Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги меҳнаткаш-мигрантлари фуқароларининг ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнаткаш-мигрантлари фуқароларининг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчи,
меҳнат миграцияси жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш ва икки давлат ўртасида меҳнат кучларининг эркин ҳаракати учун қулай шароитлар яратиб бериш заруриятидан келиб чиқиб,
меҳнаткаш-мигрантларнинг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашни истаб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига амал қилиб,
меҳнат миграцияси ва меҳнаткаш-мигрантларнинг ижтимоий ҳимояси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида 1994 йилнинг 15 апрелида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг иштирокчи давлатлари раҳбарлари имзолаган битим принципларига асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланган ва Россия Федерацияси фуқаролари ҳисобланган меҳнаткаш-мигрантларининг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солади.
2-модда
1. Ушбу Битимнинг амали барча меҳнаткаш-мигрантларга, жинси, ирқи, тили, диний эътиқоди ёки маслаги, сиёсий ва бошқа қарашлари, миллий, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, ёши, иқтисодий, мулкий, оилавий аҳволи ёки ходимнинг ишчанлик қобилияти билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа белгидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Ҳеч нарса ушбу Битимда меҳнаткаш-мигрантларни қабул қилувчи давлат қонунчилигига ушбу Битим қоидаларига риоя қилиш, қабул қилувчи давлат халқларининг маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.
3-модда
Ушбу Битимда қуйидаги атамалар қўлланилади:
«меҳнаткаш мигрант» — бир Томон давлатининг фуқароси бўлган, 18 ёшга етган, бошқа Томон давлати ҳудудида яшаётган ва қонунга асосан ўша ерда ҳақ тўланадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахс;
«меҳнат фаолияти» — меҳнаткаш-мигрантнинг ишларни бажариш (хизмат кўрсатиш) учун тузилган меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ва шунингдек қабул қилувчи давлат қонунчилиги белгилайдиган тартиб ва шартларда амалга ошириладиган иши;
«иш берувчи» — қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган тартибда тузилган меҳнат шартномалари асосида меҳнаткаш-мигрантлар меҳнатидан фойдаланаётган юридик ёки жисмоний шахс;
«иш (хизмат) буюртмачиси» — қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган тартибда тузилган, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида меҳнаткаш-мигрантлар меҳнатидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;
«доимий яшаш Давлати» — ҳудудида меҳнаткаш-мигрант доимий яшайдиган ва унинг ҳудудидан у бошқа Томон давлати ҳудудига вақтинча меҳнат фаолияти юргизиш учун чиқиб кетадиган Томон давлати;
«қабул қилувчи Давлат» — меҳнаткаш-мигрант меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ҳудудига келган Томон давлати;
«меҳнаткаш-мигрант оиласи аъзоси» — меҳнаткаш-мигрант никоҳида бўлган шахс ва шунингдек унинг қарамоғидаги болалар ва қабул қилувчи давлат қонунчилигига ва иккала Томон давлатлари иштирок этаётган халқаро шартномаларга мувофиқ оила аъзолари деб эътироф этилаётган бошқа шахслар.
4-модда
1. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини:
а) қабул қилувчи давлатнинг иш берувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларига;
б) иш (хизмат) кўрсатиш учун қабул қилувчи давлатнинг иш (хизмат) буюртмачилари билан тузилган фуқаровий-ҳуқуқий шартномаларига мувофиқ амалга оширадилар.
2. Томонлар ушбу Битим доирасида тузилган меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгар эмаслар.
5-модда
1. Ушбу Битимни амалга ошириш учун Томонларнинг қуйидаги органлари (бундан кейин — ваколатли органлар) масъулдир:
Ўзбекистон Республикасидан: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Россия Федерациясидан: Федерал миграция хизмати ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги.
2. Ваколатли органлар билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар юз берса, Томонлар дипломатик каналлар орқали бундай ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
3. Ваколатли органлар ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун ишчи гуруҳи тузадилар.
Ишчи гуруҳи заруриятга қараб навбати билан Ўзбекистон Республикасида ва Россия Федерациясида қўшма мажлислар ўтказиб туради.
4. Ваколатли органлар меҳнаткаш-мигрантларни жалб қилиш ва фойдаланишни тартибга солувчи Томонлар давлатлари қонунчилигидаги ўзгартишлар тўғрисида, меҳнат, бандлик, кириш ва чиқиш тартиби соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида ва шунингдек меҳнаткаш-мигрантларнинг турмуш шароитлари тўғрисида, Томонлар давлатларининг меҳнат бозорлари аҳволи тўғрисида ва шунингдек фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича фаолият юргизишга лицензияси (рухсатномаси) бор ташкилотлар тўғрисида бир-бирини олдиндан хабардор қилиб турадилар ва ташқи меҳнат миграцияси соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда кўмаклашадилар.
5. Ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида Томонлардан хар бири бошқа Томон давлати ҳудудида ўзининг ваколатли органи ваколатхонасини очиши мумкин.
6-модда
Ушбу Битимнинг амали:
а) халқаро ташкилотларнинг штаб-квартиралари ва ваколатхоналарига ва шунингдек бир Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудидаги расмий ваколатхоналарига ишлаш учун юборилган ёки ёлланган Томонлар давлатлари фуқароларига нисбатан;
б) бир Томон давлати томонидан ёки унинг номидан унинг ҳудудидан ташқарида мақоми қабул қилувчи давлат билан тузилган алоҳида битим билан тартибга солинадиган ривожланиш дастурлари ёки бошқа ҳамкорлик дастурида иштирок этиб ишлаш учун юборилган ёки ёлланган ва ушбу Битимга мувофиқ меҳнаткаш-мигрантлар ҳисобланмайдиган Томонлар давлати фуқароларига нисбатан;
в) қабул қилувчи давлатнинг қонунчилигида ёки Томонлар давлатларига нисбатан амал қиладиган халқаро ҳужжатларда бундай қўлланиш назарда тутилмаган бўлса, қочоқлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан;
г) таълим олаётганларга нисбатан;
д) денгизчиларга ва шунингдек қабул қилувчи давлатда меҳнат фаолиятини юргизишга рухсат берилмаган, қирғоқ бўйи стационар қурилмада банд бўлган меҳнаткашларга нисбатан;
е) қабул қилувчи давлат ҳудудида филиаллари ва ваколатхоналари бор ташкилотнинг қабул қилувчи давлат ҳудудида хизмат топшириғини бажараётган бошқа Томон давлати фуқароларига нисбатан;
ж) агар қабул қилувчи давлат қонунчилигида ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерациясига нисбатан амал қилаётган икки томонлама(кўп томонлама) халқаро шартномаларда бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, қабул қилувчи давлат ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи доимий яшаш давлати фуқароларига нисбатан;
з) қабул қилувчи давлат ҳудудида чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари сифатида аккредитация қилинган доимий яшаш давлати фуқароларига нисбатан қўлланилмайди.
7-модда
Меҳнаткаш-мигрантларнинг қабул қилувчи давлат ҳудудига кириши, мазкур ҳудуддан чиқиши ва у ерда бўлиши қабул қилувчи давлатнинг қонунчилиги ва Томонлар иштирок этаётган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
8-модда
Томонлар миграцион оқимларни тартибга солиш бўйича Томонлар давлатлари қонунчилигида кўрсатилган квоталар ва бошқа чекловларни белгилаш ва ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олиш йўли билан чора-тадбирларни амалга оширадилар.
9-модда
1. Ушбу Битимнинг 4-моддаси 1-бандининг «а» кичик бандида кўрсатилган меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат қонунчилигига ҳамда меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш вақти ҳуқуқига эга.
2. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлатдаги иш берувчи, (иш (хизмат) буюртмачиси) билан келишган ҳолда доимий яшаш давлатининг расмий байрамлари кунларида меҳнат фаолиятидан озод қилинишлари мумкин. Бундай озод бўлиш шартлари меҳнат шартномаси (иш (хизмат кўрсатиш) учун тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартнома) билан белгиланади.
3. Меҳнаткаш-мигрантларга тиббий хизмат кўрсатиш қабул қилувчи давлатнинг қонунчилигига мувофиқ иш берувчининг, (иш (хизмат) буюртмачисининг) маблағи ҳисобидан амалга оширилади.
4. Меҳнаткаш-мигрантлар доимий яшаб турган давлатлари ваколатли органларидан қабул қилувчи давлат ҳудудида турмуш шароити ва бўлиш тартиби ҳамда меҳнат фаолиятини амалга оширишга, шунингдек қабул қилувчи давлатнинг амалдаги қонунчилигидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли ахборот олиш ҳуқуқига эгадирлар.
5. Меҳнаткаш-мигрант қабул қилувчи давлатга ўз оила аъзоларини бирга яшаш учун таклиф қилиши мумкин, бунда у қабул қилувчи давлатнинг амалдаги қонунчилиги билан белгиланган уй-жой талабларига жавоб берадиган турар жойга ва шунингдек, оила аъзоларини таъминлаш учун етарли маблағга эга бўлиши шарт.
10-модда
1. Ушбу Битимнинг 4-моддаси 1-бандининг «а» кичик бандида кўрсатилган меҳнаткаш-мигрантларнинг иш ҳақлари ва бошқа меҳнат шароитлари меҳнаткаш-мигрантнинг қабул қилувчи давлат иш берувчиси билан тузилган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.
2. Ушбу Битимнинг 4-моддаси 1-бандининг «б» кичик бандида кўрсатилган меҳнаткаш-мигрантларнинг иш ҳақлари ва бошқа меҳнат шароитлари қабул қилувчи давлатнинг иш (хизмат) буюртмачилари билан иш бажариш (хизмат кўрсатиш) учун тузилган фуқаровий-ҳуқуқий шартномаларига мувофиқ тартибга солинади.
3. Меҳнаткаш-мигрантларнинг иш ҳақлари қабул қилувчи давлатнинг худди шу лавозимга, мутахассисликка ва ихтисосликка эга бўлган ва худди шундай ишларни бажарувчи фуқаролари учун белгиланган иш ҳақидан кам бўлмаслиги ва меҳнат шароитлари уларникидан кам бўлмаслиги керак.
11-модда
Меҳнаткаш-мигрантнинг қабул қилувчи давлатдан бутунлай чиқиб кетиши пайтида иш берувчи, иш (хизмат) буюртмачиси муҳри билан тасдиқланган, иш муддати ва тўланган иш ҳақи тўғрисида маълумот кўрсатилган ҳужжат топширади (ҳар ой).
12-модда
1. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлатнинг амалдаги қонунчилигига ва иккала Томон давлатлари иштирок этаётган халқаро шартномаларга мувофиқ ўз иш ҳақларини доимий яшаш давлатига жўнатишлари мумкин.
2. Меҳнаткаш-мигрантлар даромадига солиқ солиш қабул қилувчи давлат қонунчилигига, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида амал қилаётган солиқ соҳасидаги халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
13-модда
1. Ишлаш учун рухсатномани бекор қилиш тўғрисида расмий қарор қабул қилинган тақдирда, меҳнаткаш-мигрант қабул қилувчи давлат ҳудудидан мазкур давлат қонунчилиги ва ушбу Битим қоидаларига кўра 15 кун ичида чиқиб кетиши керак.
2. Агар иш берувчининг ташаббуси билан меҳнаткаш-мигрант билан тузилган меҳнат шартномаси, қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган асослар бўйича, муддатидан илгари бекор қилинса, иш берувчи меҳнаткаш-мигрантга меҳнат шартномасида ва қабул қилувчи давлат қонунчилигида мазкур асослар бўйича бўшатилган меҳнаткаш-мигрантлар учун назарда тутилган компенсациялар тўлайди.
Бундай ҳолда меҳнаткаш-мигрант меҳнат шартномасини қабул қилувчи давлатнинг бошқа иш берувчиси билан ишлашга берилган рухсатноманинг қолган муддатигача янги меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқига эга бўлади, бундай муддатнинг тугашига камида 3 ой қолган бўлиши керак.
14-модда
1. Агар меҳнаткаш-мигрант иш берувчининг (иш (хизмат) буюртмачисининг) айби билан вафот қилса ва шунингдек меҳнаткаш-мигрант иш жараёнида майиб бўлса, иш берувчи, (иш (хизмат) буюртмачиси) қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тўловларни тўлайди.
2. Агар меҳнаткаш-мигрант вафот этса, иш берувчи(иш(хизмат) буюртмачиси) марҳумнинг жасадини (мурдасини) жўнатишни ташкил қилади ва жўнатиш билан боғлиқ харажатларни ва шунингдек, агар меҳнат шартномасида (иш (хизмат кўрсатиш) учун тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномада) бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, унинг мол-мулкини етказиб бериш ва ташиш, шунингдек ишлаб топган маблағларини жўнатиш билан боғлиқ барча харажатларни тўлайди.
3. Иш берувчи (иш (хизмат) буюртмачиси) меҳнаткаш-мигрантнинг вафот этганлиги тўғрисида унинг доимий яшаш давлатнинг дипломатик ёки консуллик ваколатхонасини зудлик билан хабардор қилади.
4. Меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлик бўлган майиблик, касб касаллиги ёхуд бошқа шикастланиш оқибатида ишчи саломатлигига етказилган зиённи тўлаш тартиби қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ ҳал қилинади, агар бундай муносабатларни тартибга солувчи алоҳида халқаро битимда бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса.
15-модда
Томонлардан ҳар бири дипломлар, маълумот тўғрисидаги гувоҳномалар, унвон, разряд, малака бериш тўғрисида тегишли ҳужжатларни ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларни шунингдек ушбу ҳужжатларнинг доимий яшаш давлати ҳудудида ўрнатилган тартибда қабул қилувчи давлатнинг давлат тилига тасдиқланган таржимасини (легализациясиз) тан оладилар.
Алоҳида касб ва малакани талаб қилувчи иш бажарилганда меҳнаткаш-мигрантлар ушбу мутахассислик ва малака борлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак.
16-модда
Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат қонунчилигига ва иккала Томон давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ шахсий мол-мулкини, меҳнаткаш-мигрантлар меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошириш учун зарур бўлган, қўлда олиб юриладиган асбоблар ва кўчма ускуналарни олиб кириш ва олиб чиқиш ҳуқуқига эга.
17-модда
Томонлар ўртасида ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда пайдо бўлиши мумкин бўлган баҳсли масалалар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
18-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ўзгартишлар киритилиши мумкин, улар алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ва мазкур Битимни кучга кириши учун белгиланган тартибда кучга киради, агар баённомаларнинг ўзида бошқача тартиб ўрнатилмаган бўлса.
19-модда
1. Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини бажаргани тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим 5 йил муддатга тузилади ва агар Томонлардан бирортаси ушбу Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида 6 ой олдин ёзма равишда унинг амалини тугатиш нияти борлиги тўғрисида бошқа Томонга хабар бермаса, ўз-ўзидан кейинги беш йиллик даврларга чўзилаверади.
3. Агар ушбу Битимнинг амали тугатилса, Томонлар ушбу Битимнинг амали даврида бўлган мажбуриятларни тартибга соладилар.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 4 июлда ўзбек ва рус тилларида икки нусхада тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)