Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Вазирлар Маҳкамаси ўртасида
Битим
Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Вазирлар Маҳкамаси, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ва уларнинг халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида,
икки давлат фуқароларининг ўзаро келиб-кетиш режимини тартибга солиш ниятида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудига ушбу Битим иловасида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар бўйича айни давлатда амал қиладиган бўлиб туриш ва прописка (рўйхатдан ўтиш) қоидаларига амал қилган ҳолда киришлари, ундан чиқишлари, транзит ўтишлари ва унда бўлишлари мумкин.
2-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудига чегаралардаги халқаро қатновлар учун очилган ўтказиш пунктлари орқали киришлари, чиқишлари ва транзит ўтишлари мумкин.
3-модда
Бир Томон давлатининг фуқароси ушбу Битим Иловасида кўрсатилган ҳужжатини бошқа Томон давлати ҳудудида йўқотиб қўйса, у бўлиб турган мамлакатнинг ваколатли органлари унинг ўзи фуқароси бўлган давлатга қайтиш мақсадида ҳақиқий ҳужжат олиши учун ҳужжатни йўқотиб қўйганлиги тўғрисидаги аризасини тасдиқлайдилар.
4-модда
1. Томонлар ушбу Битим кучга киргунига қадар дипломатик каналлар орқали ушбу Битим Иловасида кўрсатилган ҳужжатлар намунасини алмашлайдилар.
2. Янги ҳужжатлар жорий этиладиган ёки ушбу Битим Иловасида кўрсатилган ҳужжатларга ўзгартиш киритиладиган бўлса Томонлар янги ҳужжатлар жорий этилиши ёки амалдаги ҳужжатларга ўзгартишлар киритилишидан камида ўттиз кун аввал дипломатик каналлар орқали бир-бирларини хабардор қиладилар ва янги ёки ўзгартирилаётган ҳужжатлар намуналарини тақдим этадилар.
3. Томонлар чет эл фуқароларининг келишлари, кетишлари, бўлиб туришлари тартиби тўғрисида амалдаги қонунлар юзасидан ахборот ва ушбу соҳадаги бошқа маълумотларни алмашлайдилар.
5-модда
1. Томонлардан ҳар бири, агар давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини ёки аҳоли саломатлигини сақлашни таъминлаш учун зарур бўлса, тўлалигича ушбу Битим ёки ундаги айрим қоидалар амал қилишини тўхтатиб туриши мумкин.
2. Томонлар бир-бирларига олдиндан, бироқ шундай чоралар кўрилиши тўғрисида қарор чиқарилганидан сўнг узоғи билан 72 соат ичида дипломатик каналлар орқали хабар берадилар.
6-модда
Ушбу Битимни қўллаш натижасида келиб чиқадиган низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
7-модда
Томонлар ўзаро келишувга кўра ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин. Улар ушбу Битим 8-моддасининг 1-бандида кўзда тутилган тартибда кучга киргач, унинг таркибий қисми ҳисобланади.
8-модда
1. Ушбу Битим чекланмаган муддатга тузилган ва Томонлар нота алмашиш орқали ушбу Битимни кучга киритиш учун зарур давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида бир-бирларини хабардор этганларидан сўнг ўттизинчи куни кучга киради.
2. Ушбу Битим Томонлардан бири бошқа Томонга тегишли нота йўллаган санадан кейин тўқсон кун ўтгач амал қилишдан тўхтайди.
Тошкент шаҳрида, 2000 йил 12 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Вазирлар Маҳкамаси ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
Бир Томон давлати фуқароларининг бошқа Томон давлати ҳудудига келишлари, кетишлари ва унда юришлари учун зарур ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун
1.1. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
1.2. дипломатик паспорт;
1.3. ҳаво кемаси экипажи аъзосининг учиш гувоҳномаси (учиш топшириқномасида ёзув бўлган тақдирда);
1.4. Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун);
1.5. 16 ёшга тўлмаган болаларнинг туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома (уларнинг қонуний вакиллари кузатувидагина);
2. Украина фуқаролари учун
2.1. Украина фуқаросининг чет элга чиқиш учун паспорти;
2.2. дипломатик паспорт;
2.3. хизмат паспорти;
2.4. боланинг йўл ҳужжати;
2.5. ҳаво кемаси экипажи аъзосининг учиш гувоҳномаси (учиш топшириқномасида ёзув бўлган);
2.6. денгизчининг шахсий гувоҳномаси (кема роли ёки ундан кўчирма мавжуд бўлган тақдирда);
2.7. Украинага қайтиш гувоҳномаси (фақат Украинага қайтиш учун);
2.8. 16 ёшга тўлмаган болаларнинг туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома (уларнинг қонуний вакиллари кузатувидагина);
Илова:
1. Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган (16 ёшга тўлмаган) фуқаролари чегараларни ўз ота-оналари ёки уларнинг қонуний вакиллари кузатувида кесиб ўтадилар. Уларнинг паспортида улар тўғрисида белгиланган тартибда маълумотлар дарж этилган бўлиши керак.
2. Украинанинг вояга етмаган (18 ешга тўлмаган}, чет элга чиқиш учун ҳужжатлари бўлмаган фуқаролари чегараларни ўз ота-оналари ёки уларнинг қонуний вакиллари кузатувида кесиб ўтадилар. Уларнинг паспортида улар тўғрисида белгиланган тартибда маълумотлар дарж этилган бўлиши керак.
3. Ушбу Илованинг 1.5 ва 2.8-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар бошқа Томон давлати ҳудудига кириш-чиқиш, транзит ўтиш ва унда бўлиш учун 2001 йилнинг 31 декабрига қадар қўлланади.