Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталадилар:
икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш зарурлигидан келиб чиқиб;
иккала давлатлар ўртасида ва улар ҳудудлари орқали транзит йўли билан ўзаро фойдали асосда автомобилда йўловчи ва юк ташишларни ривожлантиришни, шунингдек ушбу алоқаларни осонлаштиришни исташиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битимга мувофиқ иккала мамлакатлар ўртасида Ўзбекистон Республикасида ва Қирғизистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситалари билан иккала мамлакатлар ўртасида, шунингдек уларнинг ҳудудлари, халқаро автомобиль алоқаси учун очиқ йўллар орқали транзит йўли билан йўловчиларни (шу жумладан туристларни) ҳамда юкларни ташиш амалга оширилади.
I. ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ
2-модда
1. Иккала мамлакатлар ўртасида ва уларнинг ҳудудлари орқали транзит йўли билан йўловчиларни мунтазам ташишлар ўзаро тасдиқланган ҳужжатлар асосида Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишувга биноан ҳамда рухсатномаларсиз амалга оширилади.
2. Бундай ташишларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари томонидан бир-бирларига олдиндан берилади. Ушбу таклифларда ташувчининг номи, қатнов йўналиши, қатнов жадвали, ташувчи йўловчиларни автотранспортга олиш ва ундан туширишни амалга ошириш учун тўхтаб ўтиш пунктлари, шунингдек ташишларни бажаришнинг мўлжалланаётган даври ва мунтазамлигига доир маълумотлар бўлиши керак.
3-модда
Иккала мамлакатлар ўртасидаги ёки уларнинг ҳудудлари орқали транзит йўли билан йўловчиларни номунтазам ташишлар рухсатномаларсиз амалга оширилади.
II. ЮКЛАРНИ ТАШИШЛАР
4-модда
Иккала мамлакатлар ўртасида, шунингдек уларнинг ҳудудлари орқали транзит йўли билан юкларни ташиш автотранспорт воситалари билан рухсатномаларсиз амалга оширилади.
5-модда
1. Юксиз ёки юк билан қатнаётган автотранспорт воситасининг ҳажмлари ёки оғирлиги бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида белгиланган нормадан ортиқ бўлганда, шунингдек хавфли юклар ташилаётганда ташувчи бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органларининг махсус рухсатномасини олиши керак.
2. Ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган махсус рухсатномада автотранспорт воситасининг муайян йўналиш бўйича қатнови назарда тутилган тақдирда ташиш фақат кўрсатилган йўналиш бўйича амалга оширилиши керак.
III. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ташувчисига йўловчилар ёки юкларни бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жойлашган икки пункт ўртасида ташишга, агар бунга бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органларининг рухсатномалари мавжуд бўлмаса, рухсат этилмайди.
7-модда
1. Ушбу Битимда назарда тутилган ташишлар фақат ўз мамлакатининг ички қонунчилигига мувофиқ халқаро ташишларни амалга оширишига рухсат этилган ташувчилар томонидангина бажарилиши мумкин.
2. Ушбу Битимда назарда тутилган халқаро ташишларни амалга оширувчи автотранспорт воситалари ўз мамлакатининг миллий рўйхатдан ўтказилганлик ва фарқловчи белгиларига эга бўлишлари керак.
3. Автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси миллий ёки халқаро ҳайдовчи гувоҳномасига ва автотранспорт воситасининг миллий рўйхатдан ўтказилганлик ҳужжатларига эга бўлиши керак. Ҳайдовчи гувоҳномалари йўл ҳаракати тўғрисидаги халқаро Конвенция билан белгиланган намунага мувофиқ бўлиши керак.
4. Ушбу Битим қоидаларига мувофиқ талаб қилинадиган рухсатнома ва бошқа ҳужжатлар улар мансуб бўлган автотранспорт воситасида туриши ҳамда Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари талабига биноан кўрсатилиши керак.
8-модда
1. Ушбу Битим асосида халқаро ташишларни амалга оширишда ташувчи ҳудудида ташишлар бажарилаётган мамлакатнинг амалдаги қоидалари, нормалари ва қонунларига риоя этишга мажбурдир.
2. Ушбу Битим асосида халқаро ташишларни амалга оширишга бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситаси Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудига кириш вақтида унга етказилиши мумкин бўлган зарардан фуқаро жавобгарлиги бўйича суғурта қилинган тақдирда рухсат этилади.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида, шунингдек уларнинг ҳудудлари орқали транзит йўли билан қурол-яроғларни, ўқ-дориларни, ҳарбий асбоб-ускуналарни, портловчи материалларни ҳамда Аҳдлашувчи Томонларнинг ички қонунчилиги билан тақиқланган бошқа хавфли ва зарарли моддаларни ташиш тақиқланади, икки ёки кўп томонлама шартнома ва битимларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
10-модда
Ушбу Битим асосида бажариладиган ташишлар учун ҳисоб-китоблар, агар тўловлар тўғрисидаги битимларда ҳисоб-китобларнинг бошқача шакли белгиланмаган бўлса, иккала мамлакатда эркин муомалада бўлган конвертацияланувчи валютада амалга оширилади.
11-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситалари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига киришда:
а) бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига кирганлик учун, агар бу унинг қонунчилигида назарда тутилган бўлса, ушбу Битим асосида барча турдаги ташишларни амалга оширишда, амалга ошириш учун Рухсатномалар талаб қилинадиган ташишлар бундан мустасно;
б) автотранспорт воситаларидан фойдаланганлик ва уларга эгалик қилганлик, шунингдек транспорт операцияларини амалга оширганлик учун тўловлар ва йиғимлардан озод қилинади.
2. Ушбу Битимнинг 1-бандида қайд этилган озод қилинишлар пул тўланадиган йўллардан ва кўприклардан фойдаланганлик учун тўловларга, шунингдек қўшилган қиймат солиқларига ва сотиб олинган ёнилғи учун акциз солиғига жорий қилинмайди.
12-модда
1. Ушбу Битим асосида ташишларни бажаришда олиб кирилаётган:
а) тайёрловчи завод томонидан автотранспорт воситасининг ҳар қайси модели учун назарда тутилган идишлардаги ёнилғи учун;
б) ташиш вақтида ишлатиш учун зарур бўладиган миқдордаги мойлаш материаллари учун;
в) халқаро ташишни бажараётган автотранспорт воситасини тузатишга мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва анжомлар учун солиқлар олинмайди.
2. Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб кетилади, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар тегишли Аҳдлашувчи Томон ҳудудида белгиланган тартибда мамлакатдан олиб кетилиши, топширилиши ёки ҳисобдан чиқарилиши керак.
13-модда
Чегара, божхона ва санитария назоратига, шунингдек ушбу Битимда алоҳида келишиб олинмаган бошқа барча масалаларга нисбатан иккала Аҳдлашувчи Томонлар қатнашчилари бўлган халқаро Битимлар қоидалари қўлланади,улар мавжуд бўлмаганда эса ҳар қайси Аҳдлашувчи Томоннинг ички қонунлари ва қоидалари қўлланади.
14-модда
Автобуслар билан оғир беморларни ташишда, йўловчиларни мунтазам ташишда, шунингдек ҳайвонларни ва тез айнийдиган юкларни ташишда чегара, божхона ва санитария назорати навбатсиз амалга оширилади.
15-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида ушбу Битимнинг у ёки бу қоидаси бузилган тақдирда автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органи бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органининг илтимосига кўра ушбу Битимнинг бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган барча чораларни кўради ва санкцияларни қўллайди. Ваколатли орган кўрилган чоралар тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилади.
16-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг ваколатли органлари орқали алоқа боғлайдилар, тажриба алмашиш бўйича вақти-вақти билан маслаҳатлашиб турадилар ва ушбу Битимни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган баҳсли масалаларни ҳал этиш юзасидан музокаралар олиб борадилар.
17-модда
Ушбу Битимнинг қоидалари Аҳдлашувчи Томонларнинг тузилган бошқа халқаро шартномалар ва битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
18-модда
1. Ушбу Битим иккала Аҳдлашувчи Томон уни маъқуллаш учун зарур бўлган давлат ички тадбирлари ўзларининг қонунчилик қоидаларига мувофиқ бажарганликлари тўғрисида бир-бирига билдиришнома тақдим этишган кунда кучга киради.
2. Ушбу Битим белгиланмаган муддатга тузилган ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги ўз ниятидан бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилган кундан бошлаб 90 (тўқсон) кун ўтгунгача амалда бўлади.
1996 йил 4 сентябрда Тошкент шаҳрида икки нусхада ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)