларни импорт, экспорт ва транзит қилишга тааллуқли ёки божхона идоралари томонидан солинадиган божхона божлари, бошқа солиқлар ва йиғимлар ёки бошқа ҳар қандай божхона тадбирлари ёки тақиқлаш, чеклаш ва назорат бўйича чораларга алоқадор қонун ва тартибларда баён қилинган қоидаларни англатади.
2. «Бузиш» атамаси божхона қонунчилигини ҳар қандай бузиш ёки бузишга ҳаракат қилишни англатади.
3. «Божхона идораси» атамаси Ўзбекистон Республикаси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Бош божхона бошқармасини, Латвия Республикаси учун Божхона Департаментини (Muitas departaments) англатади.
4. «Сўровчи божхона идораси» атамаси божхона ишида ёрдам кўрсатишни сўраган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли божхона идорасини англатади.
5. «Сўралган божхона идораси» атамаси божхона ишида ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров олган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли божхона идорасини англатади.
6. «Назорат қилинадиган етказиб бериш» атамаси наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг олиб ўтилишида иштирокчи бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида ваколатли идораларнинг назорати остида ғайриқонуний ёки ғайриқонунийликда гумон қилинаётган наркотик воситалар, психотроп ёки уларнинг ўрнини босадиган моддалар партияларини олиб чиқиш, транзитга ёки олиб киришга рухсат берувчи услубни англатади.
Қўлланиш доираси
2-модда
2-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг божхона идоралари орқали ва бу Битим қоидаларига мувофиқ:
а) божхона қонунчилигига етарлича амал қилинишини таъминлаш учун;
б) божхона қонунчилигининг бузилишини олдини олиш, тергов қилиш ва жазолаш учун;
в) божхона қонунчилигини қўллашга тегишли ҳужжатларни ёки билдиришномаларни беришга тааллуқли ҳолларда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
2. Ушбу Битим доирасида ёрдам сўралган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ ва сўралган божхона идорасининг ваколати ва имкониятлари чегарасида кўрсатилади. Зарур бўлганда божхона идораси сўралган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатли идора томонидан ёрдам кўрсатилишини ташкил қилиши мумкин.
Ахборот алмашуви
3-модда
3-модда
1. Божхона идоралари сўровга биноан:
а) божхона идоралари томонидан ундириладиган божхона божлари, бошқа солиқлар, тўловлар ва йиғимларни ундиришда, ва хусусан, товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ва уларнинг тариф классификациясини белгилашда ёрдам берадиган ахборотни;
б) импорт ва экспортга тақиқлаш ва чеклашларни қўллашда;
в) Аҳдлашувчи Томонларнинг бири ёки иккаласи томонидан тузилган бошқа битимлар ўз ичига олмаган товарларнинг келиб чиқишини аниқлаш миллий қоидаларини кўллашда аниқликни таъминлашга ёрдам берадиган барча ахборотни бир-бирларига берадилар.
2. Агар сўралган божхона идораси сўралган ахборотга эга бўлмаса у сўралган Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ бу ахборотни қидиради.
3. Сўралган божхона идораси талаб қилинган ахборотни ўзи учун керак бўлгандаги каби қидиради.
4-модда
Божхона идоралари сўровга биноан бир-бирларига:
а) бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудига олиб кирилаётган товарлар иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан қонуний экспорт қилинганини;
б) бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётган товар иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудига қонуний импорт қилинганини;
в) бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан экспорт қилишда қулай режим берилган товарлар тегишли тарзда иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудига импорт қилинганини кўрсатувчи ахборотни берадилар, бунда ушбу товарларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган божхона назоратининг ҳар қандай чоралари бўйича ҳам ахборот берилиши кўзда тутилади.
5-модда
Бир Аҳдлашувчи Томон божхона идораси ўз ташаббуси билан ёки сўровга биноан иккинчи Аҳдлашувчи Томон божхона идорасига у учун фойдали бўлган божхона қонунчилигининг бузилишига тааллуқли, хусусан:
а) иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган божхона қонунчилигини бузганлиги маълум бўлган ёки гумон қилинаётган шахслар ҳақидаги;
б) товарларнинг ғайриқонуний айланишида фойдаланиладиган янги воситалар ва усуллар ҳақидаги;
в) ғайриқонуний товар айланишининг предмети бўлган товарлар ҳақида;
г) иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган божхона қонунчилигини бузишда фойдаланилгани маълум бўлган ёки гумон қилинаётган транспорт воситалари ҳақидаги барча ахборотни беради.
6-модда
Бир Аҳдлашувчи Томон божхона идораси ўз ташаббуси билан ёки сўровга биноан иккинчи Аҳдлашувчи Томон божхона идорасига ҳисоботлар, суриштирувнинг гувоҳлик материаллари ёки бу Аҳдлашувчи томон ҳудудида амалда бўлган божхона қонунчилигининг бузилганини кўрсатувчи маълум бўлган ёки режалаштирилаётган келишувлар бўйича барча мумкин бўлган ахборот бор бўлган ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини берадилар.
Файл ва ҳужжатларнинг асл нусхалари фақат тасдиқланган нусхалар етарли ҳужжат бўлиб ҳисобланмаган ҳолда талаб қилиб олиниши мумкин. Берилган файл ва ҳужжатлар қайтарилиши лозим.
7-модда
Ушбу Битимда кўрсатилган ҳужжатлар ўша мақсадларда бериладиган ҳар қандай турдаги компьютер ахбороти билан алмаштирилиши мумкин. Материалларни таржима (талқин) қилиш ёки улардан фойдаланиш учун барча тегишли ахборотлар биргаликда берилади.
Шахслар, товарлар ва транспорт воситалари устидан назорат
8-модда
8-модда
Бир Аҳдлашувчи Томон божхона идораси ўз ваколати ва имкониятлари чегарасида ўз ташаббуси билан ёки иккинчи Аҳдлашувчи Томон божхона идорасининг сўровига биноан:
а) иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган божхона қонунчилигини бузганлиги маълум бўлган ёки гумон қилинаётган шахсларнинг бир жойдан бошқа жойга кўчишлари, хусусан ўз ҳудудларига кириш ва ундан чиқишлари устидан;
б) иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган божхона қонунчилигини бузишда фойдаланилгани маълум бўлган ёки гумон қилинаётган ҳар қандай транспорт воситалари устидан;
з) иккинчи Аҳдлашувчи Томон божхона идорасининг маълумотларига кўра унинг ҳудудига ёки ундан ғайриқонуний товар айланишини жиддий кенгайтираётган ёки бунда гумон қилинаётган товарларнинг олиб кетилиши устидан назорат олиб боради.
Назорат қилинадиган етказиб беришлар
9-модда
9-модда
1. Агар бу уларнинг ички ҳуқуқ тизимларига мувофиқ асосий принципларига зид бўлмаса, Аҳдлашувчи Томонлар наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ғайриқонуний айланишида иштирокчи бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чоралар қўллаш мақсадида ўзаро келишилган битимлар ва шартномалар асосида ўз имкониятлари доирасида назорат қилинадиган етказиб беришлардан халқаро даражада тегишлича фойдаланишга йўл қўйиш учун зарур чораларни кўрадилар.
2. Назорат қилинадиган етказиб беришни ўтказиш тўғрисида қарор ҳар бир конкрет ҳолатда қабул қилинади. Улар зарур бўлганда ва бу Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунчилигига зид бўлмаса молиявий масалаларни ва эришилган келишувларни эътиборга олишлари мумкин.
3. Назорат қилинадиган етказиб бериш сифатида олиб ўтишга келишилган ғайриқонуний партиялар ваколатли идораларнинг ўзаро келишувига мувофиқ ушлаб қолиниши ва наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни чиқариб ташламасдан ёки уларни тўла ва қисман чиқариш билан яна ҳаракат қилишига йўл берилиши мумкин.
Суриштирув
10-модда
10-модда
1. Мурожаат қилинганда сўралган божхона идораси сўровчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган божхона қонунчилигига зид эканлиги маълум бўлган ёки гумон қилинаётган келишувлар бўйича расмий сўровлар юборади. Бундай сўровлар натижаси сўровчи божхона идорасига юборилади.
2. Бундай сўровлар сўралган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ ўтказилади. Сўралган божхона идораси ўз манфаати учун қилгани каби ҳаракат қилади.
3. Сўралган бир Аҳдлашувчи Томон божхона идораси сўровчи Аҳдлашувчи Томон божхона идорасига бундай суриштирувда қатнашиш учун рухсат бериш мумкин.
Экспертлар ва гувоҳлар
11-модда
11-модда
Агар бир Аҳдлашувчи Томоннинг судлари ёки ҳокимият идоралари ўзлари кўраётган божхона қонунчилигининг бузилиши муносабати билан сўров қилсалар, иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг божхона идораси ўзининг мансабдор шахсларига бу судларда ва бошқа ҳокимият идоралари олдида гувоҳ ёки эксперт сифатида қатнашиш ҳуқуқини бериши мумкин.
Бундай расмий шахслар ўзлари суриштирув вақтида аниқлаган фактлар бўйича ва ўз ваколатлари доирасида кўрсатма берадилар.
Эксперт ва гувоҳ сифатида келиш тўғрисидаги сўровда масаланинг моҳияти ва чақирилаётган мансабдор шахсларнинг ваколатлилиги аниқ белгиланади.
Божхона мансабдор шахсларини эксперт ва гувоҳ сифатида келишига таклифнома Аҳдлашувчи Томонларнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ тузилади.
Ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланиш
12-модда
12-модда
1. Ушбу Битим доирасида олинган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа хабарлардан уларни берган божхона идорасининг ёзма розилигисиз ушбу Битимда белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилмайди. Ушбу қоидалар наркотик воситалар ва психотроп моддалар билан боғлиқ бузишларга тааллуқли ахборот, ҳужжат ва бошқа хабарларга нисбатан қўлланилмайди.
2. Ушбу Битимга мувофиқ берилган ҳар қандай шаклдаги ҳар бир ахборот махфий характерга эга. Унга нисбатан мажбурий тартибда расмий махфийлик режими қўлланади ва уларни олаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ шу турдаги ахборот ва ҳужжатларга нисбатан қўлланиладиган ҳимоя татбиқ қилинади.
3. Бироқ ушбу Аҳдлашувчи Томон божхона идораси ушбу Битимнинг мақсадлари ва қўлланиш доирасига мувофиқ ўзининг ёзма кўрсатмаларида, ҳисоботларида, гувоҳликларида, шунингдек суд жараёни вақтида ушбу Битимга мувофиқ олинган ахборот ва ҳужжатлардан далил сифатида фойдаланиши мумкин.
Бундай ахборот ва ҳужжатлардан судда далил сифатида фойдаланиш ва уларнинг аҳамияти миллий қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
Бериш/билдириш
13-модда
13-модда
Талабномага биноан сўралган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ сўралган божхона идораси талабнома берган божхона идорасидан келган ушбу Битим қўлланиш доирасига кирадиган барча ҳужжат ва қарорлар тўғрисида унинг ҳудудида доимий яшовчи ёки унда бўлиб турган тегишли жисмоний ва ҳуқуқий шахсларга беради/билдиради.
Ёрдам кўрсатиш бўйича сўровнинг шакли ва мазмуни
14-модда
14-модда
1. Ушбу Битимда кўзда тутилган сўров дарҳол ёзма шаклда бажарилади. Бу сўровни бажариш учун зарур ҳужжатлар унга илова қилинади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда оғзаки сўров олиниши мумкин, лекин у дарҳол ёзма равишда тасдиқланиши керак.
2. Ушбу модда 1-бандида кўзда тутилган сўров ўз ичига қуйидагиларни олади:
а) сўров берган божхона идораси;
б) сўралаётган чоралар;
в) сўровнинг предмети ва сабаби;
г) меъёрлар, қонунлар, қоидалар ва бошқа зарур ҳуқуқий элементлар;
д) суриштирувнинг объекти бўлган жисмоний ва ҳуқуқий шахслар тўғрисида энг тўлиқ ва аниқ ахборот;
е) 12-моддада кўзда тутилган ҳоллардан ташқари тегишли фактларнинг таърифи.
3. Сўров, сўралган Аҳдлашувчи Томон давлат тилида, инглиз тилида ёки сўралган божхона идорасига маъқул бўлган ҳар қандай бошқа тилда берилади.
4. Агар сўров расмий талабларга жавоб бермаса, унинг тузатилиши ёки тўлиқ бажарилиши талаб қилиниши мумкин, бунда у вақтгача тадбирларнинг бажарилиши амалга оширилмайди.
Ёрдам кўрсатиш бўйича мажбуриятлардан истиснолар
15-модда
15-модда
1. Агар сўровнинг бажарилиши сўралган Аҳдлашувчи Томоннинг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ва бошқа муҳим манфаатларига зарар етказса ёхуд саноат ёки тижорат ёки касб сирининг очилишига олиб келса, бундай ёрдам кўрсатилмаслиги мумкин, қисман кўрсатилиши ёки у маълум шартлар ва талабларга амал қилинган ҳолда кўрсатилиши мумкин.
2. Агар ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўров бажарилиши мумкин бўлмаса, сўровчи божхона идорасига рад қилишнинг сабаблари тўғрисида дарҳол билдирилади.
Харажатлар
16-модда
16-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона идоралари ушбу Битим қоидаларини бажариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича талаблардан воз кечадилар, экспертлар, гувоҳлар, ёзма ва оғзаки таржимонлар билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно.
Ўзаро ёрдам
17-модда
17-модда
1. Ушбу Битимда Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона идоралари ўртасида бевосита ёрдам билан алмашув кўзда тутилади.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона идоралари ўзларининг суриштирув (тергов) билан шуғулланувчи бўлинмалари ўртасида бевосита ҳамкорликни ташкил қилишлари мумкин.
Кучга кириши ва амалининг тўхтатилиши
18-модда
18-модда
1. Ушбу Битим муддатсиздир.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томонга дипломатик йўллар орқали Битимнинг кучга кириши учун зарур миллий ҳуқуқий талабларнинг бажарилгани тўғрисида билдиради. Ушбу Битим охирги билдиришнома олинган кундан 60 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Ушбу Битимнинг амали дипломатик йўллар орқали ёзма билдиришнома юбориш йўли билан тўхтатилиши мумкин ва иккинчи Аҳдлашувчи Томон шундай билдиришномани олган вақтдан 6 ой ўтгандан сўнг у ўз кучини йўқотади.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 23 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва инглиз тилларида тузилди, бунда ҳамма матнлар тенг аутентикдир. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчилик юзага келганда инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)