Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда 2015 йилда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни 17-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2009 й., 52-сон, 553-модда, 2013 й., 41-сон, 543-модда,) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами 1999 й., 7-сон, 40-модда) билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низом ижросини таъминлаш, иш қидираётган шахс сифатида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказида рўйхатга олинган фуқароларга уларнинг вақтинча иш ҳақи олиши ва иш қидираётган даврида уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, Марказ томонидан «ишсиз» деб эътироф этилган фуқароларни вақтинча иш билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, ишсизлар ўртасида боқимандаликнинг олдини олиш, биринчи маротаба иш қидираётган ҳамда касби бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17, 22-моддаларига асосан туманда 2015 йил давомида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иловада* кўрсатилган корхона, муассаса ва ташкилотларда амалга оширилиши тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
2. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (К. Қўзиев)га иш қидираётган ва ишсиз шахслар таркиби ва сонини ҳисобга олган ҳолда ишчи кучига бўлган талаб ва таклифларни таҳлил қилиш асосида аҳолини иш билан таъминлаш минтақавий дастурининг махсус бўлимига киритиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва туман ҳокимлигига тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
3. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига:
иловада қайд этилган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш таъминлансин;
жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сон қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низомнинг 23-бандига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича — эллик фоизи иш берувчилар маблағлари ва эллик фоизи маҳаллий бюджет ва Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига;
бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича — етмиш беш фоизи иш берувчилар маблағлари ва йигирма беш фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
4. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази йўлланмаси бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган фуқароларнинг ҳақ тўланадиган жамоат ишига қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумот 3 кун муддатда марказга ёзма равишда хабар қилинсин.
5. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг уйига бориб ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, меҳнат бўлимларида рўйхатга олинган ишсиз фуқароларга иш ҳақи тўлаш харажатлари тўлиқ Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
6. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (К. Қўзиев):
корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин;
ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган ва иш билан таъминланган фуқаролар белгиланган тартибда ҳисобга олинсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари И. Алимқулов зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким А. ТИЛАБОВ
Ғаллаорол ш.,
2015 йил 6 январь,
07-сон