Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт ва импорт қилишда билвосита солиқлар олиш принциплари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
ўзаро фойдали иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга, хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг имкониятлар ўрнатишга ва ҳалол рақобат учун шароитлар яратишга интилиб,
халқаро савдонинг умум қабул қилинган меъёрлари ва қоидаларини назарда тутиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Умумий таърифлар
Умумий таърифлар
Ушбу Битим мақсадларида:
а) «билвосита солиқлар» атамаси қўшимча қиймат солиғи ва акциз солиғини англатади;
б) «ноллик ставка» атамаси давлатларнинг миллий қонунлари ўрнатган тартибга мувофиқ ноль фоизли ставка бўйича қўшимча қийматга солиқ солинишини англатади;
в) «мўлжалланган жой принципи» атамаси бир Аҳдлашувчи Томон давлат божхона ҳудудидан экспорт қилинганда ноллик ставканинг қўлланилишини ва импорт қилинаётган (импорт қилинган) товарлар (ишлар, хизматлар)га бу давлатнинг миллий қонунлари билан белгиланган ставка бўйича солиқ солинишини англатади;
г) «ваколатли органлар» атамаси:
Ўзбекистон Томонидан — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасини англатади;
Озарбайжон Томонидан — Озарбайжон Республикаси Молия вазирлиги, Озарбайжон Республикаси Бош давлат солиқ инспекцияси ва Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитасини.
2-модда
Экспорт қилишда солиқлар олиш принципи
Экспорт қилишда солиқлар олиш принципи
Бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга экспорт қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га билвосита солиқларни солмайди.
Қўшимча қиймат солиғига нисбатан бўлган ушбу модданинг 1-банд қоидаси ноллик ставкани қўлланишини англатади.
3-модда
Импорт қилишда солиқлар олиш принципи
Импорт қилишда солиқлар олиш принципи
Бир Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудига импорт қилинган, бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудидан экспорт қилинган товарлар (ишлар, хизматлар)га импорт қилувчи давлатда унинг миллий қонунларига мувофиқ билвосита солиқлар солинади.
Аҳдлашувчи Томонлар импорт қилинган товарлар (ишлар, хизматлар)га солиқ солишда ўз давлатларининг миллий қонунлари ўрнатган солиқ ставкаларини қўллайдилар.
Импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшимча қийматга солиқ давлатларнинг миллий қонунларига мувофиқ товарларнинг божхона қийматидан олинади.
4-модда
Баҳсли масалаларни ҳал этиш
Баҳсли масалаларни ҳал этиш
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашга тааллуқли бўлган Аҳдлашувчи Томонларнинг ўртасидаги келишмовчиликлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги маслаҳатлашиш ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
Аҳдлашувчи Томонлар ўз миллий қонунлари доирасида учинчи давлатлар билан бўлган савдодаги билвосита солиқ солишнинг айнан бир хил тизимини яратишга қаратилган келишилган ҳаракатларни амалга оширадилар.
Ваколатли органлар ҳамкорлик ва солиқ қонунларига риоя қилиш масалалари бўйича ўзаро ёрдам соҳасида эришилган келишувларни аниқ тартибини ишлаб чиқарадилар.
5-модда
Ахборот билан алмашиш
Ахборот билан алмашиш
Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг миллий қонунларида ушбу Битимда қамраб олинган солиқларга нисбатан бўладиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги ахборот билан алмашадилар.
6-модда
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимга ўзаро келишув бўйича ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
7-модда
Кучга кириш
Кучга кириш
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома санасидан кучга киради.
Ушбу Битим фақат у кучга кирганидан сўнг етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар)га нисбатан қўлланилади.
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон чиқишдан камида олти ой илгари бошқа Аҳдлашувчи Томонга ёзма билдиришнома юбориб, ушбу Битимнинг амал қилиши вақтида юзага келган молиявий ва бошқа мажбуриятларни ҳал қилиб, ушбу Битимдан чиқиши мумкин.
Баку шаҳрида 1998 йил 26 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадлари учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)