Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Шартнома
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
ҳар иккала давлатнинг ўзаро манфаатлари учун улар ўртасида янада кенгроқ иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашишни истаган ҳолда,
бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари учун бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида манфаатли шароитлар яратиш ва сақлаш мақсадида инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш заруратини тан олган ҳолда,
инвестицияларнинг барқарор негизи иқтисодий ресурслардан ғоят самарали фойдаланишни ва ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришни таъминлайди деган фикрга қўшилган ҳолда,
қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Умумий таърифлар
Умумий таърифлар
Ушбу Шартнома мақсадлари учун:
1. «Инвестор» атамаси:
I) Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари;
II) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг юридик шахслари;
III) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг халқаро ташкилотлари;
IV) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг фуқаролари, фуқаролар бирлашмалари ва фуқароликка эга бўлмаган шахсларига татбиқ қилинади ва уларни ўз ичига олади.
2. «Инвестиция» атамаси мулкий бойликларнинг исталган кўриниши ва уларга бўлган ҳуқуқларни, шунингдек муаллифлик ҳуқуқи, патентлар, фойдали моделлар, саноат андозалари ва моделлари, савдо нишонлари, фирмавий номлар, ишлаб чиқариш ва тижорат сирлари, технологиялар, «гуд вил» ва «ноу-хау» каби интеллектуал, савдо ва саноат мулкига бўлган ҳуқуқларни англатади.
3. Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудидаги инвестициялар қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
I) бутунлай ёки улардаги иштирокли улуш асосида инвесторларга тегишли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатлари, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни тузиш;
II) мол-мулклар, акциялар ва бошқа қимматдор қоғозларни сотиб олиш;
III) мулкий ҳуқуқлар, шу жумладан ижара асосида эгалик қилиш ва фойдаланиш;
IV) инвестицияланаётган жойдаги Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида амалда жорий бўлган қонунчиликка хилоф бўлмаган тарзда инвестицияларни амалга ошириш бўйича бошқа фаолият.
Бойликлар киритишнинг дастлабки ёки такрорий шаклидаги ҳеч қандай ўзгариш уларнинг инвестиция сифатидаги квалификациясига таъсир кўрсатмайди.
4. «Юридик шахслар» атамаси — Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ тузилган ёки таъсис этилган хўжалик фаолияти юритувчи субъектларни билдиради.
5. «Фуқаролар» атамаси — Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ фуқароликка эга бўлган ва ҳуқуқларга қодир ҳамда доимий унинг ҳудудида ёки хорижда истиқомат қилувчи шахсларни англатади.
6. «Фуқароликка эга бўлмаган шахслар» атамаси — Аҳдлашувчи Томон ҳудудида доимий яшовчи ва тадбиркорлик фаолияти олиб бориш учун ана шу Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган фуқароликка эга бўлмаган шахсларни билдиради.
7. «Даромадлар» атамаси мазкур моддада, 2, 3-бандларда таърифланган фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензион ва комиссион рағбатлантиришлар, техник ёрдам учун тўловлар, техник хизмат кўрсатиш ва рағбатлантиришнинг бошқа шакллари кўринишидаги инвестицияларни англатади.
8. «Ҳудуд» атамаси Аҳдлашувчи Томон давлатининг тегишли ҳудудини, шу жумладан қуруқлик, ички ва ҳудудий сувларни, шунингдек денгиз, денгиз туби ва унинг бойликларига нисбатан ана шу Аҳдлашувчи Томон давлати халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўз суверен ҳуқуқлари ва юрисдикцияни амалга оширадиган тегишли ҳудудни англатади.
2-модда
Шартноманинг қўлланиши
Шартноманинг қўлланиши
Ушбу Шартнома бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари, ушбу Шартнома кучга киргандан аввалми ёки кейинми, ундан қатъи назар, амалга оширган инвестицияларга нисбатан қўлланади.
3-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг қонунчилиги берган ҳуқуқларга мувофиқ ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларига рухсат беради ва уларни рағбатлантиради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг қонунчилиги доирасида ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларини ҳимоя қилиш йўли билан ўзаро инвестицияларнинг турли шаклларини қўллаб-қувватлайди ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлайди.
3. Аҳдлашувчи Томонлар Аҳдлашувчи Томонларнинг инвестициялари бор корхоналарига Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудида ва ҳар қандай учинчи давлат ҳудудида бевосита инвестицияларни ва кўп томонлама иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш заруратидан келиб чиқадилар.
4. Агар Аҳдлашувчи Томон ушбу Шартнома доирасида ўз давлати ҳудудида инвестицияларга рухсат берган бўлса, ана шу Аҳдлашувчи Томон ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига бундай инвестициялар билан боғлиқ бўлган зарурий рухсатномалар беради.
4-модда
Миллий режим ва энг қулай режим
Миллий режим ва энг қулай режим
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида ва унинг қонунчилигига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари инвестицияларининг тўлиқ ва сўзсиз ҳуқуқий ҳимоя қилинишига кафиллик беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари учун ўз инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари ва/ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари учун яратиб берган қулай режимидан кам бўлмаган адолатли ва тенг ҳуқуқли режим яратиб беради.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари амалга ошираётган инвестицияларга нисбатан унинг миллий қонунчилиги ва ушбу Шартномадан келиб чиқадиган ҳар қандай мажбуриятларга риоя қилади.
4. Ушбу Шартноманинг мумкин қадар қулайлик яратиб бериш принципи тўғрисидаги қоидалари Аҳдлашувчи томонларнинг бирини бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига:
I) мавжуд ёки келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган божхона, валюта ва тўлов уюшмалари, эркин савдо ва ягона тарифлар, умумий бозор ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бири иштирокчиси бўлган ёки иштирокчиси бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа шакллардаги минтақавий иқтисодий интеграция тўғрисидаги Битимлардан;
II) икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги битимлардан ёки солиқ солиш масалалари бўйича бошқа халқаро битимлардан келиб чиқувчи преференция ёки қулайликларнинг имтиёзли режимини беришга мажбур қилувчи восита сифатида талқин қилинмаслиги лозим.
5-модда
Бошқа қоидалар ва махсус мажбуриятларни қўллаш
Бошқа қоидалар ва махсус мажбуриятларни қўллаш
Агар бир Аҳдлашувчи давлатнинг қонунчилигидаги қоидалар ёки халқаро ҳуқуқ билан боғлиқ бўлган, мазкур Шартномадаги мавжуд ёки кейинчалик унга қўшимча қилинган мажбуриятлар бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари учун ушбу Шартномага кўра яратилгандан кўра қулайроқ режим яратиш тўғрисидаги умумий ёки махсус характердаги қоидаларни ўз ичига оладиган бўлса, бу қоидалар, улар қандай ҳажмда қулайроқ бўлса, ўша ҳажмда ушбу Шартномага нисбатан устун ҳисобланади.
6-модда
Пул ўтказиш
Пул ўтказиш
1. Давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон ўша инвесторлар томонидан тегишли солиқлар ва йиғимлар тўлангандан сўнг ана шу инвестициялар билан боғлиқ бўлган тўловларнинг, аммо нафақат уларнинг, хусусан қуйидагиларнинг тўсқинликларсиз ўтказилишини таъминлайди:
I) мазкур Шартноманинг 1-моддаси, 7-бандида таърифланган фоизлар, дивидендлар, фойда ва бошқа жорий даромадлар;
II) ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон инвестиция сифатида тан олган заёмларнинг пули тўланадиган суммалар;
III) инвестицияларни бошқариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қопловчи суммалар;
IV) лицензион тушумлар ва ушбу Шартноманинг 1-моддаси, 2-бандида кўзда тутилган ҳуқуқлардан келиб чиқувчи бошқа тўловлар;
V) бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалга ошириладиган инвестицияларни таъминлаш ёки ривожлантириш, шунингдек бундай инвестицияларнинг менежменти учун зарур бўлган сармоялар суммаси ва қўшимча суммалар;
VI) инвестицияларни мусодара қилиш, қисман ёки бутунлай тугатиш, шу жумладан сармояларнинг ўсишидан келган тушумлар;
VII) бир Аҳдлашувчи Томон фуқароларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга оширилган инвестициялар муносабати билан оладиган иш ҳақи;
VIII) ушбу Шартноманинг моддаларига мувофиқ бериладиган товон тўловлари ва ушбу Шартнома доирасидаги ҳар қандай инвестицион низолар билан боғлиқ бўлган бошқа тўловлар.
2. Тўловлар ортиқча кечиктиришсиз, тўловлар амалга оширилаётган кундаги валюта курси бўйича ва ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигида кўзда тутилган тартиботларга мувофиқ эркин муомаладаги валютада ўтказилади.
3. Ушбу Шартноманинг 1-модда, 1 ва 2-бандларидаги қоидаларига қарамасдан Аҳдлашувчи Томон адолатли, ҳуқуқий жиҳатдан камситмаслик шартлари асосида ўз давлати қонунчилигини қўллаган ҳолда, қуйидагиларга тааллуқли бўлган тўловларни ўтказишни тақиқлаши мумкин:
I) банкротлик, тўловларга қодир бўлмаган ёки кредиторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳолларда;
II) эмиссия, савдо ёки қимматдор қоғозлар билан операциялар;
III) судда кўриб чиқиш тартиби ёки унинг қарорлари билан номувофиқлик юзага келганда.
4. Даромадлар ҳамда ушбу моддада қайд этилган ва бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида амалга оширган инвестициялари натижасида инвестицияланган жойдаги манбалардан олинган исталган валютадаги бошқа суммалар қайта инвестиция қилиниши ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида, унинг қонунчилигига мувофиқ ўзга мақсадлар учун сарфланиши мумкин.
5. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ва бошқа давлатларнинг валюталарини, тўлов ҳужжатларини, қимматдор қоғозларини олиб келиш ва олиб чиқиб кетиш инвестициялар амалга оширилган жойдаги Аҳдлашувчи Томон давлатининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилиги асосида тартибга солиб борилади.
7-модда
Экспроприация ва зарарни қоплаш учун бериладиган компенсация
Экспроприация ва зарарни қоплаш учун бериладиган компенсация
1. Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига қарашли бўлган инвестицияларга нисбатан мусодара қилиш, национализация қилиш ёки моҳияти шунга ўхшаш бошқа тадбирларни, ёхуд натижаси шундай оқибатларга олиб келувчи бевосита ёки билвосита хатти-ҳаракатларни қўлламайдилар, агар улар қуйидагилар билан боғлиқ бўлмаса:
I) жамоат манфаатлари йўлида қонуний тартибда қўлланиладиган чоралар;
II) ҳуқуқий жиҳатдан камситмайдиган чоралар.
2. Ушбу модданинг 1-I, II-бандларида кўзда тутилган ҳолатлар оқибатида инвестицияларни мусодара қилган Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларини адолатли ва фойдали товон тўловлари билан таъминлайди. Бундай тўловлар инвестицияларни мусодара қилиш ёки мусодара қилиш хусусидаги қарор барчага овоза қилинган вақтда (бундан аввал қандай ҳол юз берганлигига боғлиқ равишда) белгиланган бозор нархига мувофиқ бўлади ва инвестициялар мусодара қилинган кундан бошлаб «Libor» ставкаси бўйича инвестициялар қийматининг фоизларини қамраб олади ҳамда эркин равишда исталган жойга ўтказилади. Товон тўловлари эркин муомаладаги валютада белгиланади ҳамда инвесторга жойлашган манзили ва яшаш жойидан қатъи назар, ҳеч қандай кечикишсиз ўз вақтида тўланади. «Ортиқча кечикишсиз» пул ўтказиш — ана шу пул билан расмий тадбирларни амалга ошириш учун меъёр талабидаги вақтни тақозо этувчи пул ҳисобланади. Бу давр бўйича ҳисоб буюртма берилган кундан бошланади ва у уч ойдан ошмаслиги лозим.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати инвесторларига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида содир бўлган уруш ёки қуролли тўқнашув, инқилоб, фавқулодда ҳолат, давлат тўнтариши, фуқаролик тартибсизликлари ёки шунга ўхшаш бошқа воқеалар оқибатида етказилган зарарларни қоплаш учун ушбу Шартноманинг 4-моддаси, 1, 2, 3-бандларига мувофиқ товон тўлови, реституция, зиённи қоплаш ёки бошқа талафот қиймати тўловлари тўланади.
4. Бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестициялари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг давлат органлари, ёки мансабдор шахсларининг инвестициялар амалга оширилган жойдаги давлат қонунчилигига хилоф бўлган хатти-ҳаракати туфайли, шунингдек биринчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларига ёки инвестицияланган корхоналарига нисбатан бундай органлар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган мажбуриятларни зарур даражада бажармаслик оқибатида ўз инвестицияларига етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда учун тегишли товон тўловлари олиш ҳуқуқига эга.
8-модда
Суброгация
Суброгация
1. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ёхуд унинг ваколатли институтлари ўз инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида амалга оширилган инвестицияларига нисбатан тижорат хавфидан бирор-бир кафолат берган бўлса, ва ана шу кафолатга кўра тўловларни амалга оширган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Томон суброгация принциплари асосида, мазкур инвесторларнинг бундай тарзда суғурталанган инвестициялари билан боғлиқ бўлган мажбуриятларини изоҳлаган ҳолда, бу инвесторларнинг ҳуқуқ ва талаблари бутунлай биринчи Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг институтларига ўтишини тан олиши лозим.
2. Агар инвестор Аҳдлашувчи Томон ёки унинг ваколатли институти томонидан вакил этиб тайинланмаган бўлса, мазкур модданинг 1-бандида таърифланган суброгация ҳолатида талабнома билан чиқишга ҳақли эмас.
3. Бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори билан бўлган низода томон ҳисобланувчи Аҳдлашувчи Томон, низони ҳал этиш ёки унга оид қарорнинг бажарилишининг бутун жараёни мобайнида ўз иммунитети ёки кейинги Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг институтларига кафолатлар берилиши кўзда тутилмаган, ва кўрилган зарар ва талафотларни тўлалигича ёки қисман қопловчи суғурта контрактлари бўйича инвестор оладиган товон тўловларини ҳимоя сифатида далил келтириши мумкин эмас.
9-модда
Консультациялар
Консультациялар
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга мазкур Шартномани талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай сабабга кўра консультациялар ўтказишни таклиф этиши мумкин. Бошқа Aхдлашувчи Томон бундай таклифга нисбатан хайрихоҳлик кўрсатади ва консультациялар учун зарур имкониятлар яратади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Ушбу Шартнома қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш хусусида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар дипломатик каналлар орқали ҳал этилади.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар низо пайдо бўлган вақтдан бошлаб олти ой мобайнида муросага келолмасалар, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабига кўра, низо кўриб чиқиш учун уч аъзодан иборат таркибдаги арбитраж судига топширилади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири биттадан арбитр тайинлайди. Тайинланган арбитрлар сайлайдиган раис эса учинчи давлат фуқароси бўлиб, у ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон билан ҳам дипломатик муносабатда бўлади.
3. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўзининг арбитрини тайинламаса ва иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг арбитр тайинлаш тўғрисидаги таклифга икки ой мобайнида рози бўлмаса, иккинчи Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинлов ўтказиш хусусида Халқаро Суд Президентига мурожаат қилиши мумкин.
4. Агар иккала арбитр тайинланган кундан бошлаб икки ой мобайнида раис сайлашда муросага келолмаса, Аҳдлашувчи Томонларнинг хоҳлагани зарурий тайинлов хусусида Халқаро Суд Президентига мурожаат қилиши мумкин.
5. Ушбу модданинг 3 ва 4-бандларида қайд этилган ҳолларда Халқаро Суд Президенти белгиланган вазифаларни бажаролмаса ёки, башарти у Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, тайинлов Президентнинг ўринбосари томонидан амалга оширилади, борди-ю у ҳам тегишли вазифаларни бажаролмаса ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, раис Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсисининг фуқароси бўлмаган, Халқаро Суднинг энг юқори даражали судьяси томонидан тайинланади.
6. Суд қонунга ҳурмат асосида қарор қабул қилади. Қарор қабул қилишдан аввал Суд ўз ишининг исталган босқичида Аҳдлашувчи Томонларга низони дўстона тарзда ҳал этишни таклиф этиши мумкин. Агар Аҳдлашувчи Томонлар шундай қарорга келсалар, бундан аввалги қоидалар низонинг ҳал этилишига тўсиқ бўлолмайди.
7. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги қарорларни бузмаган ҳолда, Суд ўз тартиб-қоидаларини белгилайди. Суд кўпчилик овоз билан қарор қабул қилади.
8. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўзининг суд аъзосига яшаш учун зарур бўлган маблағни, шунингдек ўз улушига мувофиқ арбитраж маросимидаги харажатларни тўлайди. Раис учун сарфланадиган ва бошқа харажатларни Аҳдлашувчи Томонлар тенг тарзда тўлайдилар. Бироқ Суд ўз қарорида Аҳдлашувчи Томонлардан бири учун кўпроқ харажат тўловлари белгилаши мумкин. Бу қарор Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири учун мажбурий бўлади.
9. Суд қарорлари Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири учун қатъий ва мажбурий ҳисобланади.
11-модда
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу билан бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори ўртасида биринчи Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудида ўша инвестор томонидан амалга оширилган инвестицияларга нисбатан юзага келган ҳар қандай қонуний низони Инвестицион низоларни келишув йўли билан ҳал этувчи Халқаро марказга ёки Вашингтонда 1965 йил 18 мартда очилган «Давлатлар ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ўртасидаги инвестицион низоларни ҳал этувчи Конвенция»га кўриб чиқиш учун таклиф қилишга розилик беради. Низо юзага келгунга қадар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори томонидан назорат қилинаётган инвестори, Конвенциянинг 25 (2-b) моддасига мувофиқ Конвенция мақсадларини бажара борган ҳолда, бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари эга бўлган ҳуқуқларга эгадир.
12-модда
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг келишувига биноан ушбу Шартномага ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Аҳдлашувчи Томонлар шундай ўзгартириш ва қўшимчаларнинг қонуний кучга кирганлиги хусусида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг миллий қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий тартиботларнинг бажарилганлиги тўғрисида нота алмашадилар. Сўнгги нота олинган кун киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчаларнинг кучга кирган санаси ҳисобланади.
13-модда
Шартноманинг, қонуний кучга кириши, амал қилиш муддати ва амалини тўхтатилиши
Шартноманинг, қонуний кучга кириши, амал қилиш муддати ва амалини тўхтатилиши
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартноманинг кучга кириши хусусида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг миллий қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий тартиботларнинг бажарилганлиги тўғрисида нота алмашадилар.
Сўнгги нота олинган кун ушбу Шартноманинг кучга кирган санаси хисобланади.
2. Ушбу Шартнома ўн йил мобайнида амалда бўлади. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни белгиланган муддат тугашидан ўн икки ой аввал ўзининг ушбу Шартноманинг амалини тўхтатиш нияти ҳақида ёзма равишда огоҳлантирмаса, Шартноманинг амал қилиш муддати автоматик тарзда навбатдаги беш йиллик даврларга чўзилаверади.
3. Ушбу Шартнома бекор қилинган тақдирда 1 — 12-моддаларда қайд этилган қоидалар ушбу Шартнома амали тўхтатилгунга қадар амалга оширилган инвестицияларга нисбатан кейинги ўн йил мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 23 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Шартномани талқин этиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)