Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Конвенция
Икки марта солиқ солишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати,
икки марта солиқ солишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенция тузиш истагини билдириб ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашиш мақсадида
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Қўлланиш доираси
Қўлланиш доираси
Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири ёки ҳар иккисининг резиденти бўлган шахсларга нисбатан қўлланилади.
2-модда
Конвенция татбиқ этиладиган солиқлар
Конвенция татбиқ этиладиган солиқлар
1. Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатлар номидан ёки уларнинг маҳаллий ҳокимият органлари номидан ундириладиган даромад ва капитал солиқларига нисбатан, уларни ундириш услубидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Даромад ва капитал солиқларига жами даромаддан, жами капиталдан ёки даромад, ёхуд капиталнинг бир қисмидан олинадиган барча солиқлар, шу жумладан кўчар ёки кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадлардан, шунингдек, капитал қийматининг ошишидан олинган даромадлардан ундириладиган солиқлар киради.
3. Ушбу Конвенция қўлланиладиган амалдаги солиқлар, хусусан, қуйидагилардир:
а) Латвияга нисбатан:
I) корхоналар даромадларидан олинадиган солиқ (uz.nemumu ienakumа nodoklis);
II) жисмоний шахслардан ундириладиган даромад солиғи (iedzivotaju ienakuma nodoklis);
III) мол-мулк солиғи (ipasuma nodoklis);
(бундан кейин «Латвия солиғи» деб аталади);
b) Ўзбекистонга нисбатан:
I) корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар даромадларидан олинадиган солиқ;
II) даромад солиғи;
III) мол-мулк солиғи
(бундан кейин «Ўзбекистон солиғи» деб аталади).
4. Ушбу Конвенция Конвенция имзоланган санадан сўнг ундириладиган солиқларга айнан ёки қисман ўхшаш ва уларга қўшимча тарзда ёки мавжудлари ўрнига киритилган ҳар қандай солиқларга нисбатан ҳам қўлланилади. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ўзларининг тегишли солиқ қонунчилигида бўлган барча муҳим ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
3-модда
Умумий таърифлар
Умумий таърифлар
1. Ушбу Конвенциянинг мақсадлари учун, агар матннинг мазмунидан ўзга маъно чиқмаса:
а) Латвия атамаси Латвия Республикасини англатади ва жуғрофий маънода ишлатилганда Латвия Республикаси ҳудудини ва Латвия Республикасининг ҳудудий сувларига қўшилиб кетган, Латвия қонунлари ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ Латвия денгиз туби ва унинг ер ости ҳамда улардаги табиий ресурсларга нисбатан ўз ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай зонани англатади;
b) «Ўзбекистон» атамаси Ўзбекистон Республикасини англатади ва жуғрофий маънода ишлатилганда Ўзбекистон Республикаси, улар доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўз суверен ҳуқуқларини ва юрисдикциясини, шу жумладан ер ости бойликларидан ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин бўлган, ҳудудий сувларини ва осмон кенгликларини ўз ичига олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини англатади;
с) «Бир Аҳдлашувчи Давлат» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат» атамалари матнга қараб Ўзбекистонни ёки Латвияни билдиради;
d) «шахс» атамаси жисмоний шахсни, компанияни ёки шахсларнинг ҳар қандай бошқа бирлашмасини англатади;
е) «компания» атамаси ҳар қандай корпоратив бирлашмани ва солиқ солиш мақсадларида корпоратив бирлашма сифатида қараладиган ҳар қандай ташкилотни англатади;
f) «Бир Аҳдлашувчи Давлат корхонаси» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси» атамалари тегишлича Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқаруви остида ишлаб турган корхонани ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бошқаруви остида ишлаб турган корхонани англатади;
g) «Халқаро ташиш» атамаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси томонидан фойдаланиладиган денгиз ёки ҳаво кемасида ҳар қандай ташишни англатади, денгиз ёки ҳаво кемасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган пунктлар ўртасидагина фойдаланилиши бундан мустасно;
h) «ваколатли орган» атамаси:
I) Латвияда — Молия вазирлигини ёки унинг ваколатли вакилини англатади.
II) Ўзбекистонда — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ёки унинг ваколатли вакилини;
i) «миллий шахс» атамаси:
I) Аҳдлашувчи Давлат фуқаролигига эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахсни;
II) Аҳдлашувчи Давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ ўз мақомини олган ҳар қандай юридик шахсни, ширкат ва ассоциацияни англатади;
2. Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатлар томонидан ҳар қандай вақтда қўлланилганда унда белгиланмаган ҳар қандай атама, агар матндан бошқа маъно келиб чиқмаса, ушбу Конвенция татбиқ этиладиган солиқларга шу вақтга келиб шу Давлат қонунларига мувофиқ эга бўлган маънони англатади. Шу Давлатда қўлланиладиган солиқ қонунчилиги бўйича ҳар қандай маъно шу Давлатнинг бошқа қонунларига мувофиқ шу атамага берилган маънодан устун бўлади.
4-модда
Резидент
Резидент
1. Ушбу Конвенция мақсадлари учун «Аҳдлашувчи Давлат резиденти» атамаси шу Давлат қонунлари бўйича ўзининг яшаш жойи, доимий истиқомат жойи, корпоратив орган сифатида ташкил топган жойи ва ҳар қандай бошқа шунга ўхшаш мезонлар асосида солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни англатади, шунингдек ушбу Давлатни ва маҳаллий ҳокимият органини ўз ичига олади. Бироқ атама ушбу Аҳдлашувчи Давлатда фақат ушбу Давлатда жойлашган манбалардан ёки капиталдан даромад олаётгани учун солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни ўз ичига олмайди.
2. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ шахс Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар иккисининг резиденти бўлса, унинг мақоми қуйидаги тарзда белгиланади:
а) у тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи жойлашган Давлатнинг резиденти ҳисобланади; агар у ҳар икки Давлатда тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйга эга бўлса, шахсий ва иқтисодий алоқалари энг чуқур бўлган (ҳаётий манфаатлар маркази) Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
b) агар унинг ҳаётий манфаатлари маркази жойлашган Давлатни аниқлаб бўлмаса ёки Давлатларнинг ҳеч бирида доимий уйи бўлмаса, у одатда яшаб турган Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
с) агар шахс одатда ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатда яшаса ёки уларнинг ҳеч бирида яшамаса, у миллий шахси бўлган Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
d) агар у ҳар иккала Давлатнинг миллий шахси бўлса ёки ҳеч бириники бўлмаса, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари бу масалани ўзаро келишув йўли билан ҳал қиладилар.
3. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ, жисмоний шахс бўлмаган шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан ҳар иккисининг резиденти бўлса, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу масалани ўзаро келишув асосида ҳал қилишга интилади ва бундай шахсга Конвенциянинг қўлланиш тартибини белгилайдилар. Бундай келишув бўлмаганида бундай шахс ушбу Конвенция имтиёзларидан фойдаланиш мақсадлари учун Аҳдлашувчи Давлатлардан ҳеч бирининг резиденти деб кўриб чиқилмайди.
5-модда
Доимий муассаса
Доимий муассаса
1. Ушбу Конвенция мақсадлари учун «доимий муассаса» атамаси корхона тўлиқ ёки қисман тадбиркорлик фаолиятини олиб борадиган доимий фаолият жойини билдиради.
2. «Доимий муассаса» атамаси, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) бошқарув жойи;
b) бўлим;
с) офис;
d) фабрика;
е) устахона; ва
f) шахта, нефть ёки газ қудуғини, карьер ёки табиий ресурсларни қазиб олишга тааллуқли ҳар қандай бошқа жой.
3. Қурилиш майдончаси, монтаж ёхуд йиғма объект уларнинг фаолияти олти ойдан кўпроқ давом этган тақдирдагина доимий муассаса деб ҳисобланади.
4. Ушбу модданинг аввалги қоидаларига қарамай «доимий муассаса» атамаси қуйидагиларни ўз ичига олмайди:
а) иншоотлардан шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмларни фақат сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадларидагина фойдаланиш;
b) шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмлар захирасини фақат сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадларидагина ушлаб турилиши;
с) шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмлар захирасини бошқа корхона томонидан фақат қайта ишлов берилиши мақсадларида ушлаб турилиши;
d) доимий фаолият жойининг фақат товарлар ёки буюмлар сотиб олиш ёки мазкур корхона учун ахборот йиғиш мақсадларида ушлаб турилиши;
е) доимий фаолият жойининг ушбу корхона учун фақат бошқа ҳар қандай тайёргарлик ёки ёрдамчи тусдаги фаолиятни амалга ошириш мақсадларида ушлаб турилиши;
f) доимий фаолият жойининг а — е-кичик бандларида эслатиб ўтилган фаолият турларининг ҳар қандай уйғун бирикмаси учунгина бундай доимий фаолият жойининг фаолияти ана шу уйғун бирикма натижаси ва тайёргарлик ҳамда ёрдамчи тусда бўлган тақдирда сақлаб турилиши.
5. 1 ва 2-бандлардаги қоидаларга қарамай, агар 6-бандда кўрсатилган мустақил мақомли агентдан ўзга бўлган шахс Аҳдлашувчи Давлатда корхона номидан иш юритса ва корхона номидан шартномалар тузиш ваколатига эга бўлса ва одатда шу ваколатни амалга оширса, бу корхона ушбу Давлатда ана шу корхона учун мазкур шахс амалга ошираётган ҳар қандай фаолиятга нисбатан доимий муассасага эга бўлади, агар мазкур шахснинг фаолияти фақат 4-бандда эслатилган фаолият турлари билан чекланиб қолмаса, агар бу фаолият доимий фаолият жойи орқали амалга оширилса, бу доимий фаолият жойини ушбу банднинг қоидаларига асосан доимий муассасага айлантирмайди.
6. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси, агар бошқа Давлатда брокер, комиссионер ёки ҳар қандай бошқа мустақил мақомли агент орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, бу шахслар ўзининг одатдаги фаолияти доирасида иш юритган тақдирда, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга деб ҳисобланмайди.
7. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компанияни назорат қилса ёки шу компания томонидан назорат қилинса ёки ана шу бошқа Давлатда тижорат фаолиятини (доимий муассаса орқали ёки бошқа тарзда) амалга ошираётган бўлса, бу ҳол ўз-ўзидан бу компанияларнинг бирини бошқаси учун доимий муассасага айлантириб қўймайди.
6-модда
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкдан оладиган даромад (қишлоқ ва ўрмон хўжалигидан олинадиган даромадлар ҳам шунга киради) ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. «Кўчмас мулк» атамаси кўриб чиқилаётган мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигида белгиланган маънога эгадир. Ҳар қандай ҳолда ҳам ушбу атама ер устидаги мулкчиликка тааллуқли умумий қонунчиликнинг қоидалари билан ҳуқуқи белгилаб берилган кўчмас мулкка тегишли бўлган мулкни, чорва моллари, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги воситаларини, кўчмас мулк узуфруктини ва минераллар, манбалар ва бошқа табиий ресурсларнинг қатламларини қазиш учун товон сифатида тўланадиган ўзгарувчан ёки қайд этилган тўловлар ҳуқуқини, ёки минераллар, манбалар ва бошқа табиий ресурслар қатламларини қазиш ҳуқуқини ўз ичига олади. Денгиз ва ҳаво кемалари, темир йўл ва автомобиль транспорти воситалари кўчмас мулк сифатида қаралмайди.
3. 1-банд қоидалари кўчмас мулкдан тўғридан-тўғри фойдаланиш, ижарага бериш ёки ўзга ҳар қандай шаклда фойдаланишдан олинадиган даромадга, шунингдек кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромадга нисбатан қўлланилади.
4. Компания акциялари ёки бошқа корпоратив ҳуқуқларга эгалик қилиш бундай акциялар еки корпоратив ҳуқуқлар эгасига ушбу компанияга тегишли кўчмас мулкдан фойда олиш ҳуқуқини берса, унда бундай ҳуқуқдан фойда олиш мақсадида бевосита фойдаланиш, ижарага бериш ёки бошқа ҳар қандай шаклда фойдаланишдан олинган даромад ушбу кўчмас мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
7-модда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонасининг фойдаси фақат шу Давлатда солиққа тортилади, агар фақат корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширмаётган бўлса. Агар корхона ўз фаолиятини юқорида айтилганидек амалга ошираётган бўлса, корхонанинг фойдаси бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин, аммо шу доимий муассасага тегишли бўлган қисмидагина солиққа тортилади.
2. 3-банд қоидаларига мувофиқ, агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, унда ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатда ушбу доимий муассасасига, агар у худди шундай ёки шунга ўхшаш шартлар асосида ва у доимий муассасаси бўлган корхонадан мутлақо мустақил равишда худди шундай ёки шунга ўхшаш фаолиятни амалга ошираётган мустақил корхона сифатида олиши мумкин бўлган фойда ёзилади.
3. Доимий муассаса фойдасини аниқлашда ушбу доимий муассаса мақсадлари учун сарфланган харажатларни чегириб ташлашга йўл қўйилади, доимий муассаса жойлашган Давлатда ҳамда ҳар қандай ўзга ерда фаолияти мақсадлари учун сарфланган бошқарув ва умумий маъмурий харажатлар ҳам шунга киради. Аҳдлашувчи Давлат чегирмалар сифатида рухсат этадиган харажатлар фақат ушбу Давлатнинг ички қонунларига мувофиқ чегириладиган харажатларни ўз ичига олади.
4. Аҳдлашувчи Давлатда корхона фойдасининг умумий миқдорини унинг турли бўлимларига пропорционал тақсимлаш асосида доимий муассасага тегишли фойдани белгилаш оддий амалиёт бўлишига қарамасдан 2-банддаги ҳеч нарса Аҳдлашувчи Давлатга солиқ солинадиган фойдани амалиёт тақозо қилганидек шундай тақсимлаш орқали аниқлашга халақит бермайди; бироқ танланган тақсимлаш усули шундай бўлиши керакки, унинг натижаси ушбу моддадаги тамойилларга мувофиқ бўлиши керак.
5. Корхона учун доимий муассаса томонидан товарлар ёки буюмларнинг харид қилинишигагина асосланиб доимий муассасага бирон-бир фойда ўтказилмайди.
6. Аввалги бандлар мақсадлари учун доимий муассасага мансуб фойда, агар бошқаси учун салмоқли ва етарли сабаблар бўлмаса, ҳар йили бир хил услубда аниқланади.
7. Агар фойда ушбу Конвенциянинг бошқа моддаларида алоҳида айтиб ўтилган даромад турларини қамраб оладиган бўлса, бу моддаларнинг қоидаларига ушбу модда қоидалари таъсир этмайди.
8-модда
Халқаро транспорт
Халқаро транспорт
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси халқаро ташишларда денгиз ёки ҳаво кемаларидан фойдаланишдан олган фойдасига фақат шу Давлатда солиқ солинади.
2. 1-банд қоидалари транспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича пульда (умумий жамғармада), қўшма корхонада ёки халқаро ташкилотда иштирок этишдан олган фойдаларига нисбатан ҳам қўлланилади.
9-модда
Бирлашган корхоналар
Бирлашган корхоналар
1. Агар:
а) Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг капиталида бевосита ёки билвосита қатнашса, ёки
b) ўша шахсларнинг ўзи бир Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонасини ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки улар капиталида бевосита ёки билвосита қатнашса,
икки корхона ўртасида уларнинг тижорат ва молиявий муносабатларида мустақил корхоналар ўртасида бўладигандан фарқли шароитлар вужудга келтирилса ёки белгиланса, корхоналардан бирида шундай муносабатлар натижасида тўпланган, лекин шундай муносабатлар сабабли зарур ҳажмда бўлмаган фойда тегишли тарзда ушбу корхонанинг даромадига қўшилиши ва умумий миқдорда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири шу Давлат корхонаси фойдасига бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси бўйича ана шу бошқа Давлатда солиқ солинадиган фойдани, шунингдек солиқларни киритса ва шу тариқа киритилган фойда агар иккала корхона ўртасида вужудга келтирилган муносабатлар икки мустақил корхона ўртасидаги муносабатлар каби бўлганида, биринчи эслатилган Давлат корхонаси тўплаган фойда деб ҳисобланади бу ҳолда ушбу бошқа Давлат ушбу фойдадан ўзи оладиган солиқ миқдорига зарур тузатишлар киритади. Бундай тузатишни белгилашда ушбу Конвенциянинг бошқа қоидаларига тегишлича эътиборни қаратиш керак ва Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари, зарур бўлса, ўзаро маслаҳатлашишларни бошлашлари лозим.
10-модда
Дивидендлар
Дивидендлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланадиган дивидендларга ана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Бироқ бундай дивидендларга уларни тўлаётган компания резиденти бўлган ўша Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиқ солиниши мумкин, аммо дивидендларни олувчи, яъни дивидендларнинг ҳақиқий эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, у ҳолда шу тариқа олинган солиқнинг миқдори дивидендлар умумий миқдорининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бу банд дивидендлар тўлайдиган компаниянинг фойдасини солиққа тортишга тааллуқли эмас.
3. «Дивидендлар» атамаси мазкур моддада қўлланилганда, акциялардан ёки қарз талаблари ҳисобланмаган, фойдада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳуқуқларга кўра олинадиган даромадни, шунингдек фойдани тақсимловчи компания резиденти бўлган Давлатнинг қонунларига мувофиқ, акциялардан олинадиган даромад каби солиқлар орқали тартибга солинадиган бошқа корпоратив ҳуқуқларга кўра олинадиган даромадни англатади.
4. Агар дивидендларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган ҳолда ана шу дивидендларни тўлаётган компания резиденти бўлган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ўз фаолиятини у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширса ёки ушбу бошқа Давлатда мустақил хусусий хизматларни у ерда жойлашган доимий базадан кўрсатса ва дивидендлар тўланадиган холдинг аслида шу доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, ушбу модданинг 1 ва 2-бандлари қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда вазиятга қараб 7-модда ёки 14-модда қоидалари қўлланилади.
5. Агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатдан фойда ёки даромад олаётган бўлса, ушбу бошқа Давлат компания тўлаётган дивидендларни ҳеч қандай солиққа тортиши мумкин эмас, дивидендлар ана шу бошқа Давлат резидентига тўланадиган ёки холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланади) шу бошқа Давлатда жойлашган доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатда боғлиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно, шунингдек компаниянинг тақсимланмаган фойдаси ҳатто тўланаётган дивидендлар ёки тақсимланмаган фойда ана шу бошқа Давлатда тўла ёки қисман ҳосил бўлган фойда ёки даромаддан ташкил топган бўлса ҳам, компаниянинг тақсимланмаган фойдасига солиқ солиниши мумкин эмас.
11-модда
Фоизлар
Фоизлар
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида ҳосил бўладиган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланган фоизлар ушбу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аммо бундай фоизлар улар ҳосил бўладиган Аҳдлашувчи Давлатда ҳам шу Давлатнинг қонунларига биноан солиққа тортилиши мумкин, аммо фоизларнинг ҳақиқий эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, бундай ҳолда солиқнинг миқдори фоизлар ялпи миқдорининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
3. 2-банд қоидаларига қарамасдан Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида вужудга келадиган, бошқа Аҳдлашувчи Давлат ҳукумати, шу жумладан унинг маҳаллий ҳокимият органлари, ушбу ҳукуматга тўлалигича тегишли бўлган Марказий банк ёки ҳар қандай молиявий муассаса оладиган ва эгалик қиладиган фоизлар ёки ушбу ҳукумат кафолат берадиган заёмлар бўйича фоизлар биринчи эслатилган Давлатда солиқ тўлашдан озод қилинади.
4. «Фоизлар» атамаси ушбу моддада қўлланилганда ипотека таъминидан қатъи назар, ҳар қандай турдаги қарз талабномаларидан олинадиган даромадни ва хусусан, Ҳукумат қимматбаҳо қоғозларидан олинадиган даромадлар ва облигациялар ёки қарз мажбуриятларидан олинадиган даромадда, шу жумладан ушбу қимматбаҳо қоғозлар, облигациялар ва қарз мажбуриятлари бўйича олинадиган мукофотлар ва ютуқларни англатади. Тўлов муддати чўзиб юборилганлиги учун жарималар ушбу модда мақсадлари учун фоизлар сифатида қаралмайди.
5. Агар бенефициар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, фоизлар ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тижорат фаолияти олиб бораётган бўлса, ёки мазкур бошқа Давлатда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматлар кўрсатаётган бўлса ва фоизлар тўланаётган қарз талабномалари шундай доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатан ҳам боғлиқ бўлса, 1 ва 2-банд қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда, вазиятга қараб ушбу Конвенциянинг 7 ёки 14-моддаси қоидалари қўлланилади.
6. Фоизларни тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса фоизлар мазкур Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади. Бироқ фоизларни тўловчи шахс, Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлиб шу туфайли фоизлар тўлаш мажбурияти вужудга келган бўлса ва фоизлар доимий муассаса ёки доимий база томонидан тўланаётган бўлса, бундай ҳолда фоизлар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган ўша Давлатда вужудга келган, деб ҳисобланади.
7. Агар тўловчи билан амалда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасидаги, ёки улар иккаласи ва ҳар қандай бошқа шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида қарз талабномасига тегишли фоизлар миқдори тўловчи билан амалда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасида бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда келишилиши мумкин бўлган миқдордан ортиқ бўлса, мазкур модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмидан мазкур Конвенциянинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ аввалгидек солиқ олинади.
12-модда
Роялти
Роялти
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида ҳосил бўладиган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган роялтилар ушбу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай роялтилар улар ҳосил бўладиган Аҳдлашувчи Давлатда ҳам ва шу Давлат қонунларига мувофиқ солиққа тортилиши мумкин, аммо агар роялтиларнинг амалдаги эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, бундай ҳолда ундириладиган солиқ роялтилар ялпи миқдорининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
3. «Роялти» ибораси ушбу моддада қўлланилганда ҳар қандай адабий, бадиий ёки илмий асарлар, шу жумладан киноматографик фильмлар ёки радио ва телевидение учун фойдаланиладиган киноплёнкалар, кассеталар, ҳар қандай патент, савдо белгиси, чизма ёки модель, режа, махфий формула ёки жараён учун ҳар қандай муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки шу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳуқуқи учун, ёки саноат, тижорат, илмий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун ёки саноат, тижорат ёки илмий тажрибага мансуб ахборот учун мукофот тарзида олинадиган ҳар қандай кўринишдаги тўловларни билдиради.
4. Агар роялтиларнинг амалдаги эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб, роялти ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тижорат фаолиятини юритаётган бўлса, ёки ушбу бошқа Давлатда унда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматларни амалга ошираётган бўлса ва роялти тўланаётган ҳуқуқ ёки мулк амалда шундай доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, 1 ва 2-бандларнинг қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда 7- модда ёки 14-модданинг қоидалари вазиятга қараб қўлланилади.
5. Агар тўловчи қайси Давлатнинг резиденти бўлса, роялтилар ана шу Аҳдлашувчи Давлатда пайдо бўлган деб ҳисобланади. Агар, бироқ роялтини тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, ҳар қандай Давлатда роялтини тўлаш мажбурияти зиммасига тушган доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлса ва бу доимий муассаса ёки база тўлов харажатларини тўласа, бундай роялтилар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи билан роялти бенефициари ўртасидаги, ёки уларнинг иккови ва бошқа бирон бир шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида роялтидан фойдаланишга, фойдаланиш ҳуқуқига ёки ахборот учун тўланадиган роялтининг миқдори тўловчи ва роялти бенефициари ўртасида бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда келишилиши мумкин бўлган миқдордан ошиқ бўлса, ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмига ушбу Конвенциянинг бошқа қоидаларини инобатга олиб, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ солиқ солинади.
13-модда
Капитал қийматининг ўсишидан олинадиган даромадлар
Капитал қийматининг ўсишидан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти 6-моддада кўрсатиб ўтилган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкни ёки активлари асосан шу каби мулкдан ташкил топган компания акцияларини бегоналаштиришдан оладиган даромадларга ана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассасаси тижорат мулкининг бир қисмини ташкил этувчи кўчар мулкни бегоналаштиришдан олинган ёки Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда мустақил шахсий хизматларни амалга оширишида бемалол фойдаланиши мумкин бўлган доимий базага тааллуқли кўчар мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадларга, жумладан, шу доимий муассасани (алоҳида ёки корхона билан биргаликда) ёки шундай доимий базани бегоналаштиришдан олинган даромадга ҳам мана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро ташишларда фойдаланиладиган денгиз ёки ҳаво кемаларини бегоналаштириш ёки шундай денгиз ёки ҳаво кемаларидан фойдаланишга тааллуқли бўлган кўчар мол-мулкни сотишдан оладиган даромадлар фақат ана шу Давлатда солиққа тортилади.
4. 1, 2 ва 3-бандларда эслатилганлардан ташқари, ҳар қандай мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромадга, фақат мулкни сотувчи шахс резиденти ҳисобланган Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади.
14-модда
Мустақил шахсий хизматлар
Мустақил шахсий хизматлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган жисмоний шахснинг касбий хизматларни кўрсатиш ёки мустақил тарздаги бошқа фаолиятдан олган даромадлари, агар унинг фаолиятини амалга ошириш учун бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у мунтазам фойдаланиши мумкин бўлган доимий базага эга бўлмаса, фақат шу Давлатда солиққа тортилади. Агар у ана шундай доимий базага эга бўлса, бунда даромад бошқа Давлатда фақатгина унинг ана шу доимий базага тааллуқли бўлиши мумкин бўлган қисмигина солиққа торитилиши мумкин. Агар Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган шахс шундай доимий базага эга бўлмаса, лекин бошқа Аҳдлашувчи Давлатда кўриб чиқилаётган молиявий йилда бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай ўн икки ойилик даврда жами 183 кундан ортиқ давр ёки даврлар мобайнида бўлса, у ана шу бошқа Давлатда мунтазам фойдаланиши мумкин бўлган доимий базага эга деб ҳисобланади, ва унинг ана шу бошқа Давлатда амалга оширилган фаолиятидан олинадиган юқорида эслатиб ўтилган даромад ана шу доимий базага ҳисобланиши мумкин.
2. «Касбий хизматлар» атамаси, хусусан, мустақил илмий, адабий, бадиий, артистик, таълим ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва бухгалтерларнинг мустақил меҳнат фаолиятини қамраб олади.
15-модда
Ёлланма шахсий хизматлар
Ёлланма шахсий хизматлар
1. Ушбу Конвенциянинг 16, 18, ва 19-моддалари қоидаларини ҳисобга олиб, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти ёлланма иш бўйича оладиган маоши, иш ҳақи ва шунга ўхшаш бошқа тақдирлаш пулларига, агар ёлланма иш бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширилмаётган бўлса, фақат мана шу Давлатда солиқ солинади. Агар ёлланма иш шу тариқа бажариладиган бўлса, шу муносабат билан олинган тақдирлаш пулига ана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. 1-банд қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширадиган ёлланма иш учун оладиган тақдирлаш пулларига фақат биринчи эслатилган Давлатда солиқ солинади, агар:
а) тақдирлаш пули олувчи бошқа Аҳдлашувчи Давлатда кўриб чиқилаётган тақвимий йилда бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай 12 ойлик давр доирасида жами 183 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида бўлиб тураётган, ва
b) тақдирлаш пули бошқа Давлат резиденти бўлмаган ёлловчи томонидан ёки ёлловчи номидан тўланадиган бўлса, ва
с) тақдирлаш пули бўйича харажатларни ёлловчи ёки у билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахс бошқа Давлатда эга бўлган доимий муассаса ёки доимий база ўз зиммасига олмаса.
3. Ушбу модданинг юқоридаги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро юк ташишларда фойдаланадиган денгиз ёки ҳаво кемаси бортида амалга ошириладиган ёлланма иш учун олинадиган тақдирлаш пулларига ушбу Давлатда солиқ солиниши мумкин.
16-модда
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари ва Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компаниянинг Директорлар кенгашининг аъзоси сифатида оладиган шунга ўхшаш бошқа тўловлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
17-модда
Санъат ходимлари ва спортчилар
Санъат ходимлари ва спортчилар
1. 14 ва 15-моддаларнинг қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти театр, кино, радио ёки телевидение артисти ёки мусиқачи каби санъат ходими сифатида ёки спортчи сифатида бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга ошираётган шахсий фаолияти туфайли оладиган даромадига шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Санъат ходими ёки спортчи амалга оширган шахсий фаолиятидан олинадиган даромад санъат ходими ёки спортчининг ўзига эмас, балки бошқа шахсга ёзилса, 7, 14 ва 15-моддалар қоидаларига қарамай, бу даромадга санъат ходими ёки спортчи фаолият кўрсатаётган ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Санъат ходимлари ёки спортчилар бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширадиган фаолиятдан оладиган даромадига ушбу Давлатга ташрифи Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг ёки ҳар иккаласининг жамоат фондлари томонидан маблағ билан тўлиқ таъминланса ушбу модданинг 1 ва 2-бандлари қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолларда, даромад фақат санъат ходими ёки спортчи резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатдагина солиққа тортилади.
18-модда
Пенсиялар
Пенсиялар
19-модданинг 2-банди қоидаларини ҳисобга олиб, Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган пенсиялар ёки илгари ёлланиб ишлагани учун тўланадиган шунга ўхшаш тақдирлаш ҳақларига фақат ана шу Давлатда солиқ солинади.
19-модда
Ҳукумат хизмати
Ҳукумат хизмати
1. а) Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари томонидан шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимиятларига кўрсатган хизматлар учун жисмоний шахсга тўланадиган маош, иш ҳақи ва шунга ўхшаш тақдирлаш ҳақларига, пенсиядан ташқари, фақат шу Давлатда солиқ солинади.
b) Бироқ, бундай маош, иш ҳақи ва шунга ўхшаш тақдирлаш ҳақларига фақат бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин, агар хизматлар мана шу Давлатда кўрсатилаётган бўлса ва жисмоний шахс шу Давлатнинг резиденти бўлса:
I) шу Давлатнинг миллий шахси бўлса; ёки
II) фақат шундай хизматлар кўрсатиш мақсадида шу Давлатнинг резиденти бўлган бўлмаса.
2. а) Аҳдлашувчи Давлат ёки маҳаллий ҳокимият ёки улар томонидан тузилган фондлар томонидан жисмоний шахсга шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимияти учун кўрсатилган хизматга нисбатан тўлайдиган ҳар қандай пенсия фақат ана шу Давлатда солиққа тортилади.
b) Бироқ, агар жисмоний шахс бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ва миллий шахси бўлса, бундай пенсия фақат ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилади.
3. 15, 16 ва 18-моддаларнинг қоидалари Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти муносабати билан кўрсатиладиган хизматларга нисбатан тўланадиган маош, иш ҳақи ва шунга ўхшаш тақдирлаш ҳақларига ва пенсияларга нисбатан қўлланилади.
20-модда
Студентлар
Студентлар
Аҳдлашувчи Давлатлардан бирига келгунга қадар бевосита бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланиб турган ёки бўлган ва биринчи эслатилган Давлатда фақат ўқиш ёки маълумот олиш мақсадидагина яшаб турган студент ёки практикантнинг яшаши, ўқиши ва маълумот олиши учун мўлжалланган тўловларга мана шу Давлатда, агарда бундай тўловлар шу Давлат ҳудудидан ташқаридаги манбалардан бўлса, солиқ солинмайди.
21-модда
Чет элда амалга ошириладиган фаолият
Чет элда амалга ошириладиган фаолият
1. Ушбу модда қоидалари ушбу Конвенциянинг 4-дан 20-гача бўлган моддаларнинг қоидаларидан қатъи назар, қўлланилади.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган ва чет элда бошқа Аҳдлашувчи Давлатда шу бошқа Давлатда жойлашган денгиз ости ва ер ости, ҳамда уларнинг табиий ресурсларини текшириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга ошираётган шахс, ушбу модданинг 3 ва 4-бандига мувофиқ, бу фаолиятга нисбатан у шу бошқа Давлатда, у ерда жойлашган доимий муассаса ёки доимий база орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқда деб ҳисобланади.
3. Агар фаолият ҳар қандай ўн икки ойлик даврда жами 30 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида амалга оширилса, ушбу модданинг 2-банди қоидалари қўлланилмайди. Бироқ ушбу банд мақсадлари учун:
а) бошқа шахс билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга ошираётган шахс, агар кўриб чиқилаётган фаолият моҳияти жиҳатидан худди шундай ва биринчи эслатилган шахс томонидан амалга оширилаётган фаолият, истисно тариқасида шундай даражада (шундай маънода), бу фаолият худди шундай вақтда ва унинг шахсий фаолияти каби амалга оширилаётган бўлса, у ана шу бошқа шахс томонидан амалга оширилаётган деб ҳисобланади.
b) агар бири бошқаси томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилиниб турилса ёки иккаласи бевосита ёки билвосита учинчи шахс ёки учинчи шахслар томонидан назорат қилиниб турилса, бунда шахс бошқа шахс билан боғлиқ деб ҳисобланади.
4. Аҳдлашувчи Давлат резидентининг Аҳдлашувчи Давлатдаги денгиз ости ва ер ости ҳамда уларнинг табиий ресурсларини текшириш ёки қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга оширадиган жойга ёки жойлар ўртасида етказиб бериш ёки персоналларни ташишдан, ёхуд шу фаолиятга кўмаклашувчи тиргакли кемалар ва бошқа кемалардан фойдаланишдан олган фойдалар фақат биринчи эслатиб ўтилган Давлатда солиққа тортилади.
5. а) Ушбу банднинг b-кичик бандига мувофиқ Аҳдлашувчи Давлат резидентининг ёллаш бўйича, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган денгиз ости, ер ости ҳамда уларнинг табиий ресурсларини текшириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган ишлардан оладиган маоши, иш ҳақи ва шунга ўхшаш тақдирлаш ҳақлари, вазифа шундай даражада (шундай маънода) чет элда, ана шу бошқа Давлатда амалга оширилаётган бўлса, шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин. Бироқ бундай тақдирлаш ҳақлари, агар ёллаш бўйича иш чет элда, бошқа Давлат резиденти бўлмаган ёлловчи учун ва ҳар қандай ўн икки ойлик даврда жами 30 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида амалга оширилса, фақат биринчи эслатиб ўтилган Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
b) Аҳдлашувчи Давлат резиденти томонидан Аҳдлашувчи Давлатда денгиз ости ва ер ости ҳамда уларнинг ресурсларини текшириш ёки қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга оширадиган жойга ёки жойлар орасига етказиб бериш, ёхуд персоналларни ташишда банд бўлган денгиз ёки ҳаво кемаси бортида амалга ошириладиган ёллаш бўйича ишларга нисбатан ёки шу фаолиятга ёрдам беришда фойдаланиладиган тиргакли кемалар ёки бошқа кемалар бортида амалга ошириладиган ёллаш бўйича ишларга нисбатан олинадиган маош, иш ҳақи ва бошқа шунга ўхшаш тақдирлаш ҳақлари, ёлловчи резиденти бўлган ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади
6. Бир Аҳдлашувчи Давлат резидентининг қуйидагиларни бегоналаштиришдан оладиган фойдаси:
а) текшириш ёки ишлаб чиқишга бўлган ҳуқуқни; ёки
b) бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган ва ана шу бошқа Давлатда жойлашган денгиз ости ва ер ости ҳамда уларнинг табиий ресурсларини текшириш ёки қайта ишлаш муносабати билан ишлатиладиган мулк; ёки
с) ўз қимматини (қийматини) ёки ўз қийматининг катта қисмини бевосита ёки билвосита шундай ҳуқуқ ёки мулклардан ёхуд биргаликдаги шундай ҳуқуқ ёки мулклардан оладиган акцияларни;
ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
Ушбу бандда «текширишга ёки қайта ишлаб чиқишга бўлган ҳуқуқ» атамаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатдаги денгиз ости ва ер ости ҳамда уларнинг табиий ресурсларини текшириш ва қайта ишлашни ташкил этадиган активларга бўлган ҳуқуқни, жумладан фойдадаги фоизларга ёки бундай активларни фойдасига бўлган ҳуқуқини ўз ичига олади.
22-модда
Бошқа даромадлар
Бошқа даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлат резидентининг ушбу Конвенциянинг олдинги моддаларида тилга олинмаган даромад турларига, даромадлар қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, фақат мана шу Давлатда солиқ солинади.
2. Агарда даромад олувчи, 6-модданинг 2-бандида кўрсатилган кўчмас мулкдан олинган даромаддан ташқари, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тижорат фаолиятини амалга оширса ёки ўша ерда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматлар кўрсатса ва даромад тўланадиган ҳуқуқ ёки мулк ҳақиқатан ҳам бундай доимий муассаса ёки база билан боғланган бўлса, бундай даромадга нисбатан 1-банднинг қоидалари қўлланилмайди. Бу ҳолатда вазиятга қараб 7 ва 14-моддаларнинг қоидалари қўлланилади.
23-модда
Сармоя
Сармоя
1. 6-моддада тилга олинган Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига тегишли бўлган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мол-мулк тарзида тақдим этилган сармоя ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса тижорат мулкининг бир қисмини ташкил этувчи кўчар мулк тарзида тақдим этилган ёхуд мустақил шахсий хизматларни бажариш мақсадида Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда фойдаланадиган доимий базага тааллуқли кўчар мол-мулк тарзида тақдим этилган сармоя ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлат корхонаси тасарруфидаги халқаро юк ташишларда фойдаланадиган денгиз ва ҳаво кемалари ҳамда шундай денгиз ва ҳаво кемалардан фойдаланишга тааллуқли бўлган кўчар мулкдан иборат сармоя фақат шу Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлат резиденти сармоясининг барча бошқа элементлари фақат шу Давлатдагина солиққа тортилади.
24-модда
Икки марта солиққа солишни бартараф этиш
Икки марта солиққа солишни бартараф этиш
1. Латвия резидентига нисбатан икки марта солиқ солиш қуйидагича бартараф этилади:
а) Агар Латвия резиденти ушбу Конвенцияга мувофиқ Ўзбекистонда солиқ солиниши мумкин бўлган даромадлар олса ёки сармояга эга бўлса, унинг ички қонунларида янада қулайроқ тартиб кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда Латвия:
I) шу резидентнинг даромад солиғидан Ўзбекистонда бўлган даромад солиғига тенг миқдорини чегириб ташлашга;
II) шу резидентнинг капиталига солинадиган солиқдан Ўзбекистонда тўланган капитал солиғига тенг миқдорни чегириб ташлашга имкон беради.
Бироқ бундай чегириб ташлашлар ҳар қандай ҳолда ҳам вазиятга боғлиқ равишда Ўзбекистонда солиқ солиниши мумкин бўлган даромад ёки капиталга нисбатан чегириб ташлангунга қадар Латвияда даромад ёки капиталга солинадиган ҳисобланган солиқ қисмидан ошиб кетмаслиги керак.
b) кичик бандининг мақсадлари учун, башарти Латвия резиденти бўлган компания Ўзбекистон резиденти бўлган компаниядан дивидендлар олса, унда компанияга ҳал қилувчи овозга эга бўлган акцияларнинг камида 10 фоизи тегишли бўлса, у ҳолда Ўзбекистонда тўланган солиқ фақат дивидендлардан тўланган солиқни эмас, шу билан бирга компаниянинг дивидендлар тўланган асосий фойдасидан тўланадиган солиқни ҳам ўз ичига олиши лозим.
2. Ўзбекистон резидентига нисбатан икки марта солиқ солиш қуйидагича бартараф этилади:
Ўзбекистон резиденти ушбу Конвенция қоидаларига мувофиқ, Латвияда солиқ солиниши мумкин бўлган даромадни олса ёки капиталга эга бўлса, у ҳолда Ўзбекистон:
а) шу резидентнинг даромад солиғидан Латвияда тўланган даромад солиғига тенг миқдорини чегириб ташлашга;
b) шу резидентнинг капиталига солинадиган солиқдан Латвияда тўланган капитал солиғига тенг миқдорни чегириб ташлашга имкон беради.
Бироқ бундай чегириб ташлашлар ҳар қандай ҳолда ҳам капиталга, вазиятга боғлиқ равишда Латвияда солиқ солиниши мумкин бўлган даромад ёки капиталга, нисбатан чегириб ташлангунгача Ўзбекистонда ҳисобланган солиқ қисмидан ошиб кетмаслиги керак.
3. Ушбу Конвенциянинг бирон бир қоидасига мувофиқ Аҳдлашувчи Давлат резиденти олган даромад ёки у эга бўлган сармоя шу Давлатда солиққа тортилишдан озод қилинган бўлса, бу Давлат шу резидент даромади ёки сармоясининг қолган қисмига солиқ миқдорини ҳисоблашда солиқ солишдан озод қилинган даромад ёки сармояни ҳисобга олиши мумкин.
4. Ушбу модданинг 1 ва 2-бандлари мақсадлари учун «Латвияда тўланган солиқ» ва «Ўзбекистонда тўланган солиқ» атамалари ушбу Конвенция татбиқ этиладиган беш йил мобайнида ана шундай тўланиши мумкин бўлган ҳар қандай солиқни, лекин бунинг учун Ўзбекистон ички қонунлари ёки Латвия ички қонунларига мувофиқ иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш учун берилган солиқдан озод қилиш ёки уни камайтириш ҳуқуқи асосида тўланмаган солиқни ўз ичига олади.
25-модда
Камситмаслик
Камситмаслик
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг миллий шахслари бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ушбу бошқа Давлат миллий шахсларига айни бир хил шароитларда солинадиган ёки солиниши мумкин бўлганидан ортиқ ҳар қандай солиқ солишларига ёки унга алоқадор мажбуриятларга, хусусан резиденцияга нисбатан шундай мажбуриятларга солиқ солишдан кўра мушкулроқ ёки унга алоқадор ҳолатларга дучор қилинмайдилар. Бу қоида 1-модда қоидаларидан қатъи назар, бир ёки иккала Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ қилинади.
2. Аҳдлашувчи Давлат резидентлари бўлган, фуқаролиги бўлмаган шахслар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирортасида ҳам қараб чиқилаётган Давлат фуқаролари айни бир хил шароитларда дучор қилинадиган ёки дучор қилиниши мумкин бўлган солиқ солишдан кўра мушкулроқ ёки унга алоқадор мажбуриятларга дучор қилинмайдилар.
3. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассасага ана шу солиққа Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиш ана шу бошқа Давлатда айнан шундай фаолиятни амалга оширувчи Давлатнинг ўзидаги корхоналарига солиқ солишдан камроқ қулайликларга эга бўлмайди. Ушбу қоида бир Аҳдлашувчи Давлатни бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентларига қандайдир хусусий имтиёзлар, уларнинг фуқаролик мавқеи ёки оилавий шароитлари асосида бу Давлат ўз резидентларига берадиган солиқдан озод қилиш ва имтиёзлар тарзида талқин қилинмаслиги лозим.
4. 9-модданинг 1-банди, 11-модданинг 7-банди, 12-модданинг 6-банди қоидалари қўллангандан ташқари ҳолларда Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўлайдиган фоизлар, роялтилар ва бошқа қарз тўловлари, бундай корхонанинг солиққа тортиладиган фойдасини аниқлаш мақсадида бундай тўловлар биринчи эслатилган Давлат резидентига тўланганида қўлланиладиган шундай шартлар асосида чегириб ташланади. Худди шундай тарзда бир Аҳдлашувчи Давлат корхонасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига ҳар қандай қарзлари бундай корхонанинг солиқ солинадиган капиталини аниқлаш мақсадида биринчи эслатиб ўтилган Давлат резиденти билан шартномада тақозо этилгани каби ўша шартлар билан чегириб ташланиши лозим.
5. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхоналари сармояси тўлиқ ёки қисман бошқа Аҳдлашувчи Давлатга тегишли бўлган ёки шу Давлатнинг бир ёки бир неча резидентлари томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинаётган бўлса, улар биринчи эслатилган Давлатнинг шундай корхоналарига солинадиган ёки солиниши мумкин бўлган ҳар қандай солиқ солиш ёки унга алоқадор ҳолатлар, бошқа ёки солиқ солишдан кўра мушкулроқ ҳолатларга дучор қилинмайди.
6. Ушбу модда қоидалари 2-модда қоидаларидан қатъи назар, ҳар қандай турдаги ва таърифдаги солиқларга нисбатан қўлланилади.
26-модда
Ўзаро келишиш процедураси
Ўзаро келишиш процедураси
1. Агар шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ёки ҳар иккаласининг фаолияти унга ушбу Конвенция қоидаларига мувофиқ келмайдиган солиқ солинишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин деб ҳисобласа, у мазкур Давлатларнинг ички қонунларида назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар, ўз аризасини ўзи резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органига, ёки агарда унинг ҳолати Конвенциянинг 25-модда 1-бандига мувофиқ келса, ўзи фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Давлатга тақдим этиши мумкин. Бу ариза ушбу Конвенция қоидаларига номувофиқ солиқ солинишига олиб келувчи хатти ҳаракатлар тўғрисида биринчи бор ёзма равишда билдирилган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида берилиши керак.
2. Ваколатли орган унинг аризасини асосли деб топса ва унинг ўзи қониқтирадиган қарорга кела олмаса, масалани ушбу Конвенцияга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишини олдини олиш мақсадларида бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи билан ўзаро келишиб ҳал этишга ҳаракат қилади. Эришилган ҳар қандай келишув Аҳдлашувчи Давлатларнинг миллий қонунларида мавжуд бўлган бирон бир вақтинча чеклашларга қарамай бажарилиши лозим.
3. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Конвенцияни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай қийинчилик ва иккиланишларни ўзаро келишув асосида ҳал қилишга ҳаракат қиладилар. Улар Конвенцияда кўзда тутилмаган ҳолларда икки марта солиқ солишни бартараф этиш учун бир-бирлари билан маслаҳатлашишлари ҳам мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Конвенциянинг олдинги бандлари маъносида ҳамфикрликка эришиш мақсадида бир-бирлари билан бевосита алоқада бўлиб туришлари мумкин уларнинг ўзлари ёки вакилларидан иборат комиссия шу жумлага киради.
27-модда
Ахборот алмашиш
Ахборот алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Конвенция қоидаларини ёки ушбу Конвенцияга зид келмайдиган даражада Аҳдлашувчи Давлатларнинг солиқларга тегишли ички қонунчилигидан фойдаланиш мақсадида зарур ахборотлар билан алмашиб турадилар. Ахборот алмашиш 1-модда билан чекланмайди. Аҳдлашувчи Давлат олаётган ҳар қандай ахборот, мазкур Давлатнинг ички қонунларига мувофиқ олинган маълумот каби махфий ҳисобланади, ҳамда фақат аниқлаш, ёки ундириш, мажбурий ундириш ёки суд орқали таъқиб этиш билан боғлиқ ёки солиқларга нисбатан апелляцияларни кўриб чиқиш билан боғлиқ шахслар ёки органларгагина (жумладан судлар ва маъмурий органларга ҳам) маълум қилинади. Бу шахслар ёки органлар ахборотдан фақат шундай мақсадлар учун фойдаланадилар. Улар ушбу ахборотни очиқ суд мажлисида ёки юридик қарорлар қабул қилиш чоғида маълум қилишлари мумкин.
2. Ҳеч қандай ҳолатда 1-банд қоидалари Аҳдлашувчи Давлатлар зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкловчи қоидалар сифатида талқин қилинмайди:
а) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатлар қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид маъмурий тадбирлар ўтказиш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига кўра ёки одатдаги маъмурий амалиётга мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш;
с) барча савдо, саноат, тижорат ёки касб сири ёхуд савдо жараёнини очувчи ёки очилиши давлат сиёсатига (жамоат тартибига) зид келувчи ахборотни тақдим этиш.
28-модда
Имтиёзларни чеклаш
Имтиёзларни чеклаш
Ушбу Конвенциянинг бошқа ҳар қандай қоидасига қарамай, Аҳдлашувчи Давлат резиденти ушбу Конвенцияда бошқа Аҳдлашувчи Давлат томонидан бериладиган солиқларни ҳар қандай пасайтириш ёки улардан озод қилиш соҳасида ҳеч қандай имтиёзга эга бўлмайди, башарти унинг асосий мақсади ёки шундай резидент ёки бу резидент билан боғланган бошқа шахсни ташкил этиш, ёхуд унинг мавжуд бўлиш мақсадларидан бири бу Конвенция бўйича имтиёзларга эга бўлишдан иборат бўлса.
29-модда
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Ушбу Конвенциянинг ҳеч бир қоидаси дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчиларининг халқаро ҳуқуқ умумий нормаларига ёки махсус битимларнинг қоидаларига мувофиқ белгилаб қўйилган солиқ имтиёзларига дахл қилмайди.
30-модда
Кучга кириш
Кучга кириш
1. Аҳдлашувчи Давлатлар ушбу Конвенциянинг кучга кириши учун конституциявий талаблар бажарилгани ҳақида бир-бирини хабардор қиладилар.
2. Ушбу Конвенция 1-бандда эслатиб ўтилган шундай хабарларнинг охиргиси олинган санадан кучга киради ва унинг қоидалари иккала Аҳдлашувчи Давлатда:
а) Конвенция кучга кирган йилдан бевосита кейинги тақвимий йилнинг биринчи январидан бошлаб ёки шу санадан кейин олинган даромадлар манбаидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) Конвенция кучга кирган йилдан бевосита кейинги тақвимий йилнинг биринчи январидан ва биринчи январдан кейинги санадан бошланадиган ҳар қандай молиявий йилда ундириладиган даромад солиқларига ва капиталдан олинадиган солиқларга нисбатан амал қилади.
31-модда
Амал қилишининг тўхтатилиши
Амал қилишининг тўхтатилиши
Ушбу Конвенция унинг амал қилишини Аҳдлашувчи Давлатлардан бири тўхтатмагунча ўз кучида қолади. Исталган Аҳдлашувчи Давлат Конвенциянинг амал қилишини ҳар қандай тақвимий йилнинг тугашидан камида олти ой олдин дипломатик каналлар орқали ёзма хабар бериб тўхташи мумкин. Бундай ҳолатда Конвенциянинг амал қилиши иккала Аҳдлашувчи Давлатда тўхтатилади:
а) хабардор қилинган йилдан бевосита кейин келадиган тақвимий йилнинг биринчи январида ва биринчи январидан кейин олинган даромад манбаидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) хабардор қилинган йилдан бевосита кейин келадиган тақвимий йилнинг биринчи январидан ёки биринчи январидан кейин олинадиган бошқа даромад солиқларга ва капитал солиқларига нисбатан.
Тегишли тартибда ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, ушбу Конвенцияни имзоладилар.
Рига шаҳрида 1998 йил 3 июлда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва инглиз тилларида тузилди, барча учта матн бир хил кучга эга. Ушбу Конвенция қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлса, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)