Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига ҳамда улар суиистеъмол қилинишига қарши кураш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталади,
гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда уларнинг суиистеъмол қилиниши ўз халқларининг соғлиғи ва фаровонлигига жиддий хавф солишини ҳамда жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий тузилмаларига дахл қилувчи муаммо эканлигини англаб,
гиёҳванд моддалар тўғрисида 1961 йилги Ягона Конвенция, психотроп моддалар тўғрисида 1971 йилги Конвенция ҳамда гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 1988 йилги БМТ Конвенцияси мақсадларидан келиб чиқиб,
гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишини тугатиш вазифаси дунёдаги барча давлатларнинг умумий вазифаси бўлиб, у икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилишини эътироф этиб,
гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши самарали курашиш мақсадида бир-бирига зарур ёрдам кўрсатишга азму қарор бериб,
шундай ноқонуний айланишга, шу жумладан гиёҳванд ва психотроп моддаларни олиб ўтиш учун ўз давлатларининг ҳудудларидан, осмон бўшлиғи ва ҳудудий сувларидан фойдаланиш йўлидаги уринишларга чек қўйиш мақсадида Томонларнинг ҳамкорлик қилиши зарурлигини эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз мамлакатларида амал қилувчи қонун ва қоидаларга риоя этган ҳолда гиёҳванд моддалар суистеъмол қилинишининг олдини олиш, наркоман беморларнинг соғлиғини қайтадан тиклаш, гиёҳванд ва психотроп моддалар, шунингдек 1988 йилги БМТ Конвенциясига илованинг I Жадвали ҳамда II Жадвалида санаб ўтилган моддаларнинг ошкора айланиши устидан назорат қилиш, гиёҳванд, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш соҳасида мувофиқлаштирилган дастурларни амалга оширадилар.
Томонлар иккала мамлакат иштирокчиси бўлган БМТ Уставида ва бошқа энг асосий халқаро ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ ушбу Битимдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажарадилар.
2-модда
Томонлар гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг, прекурсорларнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш борасида ҳамкорлик қиладилар ва зарур ҳолларда қуйидаги мақсадларда амалий учрашувларни ўтказиб турадилар:
а) Томонлардан бирининг давлат ҳудудига гиёҳванд ва психотроп моддаларни контрабанда йўли билан олиб ўтишга уринишлар тўғрисида тегишли ахборотни айирбошлаш ҳақида аҳдлашувига эришиш;
б) чегарадан ўтиш чоғида ноқонуний гиёҳванд ва психотроп моддаларни яширишда қўлланиладиган усуллар, шунингдек уларни аниқлаш усуллари тўғрисида ахборот айирбошлаш;
в) гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний ташувчилари сифатида аниқланган шахслар, уларни ташишда аниқланган йўналишлар тўғрисида ахборот айирбошлаш;
г) ноқонуний гиёҳванд ва психотроп моддаларни аниқлаш технологияси ҳамда услубини ўрганиш мақсадида мутахассислар айирбошлаш;
д) суиистеъмол қилиш мақсадида фойдаланиладиган янги гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг намуналарини бир-бирларига бериш;
е) ваколатли органлар даражасида гиёҳванд моддаларни назорат қилишни ташкил этиш ва амалга ошириш тажрибасини айирбошлаш.
3-модда
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик қўшма битимлар ҳамда ваколатли органларнинг дастурлари асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлари ва идоралари Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланади.
Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида Томонларнинг миллий дастурлари асосида ва уларни ижро этиш юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлари зарур ҳолларда гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига, улар суиистеъмол қилинишига қарши курашни, шунингдек гиёҳванд моддалар ошкора айланиши устидан назоратни ташкил қилишда аниқ ўзаро ҳаракатлар, тадбирларнинг йўналишлари ҳамда соҳалари тўғрисида қўшма ҳужжатларни қабул қиладилар.
Ваколатли органлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ «назорат остида етказиб бериш» усулини ёки бошқа шунга ўхшаш усулларни ўзаро қўлланиш имкониятларини кўриб чиқадилар.
4-модда
1. Иккала Томоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ гиёҳванд ва психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши курашни ташкил этишнинг ўзаро қизиқишга молик масалалари хусусида ҳамкорлик қиладилар ва шу мақсадда, жумладан:
а) гиёҳванд ва психотроп моддалар ноқонуний айланишга чиқариладиган манбаларни аниқлаш усуллари ҳамда уларнинг тарқалишига чек қўйиш чоралари тўғрисида ахборот айирбошлайдилар;
б) тегишли қонунчилик ва уни қўлланиш амалиёти тўғрисида ахборот айирбошлайдилар;
в) гиёҳванд ва психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш борасида мутахассислар ва ходимларнинг касб маҳоратини ошириш учун уларни айирбошлаш ва тажриба орттиришлари ташкил қилинади;
г) мазкур мавзулар бўйича қўшма амалий учрашувлар ўтказилади.
2. Ҳар иккала Томон ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида бир-бирига ҳам оғзаки, ҳам ёзма тарзда берадиган ҳар қандай ахборот махфий ҳисобланади ҳамда уни берувчи Томон олға суриши мумкин бўлган шартларга мувофиқ фойдаланилади.
5-модда
Иккала Томоннинг соғлиқни сақлаш идоралари ва муассасалари наркоманиянинг олдини олиш, уни даволаш ҳамда наркоман беморларнинг соғлиғини қайта тиклаш соҳасида ҳамкорлик қиладилар, шунингдек гиёҳванд ва психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг ошкора айланиши устидан назоратни таъминлаш бўйича ҳамкорликда иштирок этадилар.
Ахборотларни, илмий тадқиқотларнинг натижаларини айирбошлаш, шунингдек 5-моддада кўрсатилган фаолият йўналишларини муҳокама қилиш бўйича амалий учрашувлар ўтказиш ҳамкорлик шакллари ҳисобланади.
6-модда
Ушбу Битимни бажариш бўйича манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг билан Туркманистон гиёҳванд моддаларни назорат қилувчи Давлат комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Ўзаро аҳдлашувига мувофиқ мазкур Битимда кўзда тутилган тегишли ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Томонларнинг Давлат комиссиялари ҳамда уларнинг ишчи органлари раҳбарлари йилига бир марта маслаҳатлашувларни амалга оширадилар.
7-модда
Ушбу Битим Томонларнинг бошқа икки томонлама ва кўп томонлама битимлари ҳамда шартномалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди. Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича дипломатик ноталар айирбошлаш йўли билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бундай тузатишлар Томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ кучга киради.
8-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиботлари бажарилганлиги ҳақида дипломатик каналлар орқали ёзма билдиришномаларни айирбошлагандан сўнг 30 кундан кейин кучга киради.
9-модда
Мазкур Битим 5 йил мобайнида амал қилади ва агар Томонлардан биронтаси ҳам Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги истагини шу муддат тугашидан олти ой олдин дипломатик каналлар орқали ёзма равишда маълум қилмаса, у ҳар сафар яна навбатдаги беш йиллик даврга ўз-ўзидан узайтирилаверади.
Битим 1996 йил 27 ноябрда, Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимни талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)